Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорий фиқҳга оид асарлари билан ислом оламига танилган машҳур алломалардан бўлиб, у ҳақда тарихий манбаларда жуда кам маълумот келтирилган.
У фиқҳ илмини Фахриддин Муҳаммад Маймурғий ва Ҳофизиддин Муҳаммад Бухорийдан ўрганган.
Аллома кўплаб шогирдлар етиштирган бўлиб, улар орасидан Қивомиддин Муҳаммад Какий ва Жамолиддин Умар Ҳаббозий катта шуҳрат қозонган.
Алоуддин Бухорий қаламига мансуб Фахрулислом Паздавийнинг (482/1089 йил вафот этган) “Кашфул асрор” асарига “Кашфул асрор фи шарҳи Усулил Баздавий” номи билан шарҳ ёзган. Даврининг олимлари орасида машҳур бўлиб, кетган бу асар Паздавийдан сўнг ҳанафий мазҳабида ёзилган энг мукаммал шарҳлардан биридир.
Аллома ушбу асарни ёзишда фақиҳ олимларнинг, хусусан, Абдулҳамид Ғаззолийнинг “Мустасфа” китоби услубидан фойдаланган. “Кашфул асрор фи шарҳи Усулил Баздавий” ўз услубининг аниқлиги ва чиройли маъноси, осон тушуниладиган бўлгани учун кейинги авлод олимларига жуда фойдали ва муҳим тадқиқот манбаи бўлиб хизмат қилган. Хусусан Саъдуддин Тафтазоний “Талвиҳ” асарида бу шарҳдан кўп иқтибос келтирган.
“Кашфул асрор фи шарҳи Усулил Баздавий” Қоҳира (1307 йил) ва Истанбулда (1307-1308 йиллар) тўрт жилдда нашр этилган.
Алоуддин Бухорийнинг фиқҳ усулига бағишланган яна бир асари Ҳисомиддин Ахсикатийнинг (644/1247 йил вафот этган) “Мунтаҳаб” ёзилган шарҳ бўлиб, “Таҳқиқ” (Ғоятут таҳқиқ ва шарҳул Ҳисомий) деб номланган. Асар Лакҳнавда (Ҳиндистон) 1871 ва 1876 йилларда нашр қилинган.
Шунингдек, “Рисола фи тахриж масаил завил арҳам фил фараиз”, “Ал-Арбаъун фил ҳадис”, “Китабул Афния” – уй, масжид, шаҳар атрофларига оид ҳукмларни ўз ичига олган фатволар, фароиз илмига оид рисолалар битган. Бугунги кунда алломанинг юқорида келтирилган асарлари Туркия, Қоҳира, Байрут кутубхона фондларида сақланмоқда.
Аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига шарҳ ёзишни бошлаган, аммо бу шарҳни тугатмасдан “Китабун никаҳ” бобига етганда вафот этган.