Инсоннинг дунёвий фазилати ўзгаларга яхшилик қилиш бўлса, ухровийси – Аллоҳга тақводир. Яхшилик инсон мартабасини оширади. Юртимиздаги файзу-барака, дастурхонларимиздаги тўкин-сочинлик – буларнинг барчаси шундай фазилатли инсонларнинг хайрли ишлари самарасидир, десак, муболаға бўлмайди. Халқимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли, яхшилик улашувчи миллат бўлиб, ҳатто нон ёпганда ҳам муҳтарама оналаримиз: “Болам, мана шуни иссиқлигида қўшнига чиқариб бер, савоб бўлади”, дейди. Миллий қадриятларни ўзида мужассам этиб, чин инсоний фазилатлар ила камол топган ҳар бир инсон аввало ўз оиласи, яқинларига, қолаверса, ўзи яшаб турган жамиятдаги муҳтожларга имкон қадар ёрдам беришга, уларнинг ташвишларини аритишга ҳаракат қилади. Инсон бир хайрли ишга ният қилиб бел боғласа, Аллоҳ унинг йўлини осон қилиб қўяди. Ўша инсон қилган яхшилигидан қалби роҳатда бўлади.
Инсон яхшилик ва тақво йўлида бардавом бўлиши тўғрисида муқаддас манбаларда кўплаб маълумотлар келтирилган. Аллоҳ Ўзининг Каломида дейди: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92 оят). Инсоннинг бу дунёда яхши кўрган ва эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсалардан бири, албатта, бу моддий бойликдир. Ҳаётда бой-бадавлат баъзи инсонлар яхшилик қилишга бироз қаттиқлиқ қилади. Қилган хайру-эҳсонидан давлати камайиб қоладигандек ҳис этади. Аслида саховат ўзи учун бир яхшилик эканини билмайди. Оятда Аллоҳ яхшиликнинг мукофоти жаннат эканини таъкидламоқда. Хайрли ишимиз сабабли Аллоҳ таоло бизга жаннатни ваъда қилмоқда. Бу инсон учун жуда катта бахтдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга бу борада улкан намуна бўлганлар. У зот бизни доимо шундай хайрли амалларга буюрганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Инсонларнинг ичида Аллоҳ таолога энг севимлиси инсонларга кўпроқ нафи тегадиганидир. Амалларнинг ичида Аллоҳ таолога энг севимлиси мусулмоннинг қалбига хурсандлик киритиш ёки ундан бирор ташвишни кетказиш ёки унинг қарзини ёпиш ёки ундан очликни қувишдир…”дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Ҳадиси шарифдан шундай истифода олиш мумкинки, муҳтожлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга қўлдан келгунича моддий ёрдам кўрсатиш, уларга чиройли муомала қилиш, қалбига ҳурсандлик олиб кириш энг юксак амаллардан экан.
Инсон яхшилик қилишни аввало ота-онаси ва яқинларидан бошлаши керак. Ота-онага қилинган яхшилик Аллоҳнинг розилигига олиб келади. Ота-она фарзандни кичиклигидан тарбиялаб, ўқитиб, эл орасига қўшадиган улуғ инсонлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оталарингизга яхшилик қилинглар, ўғилларингиз ҳам сизларга яхшилик қиладилар…”, деганлар. (Имом Ҳоким ривоят қилган). Демак, ота-онани ҳурмат қилган фарзандидан ҳурмат топар экан. Баъзилар садақа, хайр-эҳсон қилишда бироз ўйланиб қолади. Сабаби “Мен бу молу–давлатни ўзим ҳалол меҳнат билан, қийналиб топганманку, қолганлар ҳам шундай қилса бўладику. Нега мен эҳсон қилишим керак”, деган ўйга боради. Бу нотўғри фикр бўлиб, хайр–эҳсондан молу–давлат камаймайди, аксинча, кўпаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа қилиш билан мол камаймайди”, деганлар. Садақа қилиш билан кишининг мол–мулки камайиб қолмайди, балки Аллоҳ таоло унга барака бериб, ёмонликлардан асрайди, охиратда эса мукофотини кўпайтириб беради. Киши ўз хайри эҳсон ва садақасини ҳар хил риёкорликдан холис ҳолда амалга оширса, савоби ниҳоятда улкан бўлади.
Яхшилик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ошишига, бир-бирига нисбатан ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳислари ортишига хизмат қилиш билан бирга, ҳаётдаги ишларнинг ривож топишига ҳам сабаб бўлади.
Инсонлар бир-бирига ёрдам берса, дунё ва охиратда Аллоҳ улардан қийинчиликларни кўтаради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай марҳамат қилганлар:“Ким бир мўмин биродарининг дунёдаги қийинчилигини енгиллатса, Аллоҳ у банданинг қиёмат кунидаги қийинчилигини осон қилиб қўяди”(Имом Муслим ривояти).
Яхшилик сабабидан Аллоҳ таоло касалликларни аритади, инсондаги хато-камчиликларни кечиради. Инсон қўлидан келгунича яхшилик қилсин. Имкони бўлмаса, жилла қурса табассум қилсин, бу ҳам яхшиликдир. Инсон яхшилик қилиши учун унинг қалби мусаффо, тақвони ўзига лозим тутган бўлиши лозим. Аллоҳ розилигини истаб тақво қилган инсонгина бировларга тили ва қўли билан озор бермайди.
Парвардигор меҳрибонлиги сабабли бандаси ўзига яқин бўлиши учун кўпгина йўлларни кўрсатиб қўйгандир. Аллоҳ айтади: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлларини истангиз!” (Моида сураси, 35-оят). Ояти каримада Ҳақ таоло иймон келтирган бандаларни Ўзидан қўрқишга, тақволи бўлишга ҳамда Ўзига яқин бўлишга чақирган. Ҳар бир инсон ўз имконияти доирасида ўзини Аллоҳ розилигига олиб борадиган шундай ишларни амалга оширишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аввало, Аллоҳга иймон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, қодир бўлса, ҳаж қилиш шунинг учун фарз бўлган. Бундан ташқари, Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган амаллар боя айтилганидек ота-онага яхшилик, қийинчиликларга сабр қилиб, тоатда бардавом бўлиш, неъматларга шукрона, гуноҳларига истиғфор айтиш, одамларга эзгулик улашиш, хайр-садақа, маҳзун дилларга шодлик олиб кириш кабилардир. Буларнинг негизида тақво ётади.
Тақво эса, Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмаларига амал қилмоқдир. Инсонларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳам тақводир. Аллоҳ таоло айтади: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар.. “(Тавба сураси, 71-оят).
Тақвонинг яна бир белгиси ота-она, қариндош-уруғ, қўшниларга доимо яхши муомалада бўлишдир. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик” (Нисо сураси 36-оят). Тақводор бўлгиси келса, инсонлар очиқ юзли ва ширин сўз бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликдан ҳеч бирини арзимаган, деб билмагин, гарчи биродаринг билан очиқ юз билан кўришишинг бўлса ҳам”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Гўзал хулқ ҳам тақво аломати бўлади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни жойи энг яқинингиз хулқи яхшиларингиздир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Бинобарин, инсон ота-онага яхшилик қилса, қариндош уруғлар билан алоқаларни маҳкам қилса, қўшниларга чиройли муомалада бўлса, яхшилик ва эҳсонлар қилишда бардавом бўлса, албатта барчаси ўзига қайтаверади. Ўзбекистонимиз янада ривож топиб, яхшилик ортидан фақат ва фақат яхшиликлар бўлавериши ҳам ҳар бир ҳамюртимизнинг хайру саҳовати, ҳалол меҳнати ва албатта, гўзал тақвосига боғлиқдир.