Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ ВА УНГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР

ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ ВА УНГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР

Тарбия шахс, оила, жамият ва мамлакат ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Жамият аъзолари айниқса, ёш авлоднинг, тарбияси билан етарлича шуғулланмаган жамият турғунлик ва инқирозга маҳкумдир. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки баъзан инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимиз қадриятларида ҳам фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Диний ва маънавий меросимиз бўлган ҳадиси шарифларда одоб-аҳлоқ, меҳр-оқибат, адолат, ўзаро дўстона муносабатлар, силаи раҳм, ота-она ва фарзандларнинг хақ-хуқуқлари каби ижтимоий масалалар билан бир қаторда фарзанд тарбияси ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, Имом Бухорий илмий меросида ҳам тарбия масаласига кенг эътибор қаратилганлигини кўрамиз. Имом Бухорий ҳазратлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат ва ҳадисларини мавзуларга бўлиб, бир неча китобларга ажратиб, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ва “ал-Адаб ал-муфрад” тўпламларда жамладилар.

Имом Бухорий “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” китобини 16 йил давомида тасниф этиб, унга 7500 дан ортиқ[1] саҳиҳ ҳадисларни киритган ва уни 97 та китобга ажратганлар. Ундаги 78-китобни “Китоб ал-адаб” деб номлаган. “Китоб ал-адаб”ни 128 бобга бўлиб, уларнинг ичига 256 та одоб-ахлоққа оид ҳадиси шарифларни жамлаганлар. Лекин у киши бу билан кифояланмай, бу мавзуни ўта муҳим ҳисоблаганлари боис, унга алоҳида китоб тасниф қилишни лозим кўрганлар. Имом Бухорий “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”даги “Китоб ал-адаб” китобида келган ҳадисларга ўзларига етиб келган одоб-ахлоққа оид бошқа ҳадисларни ҳам қўшиб, “Ал-Адаб ал-муфрад” номли ҳадис тўпламини тасниф қилганлар. Имом Бухорий ўз одатларига биноан, “Ал-адаб ал-муфрад” китобини 644 та бобга ажратиб, уларда одаб-ахлоқ ва ижтимоий масалаларга оид 1322 та ҳадиси шарифларни киритганлар.

Имом Бухорий бу икки тўпламида ота-онани фарзанд олдидаги бурчлари, уларнинг фарзандларига нисбатан маданияти ва тарбияси борасида нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақидаги ҳадиси шарифлар ўрин олган. Ушбу мақолада “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ва “Ал-адаб ал-муфрад” тўпламларда келган фарзанд тарбиясига оид ҳадислардан айримларига тўхталиб ўтилди холос.

Ҳар бир фарзанд хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, у шаклланиб оиласи, халқи ва жамияти учун хизмат қиладиган, комил инсон бўлиб вояга етиши учун бевосита ота-онанинг тарбия борасидаги бурчи ва масъулиятларини ҳар томонлама теран англаган ва ҳис қилган ҳолда адо этишларига боғлиқ. Аввало, бунинг учун ҳар бир оила қурувчи инсон бўлажак турмуш ўртоғининг иймон-эътиқод, одоб-ахлоқ ва шарм-ҳаёдан иборат инсоний фазилатларига алоҳида эътибор бериши лозим.

“Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”да келган 5090-ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турмуш ўртоқ танлашда қайси жиҳатларига эътибор бериш кераклигини қуйидагича баён қилганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لأَرْبَعٍ لِمَالِهَا وَلِحَسَبِهَا وَجَمَالِهَا وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ».[2]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлнинг тўрт нарсаси учун уйланилади: моли учун, зоти (насаби) учун, жамоли ва дини учун. Сен ўзингга диндорини танлагин, барака топгур”, – дедилар.

Ушбу ҳадисда аёлнинг тўрта нарсаси – моли, насаби, жамоли ва дину диёнатига қараб, унга уйланилиши ва улар орасида энг афзали дину диёнатлиси эканлиги баён этилган. Турмуш ўртоқ танлашда ҳадисга мувофиқ аввало, унинг дину диёнати, иймон-эътиқодига ва гўзал сифатларига эътибор бериш лозим. Чунки, улардаги яхши хулқ ва хислатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам бўлажак фарзандга кўчиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Ота-она фарзанд дунёга келганидан бошлаб, унинг келажакда комил инсон бўлиб вояга етишига таъсир этувчи омилларга эътибор қаратиши зарур. Болани келажагига ижобий таъсир қилувчи шундай омиллар борки, баъзида биз уларни арзимас иш деб санаймиз ёки эътибордан четда қолдирамиз. Аслида эса улар фарзанднинг тарбияси ва келажагига сезиларли таъсир кўрсатиши табиийдир. Биз ушбу мақолада Имом Бухорий илмий меросида келган баъзи жумладан, фарзанд туғилганда у қиз ёки ўғил бўладими Аллоҳ таолога шукур қилиш, танглайини кўтариш, маъноли ва чиройли исм қўйиш, ақиқа қилиш, болани эркалаб ўпиш ва унинг ҳақига дуо қилиш каби омилларга тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Муқаддас динимиз таълимоти Аллоҳ таоло бизларга берган ҳар-бир фарзанд неъмати учун ҳоҳ у қиз бўлсин, ҳоҳ у ўғил бўлсин унинг учун шукур қилмоғимизга чақиради. Бу борада Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадис тўпламида қуйидаги ҳадиси шариф келган.

عن عَبْدُ اللَّهِ بْنُ دُكَيْنٍ، سَمِعَ كَثِيرَ بْنَ عُبَيْدٍ قَالَ: «كَانَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا إِذَا وُلِدَ فِيهِمْ مَوْلُودٌ – يَعْنِي: فِي أَهْلِهَا – لَا تَسْأَلُ: غُلَامًا وَلَا جَارِيَةً، تَقُولُ: خُلِقَ سَوِيًّا؟ فَإِذَا قِيلَ: نَعَمْ، قَالَتِ: الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ».[3]

Абдуллоҳ ибн Дукайндан ривоят қилинади. У Касир ибн Убайддан эшитган: “Оиша розияллоҳу анҳо ўз аҳлларида фарзанд туғилса, унинг ўғил ёки қизлигини сўрамас, балки “Бус-бутун, сиҳат-саломатми?” дердилар. Агар “Ҳа” дейилса, “Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин!”, – дер эдилар”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло томонида бандаларига берган бебаҳо неъматлардан бири фарзанд неъматидир. Бу неъматни Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган кишига қиз, хоҳлаган кишига ўғил, хоҳлаган кишига уларни жуфт ҳолда ўғил-қиз қилиб беради ёки хоҳлаган кишисини бу неъматдан бебаҳра қолдиради.

Ушбу ҳадисда Ислом умматининг энг билимдонларидан бўлган Оиша розияллоҳу анҳо, яқинлари оиласида фарзанд туғилса, унинг сиҳат-саломатлиги ва аъзоларининг камчиликсиз эканига эътибор қаратиб, Аллоҳга ҳамд айтганликлари зикр этилмоқда.

Фарзанднинг тарбиясига ижобий таъсир қилувчи омиллардан бири бола туғилганда “Таҳник” – “танглайини кўтариш” (оғизлантириш) бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Бу суннат амал соғлом, аҳли илм, солиҳ ва тақводор кишилар томонидан амалга оширилади. Хурмо топилса хурмони, агар топилмаса шунга ўхшаш ширинлик (асал) олиб, аввал ўзи чайнаб, сўнгра чайналган нарсадан озгина олиниб боланинг оғзига қўли билан секин солиб, танглай томонига босиб қўйилади. Бу борада Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиус-саҳиҳ” тўпламида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: «وُلِدَ لِي غُلاَمٌ، فَأَتَيْتُ بِهِ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَسَمَّاهُ إِبْرَاهِيمَ، فَحَنَّكَهُ بِتَمْرَةٍ، وَدَعَا لَهُ بِالْبَرَكَةِ وَدَفَعَهُ إِلَيَّ. وَكَانَ أَكْبَرَ وَلَدِ أَبِي مُوسَى».[4]

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтдилар: “Ўғлим туғилгач, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келдим. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга Иброҳим деб исм қўйдилар, хурмо билан (чақалоқнинг) танглайини кўтардилар. Сўнг унга барака тилаб дуо қилдилар-да уни менга қайтардилар”. Бу Абу Мусонинг тўнғич ўғли эди.

Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадис тўпламида эса қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган.

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: «ذَهَبْتُ بِعَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي طَلْحَةَ إِلَى النَّبي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ وُلِدَ، وَالنَّبِيُّ صَلَّى الله عليه و سلم فِي عِبَاءَةٍ يَهْنَأُ بَعِيرًا لَهُ. فَقَالَ: مَعَكَ تَمَرَاتٍ؟ قُلْتُ: نَعَمْ. فَنَاوَلْتُهُ تَمَرَاتٍ فَلاكَهُنَّ. ثُمَّ فَغَرَ فَا الصَّبِيِّ وَأَوجَرَهُنَّ إِيَّاهُ. فَتَلَمَّظَ الصَّبِيُّ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حُبُّ الأَنْصَارِ التَّمْرَ. وَسَمَّاهُ عَبْدُ اللهِ».[5]

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Абу Талҳа туғилган куни уни кўтариб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бордим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ридога ўралиб туяларига қотрон суртаётган эканлар. Мендан: “Хурмо олиб келдингми?” – деб сўрадилар. Мен: “Ҳа”, – дедим (хурмоларни узатдим). Бас, уларни чайнадилар. Сўнгра чақалоқнинг оғзини очиб, уларни солдилар. Гўдак тамшанди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ансорнинг хурмони яхши кўриши (гўдаклигидан маълум-да)”, – дедилар ва уни Абдуллоҳ деб номладилар”.

Фарзанднинг тарбиясига ижобий таъсир қилувчи омиллардан яна бири фарзандига маъноли ва чиройли исм қўйишдир. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, тарбиясига ҳатто ҳаётига ҳам таъсир қилиши ҳадиси шарифларда келтирилган. Токи фарзанд катта бўлиб, оқу қорани таниганида ўз исмидан уяладиган бўлмасин, балки исм унга зийнат бўлиб туриши зарур. Бу борада Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадис тўпламидаги 814-ҳадисда қуйидагича келтирилган.

 عَنْ أَبِي وَهْبٍ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ‏:‏ «تَسَمَّوْا بِأَسْمَاءِ الأَنْبِيَاءِ، وَأَحَبُّ الأسْمَاءِ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ‏:‏ عَبْدُ اللهِ، وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ، وَأَصْدَقُهَا‏:‏ حَارِثٌ، وَهَمَّامٌ، وَأَقْبَحُهَا‏:‏ حَرْبٌ، وَمُرَّةُ».‏[6]

Абу Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Пайғамбарларнинг исмларини қўйинглар. Аллоҳ азза ва жаллага энг ёқимли исмлар Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир, энг содиқ исмлар Ҳорис ва Ҳаммомдир, энг ёқимсиз исмлар Ҳарб ва Муррадир”, – дедилар.

Ушбу ҳадис фарзандга исм танлашда жуда ҳам эътиборли бўлишга ва унга чиройли маънони англатадиган исм қўйиш кераклигига далолат қилади. Ўғил болага пайғамбарларнинг исмини қўйиш афзал экан. Чунки, пайғамбарларни Аллоҳ таоло одамлар орасидан танлаб олган, агарда уларнинг исмлари Аллоҳга ёқмаганида эди уларнинг исмларини ўзгартиришга буюрган бўлар эди.

Абдуллоҳ ва Абдурраҳмон исмлари ҳам Аллоҳга ёқимли, чунки бу исмлар Аллоҳга бандалик (қуллик) маъносини билдиради. Чунки, юқоридаги исмлар сингари, боланинг исмига Аллоҳнинг гўзал сифатларидан бири қўшиб айтилиши шараф саналади.

Энг содиқ бўлган исм Ҳориснинг маъноси “деҳқон”, Ҳаммомнинг маъноси эса “ғайратли” дегани. Энг ёқимсиз бўлган исм Ҳарб исми бўлиб, у урушга тегишли бўлган маънони англатса, Мурра исми эса иблиснинг лақабидир.

Фарзанднинг тарбиясига ижобий таъсир қилувчи омиллардан яна бири “Ақиқа” бўлиб, у луғатда “кесиш” деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса чақалоқ туғилганининг еттинчи, ўн тўртинчи, йигирма биринчи куни ёки кейинроқ фарзанд шукронаси ва жонининг гарови сифатида қўй сўйиб қилинадиган “ақиқа”ни англатади. Ақиқада имкони бўлса ўғил болага иккита, қиз болага битта жонлиқ сўйилади. Агар бордию имкони бўлмаса ўғил болага битта қўй сўйса ҳам жоиздир. “Ақиқа”ни Чақалоқ туғилган кунининг еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи кунлари қилиш Ҳанафий мазҳабида мустаҳаб амалдир. Ота-онаси “ақиқа”га сўйилган қўй гўштидан еса бўлади. Агар “Фарзанд кўрсам ақиқа қиламан” деб назр қилган бўлса, ўзи ҳам оила аъзолари ҳам ейиши жоиз эмас. Уни фақир мискинларга садақа қилиб юбориш вожиб бўлади.

Ақиқа борасида Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиу-с-саҳиҳ” тўпламида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган.

عَنْ سَلْمَانِ بْنِ عَامِرٍ الضَّبِّيِّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَعَ الْغُلاَمِ عَقِيقَةٌ، فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا، وَأَمِيطُوا عَنْهُ الأَذَى».[7]

Салмон ибн Омир Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Ҳар бир) бола билан ақиқа (бор)дир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг!” деб айтганларини эшитганман”.

Демак, чақалоқ туғилганида унинг номидан қон чиқарилади ва ундаги нопок, азият берувчи нарсаларни кетказилади. Боладаги нопок нарсалар туғилган пайтида унга ёпишиб қолган қон ва сочдир. Баъзи уламолар ўғил бола олатининг хатна қилинадиган қисми ҳам шунга киради, дейишган.

Фарзанднинг тарбиясига ижобий таъсир қилувчи омиллардан яна бири фарзанднинг ҳаққига хайрли дуо қилишдир. Фарзанд туғилганда унинг ҳаққига қилинадиган хайрли дуоларни ўрни беқиёс бўлиб, улар Аллоҳ таолодан фарзандининг келажакда гўзал ахлоқли, чиройли тарбияли, тақволи ва илмли бўлишини сўраб дуо қилиши лозим. Бу борада Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадис тўпламида қуйидаги ҳадис келтирилган.

حَزْمٌ قَالَ: سَمِعْتُ مُعَاوِيَةَ بْنَ قُرَّةَ يَقُولُ: «لَمَّا وُلِدَ لِي إِيَاسٌ دَعَوْتُ نَفَرًا مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَطْعَمْتُهُمْ، فَدَعَوْا، فَقُلْتُ: إِنَّكُمْ قَدْ دَعَوْتُمْ فَبَارَكَ اللَّهُ لَكُمْ فِيمَا دَعَوْتُمْ، وَإِنِّي إِنْ أَدْعُو بِدُعَاءٍ فَأَمِّنُوا، قَالَ: فَدَعَوْتُ لَهُ بِدُعَاءٍ كَثِيرٍ فِي دِينِهِ وَعَقْلِهِ وَكَذَا، قَالَ: فَإِنِّي لَأَتَعَرَّفُ فِيهِ دُعَاءَ يَوْمِئِذٍ».[8]

Ҳазмдан ривоят қилинади, Муовия ибн Қурранинг шундай деганини эшитдим: “Фарзандим Иёс туғилганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир қанчаларини чақириб, уларга таом (зиёфат) бердим. Улар дуо қилишди. Мен “Сизлар дуо қилдингиз. Аллоҳ дуоларингизни барокатли қилсин!. Энди эса мен дуо қиламан, сизлар “Омин” деб туринг!”. Мен унинг дини ва ақлини (комил бўлишини) сўраб кўп дуолар қилдим. Мен уни ўша кунги дуодан таниб оламан, – деди”. (Яъни фарзандим улғайганда дуоларим мустажоб бўлганини унда кўраман, – деди).

Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳам чақалоқ туғилиши муносабати билан таом қилиб зиёфат беришган. Зиёфатга келганлар эса чақалоқ ҳаққига дуо қилишган. Муовия ибн Қурра фарзанди Иёснинг ҳаққига қилинган дуони мустажоб бўлганини фарзандининг ҳаётида кўрганлигини таъкидлаб ўтган.

Фарзанднинг тарбиясига ижобий таъсир қилувчи омиллардан яна бири уларнинг фарзандини эркалатиб ўпишидир. Ота-она фарзандига нисбатан раҳимдил бўлиб, уларни эркалаб, ўпиб меҳр-шафқат кўрсатиши орқали боланинг қалбида меҳр-шафқат ва ота-онага нисбатан итоатни шаклланишига сабаб бўлар экан. Бу борада Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадис тўпламидаги 90-ҳадисда қуйидагича келтирган.

عن عائشةَ رضي اللَّه عنها قَالَتْ: جَاءَ أعْرَابِيٌّ إلى النبيِّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ، فقال: «أَتُقبِّلونَ صِبيْانَكُمْ؟ فَما نُقَبِّلُهُمْ، فَقَالَ النبيُّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ: أوَأَمْلِكُ لكَ أنْ نَزَعَ اللَّهُ مِن قَلْبِكَ الرَّحْمَةَ».[9]

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир аъробий киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз”, – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ сенинг қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олардим?” – дедилар”.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга нисбатан меҳрибон бўлганликлари ва уларни эркалаб ўпганликларини билиб олишимиз мумкин. Ёш болаларга меҳрибонлик қилиб, уларни эркалатиб ўпган кишининг қалбида Аллоҳ таоло томонидан берилган раҳматнинг аломати борлигини билиб олишимиз мумкин. Аксинча, ёш болаларга меҳр-шафқат кўрсатмай, уларни эркалатиб ўпмаган кишининг қалбида раҳматнинг аломати йўқлигини ва у инсон бундай бахтдан бебаҳра қолганлигини билиб олиш мумкин экан.

Имом Бухорий илмий меросида фарзанд тарбияси масаласига жуда катта эътибор қаратилган десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки юқорида келтирилган “Ал-Жомиу-с-саҳиҳ” ва “Ал-адаб ал-муфрад” тўпламларидаги ҳадисларнинг шу мавзуларига оид бошқа ҳадислар ва ундан ташқари “хатна зиёфатига чақириш”, “ёш болани қучоқлаш”, “гўдакни елкага миндириш”, “ёш бола билан ҳазиллашиш”, “меваларни болаларнинг кичигидан бериш”, “ёш бола билан қўл бериб кўришиш”, “ёш болаларга салом бериш”, “болаларнинг ёнғоқ ўйнаши” каби мавзуларига оид юзлаб ҳадисларни келтириш мумкин.

Фарзандларимизни биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши, аввало, бизнинг берадиган тарбиямизга боғлиқ. Шубҳа йўқки, яхши тарбия – саодатли келажакдир, ёмон тарбия эса истиқболсиз келажакдир. Шу боис биз фарзандимизга Имом Бухорий илмий мероси бўлмиш “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ва “Ал-адаб ал-муфрад” тўпламларида келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари – ҳадиси шарифларга мувофиқ яхши тарбия бера олсак, келажакда яхши ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаган бўламиз. Бу орқали ўзимизни ҳам фарзандларимизни ҳам икки дунё саодатига мушарраф қилган бўламиз.

Йўлдошхон ИСАЕВ
ИБХИТМ Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими
[1] “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”даги ҳадисларнинг адади борасида турлича маълумотлар келтирилган. Баъзи манбаларда 7575 та дейилса, баъзи манбаларда 7563 та келтирилган. Шу боис мақолада 7500да ортиқ деб келтирилди.
[2] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳ ал-Бухорий. – Риёз. Дару-с-салам, 1999. Никоҳ китоби, 5090-ҳадис. – Б. 910.
[3] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр. 2013. 1256-ҳадис. – Б. 286.
[4] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 3. – Қоҳира. Муассаса ал-Мухтор, 2004. 5467-ҳадис – Б. 1258.; 6198-ҳадис. – Б. 1391.; Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳ Муслим. Жомиъа ал-Азҳар. Мактаба ал-ийман.Саҳиҳу Муслим 2144-ҳадис.
[5] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр. 2013. 1254-ҳадис. – Б. 285.
[6] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр. 2013. 814-ҳадис. – Б. 180.
[7] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 3. – Қоҳира. Муассаса ал-Мухтор, 2004. 5472-ҳадис. – Б. 1259.
[8] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр. 2013. 1255-ҳадис. – Б. 285.
[9] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр. 2013. 90-ҳадис. – Б. 29.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …