Саҳобалар даврининг иккинчи ярмида Макка, Мадина, Ироқ ва Шомда дастлабки фиқҳий мадрасалар юзага кела бошлади. Шундай мадрасалардан бири Ислом оламининг буюк йўналиши бўлган ироқлик алломаларнинг ўзига хос бўлган таълим мактаби вужудга келди.
Аҳли раъй мадрасаси Ироқда асосан Куфа шаҳрида пайдо бўлиб, унга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ва бошқа улуғ саҳобалар асос солишган. Улуғ саҳобалардан кўпчилик ироқликлар таълим олишган. Жумладан: Алқама Нахаъий (ваф. 62/681 й.), Асвад Нахаъий (ваф. 75/694 й.), Масруқ (ваф. 63/683 й.), Шурайҳ (ваф. 78/697 й.), Шаъбий (19-103/640-721), Иброҳим Нахаъий (46-96/666-715) ва Саид ибн Жубайр (45-95/665-714) каби алломаларни кўрсатиш мумкин.
Аҳли раъй мадрасасининг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Биринчиси, фиқҳга оид масала бўлимларининг кўплиги. Иккинчиси, қиёсга оид сабабларни топиш, аниқлаш ва уларни бўлимларга тақсимлаш. Учинчиси ҳадисни кам ривоят қилганлари.
Ҳадисларнинг ривоятини кам қилганларига сабаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига ёлғон ва тўқима ҳадисларнинг кириб қолишидан хавф қилганларидир. Чунки ўша вақтда Ироқда Исломни оёқости қиладиган ва ҳасад кўзи билан қарайдиган зиндиқлар (динга қаршилар) кўп бўлган. Яна бир сабаби шу даврда ҳадислар жамланиб китоб қилиб ёзилмаган эди.
Бу мадрасадан Ҳанафий мазҳаби келиб чиқди. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шу мадрасада устози Ҳаммод ибн Сулаймондан таълим олган. Ҳаммод ибн Сулаймоннинг устози Иброҳим Нахаъий бўлиб, у юқорида айтганимиздек Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирди бўлган. Қосим Қунвий “Анисул фуқаҳо” асарида фиқҳ илмига хизмат қилганлар ҳақида бундай дейди: “Фиқҳга Абдуллоҳ ибн Масъуд уруғ қадади. Алқама уни суғорди. Иброҳим ибн Нахаъий йиғиштириб олди. Ҳаммод янчди. Абу Ҳанифа ун қилди. Абу Юсуф хамир қилиб қориди. Муҳаммад нон қилиб ёпди. Одамлар эса, унинг нонидан ейишмоқда”.
Куфа мадрасасида ҳадис ривояти кам бўлган. Чунки устозларидан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бўлим, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг фикрларига моил бўлган. Умар розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди” деб, эҳтиёткорлик қилиб ҳадисларини тарқатишдан қайтарган. Ибн Қайюм “Иъломул мавқиъин” асарида бундай дейди: “Ибн Масъуд: “Мен Умарга илмнинг ўндан тўққизи берилган деб ҳисоблайман”, деди”.
Кейинчалик аҳли ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақида баъзи одамлар орасида нотўғри тушунчалар пайдо бўлган, ҳозирда ҳам топилади. Уларнинг фикрича, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни ҳадиси шарифдан, раъй мадрасалари эса одамларнинг фикрларидан ижтиҳод қилишган. Аммо бу нотўғри талқиндир. Аҳли ҳадис деганда, ҳижозликларни, аҳли раъй деганда, ироқликларни назарда тутилган. Улар аҳли раъй мадрасаси уламоларини фикрий фиқҳда бўлиб, ҳадисни кўп ишлатган имомларга қарама-қарши эканларини айтишади. Ҳадислардан ижтиҳод қилиб ҳукм чиқармасликда айблашади. Аслини олганда, иккала мадраса ҳам собит ҳадис ва тўғри раъйга амал қилган. Аҳли ҳадис мадрасаси Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобаларнинг юртларида бўлгани ҳамда маиший ҳаёти содда бўлгани учун уларда деярли барча масалаларга жавоблар ҳадислардан топилаверган. Аҳли раъй мадрасаси эса Ҳижоздан бошқа юртлардаги мусулмонлар ҳаётларининг ўзгачалиги, улардаги маданият, олдинги дин таъсири, одатлари, турмуш тарзи ва шу каби масалаларга жавобни ҳадисдан топа олмаганларида шариатга мос равишда раъйга амал қилганлар.
Шунингдек, Ироқ ўша пайтда фитналар уясига айланган эди. Уларнинг ҳар бири ўз фикрини қўллаш учун сохта ривоятлар тўқир эдилар. Мана шу сабабдан Ироқ мужтаҳидлари ривоятларни қабул қилиш учун қаттиқ шартларни қўйишга мажбур бўлишган. Улар саҳобийнинг амали ривоятига зид бўлса, ривоятни рад қилар, оммавий ҳукмларнинг ривоятчиси ёлғиз бўлса, унинг ривоятини қабул қилмас эдилар. Ироқ мадрасаси олимларининг кўпроқ раъйга эътибор қаратишганларининг сабаби ҳам шундандир. Аҳли раъй мадрасаси алломаларининг фиқҳга оид манбаларида келтирилган ҳукмлар Қуръон ва ҳадисдан далил олинганини кузатиш мумкин. Ҳадисдан ҳукм олганлигига аниқ далил қилиб Абу Ҳанифанинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган нарсаларни бошу кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаймиз! Улардан бошқалардан келган нарсаларга келсак, улар ҳам одам, биз ҳам одамлармиз” деган сўзини келтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, аҳли раъй мадрасасининг ҳеч бир таъсисчиси ҳадиси шарифдан ташқари чиқмаган, ҳадиси шариф турганда, ўз раъй ва фикрларини илгари сурмаган. Бунга ёрқин далил сифатида уларнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан далилларни баён қилганларини китобларига қараб билса бўлади.
Қодирхон МАХМУДОВ