Абдулқодир Жийлоний ҳаёти ва фаолияти тўғрисида хорижий мутахассис олимлар томонидан, умуман тасаввуф таълимотлари, тариқатлар тарихи уларнинг ривожланиш географияси ва моҳияти хусусида қатор тадқиқотлар эълон қилинган.
Хусусан, Муҳаммад Доро Шукуҳ, Усмон Турар [7] каби олимлар томонидан олиб борилган монографик тадқиқотлар тасаввуф таълимотининг ирфоний, диний-фалсафий моҳиятига қаратилган бўлиб, маълум даражада мавзу доирасидаги қодирия таълимотининг генезиси каби муаммоларни очиб беришда муҳимдир.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида С.Н. Григорян, И.П. Петрушевский, А.И. Нарынбаев, П.С. Таранов каби олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар Жийлоний илмий меросининг тасаввуф таълимотида тутган ўрнини очиб беришда тарихий аҳамият касб этади.
Юртимиз олимлари томонидан И. Мўминов [5], М. Хайруллаев, И. Остонақуловлар [3] томонидан илмий тадқиқот ишлари олиб борилганлигини кўришимиз мумкин.
Абдулқодир Жийлоний – қодирия тариқатининг асосчиси, насл-насаблари ўн авлод орқали Муҳаммад алайҳис-саломнинг қизлари Фотимаи Заҳро ва унинг ўғиллари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнга бориб уланади.
Абдулқодир Жийлоний 471/1078 йилда Эроннинг Жилон (Гилон) вилоятида таваллуд топган. 488/1095 йил 18 ёшида Бағдодга боради ва илм олишга киришади.
Ўз даврининг улуғ олимларидан таълим олиб, ислом дини асослари ва тасаввуф таълимотини пухта эгаллайди. Бағдод шаҳрида мадраса қурдириб, 33 йил толиби илмларга сабоқ беради. “Нақл қилибдурларким, Шариф Абдуллодин эшитдимки: падари бузрукворим Муҳаммад Хизр Ҳусайний Мувсилийдинки, айтур эрдилар, пирим Ғавсул Аъзам разияллоҳу анҳу ўз мадрасаларида ўн қисм илмға дарс айтур эрдилар. Чунончи, илми тафсир, илми ҳадис, илми мазҳаб, илми усул, илми ахлоқ, илми фиқҳ … Ва намози пешиндан кейин тиловати Қуръон қилур эрдилар” [4: 7].
Абдулқодир Жийлоний тариқат силсиласида шайх Маъруф Кархий орқали ҳазрати Али (К.в)га бориб уланади.
Яъни, Абдулқодир Жийлоний устози Абу Саъид Муборак Махдумий, у кишининг устози Саййид Али ибн Муҳаммад Юсуф Қурайший, у кишининг устози Саййид Фараҳ Тарсусий, у кишининг устози Саййид Абулфазл Абдулваҳҳоб ибн Абдулазиз Яманий, у кишининг устози Саййид Абу Бакр Шиблий, у кишининг устози Шайх Жунайд Бағдодий, у кишининг устози Саййид Сиррий Сақатий ва Саййид Кархий, у кишининг устози Давуд Атоий, у кишининг устози Саййид Ҳабиб Ажамий, у кишининг устози Саййид Ҳасан Басрий силсилани ҳазрати Али Разияллоҳу анҳудан, ул зот эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-саломдан қабул қилиб олганлар [2: 27].
Кўриб ўтганимиздек, тариқат силсиласи Ҳазрати Али Разияллоҳу анҳуга улангани маълум бўлди. Энди эса қўйида Абдулқодир Жийлонийдан кейин давом этган силсилани келтириб ўтсак.
Абдулқодир Жийлоний унинг шогирди Саййид Абдулваҳҳоб, унинг шогирди Саййид Насруллоҳ, унинг шогирди Саййид Сўфи, унинг шогирди Саййид Сўфи, унинг шогирди Саййид Аҳмад, унинг шогирди Саййид Амир Али Ҳамадоний, унинг шогирди Саййид Масъуд, унинг шогирди Саййид Шоҳ, унинг шогирди Саййид Муҳаммад Шамсиддин, унинг шогирди Муҳаммад Ғавс, унинг шогирди Саййид Абдулқодир, унинг шогирди Саййид Раззоқ, унинг шогирди Шайх Саййид, унинг шогирди Саййид Абдулқодир, унинг шогирди Саййид Шамсиддин Муҳаммад, унинг шогирди Саййид Шамсиддин, унинг шогирди Саййид Ҳомид Шоҳ Ганжбахший, унинг шогирди Саййид Солиҳ Шоҳ, унинг шогирди Саййид Абдулқодир, унинг шогирди Саййид Муҳаммад Бақо, унинг шогирди Саййид Сунбаътуллоҳ, Саййид Али Гуҳар, унинг шогирди Шайх Абдулкарим Маданийлар [2: 26] силсилани давом эттирганлар.
Тарихий манбаларда Шайх Абдулқодир “Ҳазрати қутби Раббоний”, “Ғавсу-с самадоний”, “Маҳбуби субҳоний” шайх Абу Муҳаммад Саййид Абдулқодир Ҳасаний ал-Ҳусайний Жийлоний”, деб таништирилади. Муаллифлар уни “Муҳйиддин”, “Ғавсу-л-Аъзам”, “Ғавсу-с-сақалайн”, “Шайхи Машриқ”, “Султону-л-авлиё” ва бошқа лақаб ҳамда унвонлар билан тилга олади, илмий адабиётларда эса Абдулқодир Жийлоний (ёки Жийлоний) деб кўрсатилади. Ғавсу-л-Аъзам шахси ва сулуки Ироқ, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Марокаш, Сурия ва бошқа Шарқ мамлакатларида кенг шуҳрат топган. Мовароуннаҳрда “Ғавсу-л-Аъзам”ни, олимлардан тортиб оддий халқ ҳам билади ва ҳурмат билан хотирлайди. “Рисолаи қодирия”, “Туҳфату-л-қодирия”, “Маноқиби қодирия”, “Нафаҳоту-л-унс”, “Насойиму-л-муҳаббат”, “Тазкираи ғавсия” ва бошқа китобларда Шайх Абдулқодир Жийлоний тўғрисида маълумотлар берилган.
Қодирия сулукининг шиори дунёдан фориғ бўлиб, охират ишига машғул бўлиш эмас, балки машғуллик билан фориғланишдир. Инсон моддий ноз-неъмат яратиши керак, бусиз ҳаёт тўхтаб қолади. Аммо инсон ўзи яратган мол-дунёга меҳр қўймаслиги, яъни дунё ҳирсидан фориғланган ҳолда дунё ишига машғул бўлиши керак. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳам “Дил ба ёру даст ба кор” шиорини тарғиб қилишда ҳазрат Ғавсул Аъзам сулукига суянгандир. Шу боис ҳам бу сулук барча мусулмон давлатларида мамнуният билан қабул этилади. Абдулқодир Жийлонийнинг номи юксак мартабаларга кўтарилади [6: 92].
Абдулқодир Жийлоний ҳаёти ва фаолияти давомида кўплаб асарлар ёзганлиги маълум. Бу борада унинг, “Ал-Ғунятун ли толиби тариқил ҳақ” (“Ҳақ йўлини истовчи учун бой ва мукаммал манба”), “Футуҳ ал-ғойб”, “ал-Фатҳ ар-раббоний”, “Сир ал-асрор”, “ал-далаи ал-Қодирия”, “ал-Ҳадиқот ал-мустафавия”, “ал-Ҳужжату ал-байзо”, “ар-Рисалату ал-ғавсия”, “Умдату ас-солиҳин фий таржимати ғуняти ас-солиҳин”, “ал-Фуйузот ар-раббония фий ал-маъсари ва ал-аврод ал-қодирия” ва “Башаир ал-хайрот” каби асарларни ёзганлиги унинг сермаҳсул ижодидан хабар бериб турибди.
Абдулқодир Жийлонийнинг авлодлари ҳақида сўз кетганда унинг 42 фарзанди бўлганлиги ва уларнинг 11 нафари оталари тариқатига кириб ўз даврининг етук кишилари эканлиги айтилади.
Ибн Нажжор ўзининг тарих асарида Абдулқодир Жийлонийнинг ўғли Абдураззоқ ибн Шайх Абдулқодир Жийлоний (Жилий)дан ривоят қилиб, отаси Абдулқодир Жийлонийнинг 49 нафар фарзанди борлиги улардан 27 нафари ўғил, 22 нафари қиз [1: 12] фарзандлари бўлганлиги келтирилади.
Қодирия сулуки бутун шарқ мусулмон дуёсида, хусусан Фарғона водийсида ҳам кенг ёйилган. Мавлоно Ҳазиний бир ғазалида:
Сулуким – “Қодирия”, раҳбаримдир пири пироним,
Саҳарлар зарби “Оллоҳу”ни энди одат қилмасам бўлмас, –деб ёзади.
Бир мураббасида эса:
Ғавсул Аъзам-авлиёлар сарвари,
Ул Муҳаммад умматининг ғамхўри,
Масиҳодек жон бағишлар гуфтори.
Айни кунларда юртимизнинг кўплаб шаҳарларида, хусусан, Қўқон, Марғилон, Тошкент, Ургут шаҳарларида Абдулқодир Жийлонийнинг авлодлари яшаб келишмоқда. Маҳаллий аҳоли уларни доим ҳурмат қилади. Бу ҳурматнинг илдизлари уларнинг боболари Саййид Абдулқодир Жийлонийдир [4: – Б. 8].
Абдулқодир Жийлоний 561/1165 йил рабиу-л-охир ойининг ўн еттинчисида 90 ёшида Бағдод шаҳрида вафот этган. Бағдод шаҳрида унга атаб катта мақбара қурилган бўлиб, у зиёратгоҳ бир маскан саналади.
Юртимизнинг кўпгина жойларида Абдулқодир Жийлоний номи билан аталувчи бир қатор (Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Марғилон каби шаҳарларда) зиёратгоҳлар ҳам мавжуд. Бу тўғрисида маълумотлар берувчи кўплаб манбалар бўлсада, аммо унинг ҳаёти ва фаолияти, айниқса, ҳозирги кунда Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғўс қишлоғида жойлашган машҳур “Ғавс ул-Аъзам” номи билан аталувчи зиёратгоҳ ҳақида маълумотлар берувчи оғзаки маълумотлар билан чекланиш ҳолатларига дуч келинганлиги сабабидан бўлса керак, мазкур зиёратгоҳ ҳақида етарли маълумотлар умумлаштирилмаган ҳолатни учратиш мумкин.
Келгусида тарихий манбалар синчиклаб ўрганилса, мазкур зиёратгоҳ ва у билан боғлиқ бўлган тарихий воқеалар, шунингдек Абдулқодир Жийлоний номи билан аталувчи зиёратгоҳларнинг батафсил тарихлари тадқиқ этиб борилса мақсадга мувофиқ бўларди.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абдушшаҳид Азҳарий. Абдулқодир Жийлоний, Мавқиъу далил ал-ийман. – Миср.: 2012.
- Меҳмонхужа ибн Мавлавий Эшонхужа. Туҳфат ал-муъминин маъа имдат ас-соликин. –Т.: О.А. Порцева. 1320/1902.
- Остонақулов И. Муҳаммад Сиддиқ Рушдий “Тазкирату-л-авлиё” асарининг шарқ агиографик манбаларини ўрганишдаги аҳамияти мавзусидаги тарих фанлари доктори диссертацияси. –Т.: 2011.
- Остонақулов И. Авлиёлар султони. –Т.: Янги аср авлоди, 2014.
- Мўминов И. Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли. –Т.: 1968.
- Рушдий, Муҳаммад Сиддиқ. Ғавс ал-Аъзам. Нашрга тайёрловчи Икромиддин Остонақулов. –Т.: Халқ мероси, 1992.
- Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. –Т.: Истиқлол, 1999.