Home / МАҚОЛАЛАР / ЮЛДУЗЛАР ИЛМИДАН ОСМОН ҚАДАР ЮКСАЛГАН АЛЛОМА

ЮЛДУЗЛАР ИЛМИДАН ОСМОН ҚАДАР ЮКСАЛГАН АЛЛОМА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг қадимий ва мўътабар маскани – Хастимом даҳасида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази биноси билан танишиб, унинг асосий пештоқини қуришда Самарқанддаги Улуғбек мадрасасидан андоза олиш кераклиги ҳақида ғоят муҳим таклифни илгари сурди. Ушбу таклифнинг тарихий аҳамиятини англаш учун султон Улуғбек ҳаёти ва илмий меросини чуқур ўрганишимиз керак. “(Улуғбек кўрагон) Самарқандда бир олий мадраса бино қилдиким, безаги, афзаллиги ва улуғворлиги жиҳатидан унга ўхшаши етти иқлимда ҳам йўқдир”, – деб ёзади тарихчи Давлатшоҳ Самарқандий. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса бу муҳташам иншоот ҳақида: “Бу иморатнинг латофатини ёзув қалами ва баён рақами билан тасвирлаш мумкин эмас”, – дейди.

Биз одатда мадраса деганда, диний таълим муассасасини тушунамиз. Бироқ 1417-1420 йилларда Улуғбек ташаббуси ва доимий эътиборида қад ростлаган ушбу таълим муассасаси бугунги кундаги ҳақиқий академия мақомидаги таълим ва илмий тадқиқот ўчоғи эди.

Мирзо Улуғбек ушбу мадрасани шунчаки қурдирмаган, балки бу маскан унинг ҳаётида беқиёс аҳамиятга эга бўлган. Тарихчи Зайниддин Восифийга кўра, Улуғбек мадраса қурилишининг ҳар бир босқичини шахсан назорат қилиб борган, ҳатто мадраса биноси битгач, унга ким мудирлик қилиши, кимлар дарс бериши, мударрислар қандай билим ва малака талабларига эга бўлиши лозимлигигача аниқ белгилаб берган. Аҳамиятлиси, Улуғбекдан кейинги даврларда ҳам бу мадрасани ким бошқаришини Самарқанд ҳукмдорлари шахсан ҳал қилганлар. Ушбу вазифа Бобур Самарқандни эгаллаганида унинг зиммасига тушган.

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарининг еттинчи мажлисида шундай ёзади: “Улуғбек Мирзо — донишманд подшоҳ эрди. Камолати бағоят кўп эрди. Етти қироат била Қуръони мажид ёдида эрди. Ҳайъат ва риёзийни хўб билур эрди. Андоқким, зиж битди ва расад боғлади ва ҳоло анинг зижи орода шоеъдур. Бовужуди бу камолот гоҳи назмға майл қилур”.

Тарихчи ва шоир Давлатшоҳ Самарқандий ўзининг “Тазкират уш-шуаро” (“Шоирлар бўстони”) асарида Улуғбек ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Аммо олим, одил, ғолиб ва ҳимматли подшоҳ Улуғбек кўрагон юлдузлар илмида осмон қадар юксалиб борди, маоний илмида қилни қирқ ёрди. Унинг даврида олим ва фозиллар мартабаси ниҳоят баланд чўққига кўтарилди».

Ғиёсиддин Жамшид Кошийнинг ўз отасига йўллаган хати Улуғбек даврида Самарқандда ҳукм сурган илмий-маънавий муҳит ҳақида ишончли ва батафсил маълумот берувчи тарихий манба ҳисобланади.

Муҳаммад Боқирийнинг фикрича, ушбу қўлёзма Улуғбек билан доимий мулоқотда бўлган, унинг илмий мажлисларида иштирок этган шахс томонидан ёзилган бирламчи манба экани билан ҳам қадрлидир.

Кошийнинг биринчи хати Теҳроннинг Сипоҳсолор масжиди кутубхонасидан топилган бўлиб, 1940 йилда эронлик олим М.Табатабоий томонидан нашр этилган. Кейинчалик инглиз, араб, турк, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилиниб, олимлар эътиборини ўзига жалб қилган. Мактуб академик Д.Юсупова томонидан 1979 йилда рус тилида, 1996 йилда ўзбек тилида, 2009 йилда лотин алифбосида чоп этилган.

Эронлик олим М.Боқирий кутилмаганда Теҳроннинг Мажпис кутубхонасида мактубнинг иккинчи нусхаси сақланаётганини аниқлади ва уни илмий муомалага киритди. Жамшид Кошийга тегишли мазкур иккинчи нусхасини ўзбек илмий жамоатчилигига нисбатан номаълум бўлган манбалар қаторига киритиш мумкин. Асарнинг ўзбек тилига таржимаси мавжуд эмас. Биз Жамшид Кошийнинг ўз отасига йўллаган мактубини Теҳрон нусхаси асосида таржима қилдик.

Мактубда Улуғбекнинг беқиёс илмий салоҳияти, илм-фанга эътибори ва ҳомийлиги, Самарқандда шаклланган математика ва астрономия илмий мактаблари, Улуғбек расадхонасининг қурилишига оид тарихий манбаларда учрамайдиган қимматли маълумотларни ўқиш мумкин. Таъкидлаш керак, ушбу мактубдаги баъзи маълумотлар унинг биринчи нусхасида ҳам учрайди.

“(Қуйидаги) мактуб хати ҳакимлар ва муҳандисларнинг буюк ифтихори мавлоно Ғиёсул-милла вад-дин Жамшид Кошоний томонидан Кошон шаҳрига, ўз отасига салтанат пойтахти Самарқанддан у ерда расад ишлари билан машғул бўлиб турган вақтида ёзилгандур”, – дейилади мактуб аввалида.

Аллома отасига берган ваъдасига мувофиқ Самарқандда фақат астрономия илми билан машғул бўлгани, бор диққат-эътиборини ушбу фанга қаратаётганини таъкидлайди. Самарқандга илк марта келганида маҳаллий олимлар уни диққат билан кузатгани, турли саволлар сўраш орқали унинг математика ва астрономияга оид билимларини синовдан ўтказганларини ёзади. “Бундан мақсад”, – дейди Ғиёсиддин Коший, – Улуғбек ҳузурида обрў ва мақомга эга бўлган олимлар салтанат пойтахтига таклиф этилган янги меҳмон ўзларидан билим ва тажриба жиҳатидан устун бўлиш ёки бўлмаслигини аниқлаш эди”.

Мирзо Улуғбек олимлар ҳузурида ушбу фанларга оид турли муаммолар бўйича баҳслар ташкил этишни одат қилган ва баъзи масалаларнинг илмий муҳокамаси бир-икки ойлаб ҳам давом этган. Бундан маълум бўладики, Улуғбек даврида олим ва тадқиқотчилар учун барча шароитлар яратилган, Самарқандда илмий муҳит ўзининг юксак босқичига кўтарилган.

Улуғбек Самарқандда фаолият кўрсатаётган олим ва мударрислар, мадраса талабаларини моддий қўллаб-қувватлаш учун 30 минг динор кепакий маблағ ажратган. Шундан 10 минг динор талабаларга йўналтирилган. Ушбу молиявий ёрдамни олувчи талабалар сони 10 минг нафардан ошиқни ташкил қилган ва уларнинг номлари махсус қайд этиб борилган. Мазкур маблағ ҳозирги кун ҳисобида ўртача 32 миллиард сўмни ташкил этади. 10 минг талабага 10,6 миллиард сўм ажратилганини эътиборга олсак, ҳар бир талаба ўртача 1 миллион сўмдан моддий ёрдам олганини англаш мумкин. Ўрта асрлар ҳисоб-китобида бу катта харажатни ташкил қилган.

Самарқандда 500 нафар талаба математика фани билан чуқур шуғулланган. Жамшид Коший ўз хатида алломанинг сўнгги 12 йил давомида математика билан доимий машғул эканини қайд этади. Унинг даврида математика фани Самарқанднинг 12 жойида махсус ўқитилган. Самарқанддаги математика фанининг савияси ва даражаси Форс ҳамда Ироқ ерларидагидан мисли кўрилмаган даражада юқори бўлган. Шунингдек, бу ерда ҳисоб илми билан шуғулланувчи 24 нафар мустахриж бўлиб, уларнинг айримлари астрономиядан таълим олган. Хусусан, уларга Евклиднинг “Elements” асари ўқитилган.

Жамшид Кошийга Улуғбек саройининг номаълум азимутли деворига миқёс ўрнатиш вазифаси топширилади. Мақсад — қуёш соатини ўрнатиш орқали вақтни аниқ даражада билиш бўлган. Ушбу вазифа амалга оширилганидан сўнг Қозизода Румий бошчилигидаги саройнинг нуфузли олимлари тўпланиб, Жамшид Кошийнинг ечимини турли геометрик усуллар орқали текширган.

Кошийнинг ёзишича, Улуғбек унга алоҳида топшириқ берган. Топшириққа кўра, масжид меҳробидан думалоқ шаклга эга шундай тешик тешиш керак бўлганки, қиш ва ёзда қуёш нури унинг орқали бир муддат масжид хонақосига тушиб, аср намози бўлганини аниқ билдириши керак эди.

Улуғбек олимлар ҳамроҳлигида ҳафтада бир неча марта Самарқанд мадрасасига ташриф буюриб, дарс машғулотларини кузатишни одат қилган. У бўш вақт топилди дегунча илмий асарлар мутолаа қилишни хуш кўрган. Китобда кўтарилган масалаларни олимлар билан муҳокама қилган. Кошийнинг қайдига кўра, бир куни Ўлуғбек ўзи ўқиган китобда Абу Райҳон Берунийнинг “Қонуни Масъудий” китобига ҳавола келтирилган бўлиб, масала ечими мавҳум бўлган ва уни олимлар муҳокамасига ташлаган.

Мирзо Улуғбек математикани шу даражада чуқур билганки, илмий муҳокамаларда ҳеч кимнинг унинг сўзини бўлишга ҳадди сиғмаган. Аллома мадрасаси ўқитувчилари дарс машғулотларига тунлари билан тайёргарлик кўрганлар ҳамда минглаб усул ва воситалар ёрдамида дарсни олиб борганлар.

Жамшид Коший ўз мактубида Улуғбек мадрасасининг энг йирик уч нафар устозлари қаторида Қозизода Румий, Мавлоно Муҳаммад Хоний, Мавлоно Абулфатҳнинг номларини келтиради. Мавлоно Муҳаммад Хоний математика, астрономия ва бошқа фанларнинг билимдони, кучли хотира эгаси бўлган. Кошийнинг қайдига кўра, Мавлоно Муҳаммад Хоний Қозизода Румийга қадар Самарқандда энг юқори илмий мақомга эга бўлган ва илмий баҳсларда ҳеч ким унинг олдига тушолмаган. Мавлоно Абулфатҳни эса Улуғбек Ҳиротдан Самарқандга олиб келган. У ислом ҳуқуқи ва астрономия фанларини чуқур билган.

Жамшид Кошийнинг мактубида қуйидаги қизиқ иборани учратиш мумкин: “Сизга (ота) шу нарсани маълум қилмоқчиманки, мен бу соҳага кирганимда ҳамкасбларим ушбу фаннинг Ибн Синолари ҳисобланишарди”. Мазкур жумла шундан далолат қиладики, Улуғбек замонида бирор фанни мукаммал даражада ўзлаштирган одамни ўша соҳанинг Ибн Синоси деб аташ урф бўлган.

Мактубда Жамшид Коший ўзига Улуғбек номидан шундай юқори баҳо берадики, бир қарашда бундай баҳо ўқувчига нокамтарликдек туюлади. “Ҳазрат (Улуғбек), Аллоҳ таоло унинг мулки ва ҳукмронлигини қиёматга қадар абадий қилсин, мажлислар ва тадбирларда шуни такрор айтадилар: “Мавлоно Ғиёсиддиннинг иқтидори ушбу фанда Қозизоданинг иқтидоридан улуғдир. (Шунингдек) Унинг билими ва салоҳияти Қозизоданикидан юқоридир. Қозизода бир неча кунлаб ечадиган, баъзан ечимини хато топадиган қийин масалаларни Мавлоно Ғиёсиддин зудлик билан ечур”.

Ушбу ҳолат Улуғбекка яқин илмий доираларда кучли рақобат кечганидан далолат беради. Олимлар доим султондан мақтов эшитиш, унинг марҳаматига сазовор бўлишга иштиёқманд бўлган.

Кошийнинг ёзишича, Улуғбек обсерваториясининг дастлабки чизмалари Птоломей методига асосланган бўлиб, кейинчалик олимлар билан ўтказилган маслаҳатлардан сўнг Улуғбек Мароға обсерваторияси чизмаларига асосланган янги расадхона қуриш бўйича якуний тўхтамга келган. Ушбу обсерваториянинг периметри Кошон ўлчов бирлигида 200 газ эди. Дастлабки чизмалар бўйича расадхона жуда баланд бино бўлиши режалаштирилган. Бироқ Самарқанд ғиштлари ҳаддан зиёд юқори бинони кўтаролмаслиги эҳтимолидан унинг чизмаларига ўзгартириш киритилган. Бино томи текис ҳолатда бўлиб, унга кузатиш ишларини олиб бориш учун астрономик асбоб-ускуналар жойлаштириш режалаштирилган.

Улуғбекнинг илмий салоҳияти ҳақида тўхталиб, Коший қуйидагиларни ёзади: “У (Улуғбек) араб тили грамматикасини мукаммал билади ва (бу тилда) гўзал услубда ёзади. У арабий, форсий, туркий, мўғулий ва бироз хитой тилини ҳам билади. У Мусҳафи мажид (Қуръони карим)ни тўлиқ ёд билади. Қуръони карим тафсирлари ва ҳикоятларидан яхши хабардор. Шу даражада яхши биладики, сўзлаганида Қуръони каримдан яхшигина иқтибос келтира олади. Ўтган ҳодисаларни хотирасида кучли сақлаб қолади. Аруз ва қофия илмини бағоят яхши билади. Анварийнинг девонини тўлиқ ёд билади. Зоҳир Фарёбийнинг шеърларини ҳам билади. Баъзида ўзи ҳам Анварий услубида чиройли шеър ёзиб туради”.

Кошийнинг қайд этишича, Улуғбек фавқулодда кучли хотира эгаси бўлган: “У (Улуғбек)нинг хотираси дунё мўъжизаларидан биридир”.

Мирзо Улуғбек Султония шаҳридаги ёшлик давридан бошлаб қаерда, қайси жойларда яшаганини ҳафтаси, кунигача аниқ айтиб берар, пешин намозини ўқиш учун қаерда тўхтаб ўтгани, тунлари қайси йўл билан юрганигача аниқ ёдида сақлаган. Улуғбекнинг мулозимлари унинг тарихи ёзилган қайдномаларни олиб келиб, олимлар ҳузурида ўқиб берганларида барча воқеа-ҳодисалар Улуғбек айтиб бергани билан айнан ўхшаш бўлган. Олимлар Улуғбек хотиралари асосида қачон-қаерда бўлганларини билиб олганлар ва ўз кундаликларига қайд қилиб олган.

Кошийнинг ёзишича, Улуғбек математикада юксак маҳоратга эга бўлган. Бир куни овга чиққанида от устида 819 ҳижрий йилнинг (1416 й.) душанба куни Ражаб ойининг 10 ва 15 саналари орасида бир воқеанинг қачон бўлганини аниқламоқчи бўлган. У отда кета туриб, ўша куни қуёш қайси градусда, қайси сонияда, қандай бурж остида бўлганини ҳисоблаб чиқади. Улуғбек ушбу ҳисоб-китобни амалга оширишни Жамшид Кошийга ҳам айтади. Бироқ Коший бундай шароитда хотирада ушбу мураккаб ҳисобни аниқлаш имконсиз эканини таъкидлайди: “Ҳеч шубҳасиз, мен учратган бирорта мунажжим бу ҳисобни зижсиз амалга оширолмайди”.

Бир куни Улуғбек “Туҳфа” китобидаги муаммоли масалани ечади ва китоб муаллифига асосли эътирозларини билдиради. Жамшид Коший ушбу эътирозларни диққат билан ўрганиб чиқиб, Улуғбек аниқлаган ҳар бир ҳолат бўйича ўз далилларини олимлар ҳузурида исботлаб беради. Улуғбек ўзи муҳокама қилган илмий масалаларни 5-6 ой, ҳатто йиллар ўтса ҳам нозик жиҳатларигача ёдда сақлай олган.

Аплома астрономия ва математикага оид илмий янгиликпар ҳақида эшитишни хуш кўрган. Жаҳоннинг қайси мамлакатида ушбу фанларга оид кашфиётлар бўлса, уларни ўрганиб, фаолиятига татбиқ этишга иштиёқманд бўлган. Юсуф Ҳаллож исмли шахснинг ўғли Миср, Шом ўлкаларида бўлиб, астрономия бўйича янги ускуналарни Самарқандга келтиради. Жумладан, у “зарқала” номли астрономик жиҳозни Улуғбекка тақдим этади. Ўз навбатида, султон ўз олимларига “зарқала”ни диққат билан ўрганиш бўйича топшириқ беради.

Мирзо Улуғбек ҳаёти, илмий фаолияти ва салтанат бошқарувини ўрганишда Ғиёсиддин Жамшид Коший, Фасиҳ Ҳавофий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Давлатшоҳ Самарқандий, Алишер Навоий, Хондамир, Бобур, Зайниддин Восифий ва Абу Тоҳирхўжа каби тарихчиларнинг асарлари қимматли манбалар вазифасини бажаради. Шунингдек, кейинги даврда улуғбекшуносликда В.В.Бартольд, Қори Ниёзий, Б.Аҳмедов, Д.Юсупова, А.Аҳмедовларнинг илмий тадқиқотлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Аллома ҳаёти ва ижоди тарихини ўрганиш яна шу жиҳати билан муҳим-ки, ул зот замонамиз ёшларига ибрат ва намуна бўлишга буткул муносибдир. Бугун ёшлар томонидан кўп мутолаа қилинаётган мотивация берувчи бестселлер китоблар – Америка ва Европада катта муваффақиятларга эришган шахслар ҳаёти ҳақидаги нашрлар қаторида бутун дунёни илми, тафаккури, ибратли ҳаёти билан лол қолдирган, дунёвий ва диний илмларда тенгсиз бўлган султон Улуғбек сингари аждодларимиз тўғрисидаги китоблар ҳам ўрин олиши, қўлма-қўл бўлиши адолатдан бўлар эди. Бунинг учун эса улуғ бобомиз ҳақидаги тарихий манбаларни халқчил шаклда нашрга тайёрлаш ва оммалаштириш тарихчи олимлар олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади.

Шаҳзод ИСЛОМОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 18 март, №55 (311)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …