Home / ЯНГИЛИКЛАР / ТЕМУРИЙЛАР РЕНЕССАНСИГА ЯНГИ ЧИЗГИЛАР

ТЕМУРИЙЛАР РЕНЕССАНСИГА ЯНГИ ЧИЗГИЛАР

Шу кунларда нафақат Ўзбекистон, балки жаҳонда инсоният тарихини ўзгартира олган, Шарқнинг Иккинчи Ренессансини бошлаб берган буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи, улкан саркарда, даҳо бобомиз Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги кенг нишонланмоқда. Амир Темур марказлашган давлатга асос солиб, унинг кучқудратини ҳар томонлама мустаҳкамлаб ва ривожлантириб, шоншуҳратини бутун жаҳонга ёйди, буюк салтанат ҳукмдори сифатида миллатлар ва халқларни бирлаштирди. Унинг даврида иқтисодиёт ва савдо, маданият ва илм-фан, меъморлик ва тасвирий санъат, мусиқа ва шеърият юқори чўққиларга кўтарилди. Бир сўз билан айтганда, Темурийлар даври Ренессансига асос солинди.

Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва давлатдорлик иқтидори, фаолияти, салтанати тарихи, ундаги илм-фан ва маданиятни ўрганиш тарихшуносликнинг йирик илмий йўналишларидан бири сифатида доимо жаҳон олимлари, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар диққат-эътиборида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Темурийлар тарихига оид манбалар жаҳон миқёсида турли тилларда таржима қилинган ҳамда илмий-тадқиқотлар амалга оширилган. Дунё тарихшунослигида Амир Темур даврини ўрганишга оид нашрлар кун сайин ортмоқда. Пировардида жаҳон жамиятшунослигида “Темуршунослик” мустақил илмий йўналиши шаклланди.

Бугун Амир Темур ва Темурийлар сулоласининг дунё цивилизацияси ривожига, инсониятнинг илмий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-ғоявий, маданий ва тафаккур даражаси кескин кўтарилишига қўшган ҳиссаси беқиёслиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. Жаҳон ҳамжамияти Темурийлар даврини илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт тараққиёти ҳамда улуғ кашфиёт ва ихтироларда ўз аксини топган давр, халқимизни эса шу пайтгача икки маротаба Ренессансга асос солган эл сифатида эътироф этади. Яъни халқимиз ҳақли равишда Ренессанс ярата олган кам сонли халқлар сирасига киритилади.

Шу маънода, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кутилган натижалар беришига тўла асос бор, деб баҳоланмоқда. Унинг халқимиз олдидаги энг буюк хизматларидан бири ҳам айнан ўз юртига эгаликдан мосуво бўлган, фаровон ва яхши яшашдан умидини узган, келажакка ишонмай қўйган элимизнинг қадди ва синдирилган миллий ғурури тикланиши, янги ва эркин Ўзбекистонга хос онги шаклланиши, сўнган руҳининг кўтарилиши, маънавий-маърифий қадриятлар ва тарихий шахсларга бўлган ҳурмат-эътибор қайтарилиши, деб қаралмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар чингизийларнинг 150 йиллик истибдоди даврида топталган ғуруримизни қайта кўтарган Амир Темур бобомиз фаолиятига менгзалади.

Ўзбекистонда тараққиётнинг янги босқичида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида тубдан янгиланиш ва юксалишлар билан бир қаторда миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётини барқарор изга тушириш ва ривожлантириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, тарихшуносликда ҳам аждодларимиз ўтмишини ўрганиш, унга тўғри ва холис илмий баҳо бериш, шу асосда миллий қадриятларимизни тиклаш учун кенг йўл очилди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган улуғ тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор”.

Ўтган қисқа давр мобайнида объектив тарихимизни яратиш йўлида кўплаб илмий тадқиқотлар қилинди. Қатор муҳим тарихий қўлёзма манбалар нашр этилди. Натижада тарихчилар учун йирик тадқиқотлар яратиш имкониятлари вужудга келди. Хусусан, аждодларимиз тарихининг номаълум қирралари ва ўқилмаган саҳифалари ҳамда инсоният ўтмишида ўзига хос ўрин эгаллаган тарихий шахслар фаолиятини ўрганиш учун зарур манбавий асослар яратилди.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда темуршунослик мавзусига оид бир неча библиографик нашрлар амалга оширилган. Чунончи:

Амир Темур ва темурийлар ҳақида Миср кутубхонасида сақланаётган манба ва қўлланмалар фиҳристи яратилди;

“Амир Темур дунё фани кўзгусида” номли библиографик нашр хорижий тилларда чоп этилди;

жаҳон тарихшунослигида мустақил темуршунослик илмий йўналиши шаклланганига асосланиб, “Амир Темур жаҳон тарихида” номли асар яратилди;

“Амир Темур библиографияси” ҳамда “Амир Темур салтанати тарихнавислиги” номли библиографик кўрсаткичда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амал га оширилган адабиётлар жамланди;

“Темурийлар даври Ренессанси”, “Темурийлар даври ёзма ёдгорликларининг Ўзбекистонда ва хорижда ўрганилиши”, “Ўзбекистон тарихига оид маданий-маънавий мероснинг хорижга тарқалиши ва уларнинг ватанимиз тарихида тутган ўрни”, “Шоҳруҳия қалъа шаҳри — Амир Темур ва Темурийлар даврининг ноёб ёдгорлиги”, “Чет элларда сақланаётган Темурийлар даври ашёлари каталоги”, “Ўрта Осиёда китобат санъати тарихидан (Темурийлар даврида яратилган асарларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари)”, “Амир Темур ва Темурийлар давридаги ҳарбий санъат” каби мавзуларда туркум асарлар чоп этилди.

Амир Темур ва Темурийлар даври тарихшунослиги бўйича Ўзбекистонда қатор салмоқли ишлар қилинган. Аксарият тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бошқа тарихий даврни ўрганишда адабиётлар тақчиллиги қийнаса, бу давр тадқиқотчисига адабиётларнинг кўплиги ва турлича муносабат қийинчилик туғдиради. Айнан шу жиҳат ҳам библиографик тадқиқотларга бўлган эҳтиёжни янада кучайтиради.

Кейинги йилларда Амир Темур шахси ва даврига оид бирмунча манбалар таржимаси, илмий, илмий-оммабоп, бадиий адабиётлар яратилдики, уларни аниқлаш, тўплаш ва тизимлаштириш зарурияти пайдо бўлди. Шу мақсадда яқинда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб нашр қилинган адабиётлар жамланиб, изоҳлар билан янги “Амир Темур. Библиография” тўпламининг биринчи китоби чоп этилди.

Ушбу библиографик кўрсаткичда:

биринчидан, юртимизда Амир Темур хотирасини абадийлаштиришга бағишланган расмий (қонун, фармон, қарор ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар) маълумотлар умумлаштирилди;

иккинчидан, мавзуни ёритувчи монографиялар, рисолалар, диссертациялар, юбилейларга бағишланган альбомлар, конференция материаллари, ўқув қўлланмалар, республика ва хорижий нашрларда чоп этилган мақолалар жамланди;

учинчидан, хорижий давлатлардаги кутубхоналар, музейлар ва фондлардан ўрин олган адабиётлардан ҳам имкон қадар фойдаланилди.

Жумладан, турли тилларда нашр этилган китоб ва мақолалар имкон қадар жамланиб, муайян тартибга солинди. Унга, хусусан, ўзбек тилидаги 2 248 та, рус тилидаги 2 085 та, инглиз тилидаги 655 та, француз тилидаги 221 та, араб тилидаги 29 та, форс-тожик тилидаги 76 та ва турк тилидаги 296 та нашр тўғрисидаги маълумотлар ўрин олди.

Таъкидлаш жоизки, китоб ниҳоятда юқори полиграфик даражада тайёрланган.

Мазкур китоб мавзуи давомлидир, яъни йилдан-йилга янги адабиётлар, тадқиқотлар қўшилиб бораверади. Бу ҳол ўз-ўзидан келгусида бу библиографиянинг давомли нашрлари яратилишига замин бўлади. Ушбу библиографик кўрсаткич замонавий тарих фани учун долзарб ҳисобланиб, Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва давлатдорлик фаолиятини ўрганишда қулайлик ва имконият яратиб, келгуси тадқиқотларни йўналтиришда амалий аҳамият касб этади. Китоб муаллифларига кейинги ишларн

Турли тилларда нашр этилган китоб ва мақолалар имкон қадар жамланиб, муайян тартибга солинди. Ундан, хусусан, ўзбек тилидаги 2 минг 248 та, рус тилидаги 2 минг 85 та, инглиз тилидаги 655 та, француз тилидаги 221 та, араб тилидаги 29 та, форс-тожик тилидаги 76 та ва турк тилидаги 296 та нашр тўғрисидаги маълумотлар ўрин олди.

Акмал САИДОВ, академик,
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 8 апрел, №70(326)

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …