Ислом дини ва унинг муқаддас манбаси Қуръони каримда инсон зотини эъзозлаш асосий вазифалардан бири сифатида қўйилган. Куръони каримнинг “Бақара” сурасида ҳатто фаришталарнинг Одамга сажда қилиши буюрилганлиги таъкидланган (34-оят).
Хуллас, инсон зоти ислом фалсафасида ер юзидаги энг қадрли мавжудотдир.
Шундан келиб чиқиб, инсон зотининг бир-бирини қадрлаши ҳақидаги мажбурият ҳар биримизнинг елкамизга юклангандир. Бу мажбуриятлар бир неча гуруҳга ажралади: аёлларни эъзозлаш, катта ёшдагиларни ҳурматлаш ва кичик ёшдагиларни иззатлаш, ночор, ногирон, камбағал ва етимларга кўмаклашиш ҳамда бошқа мажбуриятлар. Кексаларни қадрлаш эса алоҳида таъкидланади. Анас (р.а)дан ривоят қилинади: “Набий(с.а.в): “Қай бир ёш кексани ёши учун икром қилса, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган кишини муҳайё қилади”, дедилар”. (Термизий ривоят қилган).
Ёши улуғларни, нуронийларимизни эъзозлашнинг боши, аввало, ўз ота-онасининг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. Чунки ҳар бир инсоннинг ёруғ дунёга келишида ота-онаси сабабчи бўлади, фарзанд уларнинг оғушида, паноҳи остида вояга етади, таълим-тарбия олади. Фурсат ўтиб, ота-оналаримиз кексайиб боради ва тобора ўзгаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Шу сабабдан муқаддас динимизда ота-онани эъзозлашга алоҳида эътибор қаратилгандир. Фарзанд ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган, таълим-тарбия берган ота-онасини эъзозлаши орқали икки дунё саодатига эришади. Ислом таълимотида ота-онани эъзозлаш энг савобли амаллардан хисобланади.
Ҳадисларда Абдуллоҳ ибн Амр(р.а)дан қуйидагича ривоят қилинади: “Набий(с.а.в): “Раббининг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Раббининг норозилиги ота-онанинг норозилигададир”, дедилар”. (Термизий ривоят қилган).
Қуръони каримнинг “Исро” сурасида Аллоҳнинг шундай кўрсатмалари бор: “Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, уларга “Уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт. Икковларига меҳрибонлик ва ҳокисорлик қанотингни пастлат ва: “Раббим , улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм килгин”, деб айт” (23-24-оятлар). Бу сатрлар ислом фалсафасида кексаларни эъзозлаш, ота-онанинг ҳурматини қозониш нақадар муҳим инсоний фазилат эканлигини кўрсатиб турибди.
Ўзбекистонда ислом фалсафасининг бу ҳикматларига таяниб, нуронийларимизни ҳамиша эътибор марказига қўйганмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини кўллаб-қувватловчи “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви юртимизда кексалар манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг бошини бириктириш борасида салмоқли ишларни амалга оширишмокда.
Ҳозирги пайтда, юртимизда 3 158 000 нафар кексалар яшамоқда, уларнинг 402 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 2 нафар 1-жаҳон уруши иштирокчиси ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг сони тобора камайиб бормоқда. Халқимиз меҳр-мурувватли, зеро, Иккинчи жаҳон уруши пайтида икки юз минг нафар ота-онасиз, боқувчисиз қолган болаларга бошпана беришган. Аммо кейинги пайтларда меҳроқибатимиз бир оз сусайганми, ота-оналар ҳатто ўз фарзандларини ҳам болалар уйига ташлаб кетишмоқда. Айрим қарияларимиз ҳам меҳрга зор бўлиб, қариялар уйларида ҳаёт кечирмокдалар.
Ҳозир Ўзбекистонда 31 000 нафар ёлғиз қариялар мавжуд бўлиб, улар 30 та қариялар уйига жойлаштирилган. Уларнинг орасида 117 ёшга кирган бир қария ҳам бор.
Мана шу жойда кексалик масъулияти ҳақида икки оғиз сўз айтсак. Кексалар ўтмиш тарихимизнинг сақловчилари ва келгуси авлодга узатувчиларидир. Бошқача айтганда, улар тарихий хотиранинг уйғотувчилари ва келажакка узатувчиларидир. Қадимий инсоний қадриятларимизни келгуси авлодга ташувчилардир. Бу борада улар ўз ахлоқий сифатлари, меҳр-муруввати, саҳовати ва бағрикенглиги билан ёшларимизга ҳар тарафлама ўрнак бўлишлари, аниқроғи, ёшлар ҳурматига лойиқ бўлишлари лозим. Мана бу масъулиятни ҳар бир нуронийларимиз ўз зиммаларига олиб оилада, маҳаллада ва борингки, бутун Ўзбекистонда гўзал хулқ ҳимоячилари сифатида ўзларини кўрсата олишлари, кенг жамоатчилигимиз уларнинг қимматли насиҳатлари билан жамиятимизни соғломлаштиришда фаол иштирок этишлари лозим.
Баъзан отахонларимиз ёшларнинг шўхликларидан ранжиб қолишади. Бир ўйлаб кўрайлик. Бу борада, ўзимиз ёшлар тарбиясида эътиборсизлик, хафсаласизлик қилмадикми, ўзимизнинг ножўя ҳаракатларимиз билан уларнинг тарбиясини ўзимиз бузмадикми? Бу ислом фалсафасидаги энг нозик нуқталардан бири.
“Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши лозим”. Бу нафақат ислом фалсафаси – бу умуминсонийлик тарбиясидир. Форобий бобомиз айтганларидай: “Тарбияланганлар жамияти тараққиётга эришади. Бунда кекса авлод етакчи бўлади”. Мана шундай масъулиятли вазифада барча нуронийларимизга куч-қувват, саломатлик ва узоқ ибратли умр тилаймиз.