Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида аввалгиларидек кутилмаган қатор ташаббуслар илгари сурилди. Мактабгача таълим, мактаб таълими, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фан, маданият, санъатни ривожлантириш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш сингари соҳаларда таклифлар берилди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг анжуман бошида буюк аждодимиз Имом Мотуридийнинг “Тириклик ҳикматини соғлиқда деб билгин” мазмунидаги ҳикматини келтириб ўтгани алломаларимиз меросига бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда улуғ олимларнинг илмий мероси, асарларини ўрганиш, халқимизга етказиш масалалари муҳим бўлиб қолмоқда. Айни пайтда Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази қаторида Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказининг ташкил этилиши бебаҳо мероснинг бугунги кун учун зарур эканидан далолат беради.
Ўтган шонли тарихимизда ҳам халқни жипслаштириш, фаровон ҳаёт ва осойишталик сари бошлашда давлат раҳбарларининг ўрни катта бўлган. Жумладан, Сомонийлар, Қорахонийлар даврида илм-фанга катта аҳамият берилгани учун Шарқнинг биринчи Ренессанси содир бўлди. Биргина ҳадис илмида минглаб муҳаддислар етишиб чиқди. Жалолиддин Мангуберди юрт озодлиги учун жони ва оиласини ҳам аямади. Амир Темур ислоҳотлари натижасида мўғуллар даврида вайронага учраган иншоотлар янги шаклда қад ростлади, фан, маданият соҳасида олимлар вужудга келди. Бу билан иккинчи Ренессанс бошланди. Соҳибқирон Темур ўз саройида мунтазам равишда олимларнинг илмий мубоҳасаларини ташкил қилгани, улар билан доимо мулоқотда бўлгани тарихий китобларда ўз аксини топган.
Олимлар ҳам Амир Темурга ўз маслаҳатларини бериб борган, яқин ёрдамчига айланган. Буни Мотуридий таълимотига оид салмоқли китоблар муаллифи Саъдуддин Тафтазоний, Сайид Шариф Журжонийдек олимлар сиймосида кўриш мумкин.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам “Агар менда ижобат бўладиган биргина дуо қолганида, уни албатта, давлат раҳбарига атаган бўлардим”, деб айтган эканлар.
Халқимиз бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларни тўғри англаб, уларга ўзининг хайрихоҳлигини билдирмоқда. Ёши кекса отахон ва онахонларимиз дуо ва насиҳатлари, ёшларимиз билим ва маърифатга чанқоқлиги ва интилиши билан юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшади, деган умиддамиз.