Home / МАҚОЛАЛАР / Шошлик алломалар ҳаёти ва ижоди

Шошлик алломалар ҳаёти ва ижоди

Мустақиллик йилларида юртимизда етишиб жаҳон илм фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг таваллудлари халқаро миқёсда нишонланиб, уларнинг маънавий-илмий меросини чуқур ўрганиш ва халқимизга етказиш бўйича қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Имом ал-Бухорий, Имом Темизий, Абу Мансур ал-Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби буюк алломаларимизнинг илмий мероси қайта тиклаш ва уларнинг муқаддас қадамжоларини таъмирлаш ва ободонлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Бундай ўзгаришлар халқаро жамоатчилик тамонидан ҳам юқори баҳоланиб келинмоқда.

Ислом конференцияси ташкилотининг тузилмаларидан бири – таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳрини 2007 йилда ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинишининг ўзига хос тарихий ва замонавий асослари мавжуд.

Тарихий манбалардан бизга маълумки, IX-XII асрларда Ўрта Осиёда илм-фан айниқса ислом илмлари ривожланган давр ҳисобланган. Самарқанд, Бухоро, Насаф, (Қарши), Шош (Тошкент) каби қадимий шаҳарлар ислом дунёсидаги илм-фан марказлари сифатида машҳур бўлган. Жумладан Тошкент ўрта аср манбаларида Шош деб номланган. Шош воҳасидан кўплаб ҳадис, фиқҳ каби ислом илмларида кўплаб таниқли олимлар етишиб чиққан. Бу олимлар “шоший”, “Тошкандий” нисбаси билан дунёга танилган. Уларнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур тадқиқ қилиш шош воҳаси тарихини ўрганиш билан бир қаторда, бундай олимларнинг ислом илмлари ва маданияти ривожида тутган ўринларини аниқлашга хизмат қилади. Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний “Ал-Ансоб” (“Насабнома”) китобида: “Сайхун дарёси ортидаги, турклар билан чегарадош шаҳар “Шош” деб аталади. Бу ердан кўплаб имомлар етишиб чиққан”, дея Шошга таъриф берган.

Шош воҳасида ўрта асрларда ислом илмлари бўйича фаолият юритган 100 дан ортиқ олимларнинг номлари аниқланган. X-XII асрларда Имом Абдуллоҳ ибн Авона Шоший, Имом Абу Бакр ибн Али Ҳомид Шоший, Абу Саъид Исо Ибн Солим Шоший, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм Шоший, Абулайс Наср ибн Ҳасан ибн Қосим Шоший Тункатий ва бошқа кўплаб муҳаддислар жаҳонннинг турли шаҳарларида фаолият юритиб, таълим берганлар кутубхона ва мадрасаларда диний илмларнинг хилма-ҳил соҳалари бўйича тадқиқотлар олиб борганлар.[1]

Бундай алломалардан яна кўпларини мисол қилиб келтириш мумкин. Шундай алломалардан бири Абулҳасан Қосим ибн Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший ҳазратларидир. Олим “ат-Тақриб” асарининг муаллифи, йирик фақиҳ, буюк аллома Абу Бакр Қаффол Шошийнинг ўғли бўлиб, манбаларда дунёдаги улуғ имомлардан бири сифатида эътироф этилган.

Тожуддин Субкийнинг хабар беришича, Қосим ибн Муҳаммад ибн Али Шошийдан хуросонлик фуқаҳолар таълим олишган. Ундан Ироқ аҳли ҳам кўп яхшиликларни кўрган. Қосим ибн Али Шошийнинг ушбу фиқҳий асари билан шуҳрат қозонган. Бу ҳақда Ҳамза Саҳмий “Тарихи Журжон” асарининг Ҳалимий таржимаси ҳоли бобида айнан шундай ибораларни келтирган: “Ҳалимий деган” “ат-Тақриб” асари соҳиби Қосим ибн Абу Бакр Қаффол мендан фиқҳга оид 11 та жуз (боб) изоҳ ва шарҳлар ёзиб олди”, деган.

Имом Нававийнинг айтишича, Қосим Шошийнинг “ат-Тақриб” китоби Музанийниг “Мухтасари” шарҳларидан кўра фойдаси кўпроқ асардир.[2] деган.

Яна бир шоший алломалардан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Довуд Ризвон Илоҳийдир. Бу олим ҳам фақиҳ ва муҳаддис бўлиб, Шош воҳасидаги Илоқ шаҳрида туғилган. У ростгўй, солиҳ киши бўлган. Илм талабида дунё кезиб, Марвда Ҳасан ибн Масъуд Фарроийдан фиқҳ илмидан таҳсил олган. У киши чиройли сийратли, кўп хайрли иш қилувчи ва кишиларнинг ҳожатларини чиқаришга доимо мойил киши бўлган.

Тожуддин Субкийнинг хабар беришича, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Довуд Ризвон Илоқий фиқҳ илмини Марварудда машҳур олим Абу Саъид Муҳаммад ибн Али Бағавийдан ҳамда Хуросонда Ҳасан ибн Масъудлардан ўрганган. У умрининг охирги йилларида Марвда яшаган. Бу ҳақда Абу Саъид Самъоний: “У бизнинг ҳзуримизга келиб, мадрасамизда бир муддат турди. Мен ундан ҳадислар эшитдим”, деб ёзган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Довуд Ризвон Илоҳий 539/ 1145 йилда вафот этган. Ва Синждонда дафн қилинганлар.

Шош воҳаси олимларининг маданий ва илмий мерослари барча даврларда ҳам юқори даражада бўлиб, у жаҳон цвилизациясининг марказларидан бири Тошкент маданиятининг энг муҳим қисмини ташкил этгани тарих саҳифаларида ўзини аксини топган десак муболаға бўлмайди.

Биз шошлик алломалардан фақат иккитаси тўғрисида имкон қадар маълумотлар беришга ҳаракат қилдик. Лекин Шошлик алломалар ўз даврида жуда кўп бўлган уларнинг илмий меросларини ўрганиш бугунги кунда тарихимизни ўрганишда жуда муҳим ўрганилиши лозим бўлган ишлардан ҳисобланади.

Фиқҳ шўъбаси раҳбари
Машраб Хидиров
 
[1] Н.Мухаммедов Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси.. Т 2007 й. Тошкент ислом университети. Б 7.

[2] Абу Закариё Муҳйиддин ибн Шараф Нававий Димашқий. Таҳзиб ал-асмо  вал-луғот. Байрут: Дор ал-фиқҳ, 1996. 2-жилд. Б 553

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …