Home / МАҚОЛАЛАР / Ёш Бухорийнинг ҳадис илмига иштиёқи

Ёш Бухорийнинг ҳадис илмига иштиёқи

Муҳаддислар султони Муҳаммад ибн Исмоилнинг ҳаёти ҳадис илмининг олтин асрига тўғри келди. Милодий 810 йилда туғилган Муҳаммад ибн Исмоил ёшлигидан муҳаддислар билан ҳамнафас бўлиб вояга етди. Ўз сафдошларидан фарқи, Аллоҳ таолонинг у кишига берган кучли ёдлаш қобилияти эди. Камдан-кам одамга бериладиган бундай неъмат билан ёш Бухорий ўз давридан ҳозирги кунга қадар мусулмон дунёсини лол қолдириб келмоқда. Аввало буни унинг замондошлари ҳам эътироф этишган. У киши ўзидан кейинги авлод учун юксак бир намуна тақдим этдики, ёшлик йиллари ёшларимиз учун бир мактаб вазифасини бажаради.

Муҳаммад ибн Исмоил болалик пайтида отаси вафот этиб кетади. Ёш Муҳаммад акаси Аҳмад билан онаси тарбиясида вояга етди. Имом Бухорийга отасидан жуда кўп молу давлат мерос бўлиб қолган эди. Бу унга илм билан муттасил шуғулланиб, таълим олиш имконини берди.

Ҳадис илми билан шуғулланишига ўзига хос сабаблар мавжуд. Шулардан бири онасининг фарзандидаги қобилиятни англаб, муборак ҳадисларни ёдлашга йўналтиргани, отасининг ҳадис тўплагани ва замондош толиби илмлар у кишидан ҳадис ривоят қилганидир.

Бундан маълум бўладики, отаси Исмоил ҳадис аҳлидан бўлган. 179/795 йили ҳаж қилиш ниятида Бухородан чиқиб, Маккага боради. У ерда Молик ибн Анас, Ҳаммод ибн Зайд ва Абдуллоҳ ибн Муборак каби машҳур муҳаддислар билан учрашади. Қолаверса, Муҳаммад ибн Исмоил яшаган муҳит саодат асридан узоқлашиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига чалкашликлар аралашган эди. Аллоҳ таоло ўз ҳикмати билан бу муборак миссияни у кишининг қалбига солган бўлса ажаб эмас.

Шу сабабли Имом Бухорийда ёшлигидан, бошланғич мактабдаёқ ҳадис ёдлашга иштиёқи баланд эди. Билим олиш йўлидаги мислсиз меҳнатлари сабабли ўн ёшга етганида ҳадис илми соҳасида жуда катта мавқега эришиб, етмиш минг ҳадисни ёд олган. Қолаверса, саҳоба ва тобиъинлардан ҳадис келтирадиган бўлса, албатта, уларнинг туғилган жойи, вафотлари ва масканларини ҳам билган. Саҳоба ва тобиъинлардан бирор ҳадисни ривоят қиладиган бўлса, албатта, Қуръони Каримдаги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги аслини ҳам ёдлаган.

Хатиб Бағдодий ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади: “Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга: “Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?” дедим. У: “Мактабга бошланғич таълимни ўқиш учун борганимдаёқ ҳадис ёд олишга илҳомлантирилдим”, деди. “Ўшанда ёшинг нечада эди?” дедим. “Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин мактабдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. У бир куни одамларга ҳадис айтиб бера туриб, “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, деди. Мен унга: “Эй Устоз! Абу Зубайр Иброҳимдан ҳадис ривоят қилмаган”, дедим. У мени жеркиб ташлади. Мен унга: “Агар ҳузурингизда асл нусха бўлса, унга қаранг”, дедим. У текшириб кўриш учун ичкарига кириб кетди. Сўнгра қайтиб чиқиб менга: “Ҳой бола! Қандай бўлади?” деди. “У Зубайр ибн Адий бўлиб, Иброҳимдан ривоят қилган”, дедим. У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғирлаб қўйди ва “Рост айтасан!” деди”. “У кишининг хатоларини тузатганингизда неча ёшда эдингиз?” деб сўралганда, Абу Абдуллоҳ: “Ўн бир ёшда эдим. Ўн олти ёшга етганимда Ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёд олдим ва уларнинг йўналишларини билдим, деб жавоб берди”. Бундан маълум бўладики, Имом Бухорий ўзининг ўткир зеҳни билан узтозларини ҳам шошириб қўйган.

Имом Бухорий Аллоҳ таолонинг улуғ неъматини, яъни жуда ўткир ёдлаш қобилиятини ёшлигидан қадрлади, суистеъмол қилмади. Зарра вақтини зое қилмасдан, илмга муҳаббат қўйди. Машаққатларга сабр-қаноат қилди.

Ёш Бухорийнинг бу каби фазилатлари бугунги кунимиздаги ҳар бир йигит-қизимиз учун жуда керакли намунадир. Ёшларимиз ҳам Имом Бухорийдек илм йўлида ғайрат қилиб, ҳар бир соҳада юксак чўққиларини эгаллашга астойдил ҳаракат қилиши керак. Бугунги кундаги илм олиш учун берилган имкониятлардан ёшларимиз кенг фойдаланса, ажаб эмаски, юртимиздан яна дунёни лол қолдирадиган олимлар чиқса. Албатта, бунинг учун Имом Бухорийдек аждодларимизнинг ҳаёти ва ижоди, илмий меросини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Отабек Бахриев,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …