Home / КИТОБЛАР / «САҲИҲУЛ БУХОРИЙ»

«САҲИҲУЛ БУХОРИЙ»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамлаш ва китоб ҳолига келтириш ишлари расмий равишда ҳижрий юзинчи йил атрофида халифалик қилган Умар ибн Абдулазизнинг даврида бўлганлиги маълум ва машҳур.
Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоби ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб, бир китоб таълийф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Ушбу даврдаги ҳадис китобларини таснийф қилишдаги асосий йўналиш китоб ёзаётган шахсга етиб келган ҳадисларни қоғозга тушириб, китоб шаклига келтиришдан иборат бўлган, десак, хато қилмаган бўламиз.
Мазкур ҳадис китобларининг ҳажми тобора катталашиб борган. Абдурраззоқ Санъоний каби ўша вақтнинг кўзга кўринган муҳаддислари таснийф қилган китоблар ўн ва ундан ортиқ жилддан иборат бўлиб қолган. Бу китобларнинг асосий мақсади бор ҳадисларни жамлашдан иборат бўлган.
Тарих ва таржимаи ҳолларга оид китобларга назар соладиган бўлсак, вақти-соати келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бўйича одамларга ишончли манба, ҳидоят ва фойда булоғи бўлиши учун мухтасар бир китоб таснийф қилиш зарурати туғилган эди.

Имом Бухорий ушбу заруратни биринчилардан бўлиб англаб етдилар. У киши мазкур китобни таснийф қилишга бел боғладилар. Имом Бухорий бу ишни амалга оширишларига туртки бўлган ҳодисаларни ўзлари эслаб, гапириб юрганлар.
Хатиб Бағдодий машҳур «Тарихи Бағдод» китобида бу ҳақда Иброҳим ибн Маъқал Насафийдан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг «Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдим. Асҳобларимиздан бири «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўйича мухтасар бир китоб жамласаларингиз-чи», деб қолди. Бу гап қалбимга ўрнашиб қолди ва ушбу китобни жамлашни бошладим», деганини эшитдим».
Ибн Имод Ҳанбалий ўзининг «Шазаротуз-заҳаб фий ахбори ман заҳаб» номли китобида Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форисдан қуйидаги ривоятни келтиради:
«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. Мен ул зотнинг олдиларида туриб, қўлимдаги елпиғич ила елпимоқдаман. Баъзи таъбирчиларга тушимни айтсам, «Сен ул зотдан ёлғонларни четлатар экансан», дейишди. Мана шу нарса «Саҳиҳ»ни чиқаришимга туртки бўлди», деганини эшитдим».

Ушбу икки ривоятни жамлаб, имом Бухорий Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳматуллоҳи алайҳининг мажлисидан кейин туш кўрганлар ва икки ҳодиса машҳур китобларининг ёзилишига туртки бўлган, дейишимиз мумкин.
Имом Бухорийнинг бош асарлари бўлмиш бу китоб турли номлар билан аталади. Аммо у кишининг ўзлари қўйган расмий номни жуда оз сонли одам билади.
Китобнинг асл ва тўлиқ номи қуйидагича: «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадиси Расулиллаҳ соллаллоҳу ъалайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айямиҳи».
Китобнинг номини сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, суннатлари ва айёмлари ҳақида жамловчи, саҳиҳ ва муснад» деган маъно келиб чиқади.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …