Home / МАҚОЛАЛАР / Исо алайҳиссалом тарихи

Исо алайҳиссалом тарихи

Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг исмлари йигирма тўрт марта зикр қилинган. Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Марям, Аҳзоб, Шуро, Зухруф, Ҳадид ва Соф сураларида у зот ҳақларида оятлар келган. Исмлари Исо, лақаблари Масиҳ, кунялари Ибн Марямдир.

قَالَتِ الْمَلَائِكَةُ يَا مَرْيَمُ إِنَّ اللَّهَ يُبَشِّرُكِ بِكَلِمَةٍ مِّنْهُ اسْمُهُ الْمَسِيحُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ وَجِيهًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَمِنَ الْمُقَرَّبِينَ وَيُكَلِّمُ النَّاسَ فِي الْمَهْدِ وَكَهْلًا وَمِنَ الصَّالِحِينَ

«Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Исо ибн Марям бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир.  У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла» (Оли Имрон, 45-46).

Оятда келган «сўз»дан мурод Исо алайҳиссаломдир. «Сўз» арабчада калима дейилади. Исо алайҳиссаломнинг бир номлари «Калиматуллоҳ»дир. Чунки у кишининг дунёга келишига Аллоҳнинг «Бўл» деган сўзи, калимаси сабаб бўлган. Одатда қиз бола ўзидан ўзи ҳомиладор бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга Ўзининг калимаси туфайли ҳомиладор бўлиб, Масиҳ Исо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирмоқда.

«Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Исо ибн Марям», дедилар. Шу билан бирга, унинг бошқа сифатларини ҳам санаб ўтмоқда. «…бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир. Одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», дедилар.

Бутунлай жонсиз, қуриб-қотган лойга бир сўз билан жон киритган Аллоҳ учун тирик жон бўлмиш Марямни бир сўз билан ҳомиладор қилиб қўйиш ҳеч мушкул эмас. Ёш ва бокира қиз Марям бу башоратни тушунмай қолди. Бу нима сир эканини билиш учун Раббисига муножот қилди:

قَالَتْ رَبِّ أَنَّىٰ يَكُونُ لِي وَلَدٌ وَلَمْ يَمْسَسْنِي بَشَرٌ ۖ قَالَ كَذَٰلِكِ اللَّهُ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ ۚ إِذَا قَضَىٰ أَمْرًا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُن فَيَكُونُ

«У: «Эй Раббим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» деди. У зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қилади. Бир ишни ирода қилса, «Бўл!» дейиши кифоя, бўлаверади», деди» (Оли Имрон 47).

Биби Марям ота-онадан туғилиб, одамлар ичида ўсган бир қиз. Унинг инсоний тушунчаси бўйича, одатда эркак билан бирга бўлмаган қиз боланинг фарзанд кўриши ақлга тўғри келмайди. Фаришталар эса, унга бир ўғил кўришининг хабарини бериб туришибди. Шунинг учун:
«У: «Эй Раббим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» деди».  Шунда унга қисқа ва тушунарли жавоб келади: Бу жавоб одамларни ўзининг тор ақлий муҳитидан чиқиб, Аллоҳга тааллуқли оддий ҳақиқатни англашга ундайди. «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қилади. Бир ишни ирода қилса, «Бўл!» дейиши кифоя, бўлаверади».
Жумладан, пок, башар қўли тегмаган қизга ҳам «Туғ!» деса, туғаверади.
Бу қисқа савол-жавобдан кейин Марямга хушхабар олиб келган фаришталар туғилажак боланинг сифатларини айтишда давом этади:

وَيُعَلِّمُهُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَالتَّوْرَاةَ وَالْإِنجِيلَ

«Ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатади» (Оли Имрон 48).

Уламоларимиз бу ояти каримадаги «китобни» сўзи «ёзишни» ёки «илоҳий китобни» деган маънолардан бирини англатади, деганлар. Чунки араб тилида «китоб» сўзи ёзишни англатади. Дарҳақиқат, Исо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳам ёзишни, ҳам илоҳий китобни берган. Шу билан бирга, Аллоҳ унга Таврот ва Инжилни ҳам ўргатиши хабар қилинмоқда. Ҳикмат кишидаги малака бўлиб, гап ва ишнинг ҳаммасини ўз жойида, камчиликсиз адо этишни билдиради. Айни чоқда, пайғамбарларнинг суннатлари ҳам ҳикмат дейилади. Таврот Мусо алайҳиссаломга туширилган илоҳий китобдир. У Исо алайҳиссаломга ҳам китоб бўлишини Аллоҳнинг Ўзи айтиб турибди. Таврот Исо алайҳиссаломга келган диннинг асосини ташкил этади. Инжил эса, Тавротни тўлдириб келган. Келаси ояти каримада аввалги оятнинг маъноси бевосита давом этади.

وَرَسُولًا إِلَىٰ بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنِّي قَدْ جِئْتُكُم بِآيَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ ۖ أَنِّي أَخْلُقُ لَكُم مِّنَ الطِّينِ كَهَيْئَةِ الطَّيْرِ فَأَنفُخُ فِيهِ فَيَكُونُ طَيْرًا بِإِذْنِ اللَّهِ ۖ وَأُبْرِئُ الْأَكْمَهَ وَالْأَبْرَصَ وَأُحْيِي الْمَوْتَىٰ بِإِذْنِ اللَّهِ ۖ وَأُنَبِّئُكُم بِمَا تَأْكُلُونَ وَمَا تَدَّخِرُونَ فِي بُيُوتِكُمْ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَةً لَّكُمْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

«Ва Бани Исроилга Пайғамбар қилади. У: «Албатта, мен сизга Раббингиздан оят-мўжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз – хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сизга оят-белги бордир», дейди» (Оли Имрон 49).

Ояти кариманинг аввалидаги жумладан кўриниб турибдики, Исо алайҳиссалом Бани Исроилга пайғамбар бўлганлар.  Бани Исроилнинг аввалги пайғамбари бўлмиш Мусо алайҳиссаломга келган илоҳий китоб Таврот шунинг учун Исо алайҳиссаломга ҳам илоҳий китоб ҳисобланади.

Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
Ҳ.Расулов

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …