Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / МАРКАЗИЙ ОСИЁГА ИСЛОМНИНГ КИРИБ КЕЛИШИ НЕМИС ОЛИМИ НИГОҲИДА

МАРКАЗИЙ ОСИЁГА ИСЛОМНИНГ КИРИБ КЕЛИШИ НЕМИС ОЛИМИ НИГОҲИДА

Аввал хабар берилганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида 2020 йилнинг декабрь ойидан 2021 йилнинг март ойига қадар давом этадиган “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуидаги туркум қўшма анжуманлар доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган онлайн-семинарлар ўтказилмоқда.

2 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги семинарда Ўзбекистон ва Германия илмий доиралари вакиллари билан бир қаторда бошқа мамлакатлардаги шарқшунос ва исломшунос олимлар ҳам иштирок этди.

Бу галги анжуманда Германиянинг Гамбург университети Қўлёзмаларни ўрганиш маркази профессори Юрген Паулнинг “Марказий Осиёга Исломнинг кириб келиши” мавзуидаги маърузаси тингланди.

Олим айни вақтда Германиядаги Мартин-Лютер университетининг исломшунослик бўйича профессори ҳам ҳисобланади. У Ўзбекистондаги қатор илмий грантларга раҳбарлик қилган.

– Эътиқод ўзгарганда, эътиқоди ўзгарувчи шахс ёки гуруҳнинг ҳолати ҳам ўзгаради, – деди германиялик профессор. – Бу асосан молиявий ва фискал жиҳатларга эга бўлган ҳуқуқий соҳага тааллуқлидир. Ислом ер юзи бўйлаб тарқалаётган вақтда мусулмон бўлмаган шахслар мусулмонларга нисбатан қуйи даражада эдилар, улар оғирроқ солиққа тортилар эдилар. Марказий Осиёга ислом динининг кириб келиши нафақат инсонлар онгига, балки атроф-муҳитга ҳам, шаҳарлар қиёфасининг ўзгаришига ҳам таъсир қилган. Буни ибодатхоналарнинг масжидларга айлантирилгани мисолида кўришимиз мумкин. Исломлаштириш жараёнида фотиҳлар ўзлари учун уйлар сўрашади, яшаш учун жойларга эга бўлишади. Ернинг ўзи, сув ва тупроқ исломлаштиришнинг бир мавзуси бўлиши мумкин. Атроф-муҳит билан бирга бир гуруҳ инсонлар ва бир диёрнинг тарихи ҳам ислом билан уйғунлашди.

Олимнинг таъкидлашича, эътиқод ўзгаргач, минтақада Қуръон нозил бўлиши билан боғлиқ янги тарихга эҳтиёж пайдо бўлган. Шарқий Эрон ва Мовароуннаҳрдаги мулклар Сурия, Ироқ ва Ҳижознинг узоқ ўлкалари билан боғланган. Эндиликда минтақа тарихи исломгача бўлган пайғамбарлар ҳамда Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари билан ҳам боғланган эди.

Юрген Паул Марказий Осиёга Исломнинг кириб келиши ва ўрнашиши ҳақида маълумот берувчи манбаларни икки тўпламга ажратади. Биринчиси – халифалик маркази бўлган Ироқда ёзилган манбалар. Иккинчи тур – маҳаллий манбалар. Улар ҳам анча таниқли. Улар сирасига Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, Самарқанд учун эса “Қандия” киради.

– Минтақани исломлаштириш узоқ давом этган, – деди олим. – Наршахийнинг X аср ўрталарида ҳам Бухорода ҳар йили ўтказиладиган бутлар кўргазмаси ҳақидаги маълумотидан тахмин қилишимиз мумкинки, X асрда Бухорода ҳали эътиқодини ўзгартирмаган одамлар кўпчиликни ташкил қилган. Тадқиқотлар Марказий Осиё халқларининг Исломни қабул қилиши асосан икки кўринишда бўлганини кўрсатади. Биринчиси, “руҳни қайта йўналтириш” бўлиб, динини ўзгартирган одамнинг маънавий, охир-оқибат моддий ҳаётини тўлиқ қайта тузишдан иборат. Иккинчиси, ташқи ўзгариш. Бунда эътиқод ўзгариши эски диний қарашларга янги имонни қўшишга ўхшайди. Одамларнинг исломни қабул қилишида иккинчи тур исломлашув кўпроқ кузатилган. Улар аввалги урф-одатларини янги динни қабул қилганларидан кейин ҳам давом эттиришди.

Юрген Паул Ислом дини кириб келган ҳудудларда ўз эътиқодида қолганлар жизя солиғи тўлаганини ёдга олди. Бухорхудотлар ва Самарқанд Ихшидлари араб мусулмон қўмондонларига халқнинг оммавий тарзда Исломни қабул қилаётгани учун солиқ тушумлари камайиб кетгани ҳақида хабар беради. Маҳаллий ҳукмдорлар бу билан эътиқодини ўзгартираётганларнинг самимиятига шубҳа қилаётганини билдирмоқчи бўлган. Бир вақтнинг ўзида улар даромадлар камайишидан ҳам хавотирга тушган. Аҳоли эътиқодининг самимийлигини исботлаш учун диний маросимлар бўйича синовдан ўтиши, Қуръон ўрганиши талаб қилинган. Бу эса акс таъсир бериб, оммавий равишда диндан чиқишга сабаб бўлган.

Эътиқодини ўзгартирганларнинг самимияти борасидаги гумондан Бухорхудот ва Самарқанд Ихшидларининг ўзи ҳам четда қолмаган.

– Ислом қўмондонлари арабларни маҳаллий аҳоли билан аралаштиришга (ассимиляция) катта эътибор қаратган, – деб таъкидлади олим. – Бу эса Исломнинг нафақат молиявий ва ҳарбий мақом, балки умуман ҳаёт тарзи сифатида қабул қилинишида муҳим қадам бўлган. Бухорода аралаштириш ижтимоий назоратнинг бир шакли сифатида намоён бўлган эса, Самарқандда яхши қўшнилик, ўзаро ишончни кўрамиз. Арабларнинг маҳаллийлаштирилиши маҳаллий аҳоли орасида Ислом динининг янада чуқур илдиз отишига сабаб бўлди. Қисқа вақтда 200 мингга яқин киши Қуръонни ўрганди. Энди уларни араблардан ажратиб бўлмай қолди. Улар Қуръонни араблардек жуда яхши билар эдилар.

Анжуманда олим мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …