Home / МАҚОЛАЛАР / БАЙРОҒИМИЗ – МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ РАМЗИ

БАЙРОҒИМИЗ – МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ РАМЗИ

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсолидир. Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Давлатчилигимизнинг барча даврларида байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлганлигини кўришимиз мумкин. Ўз даврида Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида йирик ҳудудлар бирлаштирилди ва у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Мазкур давр юртимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Бу даврда жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турган ва энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланган. Бехос дайди ўқ келиб туғ кўтарган жангчига тегса-да, у тупроққа қоришмаган, дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллаган.

Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради.

Юртимиз Россия империяси томонидан истило этилгач, юртимизнинг давлатчилик асосларига зарба берилди. Давлатчилигимизни маҳв этиш йўлида миллат фидойилари «халқ душмани», «қулоқ», «сотқин» деган қора номлар билан таъқибга олинди. Дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ саводсизга чиқарилди. Халқимизга нисбатан айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди — улар белини маҳкам боғлаб, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақирди.

1991 йилнинг 31 август санасида Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритди. 1991 йил 18 ноябрда эса Ўзбекистон Республикаси байроғи қабул қилинди. Шу куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши билан мамлакат давлат суверенитетининг рамзи –байроғимиз тасдиқланди. Давлатимиз байроғи чуқур маъно-мазмун ва тарихий қадриятларнинг тимсоли ҳисобланади. Давлатимиз байроғи тўрт рангдан борат бўлиб, улар мовий, яшил, оқ ва қизил ранглардан иборат. Байроқнинг энг юқори қисми ҳаваранг билан қопланган бўлиб, бу эса ўз навбатида юрт осмони доимо тинч, осойишта ва мусаффо бўлишини биллдиради. Оқ ранг эса байроқнинг ўрта қисмида жойлашган бўлиб, унинг маъноси, кўнгил поклиги, юрт ободлиги нишонаси ҳисобланади.

Байроқнинг қуйи қисми яшил рангда бўлиб, янгиланиш, шодумонлик ва навқиронлик рамзи ҳисобланади. Икки қизил чизиқ ҳаворанг ва яшил ранглар ўртасида жойлшган бўлиб, бу томирларимизда оқаётган аждодлар қонини билдиради. Байроқнинг юқори қисмидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз Ўзбек халқининг бирдамлиги ва қадимдан барпо бўлган давлатчилигимиз рамзларидан ҳисобланади. 

Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 2-3-моддаларида таъкидланганидек, давлатимиз байроғи суверенитетимиз рамзидир. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар давлатимиз байроғини ҳурмат қилишлари шарт ва унга беҳурматлик учун жазо муқаррар.

Байроғимиз давлат идора ва ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, қўйингки, барча сарҳадларида ҳилпираб турибди. Қуролли кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади.

Жонибек Жумаев
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Диний маърифий бўлими бошлиғи

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …