Марказий Осиёда Нақшбандия-мужаддидия билан боғлиқ кўплаб тарихий аҳамиятга молик меъморий иншоотлар ва эпиграфик маълумотлар борки, уларни синчиклаб ўрганиш ислом тарихи ва манбашунослигида муҳим ўрин тутади.
XVIII-XIX асрларда Нақшбандия-мужаддидия тариқати муршидларидан Сўфи Оллоҳёр номи билан боғлиқ бўлган ҳозирги Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Вахшувор қишлоғидаги масжид, Самарқанд вилояти Нуробод тумани Чўнқаймиш қишлоғидаги унинг (Сўфи Оллоҳёр) авлодларига тегишли қабртошлар, Каттақўрғон тумани “Эшон мозор”даги қабртошлар, Самарқанд шаҳридаги Мавлоно Мир Иброҳим хожа ва унинг мақбараси ҳамда у ердаги қабртош битиклар, Тойлоқ тумани Жумабозор қишлоғидаги Абул Фатҳ Каррухий мақбараси, Бахштепа қишлоғидаги “Абдураҳмон сангпаррон” зиёратгоҳидаги қабртош, Ургут тумани Баланд қишлоғидаги Ўзбак хожа авлодлари мақбараси, Фарғона вилояти Марғилон туманининг Лангар қишлоғидаги Атоуллоҳ Хўқандий мақбараси, Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Қамариддин Хузорий мақбараси ва қабртоши, Китоб туманидаги Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ мақбараси ҳамда қабртошидаги эпиграфик битикларда қизиқарли маълумотлар борлигини кўриш мумкин.
Ушбу тадқиқотимизда нақшбандия-мужаддидия тариқати муршидларидан бири шоир Сўфи Оллоҳёр ва унинг ўғли Муҳаммад Сиддиқ номи билан боғлиқ айрим меъморий иншоотлар ва эпиграфик ёдгорликлар тўғрисида сўз юритамиз.
Мавзуни ўрганиш бўйича бизга қадар кўпгина илмий тадқиқот ишлари олиб борилган бўлса-да, биз тадқиқотимиз давомида олиб борилган илмий изланишларни бироз тўлдиришга ҳаракат қиламиз.
Сўфи Оллоҳёр маснадга ўтирганидан сўнг (1699 йил), эътиборини шогирдлари тарбиясига қаратиб, халқни тўғри йўлга бошлаш машаққатини зиммасига олади. Бу орада турли хил зиддият, замона қарама-қаршилигига учраб, дастлаб, Кат Илёсда 1699 йил (устози шайх Наврўз вафоти)га қадар, Каттақўрғонда 1702 йилгача, Чўнқаймиш-Аназират (Она-зиёрат)да 1712 йилнинг охирларигача истиқомат қилган. 1713 йилдан кейинги умрини Ҳисор томонларда, Мавлоно Зоҳид Вахшуворий [Силсилаи шарифда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди хисобланиб, муборак қабрлари ҳозирги Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Вахшувор мавзеида Сўфи Оллоҳёр зиёратгоҳига борадиган йўлнинг ўнг томонида жойлашган. Мавлоно Зоҳид 936/1529 йилда Вахшуворда вафот этганлар. Бу ҳақида батафсил қаранг: 1: – Б. 63] остонасини макон қилиб мужоҳида ва риёзат билан ўтказади. Файзу анвор, файзу осор бу жойда яшаб, масжид, хонақоҳ ва чиройли боғ қурдиради [2: – Б. 216]. Устози Сўфи Наврўз орқали Нақшбандия-мужаддидия силсиласига уланган бўлиб, у маснадда устозларидан сўнг қарийб йигирма йилча муқтадолик қилади ва 1724 йилда [Б.Х.Кармишева ўзининг “Этнографические очерки узбекского селского населения” асарида Сўфи Оллоёр ўзбек қабиласи – Хатайнинг Ўтарчи уруғидан бўлган, унинг вафоти 1724 йил (9: – 135 стр), деб берган бўлса, ўзининг бошқа бир “Очерки этнической истории южных районов Таджикистана и Узбекистана” номли асарида эса 1720-21 йиллар (10: – 135 стр), деб қайд этган. Аслида Сўфи Оллоҳёр 1663 йилда туғилиб, 1724 йилда вафот этган. 6: – Б. 154] ҳозирги Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Вахшувор қишлоғида вафот этган.
Сўфи Оллоҳёр фаолияти давомида тўртта масжид, тўртта хонақоҳ [Биринчиси Каттақўрғон Сўфи гузарида, иккинчиси Оназиёратда, учинчиси Чўнқаймишда, тўртинчиси Вахшуворда], иккита мадраса [Биринчиси Оназиёрат (Чўнқаймиш)да, иккинчиси Вахшуворда] ва бир неча ҳовузлар қурдирганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Жумладан, Каттақўрғоннинг Сўфи гузарида [15: – Б. 13] масжидли хонақоҳ қуради, яна шу ерда Сўфи Оллоҳёрга нисбат берилган “Кўктош” ҳам мавжуд, “ушбу тошга сув қуйиб ичилса йўталга шифо бўлади”, деган нақл маҳаллий аҳоли орасида машҳурдир.
Сўфи Оллоҳёр Дарғом (Самарқанднинг Чўнқаймиш қишлоғи) яқинидаги ерларини Субхонқулихон (1680-1702) даврида қатағонлардан сотиб олган [14: – Б. 97-100]. Мазкур вақф ҳужжати ҳақида дастлаб археолог олим В.Вяткин [5] Анҳор тумани Оназиёрат мавзесидаги мадраса ва масжид [Аназират қишлоғига киришдаги йўлнинг ўнг томонида муаллим Ҳасан аканинг уйи, чап томонида Сўфи Оллоҳёр масжиди деворларининг ўрни сақланиб қолган. 19] вақф ҳужжатларини қайд этади. Мазкур вақф ҳужжати Сўфи Оллоҳёр ҳаётлик чоғида ёзилган ва бизнинг давримизгача етиб келган. Ушбу тарихий ноёб манба Сўфи Оллоҳёр томонидан барпо этилган масжид, хонақоҳ, мадраса ва Чўнқаймишдаги илму маърифат йўлидаги фаолиятини бевосита акс эттиради.
Жаноб эшон Сўфи Оллоҳёр валади Оллоҳқули 1124/1712 йил зулҳижжа ойида Самарқанд вилоятига қарашли Янги Анҳор тумани Оназиёрат мавзесида жойлашган масжид ва унга тегишли ерларни вақф қилдирган. Шунингдек, ушбу вақф ҳужжатларида Самарқанд вилояти Янги Анҳор ноҳияси Оназиёрат мавзесида жойлашган мадраса чегаралари ҳам белгиланиб, ғарбдан Қўрғон, шимолдан мулла Тошмуҳаммад маҳалласи, шарқдан мулла Худойберди маҳалласи билан чегарадош эканлиги таъкидлаб ўтилган.
Сўфи Оллоҳёр мадрасаси (ва бошқа мадрасалар) мураббий (мударрис)лари томонидан болаларни ўқиш-ёзишга ўргатиш ва уларни ахлоқ-одобли кишилар қилиб тарбиялашган бўлса, ота-оналар фарзандларини ўқитиши фарз ҳисобланганлиги, қадимдан ўлкамизда амалда мажбурий бошланғич таълим бўлганлигига гувоҳлик беради.
Хонликлар даврида “қози-раис”, деб аталувчи мансабдор шахслар ота-оналарнинг фарзандларини мактабга беришларини назорат қилиб турган [16: – Б. 33-34]. Ўқувчиларнинг дарсларга узлуксиз қатнашишларини таъминлаш мақсадида, доимо қаттиқ назоратга олинган. Жумладан, ўқувчи узрли дарс қолдирса, ўқитувчи бошқа бир ўқувчини юборган ва шунда ҳам дарсга келмаса, ўқувчининг отасини бундан хабардор қилган [16: – Б. 54]. Сўфи Оллоҳёр томонидан Оназиёрат-Чўнқаймиш мавзесида ташкил этилган мадрасада таълим олган талабалар агар сабабсиз икки ойу ўн кун дарс қолдирса, мадраса мутаваллиси ушбу ўқувчи ўрнига янги талаба олиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаган [4: 4 варақ].
Чўнқаймиш [13: – Б. 236] қишлоғига СамДУ тарихчилари Ирисқулов Олим, Бузруков Муҳаммадихон, жумабозорлик Сайфиллоҳ Сувонқулов ва Камол Аллаёров ҳамроҳлигида қилинган тадқиқот сафаримизда Сўфи Оллоҳёр XVIII аср бошларида истиқомат қилган маскан билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдик. Шу маҳаллада яшовчи 65 ёшлик Файзиев Саъдуллоҳ бобо бошчилигида қишлоқ тарихий жойлари билан танишишга киришдик.
Файзиев Саъдуллоҳ бобо ҳовлисининг жанубий қисми, тарихдан шивирлаб оқиб турувчи сойнинг шимолий қисмидаги Сўфи Оллоҳёрнинг истиқомат қилган жойнинг атрофи панжара билан ўралган, ўртада кўринишидан қабрга ўхшаш тошлар уюлган ҳолда турибди. Саъдуллоҳ бобонинг таъкидлашича, ушбу жойда Сўфи Оллоҳёр яшаган хонақоҳнинг ўрни мавжуд. Ҳозирда ғарбий қисмининг икки бурчагида иккита тут дарахти, ўртасида эса қайрағоч дарахти бўй чўзиб турибди.
Саъдуллоҳ ибн Файзуллоҳ ибн Бузругхон [Ушбу авлод вакиллари ўзларининг эътироф этишларича, Сўфи Оллоҳёрнинг авлодлари экан. Бузругхон ўз даврида илмли зотлардан бири бўлиб, унинг укаси Равшан “Чашмаи об” волости қозиси бўлган (Дала тадқиқот манбалари. 2014 йил июнь. Чўнқаймиш-Аназират-Самарқанд). Бу ҳақида В.Вяткин тадқиқотлари ва ЎзМДА фондида сақланаётган 405-фондда “Чашмаи об волости қозилик ҳужжатлари”да ҳам батафсил маълумотлар бор] Чўнқаймиш қишлоғида жойлашган Сўфи Оллоҳёрнинг авлодлари дафн этилган “Саййид Камол ота” деб номланувчи қабристонда Сўфи Оллоҳёр авлодлари дафн этилганлигини айтиб ўтдилар [19].
Сўфи Оллоҳёрнинг авлодлари дафн этилган қабристонда мавжуд қабртошларни ўрганишга киришдик [айтиб ўтганимиздек, бу ишни олдин ҳам бир қанча тадқиқотчилар ўрганган. Жумладан, Б. Кармишева, И. Сувонқулов ва А. Жуманазар].
1-қабртош яхши сақланган, Ўлчами: 1,30х24х24 см бўлиб, тошда:
“هذه المقبرةاشان محمد سادق بن اشان صوفي الله يار سنه ١١٨٠ لااله الاالله محمد رسول لله”
“Эшон Муҳаммад Содиқ бин Сўфи Оллоҳёр сана 1180. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг расули Муҳаммад”
Мазкур қабртош Эшон Сўфи Оллоҳёрнинг фарзанди аржуманди Муҳаммад Содиққа тегишли бўлиб, унда ёзилган маълумотга кўра, 1180/1766 йилда вафот этганлиги қайд этилган. Қабртош очиқ ҳавода турганлигидан бўлса керак, йиллар ўтиши натижасида ундаги ёзувлар бироз ҳолатини йўқотилишига сабаб бўлган.
2-қабртош ёзувлари каррозияга учраган, ўлчами: 1,30х26х24 смда:
Ушбу қабртош Муҳаммад Содиқнинг қизи Аълоой (ёки Улуғой, Олиой)га тегишли бўлиб, олдинги тадқиқотларда шу вақтга қадар негадир бу ҳақда сўз юритилмаган.
3-қабртош юқорида қайд қилинган деворнинг шимоли-шарқий қисми чеккасида ўт-ўланлар остида, ярими тупроқ тагида қолган ва вақт ўтиши натижасида қабртошдаги ёзувлар ўз ҳолатини йўқотган. Ўлчами: 1,30х25х25 см, Тошдаги ёзувдан фақат,
“بيبي… بنت صوفي الله يار عليه الرحمه. سنه ١١٧٤”
“Биби … бинти Сўфи Оллоҳёр алайҳир роҳма сана 1174”, сўзини ўқиса бўлади.
Агар Б.Кармишева қайдига эътибор қаратсак, ушбу қабртош айнан Сўфи Оллоҳёр қизи Биби Ойшага тегишли эканлигини англашимиз мумкин. Демак, Сўфи Оллоҳёр алайҳир раҳманинг қизи Биби Ойша 1174/1760 йилда вафот этганлиги қайд этилган. Бундан ташқари мазкур қабристонда, кейинги йилларда қўйилган қуйидаги қабртошларни кўриш мумкин:
Юқоридаги қабртошлардан олинган тарихий маълумотларга кўра, Сўфи Оллоҳёр фарзандлари умрининг охирларини ушбу масканда ўтказганликлари аён бўлади.
Айтиш жоизки, Ш.Сафаров ҳам Б.Х.Кармишева берган маълумотларга асосланиб [9: – Б. 36], Сўфи Оллоҳёрнинг Чўнқаймиш қишлоғида яшаганлиги, у ердаги муқаддас ҳисобланган қабристонда унинг фарзандлари: Муҳаммад Сиддиқ [Юқорида кўриб ўтганимиздек, қабртошда Муҳаммад Содиқ, деб келтирилган, тадқиқотчи Ш.Сафаров Кармишева Б.Х. маълумотига асосланиб Муҳаммад Сиддиқ, деб келтирган. Яна қаранг, 14: – Б. 98] ва Биби Ойшаларнинг хоклари ётганлигини таъкидлаб ўтган. Аммо қабртошда Муҳаммад Сиддиқ эмас, балки Муҳаммад Содиқ, деб ёзилган. Бундан ташқари, Сўфи Оллоҳёрнинг Хожа Солиҳ [7: – Б. 112-114] исмли ўғли ҳам бўлган ва у 25-30 ёшларида хасталикдан вафот этган.
Сувонқулов И. Катта Вахшувор қишлоғида истиқомат қилаётган Сўфи Оллоҳёрнинг авлодлари билан танишиб, қуйидаги шажарани ёзиб олади. Унга кўра Сўфи Оллоҳёрнинг ўғли Муҳаммад Сиддиқ, унинг ўғли Хожа Калон, унинг ўғли Эшонхон, унинг ўғли (Абду)Халилхон, унинг ўғли Умархон (1895-1986) ва Кокилхон, Умархоннинг ўғли Музаффархон, деб қайд қилган [3: – Б. 4-5].
Чўнқаймиш қишлоғида ҳам бугунги кунда Сўфи Оллоҳёрнинг авлодлари истиқомат қилиб келишмоқда. Шу қаторида 2014 йилнинг 28 июн (Рамазон ойининг биринчи) кунида “Сўфи Оллоҳёр юрган йўллар” бўйлаб Қарши шаҳридан 30 чақирим шарқроқда жойлашган Қоратикан [Ушбу қишлоқ Қарши шаҳридан 25 км шарқроқда жойлашган сўлим гўшалардан бири. Қоратикан, баъзан Қоратиканак, деб ҳам юритилган. Сабаби, бу ҳудуд тиканлар водийси бўлган десак ҳам муболаға бўлмаса керак. Маҳаллий аҳоли эътирофича, бу ер жуда кўп вахший илонлар макони бўлган экан. Айрим тадқиқотчилар Қоратиканни Қоратегин билан адаштириб ёзувларда қайд қилган. Жумладан, В. Крестовскаго ёзади: “Қарши яқинидаги Чим қишлоғидан чиқиб, Қоратегин мавзесига бироз дам олдик, Қоровулбеги бизга дастурхон ёзиб меҳмон қилгандан сўнг, дарҳол йўлга тушиб, Чавка қишлоғига етиб келдик”, дейди. Батафсил қаранг, 11: – Б. 226] қишлоғига борганимизда, шу ерлик Ҳусниддин Нуриддинов (68 ёшда) ва Исомиддинов (Исаев) Султон бобо (81 ёшда) билан учрашдик. Ҳусниддин Нуриддинов Сўфи Оллоҳёрнинг Қоратикан қишлоғига келиши ва Катта-Вахшуворга кўчиб кетиши ҳақида тўхталиб, Қоратикан қишлоғига шоирнинг бир қизи ва укаси (аслида шогирд)и Сўфи Жалмат [12: – Б. 92] қолганлигини қайд қилган.
Биз кўздан кечирган манбаларда ҳозирча “Сўфи Жалмат” исмли шахсга дуч келганимиз йўқ, аммо Эшони Сўфи Оллоҳёрнинг Сўфи Жон Муҳаммад исмли шогирди борлиги кўпгина тарихий ва жолибий манбаларда қайд этилган. Шуни инобатга олсак, Сўфи Жалмат – “Сўфи Жон Муҳаммад”нинг маҳаллий халқ томонидан қисқартирилиб айтилган шаклидир. Чунки, кўпгина исмлар чала айтиб кетилаверган: Пирмуҳаммад – Пирмат, Нормуҳаммад – Нормамат. Шу каби Сўфи Жалмат исмидаги “Сўфи” деганда ислом йўлидаги илм маърифатли тақводор тушунилса, “Жалмат” эса Жон Муҳаммаднинг қисқартирилган шаклидир.
Ҳ. Нуриддиновнинг айтишича, Сўфи Оллоҳёр Қоратиканда истиқомат қилганида бир қизи шу қишлоқда яшаб қолади. Эшони Сўфининг қизидан тарқалган авлод шажарасини аниқлашга муваффақ бўлдик:
Сўфи Оллоҳёр ← 1. Қизи ← 2. Пирназар ← 3. Хурсандмурод ← 4. Мулла Фозил махсум ← 5. Акромиддин (лақаби мулла Хорун махсум) ← 6. Муҳиддин махсум [XX асрнинг бошларида яшаб ўтган уламолардан бири] ← 7. Нуриддин [Нуриддин бобонинг Хусниддин акадан ташқари яна: Ғуломиддин (65 ёшда), Бахриддин (58), Низомиддин (56), Сирожиддин (49) исмли фарзандлари бор. 20] ← 8. Хусниддин ← 9. Ўктам (45 ёшда) [20].
Эпиграфик ёзма ёдгорликдаги маълумотлар ислом тарихини ўрганиш, унинг манбашуносликдаги аҳамиятини нақадар юксак эканлигини кўрсатади. Шунингдек, нақшбандия-мужаддидия тариқатида фаолият олиб борган тасаввуф намояндалари боғлиқ зиёратгоҳларда мавжуд меъморий иншоотлар ва эпиграфик ёдгорликлар мавзу доирасида тадқиқот олиб борувчилар учун манба бўлиб хизмат қилади.
Юқорида кўриб ўтилганидек, ушбу тариқат вакиллари ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи қўлёзма манбалар қаторида, эпиграфик ёдгорликларда сақланиб қолган ёзувларда ҳам қимматли маълумотлар акс этгани, келгусида бу каби илмий изланишларни олиб бориш зарурлигини кўрсатади.
- Носириддин Бухорий. Туҳфат уз-зойирин. Тошбосма. 1328/1909. Бухоро.
- Мирза Мақсуди Бухорий. Равойиҳ ул-қудс. Қўлёзма. XIX аср. Комилхон Каттаев шахсий кутубхонаси.
- Сўфи Оллоҳёр. Кўзунг ибрат била оч. Нашрга тайрловчи ва сўз боши муаллифи Сувонқулов И. –Самарқанд. 2002.
- ЎзМДА фонди Самарқанд вилоят бўлими (18), 1-рўйхат, 9828-иш 4 варақ.
- Вяткин В. Справочная книжка Самаркандской области. 1902. Выпуск VII.
- Жуманазар А. Вахшувор. –Т.: Akademnashr, 2015.
- Жуманазаров А. Мужаддидийларнинг Сўфи Оллоҳёр тармоғи // ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик Институти. Мақолалар тўплами. 2012 йил апрел.
- Ишаев Ж. Сўфи Оллоҳёр. http://hidoyat.uz.
- Кармишева Б.Х. Этнографические очерки узбекского селского населения. Москва. 1976.
- Кармишева Б.Х. Очерки этнической истории южных районов Таджикистана и Узбекистана. –Москва. 1976.
- Крестовскаго В.В. Гостях У Эмира Бухарского. –Санкт-Петербург. 1887.
- Нуриддинов Х. // Боқий Сўз мулкида. Тўплам. –Қарши. 1997.
- Пирназаров Д. Самарқанд Жоми. Самарқанд. –Зарафшон,
- Сафаров Ш. Термиз ва термизийлар. Термиз. 1993.
- Сирожиддинов Ш. Сўфи Оллоёр илоҳиёти. –Т.: 2001.
- Солижонова Г.Ф. Туркистонда ўқитиш-маърифатчилик ўчоқлари, уларнинг ижтимоий аҳамияти (XIX аср охири-XX аср бошлари). Тарих фанлари номзоди Диссертацияси. –Т.: 1998.
- Этнографические очерки узбекского селского населения. –Москва. 1969.
- Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Сурхондарё/ Ф.Абдухолиқов, Э.Ртвеладзе, А.Ҳакимов, Б.Абдуҳалимов, Б.Бобожонов, А.Мансуров, А.Маннонов, Н.Муҳамедов, А.Раззоқов, К.Раҳимов. –Т.: “Uzbekistan Today” AA, 2015. – 308 б.
-
Дала тадқиқот материалари. Самарқанд-Чўнқаймиш. Ахборотчи чўнқаймишлик Саъдуллоҳ бобо (65 ёшда). 7.06.2014
-
Дала тадқиқот материаллари. Самарқанд-Қоратикан. Ахборотчи Хусниддин Нуриддинов. 28.07.2014.