Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ISESCO
Мамлакатимизда сўнгги йилларда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларни қамраб олмоқда. Хусусан, диний-маърифий йўналишда ҳам улкан истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётганига барчамиз бирдек гувоҳ бўлиб турибмиз.
Буюк аллома аждодларимизнинг бой маънавий меросини илмий асосда ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш мақсадида юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилиши бу фикрнинг яққол далилидир. Мазкур муассасаларни ташкил этиш жараёнида жаҳоннинг нуфузли халқаро марказлари тажрибаси ўрганилди, улар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун зарур шароит ва имкониятлар, ҳуқуқий асослар яратиб берилмоқда.
Буни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мисолида оладиган бўлсак, ушбу муассаса ташкил этилганига ҳали кўп бўлмаган эсада, бугунги кунга қадар дунёдаги 28 та етакчи ислом тадқиқот маркази билан меморандумлар имзолади. Хусусан, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Миср, Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардаги илмий марказлар билан алоқалар ўрнатилди.
Яқинда Марказнинг халқаро ҳамкорлари яна биттага кўпайди. Мусулмон дунёсининг энг нуфузли тузилмаси саналувчи Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ISESCO) билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида меморандум имзоланди.
Ҳужжатга кўра, икки ташкилот экспертлари ва ходимлари иштирокида қўшма илмий ва технологик тадқиқотлар олиб бориш, ҳамкорликда илмий конференциялар, семинар ва симпозиумлар, давра суҳбатлари, маърузалар, шунингдек, илмий ходимлар учун ўқув курслари ва маҳорат дарслари ўтказиш, тажриба ва маълумотлар алмашуви, тадқиқотлар натижалари бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмалар чоп этиш йўлга қўйилади.
Меморандумни имзолаш маросимида ISESCO Бош директори Салим Муҳаммад Малик Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг ислом илм-фани ва маданияти равнақига қўшган ҳиссасини эътиборга олиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида мазкур нуфузли ташкилотнинг Қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва каталоглаштириш бўйича минтақавий марказини ташкил этиш таклифини билдирди. Шунингдек, ISESCO Марокаш қироллигининг Фас шаҳридаги Саййид Муҳаммад ибн Абдуллоҳ университетида Имом Бухорий академик тадқиқотлар кафедрасини ташкил этиш, Ўзбекистондаги ёдгорлик ва муқаддас қадамжоларни Ислом оламининг мероси рўйхатига киритиш каби йўналишларда марказ билан ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.
Мазкур ташаббус замирида ёшлар онгига ислом маърифатини сингдириш, тадқиқотчи олимлар учун дунё тамаддунига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, ислом динининг асл инсонпарварлик тамойилларини халқаро миқёсда тарғиб этишдек хайрли мақсадлар мужассамдир. Бу борада ISESCO билан яқин ҳамкорлик юртимиз заминидан етишиб чиққан улуғ алломаларнинг бой меросини халқаро миқёсда ёритиш, жаҳон афкор оммасини улкан тарихимиз ва маданий меросимиз билан таништириш, нафақат марказ, балки Ўзбекистондаги барча турдош муассасаларнинг дунёдаги шундай марказлар билан алоқаларини янада кенгайтириш имконини ҳам беради.
Бу ўринда марказ ISESCO билан шу чоққача ҳам билвосита биргаликда ҳаракат қилиб келганини қайд этиш жоиз. Масалан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази 2020 йил 28 май куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Маданият вазирлиги, ISESCO ва IRCICA ҳамкорлигида “Бухоронинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва ундаги ўрни” мавзусида ўтган халқаро илмий-амалий видеоконференциянинг фаол иштирокчиси ҳам бўлди.
ISESCO 1979 йилда таъсис этилган бўлиб, бош қароргоҳи Марокаш пойтахти Работ шаҳрида жойлашган. Айни вақтда унга 54 давлат аъзо.
Ташкилотнинг асосий мақсадлари аъзо давлатлар ўртасида таълим, фан, маданият ва коммуникация соҳаларидаги бирдамликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, шу тариқа ўзаро ҳамфикрликни қарор топтириш, маданиятлар ва динлараро мулоқотни фаоллаштириш ва алалоқибат бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишдан иборат.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ушбу нуфузли тузилма билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш орқали бу борадаги фаолиятини халқаро миқёсда фаол ривожлантиришни мақсад қилган.
2021 йил 18 февраль, №35 (291)