Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРЪОНИ КАРИМДА АЁЛГА МУНОСАБАТ

ҚУРЪОНИ КАРИМДА АЁЛГА МУНОСАБАТ

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонларни ҳам жуфт-жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратди. Бу хусусда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Ва сизларни жуфт қилиб яратдик”[1]. Яна бошқа оятда: Аллоҳ сизларни (аввал) тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни эркак-аёл) қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз Унинг билиши – огоҳлиги билан бўлур”[2] деб ҳам келган.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсон зотини тупроқдан, яъни Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратиб, сўнгра унинг наслларини бир томчи сувдан яратиб, уларни жуфт-жуфт, яъни эркак-аёл қилиб қўйганлигини таъкидлаяпти. Албатта, инсон бу дунёда яшар экан, Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни бериб, уларни бир-бирига муҳтож қилиб қўйди. Уларнинг никоҳ орқали ҳалол-пок яшаб, ўзларидан зурриётлар қолдиришларини ҳамда айни шу йўл билан дунёнинг обод бўлишини ва одам сулоласини Қиёмат-қоим бўлгунча ҳалол-пок йўл билан давом этиб боришини хоҳлади. Аллоҳ таоло бошқа оятда шундай марҳамат қилган: “У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди. Унга қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил юк (ҳомила) билан юкли бўлиб, ўша (юк) билан юрди. Бас, қачонки, оғирлашганида, (улар) Парвардигорлари бўлмиш, Аллоҳга дуо қилдилар: “Қасамки, агар бизга солиҳ фарзанд ато қилсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз”[3].  

Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон қандай яшаса саодатли бўлишини яхши биладиган Аллоҳ таоло эркак ва аёлларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилди. Мана шу оиланинг бир бўлаги бўлган аёлга инсоният ҳеч қайси замонда ислом таълимотичалик катта эътибор берган бирорта дин ёки тамаддунни кўрган эмас. Аёл ҳақида сўз юритар экан, ислом дини уни юксак мақом ва юқори ҳурмат эҳтиром эгаси ўлароқ тасвирлайди.

Ислом динида аёлларнинг тутган ўрни беқиёс бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Аёл” лафзини 85 маротаба зикр қилиб, Қуръондаги 10 та сурада аёлларга тааллуқли бўлган ҳукмларни баён қилди, ҳатто Қуръондаги тўртинчи сурани “Нисо”, яъни “Аёллар” деб номлади. Зеро, Ислом шариати аёлни инсоният жамиятида ўз ўрнига эга инсон эканини исботлади, унга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берди. Чунки Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Аҳли китобларнинг баъзиларида аёл кишига маъсиятларнинг ўчоғи, ёмонликларнинг асоси деб қаралган. Жоҳилият даврида араблар аёлларни олиб-сотиш мумкин бўлган мато деб қарар ва аёллар эркакларга хизмат қилиш учун яратилган, деган фикр бор эди. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмас эди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланиб, агар оилада қиз фарзанд туғилса, унинг туғилишини иснод билиб тириклайин кўмиш ҳоллари бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар берган:

“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир”[4].

Араблардаги бундай ваҳшийликка асосий сабаб динсиз ва имонсиз кишиларнинг жаҳолат ва кибр-ҳаволари аёл зотини инсон сифатида кўрмасликга ва уларни хорлашга сабаб бўлган. Ислом дини келгач эса бундай қабиҳ одатлар барҳам топиб, аёл зотини эркаклар қатори бу дунёда ҳур-озод эканлигини эълон қилди. Инсонга берилган улуғ неъмат – фарзанд неъмати ўғил ёки қиз бўлиши борасида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга(хос)дир. (У) хоҳлаган нарсасини яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур”[5].

Бизнинг ҳалқимизда ҳам агар қиз фарзанд туғилса, Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилмасдан, балки бундан хафа бўладиган оталар ҳам топилади. Бундай оталарга шуни уқтириш керак-ки, Аллоҳ таоло ушбу оятида биринчи бўлиб қиз фарзандларни зикр қилди. Бу нарса жуда муҳим, чунки Қуръони каримда нима олдин зикр қилинса, унда бир ҳикмат бўлади. Демак, динимиз қиз фарзанд туғилганидан бошлаб бошқача эътибор беришни талаб этади. Ҳатто учта қизни чиройли тарбиялаб, вояга етказган кишига жаннат ваъда қилинган.

Ислом шариати ҳукмлари бирма-бир нозил бўлиш асносида Аллоҳ таоло аёлнинг мартабасини кўтариб, шаънини улуғлади, хатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан эри ҳақида мунозара қилган аёлнинг сўзини эшитиб Ўз ҳукмини жорий қилди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг басти-жавобларингизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир”[6].

Ушбу оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлгандир: Саҳобалардан Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба исмли бир аёл пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, Авс мени зиҳор қилди”, деб ўз эридан шикоят қилади. “Зиҳор” ибораси арабларнинг истилоҳида киши ўз хотинига: “Сен менга онамнинг қорни ёки бадани кабисан”, дейишидир. Ислом дини келишидан илгари зиҳор қилинган хотин эри учун онага айланиб қолган, демак талоқ қилинган ҳисобланар эди. Шунинг учун мазкур аёл эрининг бу қилмишидан нолиб, ўрталарида гўдак болалари борлиги, агар эр-хотин ажрашиб кетсалар, ўша болаларга жабр бўлишини айтиб келади. Лекин пайғамбаримизга “Зиҳор” масаласи ҳақида Аллоҳ таоло томонидан ҳали бирон ҳукм нозил қилинмаган эди. Шу сабабдан у зот шикоятчи аёлга: “Демак, сен эрингга ҳаром бўлиб қолибсан”, деб жавоб қиладилар. Аммо у аёл бу жавобдан қаноатланмай, яна ўз сўзларини такрорлайди. Расулуллоҳ ҳам яна аввалги жавобларини қайтарадилар. Иккалалари шу тариқа савол-жавоб қилиб туришлари асносида, бирдан пайғамбар алайҳис-саломга юқоридаги ва қуйида келадиган оятлар нозил бўлади ҳамда уларда Аллоҳ таоло “Зиҳор” масаласи хусусида Ўз хукмини баён қилади: “Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнинг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар. (Лекин) Аллоҳ шубҳасиз афв этгувчи ва мағфират қилгувчидир”[7].

Яъни, ўша ўз хотинларини оналарига ўхшатишдек номақбул ва ёмон сўз айтганлар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб тавба қилсалар, шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло афв этгувчи, мағфират қилгувчидир. Уларнинг ўртасига ҳеч қандай талоқ тушмайди. Лекин ўз хотинини зиҳор қилиб, кейин унга қайтмоқчи бўлган кимса бу қилмиши учун маълум миқдорда каффорат – тўлов тўлаши керак бўлади.

Тарихчиларнинг айтишларича, баъзи замонларда аёлнинг эркакдан мартабаси паст, уларга бир мато сифатида қаралиб, никоҳида бўлган аёлни хоҳласа сотиб ёки умуман унга эътибор бермай ташлаб қўйган вақтлар ҳам бўлган. Ислом динида эса Аллоҳ таоло аёлни ҳам инсонийлик жиҳатидан эркаклар мартабасида баробар эканини билдириб, шундай дейди: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал(солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”[8].

Инсоннинг қадри унга бирор нарсани ишониб топшириш, уни бирор муҳим вазифага масъул қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг ўзига ибодат қилишдек муҳим бурчни аёлларга ҳам эркаклар билан бир хилда буюриши аёлнинг мартабасини юксакларга кўтарадиган энг асосий далилдир. Бундан маълум бўладики, ҳеч қайси бир динда Ислом диничалик аёлларга эътибор берилмаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш ўринлики, аёл киши аввало, она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга ва унинг ҳаққини адо этишга буюрилган. Айни пайтда ислом шариати жаннатнинг оналар оёғи остида эканини, отага бир марта яхшилик қилинганида онага уч марта яхшилик қилиниши лозимлигини таъкидлади. Аёл-аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз ва қизимиздир. Аёл киши ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимиз оналар сабабли дунёга келишади. Уларга оилада таълим-тарбия ҳамда одоб-аҳлоқни кекса оналаримиз, момоларимиз ўргатишади. Шундай экан келажак авлоднинг солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг солиҳа аёл бўлишларига боғлиқдир.

Отабек Бахриев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Наба, 8.
[2] Фотир, 11.
[3] Аъроф, 190.
[4] Наҳл, 58-59.
[5] Шўро, 49.
[6] Мужодала, 1.
[7] Мужодала, 2.
[8] Наҳл, 97.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …