Home / МАҚОЛАЛАР / НАБИЙ ВА РАСУЛ ОРАСИДАГИ ФАРҚ

НАБИЙ ВА РАСУЛ ОРАСИДАГИ ФАРҚ

Аллоҳ таоло одамларни тўғри йўлга бошлаш учун ер юзига пайғамбарларни юборди. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳматидир. Аллоҳ таолонинг юборган барча пайғамбарларига имон келтириш фарздир. Пайғамбар араб тилида “Набий” ёки “Расул” деб номланади. Набий луғатда “хабар берувчи” ва “янгилик етказувчи”, Расул эса “элчи” ва “вакил” деган маъноларни ифодалайди.

Абу Ҳафс Умар Насафий ўзининг “Ақоид ан-Насафий” китобида Пайғамбарлар тўғрисида шундай деганлар: “Пайғамбарларни юборишда жуда катта ҳикмат бор. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло дунё ва дин ишларида инсонлар муҳтож бўлганликлари учун ўзларидан бўлган башорат берувчи, огоҳлантирувчи ва баён қилиб берувчи пайғамбарларни юборган ҳамда уларни ғайриоддий мўжизалар билан қувватлантирган. Набийларнинг энг аввалгиси Одам алайҳиссалом, энг охиргиси эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир”.

Ақидавий мавзуга доир манбаларда “Набий” ва “Расул” терминларига кўп дуч келамиз. Масалан: Набиюллоҳ ёки Расулуллоҳ. Яъни, Аллоҳнинг пайғамбари ва Аллоҳнинг расули деган маънода. Умумий тушунчамизда бу икки термин бир хил маънодаги икки хил сўз бўлсада, аслида уларнинг орасида фарқ бор. Уламолар ҳам Набий ва Расул сўзи ўртасида бир нечта истилоҳий фарқ борлигини зикр этишган:

  1. Аллоҳ таоло кимга осмондан хабар берса ва ўша хабарни бошқаларга етказишга амр қилса, шу одам ҳам Набий, ҳам Расул ҳисобланади. Бордию бошқаларга етказишга амр қилмаса, у фақат Набий бўлади. Мана шу фикр айтилган фикрлар ичида энг яхшиси ҳисобланади. Хулоса шуки, Расул ўзи олиб келган шариатни бошқаларга етказишликка буюрилган. Набий эса ўзидан олдинги шариатни давом эттирувчи ҳисобланади.

Набийга ҳам расулда бўлгани каби илоҳий ваҳий нозил бўлади. Аммо унга нозил этилган ваҳий янги шариат эмас, балки ўзидан олдин ўтган расулнинг шариатига тобелик, ҳамда уни ўз қавмига етказиш, унинг шариати бўйича қавми орасида ҳукм юритиш вазифалари бўлади. Масалан, ҳазрати Мусо ва Ҳорун алайҳумас-саломни Аллоҳ таоло Бани Исроилга расул қилиб юборди. Улардан кейин келган пайғамбарларга эса шу икковининг шариатига эргашган ҳолда ҳукмга амал қилиш ва уни асҳобларига етказишни буюрди. Мана бу оятга диққат қиламиз: “Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У (Таврот) билан У зотга таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган раббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритарлар. Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар” (Моида сураси, 44-оят).

Бу ояти каримада ҳазрати Мусо ва Ҳорун алайҳумас-саломдан кейин келадиган Бани Исроил набийларининг вазифаси белгилаб берилгани баён этилмоқда. Яъни, яҳудийлар орасида Мусо ва Ҳорун алайҳумас-саломга нозил этилган шариат аҳкомлари бўйича ҳукм юритиш.

Демак, Расул шариат соҳиби бўлади. Набий эса ўзидан олдин келган Расулнинг шариатини одамларга етказувчи бўлади.

  1. Расул умумий бўлиб, у инсонлардан ҳам, фаришталардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Албатта у (Қуръон) ҳурматли элчининг сўзидир”, деганда Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган (Таквир сураси, 19-оят). Шунингдек, “Ниҳоят, элчиларимиз келиб, уларнинг жонларини олаётганда”, деганда ҳам фаришталарни ирода қилган (Аъроф сураси, 37-оят).

Расулга илоҳий ваҳий нозил бўлади. Лекин Набийдан фарқли ўлароқ рисолат – яъни ақида ва шариат аҳкомларини қамровчи дин нозил қилинади ва уни ўз қавмига етказиш вазифаси юклатилади. Буни қуйидаги оятдан англаш мумкин: “Эй, Расул! Сизга Роббингиздан нозил этилган нарсани етказинг. Агар шундай қилмасангиз, Унинг рисолатини етказмаган бўласиз” (Моида сураси, 67-оят).

  1. Расул янги шариат билан келади. Набий эса янги шариат билан келмайди. Балки ўзидан олдинги пайғамбарнинг шариатини давом эттиради ва бошқаларга буни етказади.

Ушбу мавзуда яна бир қўшимча маълумот ва мулоҳазани зикр қилиб ўтишга тўғри келади. Қуръони каримда “Набий” ва “Расул” сўзлари кўп келади. Жумладан, бу икки сўз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо бу сўзларнинг ишлатилишида нозик маънолар борлиги мулоҳаза қилинади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан “Набий” сўзи ўттиз мартача ишлатилган бўлса, асосан ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа тақсимлаш каби масалаларда ишлатилган.

Бинобарин, бу икки сўзни таржима қилишда ҳам шунга эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Иложи бўлса, “Расул” сўзини пайғамбар деб таржима қилсак ҳам “Набий” сўзини таржима қилмай, ўз ўрнида қолдирганимиз маъқул бўлади. Икки маънони қўшиб баён қилишда эса “пайғамбар” лафзи ишлатилса бўлаверади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда 25 та пайғамбарларнинг исмларини зикр этган: 1.Одам алайҳиссалом, 2.Идрис алайҳиссалом, 3.Нуҳ алайҳиссалом, 4. Ҳуд алайҳиссалом, 5.Солиҳ алайҳиссалом, 6.Иброҳим алайҳиссалом, 7.Лут алайҳиссалом, 8.Исмоил алайҳиссалом, 9.Мусо алайҳиссалом, 10.Ҳорун алайҳиссалом, 11.Юнус алайҳиссалом, 12.Довуд алайҳиссалом, 13.Сулаймон алайҳиссалом, 14.Илёс алайҳиссалом, 15.Алясаъ алайҳиссалом, 16.Закариё алайҳиссалом, 17.Исҳоқ алайҳиссалом, 18.Яъқуб алайҳиссалом, 19.Юсуф алайҳиссалом, 20.Айюб алайҳиссалом, 21.Шуайб алайҳиссалом, 22.Яҳё алайҳиссалом, 23.Зул-кифл алайҳиссалом, 24.Исо алайҳиссалом, 25.Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

АБДУВОСИ ШОНАЗАРОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …