Home / МАҚОЛАЛАР / Рамазон рўзасининг мукофоти

Рамазон рўзасининг мукофоти

Бугун бутун мусулмон оламида, жумладан юртимизда ҳам ўн икки ойнинг султони Рамазони шариф ўзининг файзи ва баракоти ила меҳмон бўлиб турибди. Рамазон ер ва осмонлар зийнатланадиган, қалбларни юмшатиб гўзаллаштирадиган бир ой. Жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари беркитилган ҳамда савоблар беҳисоб бериладиган ойдир.

Пайғамбар (а.с) шундай марҳамат қиладилар: “Агар инсонлар Рамазон ойидаги мукофотлар, савоблар, неъматлар ва раҳматлар кўплигини билсалар эди, Рамазоннинг йил бўйи давом этишини хоҳллаган бўлар эдилар”.

Ҳадиси қудсийда эса Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: “Рўза мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман” дейди. Мўъмин киши учун яратан Роббисини рози этиб, Ундан мукофот олишдан кўра олий саодат бўлмаса керак.

Рамазон рўзасининг мукофоти жаннатдир. Рўзадорлар Аллоҳнинг марҳамати билан жаннатнинг Раййон номли эшигидан жаннатга кирадилар.

Бу ойнинг сўнгги ўн кунлигида “Қадр кечаси” бўлиб, Аллоҳ таоло бу кечанинг фазлини минг ойга тенглаштирди, яъни “Қадр кечаси”да қилинган ибодатнинг савоби минг ой давомида қилинган ибодатдан афзал, деб хабар беради. Бу кеча ояти каримда қўйидаги мазмунда баён этилади:“ Қадр кечаси” минг ойдан яхшироқдир. У кечада фаришталар ва руҳ (Жаброил Парвардигорларининг изни билан йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунча саломатликдир”. Юқоридаги оят башоратларга қараганда “Қадр кечаси”да келгуси йилнинг шу кечасига қадар юз берадиган барча ишлар ўлчаб, ҳисобланиб қўйилар экан. Илоҳий китоб – Қуръони карим ҳам Рамазон ойининг “Лайлатул Қадр” кечасида Лавҳул – маҳфуздан биринчи осмонга тўла-тўкис туширилган. Исломшунос олимларнинг айтишларича “Таврот” Мусо (а.с.)га Рамазон ойининг олтинчи куни нозил этилган. Шунингдек Исо (а.с.)га “Инжил” ҳамда Иброҳим (а.с.) илоҳий (саҳифалар) ҳам шу муборак ойда нозил қилинган.

Қадр кечасининг одоби ғусл-ювиниш, тоза-озода кийимларни кийиб, Қадр кечасини бедорликда, ибодатда оиласи, маҳалла, қавм-қариндошлар билан юртдошлар ҳамда юртимиз ҳақига дуои хайрлар қилиш. Пайғамбаримиз (а.с.) ҳадисларида “Кимки, “Лайлатул-Қадр” кечасида чин ихлос ва иймон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, ўтган жамики гуноҳлардан мағфират қилинур”, деб марҳамат қилганлар.

Рамазон ойи сўнггида улуғ амаллардан бири – фитр садақасидир. Фитр Рамазон ойи охирида кундалик эҳтиёждан ортиқ моли бор киши бериши вожиб бўлган садақадир. Фитр садақаси тутган рўзаларимиздаги хатолар ҳамда бева-бечора, етим, камбағалларнинг қалбига хурсандчилик улашиш, кишилар орасида меҳр-оқибатни ёйишдир. Шунингдек, саховатпеша кишиларимиз Аллоҳнинг уларга берган неъматларидан хайр-эҳсон қилишлари, муҳтож одамларга, фақир-мискинларга ёрдам қўлини чўзмоқлари даркор. Ислом дини кишиларни дини, миллатидан қатъий назар бир-бирларини ўзаро иззат-ҳурмат, яхшилик қилишга ундайди. Нисо сурасида “Аллоҳга ибодат қилинг ва унга ҳеч нарсани шерик қилманг! Ота-оналарга, шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю, бегона, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир) га ва қўл остингиздагиларга ҳам яхшилик қилинг” (36-оят) дейилган.

Шубҳасиз Рамазон ойининг сўнггида қутлуғ Рамазон ҳайити байрами бордир. Ийд – арабда сўз бўлиб, у “қайтиш, зиёрат қилиш” маъноларини англатади. Бунинг сабаби бу кунлар ҳар йили қайта-қайта келгани ва ўзи билан биргаликда жуда кўп хурсандчилик, сурур ва шодлик келтиргани учун ҳам “Ийд” деб айтилган. Эндиликда бу сўз байрам, шод-хуррамлик кунларини билдиради. Бу фарахбахш кунларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб фотиҳага бориш, байрамни азага айлантириш ножоиз амалдир.

Ҳайит кунининг одоби – ҳайит номозидан илгари чўмилиб – покланиб, тоза кийиниш, хушбуй атирлардан фойдаланиш, озгина ширинлик истеъмол қилиб ҳайит номозини адо этиш. Сўнгра албатта турли ҳадялар билан аввало, ота-онани зиёрат қилиш, болаларга ширинликлар улашиб, ёру-дўст, қариндошларни йўқлаш, аразларни унутиб гинадор билан ярашиш. Аёлларимиз эса ҳайит арафасидан бошлаб ҳовли – уй, кўчаларни озода тутмоқлари, ҳайит куни байрам дастурхонини чиройли безамоқлари мустаҳабдир.

Кенжабек Солиев
Чуст тумани “Ғойиб Эронлар” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …