Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди.
Унда Марказ илмий ходимлари ва Самарқанд давлат университети олимлари иштирок этди.
Тадбирни Марказ директори Ш.Зиёдов очиб, мамлакатимизда буюк аллома аждодларимиз, улуғ бобокалонларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг бой маънавий меросини ўрганиш, илмий жасоратини ёш авлодга етказиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди. Шундан сўнг меҳмонларнинг маърузалари тингланди.
– Амир Темур 1336 йил 9 апрель куни Кеш вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида амир Муҳаммад Тарағай хонадонида дунёга келган. У 16 ёшлигида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган. Ўз даврининг етук олимлари билан бемалол баҳс-мунозара юрита оладиган илмий салоҳиятга эга бўлган. Тарихдан маълумки, Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳр ҳудудида илм-фан, маданият ва санъат юксак даражада тараққий этган. Кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилган, – деди Самарқанд давлат университети доценти Маҳмуд Насруллаев.
Олим маърузаси давомида Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилик тарихи, Соҳибқирон салтанатининг ҳарбий салоҳияти, илми нужум аҳлига қаратган эътибори ҳақида сўзлаб берди.
Дарҳақиқат, Амир Темур ўз даврида кўплаб муҳташам иморат ва иншоотлар, саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурдирган, шаҳарлар атрофида боғ-роғлар ва бўстонлар барпо эттирган. Илм-фан, маданият ва санъат аҳлига ўзи ҳомийлик қилиб, юксак иззат-икром кўрсатган.
Тадбир савол-жавобларга бой тарзда ўтди.