Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲИ ИБН ҲИББОН” – ҲАДИС ИЛМИДА БЕТАКРОР АСАР

“САҲИҲИ ИБН ҲИББОН” – ҲАДИС ИЛМИДА БЕТАКРОР АСАР

Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Муоз Тамимий Бустий ҳижрий 273 (милодий 887) йилда Буст шаҳрида Афғонистоннинг Буст (ҳозирги Аскаргоҳ) номли қадимий шаҳрида туғилган. Тамим номли араб қабиласига мансуб бўлган. У ҳозирги Афғонистон ҳудудини ўз ичга оладиган Сижистон ҳисобланган.

Умрининг йигирма йилини илм талаб қилиш билан ўтказди. Ҳасан ибн Идрис Ҳаровий, Абу Халифа, Насоий, Имрон ибн Мусо, Абу Яъло Мавсилий, Ҳасан ибн Суфён, ибн Ҳузайма, Саррож ҳамда Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом, Миср, Жазира (араб жазийраси) ва бошқа шаҳарлардаги жуда кўп кишилар ундан ҳадис эшитган. У китобининг муқаддимасида бундай дейди: Исбижобдан Искандариягача бўлган ҳудудда мингта шайх ҳақида ёздим[1].

Ундан Ҳоким Найсабурий, Абу Муоз Абдурроҳман ибн Муҳаммад Сахтиёний, Абуҳасан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳорун Завзаний, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Мансур Навқоний ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.

Абу Саид Идрисий айтади: У Самарқандда замонасининг қозиси, динда фақиҳ, тиббиёт, фалакиёт илмида олим эди. Самарқандда одамларни фақиҳ қилди.

Муҳаддис алломага берилган ушбу таърифдан маълум бўладики, Абу Ҳотим ўз замонасининг етук муҳаддисларидан бири деб саналиб қолмасдан, балки у ислом қонуншунослигида ҳам ўзига хос бир мавқега эга бўлган.

Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Муоз Тамимий Бустийнинг асарлари ичида шоҳ асари бўлган, дунё муҳаддислари томонидан саҳиҳлиги эътироф этилган саҳиҳ ҳадислар тўплами “Ал-Муснад ас-Саҳиҳ ала ат-тақосим вал анваъ мин ғойри вужуди қотъин фи санадиҳа ва лаа субути жарҳин фи нақилийҳа” асари бўлиб, ушбу асар “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” номи билан машҳурдир.

Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Муоз Тамимий Бустий каби муҳаддислар илмий меросини тадқиқ этиш ҳадисшунослик соҳасида янги қирраларни кашф этилишига омил бўлиб хизмат қилади. Муҳаддис алломанинг “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” ҳадис тўпламини тадқиқ этар эканман, асар ўзида саҳиҳ ҳадисларни мужассам этиш билан бирга жуда ғаройиб услубда ёзилганилигига гувоҳ бўлдим.

Муҳаддис Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳи ибн Ҳиббон” ҳадис тўплами алоҳида аҳамиятга эга асар бўлиб, бу асарни таълиф этилиш жараёнида мусанниф олдин китоблар таснифотида маълум бўлмаган, олдин учрамаган ўзига хос услубни номойиш этганлигидир. У ҳам бўлса ҳадис тўпламининг “қисмлар ва навлар” услубига кўра таълиф этилганлигидир. Мусаннифнинг бу ғаройиб услуби ундан олдин ҳам, кейин ҳам бирорта муҳаддис томонидан қўлланилмаган.

Бу китоб сунан услубида ёзилган китоблардан янгича тартибда таълиф қилингани билан алоҳида ажралиб туради. Масалан; Саҳиҳи Бухорий, Саҳиҳи Муслим ва иккисига ўхшаган китоблар. Муаллиф Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни беш қисмга ажратган, улар; Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишлар (буйруқлар), Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишлар (қайтариқлар), Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам берган хабарлар (ахбор), Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мубоҳ санаган ишлар (рухсатлари) ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишлари (афъол).

Ҳар бир қисмни қуйидаги навларга ажратган:

Амрлар (буйруқлар) бир юз ўн нав;

Наҳийлар (қайтариқлар) бир юз ўн нав;

Хабарлар саксон нав;

Мубоҳлар (рухсатлар) эллик нав;

Феъллар (қилган ишлари) эллик навдан иборат.[2]

Ушбу беш қисм жами тўрт юз навдан иборат бўлиб, ҳадислар юқоридаги навларнинг барчасини ўз ичига олади. Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ ҳадисларга алоҳида сарлавҳа қўйиб уларни “зикр” деб номлаган. Ҳар бир сарлавҳа ўша ҳадиснинг мазмунини ифодалайди. Агар муаллиф ҳадис ҳақида ёки санади ё унга ўхшаш бошқа ҳадис ҳақида бирон гап айтмоқчи бўлса “Қола Абу Ҳотим – Абу Ҳотим айтади”, деб бошлайди ва ҳадис сўнгида ўзининг сўзини шарҳ сифатида келтиради.

Маълумки, Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ”идан олдин ва кейин тасниф этилган ҳадис тўпламлари муснад, сунан, жомиъ, мустадрак услубларига кўра тасниф этилиб ёзилган. Муҳаддис алломанинг ушбу асарининг ёзилиш услуби ва асардаги ҳадисларнинг тартибланиши эса илм аҳлига кўп ҳам маълум эмас. Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон ушбу ҳадис тўпламини тасниф этиш билан ҳадисшунослик соҳасида ўзига хос бир услубни кашф этган, десак янглишмаймиз. Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ яшаб ижод қилган даврдан олдинги ва кейинги ёзилган ҳадис тўпламларининг биронтасида бу услуб топилмайди. Ҳатто муҳаддис алломанинг ҳадис тўпламини “қисмлар ва навлар” услубида ёзилганлиги ёки бу каби услубда ёзилган ҳадис тўплам мавжудлиги ҳадис истилоҳига оид китобларда ҳам ёритилмаган!

Муҳаддис Ибн Ҳиббон пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тартибга солишда янгича усулни бошлаб берди. Ибн Ҳиббон томонидан ишлаб чиқилган бу тартиб ўз вақтида англаб етилмаганлиги сабабли ундан кейин бирор одам у кишига эргашиб ўшанга ўхшаш иш қилолмади. Ҳатто ўтган кўп асрлар давомида ҳадис дарсларида толиби илмларнинг бу китобга эътибори камлиги натижасида йўқолиб кетишига оз қолди.

Асарнинг ўзига хос тартибланиши ҳадис илми соҳасида мутлақ янгилик бўлгани ва ундан кўпчилик бехабарлиги сабабли бу китоб ўзига яраша муносабат ҳам кўрмади. Чунки одамлар бобларга ажратилган таснифларга одатланишган эди. Шу сабаб бу китобнинг қанчалик аҳамиятли экани англаб етилмади. Ҳатто улар тахминан тўрт аср олдин китобнинг ўзига хос тартибини бобларга ажратилган тартибга алмаштирдилар. Бунга ҳадисни қидирган пайтда топиш қийинлиги деб важ келтиришди ва китобни бобларга ажратиб жамлашди ҳамда унинг бетакрорлигини зое қилишган.

Яна ушбу китобнинг ўзига хос яна бир жиҳати, унда тахминан 7500 та ҳадис бор.[3] Бу эса китобдаги сарлавҳаларнинг сони ҳам шунча эканлигига далолат қилади.[4]

Китобдаги ҳар бир ҳадис бешта сунан китобларидаги турлардан бир тур қаторига киради. Яъни, агар ўқувчи бирон навдаги ҳадисни ўқиса, ўша ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ёки наҳийлари ёки рухсатлари ёки ёлғиз ўзларига тегишли иш эканлигини тушунади. Фараз қилайлик, биз амрлар (буйруқлар) қисмидан бир ҳадисга дуч келдик. Шунда бизга бу ҳадис умумий маънодаги бир амр эканлигини тушунишимиз осон бўлади. Аммо унинг далолати хос сабаблардан бир сабабга кўра бўлади. Бу нарса ҳадисда келган амрнинг васфи жараёнида янада осон бўлади ва ўша навларга оид сарлавҳалар қаторида учрайди. Ўша “зикр” деб аталган сарлавҳа охирги нуқтани қўяди. Яъни муаллиф у ҳадиснинг жавҳари эканлигини кўзда тутган бўлади.

Биз айтишимиз мумкинки, ушбу китобдаги барча ҳадислар тўрт жиҳатдан баҳоланади:

  1. Мазкур китобдаги барча ҳадис саҳиҳ бўлиб, муаллиф Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳнинг наздида у шариатда ҳужжат қилиб келтирилади. Қолаверса, китобнинг номи ҳам шуни тақозо қилиб турибди.
  2. Китобнинг бўлимлари ҳар бир ҳадис амр ёки наҳий ё мубоҳ ёки хабар ё бўлмаса амал (феъл)га тегишли эканлигига далолат қилади.
  3. Бу китобдаги ҳадиснинг айнан қайси маънода келганини билиш учун навларнинг сарлавҳалари муҳим. Масалан амр ҳақида келган бир ҳадисни олайлик. Амрга тааллуқли қисм (нав)ларда келган сарлавҳа остидаги ҳадис замиридаги ўша амрнинг вожиблиги қатъий ёки даъват маъносида эканлигини тушинишимиз осон бўлади.
  4. Аммо сарлавҳаларнинг ҳар бири ҳадисдан олдин унга алоқадор бўлиб келади. Бу бизга ҳадис ҳақида тушунча беради. У фасоҳатли қисқа аммо очиқ равшан тушунчадир. Муаллиф раҳимаҳуллоҳ сарлавҳани мавзунинг шарҳи ўлароқ танлаган.

Ҳадис ва унга доир илмлардан яхши хабардор кишига бу (ҳадислар)ни ҳар бирининг муносабатини мулоҳаза қилиши осон. Муаллиф раҳимаҳулоҳ китобни бир-бирига мувофиқ бир хил, қарама-қарши бўлмаган, ўзаро тенг қисмларни ўз ичига олган асос устига қурган. Шунинг учун бир киши бу китобдан бирор ҳадисни олиб ташлаши иложсиз иш. Чунки улар бир бирига боғлиқ бўлиб, биронтаси олиб ташланса билиниб қолади. Бу нарса мазкур китоб учун ўзига хос хусусиятдир.

Биздаги асосий муаммо кўп ўқувчиларнинг набавий ҳадиснинг маъносини тушунмаслиги, ҳадис замиридаги ҳукмларни англаб етмаслигидир. Чунки ҳадислар шаръий аҳкомлар билан бир қаторда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётидаги намуналарни ҳам ўз ичига олган. Шу билан бирга ҳадислар замиридаги гўёки бир хил бўлган масалаларда унда вазиятларнинг турли хиллиги ҳам бор. Бир ҳадисни олган пайтимизда, унинг келтирилиш сабабини ва ҳолатларини эътиборга олмасак, набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша пайтдаги мақсадини ва ундан кейин айтган гапларини инобатга олмасак, диннинг асоси тўғрисида ўзаро фикрий ихтилофлар ва ҳақоратларни ўзимизга сотиб олишдек муаммоларни яратамиз. Инсонлар орасидан ҳадис ҳақида гапирувчиларнинг турли тоифаларини, Аллоҳ таолонинг китобига ва набий алайҳиссаломнинг суннатига хилоф бўлган кўплаб янгича қарашлар яратадиганларни кўриш мумкин. Бу китоб тузилиш жиҳатидан ўхшаши йўқ десак хато бўлмайди.

Шу жумладан, муҳаддис аллома Ибн Ҳиббон мазкур ҳадис тўпламини таълиф этиш жараёнида алоҳида ўзига хос шартларни қўллаган.

Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ китоби “Ат-тақосим вал анваъ”нинг муқаддимасида ўз шартлари ҳақида бундай деган: “Сунанга оид бу китобларимизга нақл қилишда киритган шартларимиз ҳар бир шайх ижмо қилган бешта шарт, яъни ровийга қўйилган шартга суяндик. Улар:

Биринчиси – ровий динда адолатли бўлиши;

Иккинчиси – ҳадисда содиқ бўлиши;

Учинчиси – ҳадис ривоят қилишда ақли расо бўлиши;

Тўртинчиси – ривоят қилган нарсаларнинг маъносини билиши;

Бешинчи – унинг хабари тадлисдан ҳоли бўлиши”. 

Мана шу иттифоқ қилинган беш шарт топилган ҳадисни хужжат қилдик ва ўша ривоятни китобимизга киритдик. Ушбу шартлардан битта шарт топилмаса ҳам уни ҳужжат қилмадик”.[5]

Шунингдек, бу асарнинг бошқа афзаллик жиҳатлари ҳам жуда кўп бўлиб, улардан бири илми толиб ҳадисларни ёд олишда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёд олишда маълум бир чегаралар остида ўрганади. 

Марҳум шайх аллома Аҳмад Муҳаммад Шокир Ибн Ҳиббон “Тақосим вал анваъ” Ибн Булдон тартиби муқаддимасида бундай дейди: “Ибн Ҳиббоннинг саҳиҳи нафис, қадри улуғ, фойдаси улкан китоб. Уни дақиқлик билан таҳрир қилган, тажвидини чиройли қилган ҳамда санадлари ва рижолларини текширган. Ҳадисларнинг матнлари ва санадларини асослашга эҳтиёж туғилган ўринларда асослаб кетган. Ўзи танлаган шартига кўра ҳар бир ҳадиснинг тўғрилигини мустаҳкамлаган. Ўзига лозим топган услубига риоя қилмаганини кўрмадим. Инсонга хос хатолар бундан мустасно. Ҳар қандай муҳаққиқ олим ундан холи эмас”.

Бу китобни таълиф қилиш сабаби ҳақида Ибн Ҳиббон ўз муқаддимасида бундай деган: “Мен ривоятларни туруқлари кўп, инсонларда саҳиҳлари тўғрисида билим камлигини кўрдим.”

Дарҳақиқат, бу ҳақда Ёқут Ҳимавий (“Муъжаму-л-булдон” асари соҳиби) ҳам шундай дейди: Ибн Ҳиббон ҳадисларни тасниф қилиш илмида ўзидан бошқалар ожиз бўлган бир услубга асос солди.

Аллома муҳаддис Аҳмад Муҳаммад Шокир “Ал-эҳсон фи тақриб саҳиҳи Ибн Ҳиббон”га қилган таҳқиқида бундай дейди:

“Бу изоҳли луғат ҳақиқийдир. Уни нуфузли нур сочувчи дақиқ эгаси тузган. Мен Аълоуддин ибн Булбонникидан яхшироқ изоҳли луғат кўрганимни эслай олмайман. Баъзи ўқувчилар муқаддима юзасидан айрим китобларимнинг муқаддимаси ва сунани Термизийнинг шарҳи муқаддимасида замондошларимизнинг фикрича энцеклопедия французларга хос иш бўлиб уни шарқшунослар бизда жорий қилишган, деган фикрларини ёзганман. Шу билан бирга мен энциклопедия ишлари арабий ғоя, исломга хос иш эканини айтиб ўтганман[6]. Улар олдин буни билишмаган, кейинчалик жорий қилишди холос. Араблар улардан анча асрлар олдин луғат, таржимаи ҳол ва бошқа китобларда алифбо кетма-кетлиги асосида ўшандай фойдаланишган. Масалан, луғат илмида Халил ибн Аҳмад, таржимаи ҳол китобида имом Бухорий ва бошқалар. Мусулмонларда босма нашрларнинг йўқлиги уларнинг ҳақиқий изоҳли луғати бўлганини йўққа чиқармайди[7].

Шайх Шуайб Арнаутдан бошқа уламолар Ибн Хузайманинг саҳиҳини Ибн Ҳиббоннинг саҳиҳидан даражаси баланд ҳисоблашган. Қуйида уларнинг сўзларидан иқтибослар келтирамиз:

Суютий айтади: Ибн Хузайманинг саҳиҳи Ибн Ҳиббон саҳиҳидан изчил тадқиқ қилингани учун даражаси юқорироқдир. Уларнинг саҳиҳроғи Ибн Хузайманикидир. Сўнг Ибн Ҳиббон, сўнг Ҳокимнинг “Мустадрак” асаридир.[8] Муслимдан кейинги учта саҳиҳ деб иттифоқ қилинганлари Ибн Хузайма сўнг Ибн Ҳиббон ёки Ҳокимдир.[9]

Ҳазимий айтади: “Саҳиҳи Ибн Хузайма”ҳадис тўплами таҳқиқининг пухталиги сабаб Ибн Ҳиббондан рутбаси баландроқ. Икки шайхдан кейин саҳиҳ тасниф қилинишида Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон сўнг Ҳоким туради.[10]

“Мусталаҳул ҳадис” китоби соҳиби Иброҳим Дасуқий Шаҳовий айтади: Ибн Хузайманинг саҳиҳи Ибн Ҳиббоннинг саҳиҳидан саҳиҳроқ эканига иттифоқ қилинган. Ибн Ҳиббоннинг саҳиҳи Ҳокимнинг “Мустадрок”идан ҳам саҳиҳроқ. Улар орасидаги фарқ эҳтиёткорликда.[11]

Аллома Муҳаммад ибн Жаъфар Китоний ( У “Рисалатул мустаторафа ли баяаани машҳурун китабул суннатил мушаррафа” китоби соҳиби) айтади: Саҳиҳ китоб таснифида икки шайхдан кейин қайсилари саҳиҳроқ дейилганда, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон деб жавоб берилган.[12]

Шайх Шуайб уламолар иттифоқига хилоф ўлароқ бундай дейди: Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ”и Ибн Хузайманинг “Саҳиҳ”идан даражаси баландроқ. У ҳатто кутуби ситтанинг баъзиси билан ҳам рақобатлаша олади.[13]

Муҳаддис Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ ибн Ҳиббон” ҳадис тўплами алоҳида аҳамиятга эга асар бўлиб, бу асарни таълиф этилиш жараёнида мусанниф олдин китоблар таснифотида маълум бўлмаган, олдин учрамаган ўзига хос услубни намойиш этганлигидир. У ҳам бўлса ҳадис тўпламининг “қисмлар ва навлар” услубига кўра таълиф этилганлигидир. Мусаннифнинг бу ғаройиб усулуби ундан олдин ҳам, кейин ҳам бирорта муҳаддис томонидан қўлланилмаган.

Шунингдек, бу асарнинг бошқа афзаллик жиҳатлари ҳам жуда кўп бўлиб, улардан бири илми толиб ҳадисларни ёд олишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёд олишда маълум бир чегаралар остида ўрганади.

Нодир ҚОБИЛОВ
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот  маркази илмий ходими
[1]Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳи ибн Ҳиббон.  Муҳаммад Али Сўнмаз ва Холисой Демир тадқиқи. “Дору Ибн Ҳазм” нашриёти. –Байрут. 2012.
[2]  Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ ибн Ҳиббон.  Муҳаммад Али Сўнмаз ва Холисой Демир тадқиқи. “Дору Ибн Ҳазм” нашриёти. 2012.
[3]Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ ибн Ҳиббон. Шуъайб Арнаут тадқиқи. “Муассасату-р-рисола”. Байрут 1993. 18-жузи сўнгида 7491-ҳадис келтирилган.
[4]Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ ибн Ҳиббон.  Муҳаммад Али Сўнмаз ва Холисой Демир тадқиқи. “Дору Ибн Ҳазм” нашриёти. Байрут. 2012.
[5] Аълоуддин Али ибн Булбон. “ал-Эҳсон фий тақриби Саҳиҳ ибн Ҳиббон”.  “Дору-л-Маърифа”, Байрут. 1/151.
[6] Ҳофиз Заҳабий “Мўъдамул мухтас”да бундай деган: “Амир Аълоуддин Абул Ҳасан Али ибн Булбон виқорли турк олим эди”. Қаранг: Ибн Ҳиббон, Аҳмад Муҳаммад Шокирнин Эҳсоннинг таҳқиқи 1/44.
[7] Қаранг: Ибн Ҳиббон, Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг Эҳсоннинг таҳқиқи 1/17-18.
[8]Тадрибур ровий, 1/109.
[9]Ал-баҳр 2/661-662.
[10]Файзул қодир, 1/35.
[11]Мусталаҳул ҳадис, 17.
[12]Рисалатул мустатарафа, 21.
[13]Ал-Эҳсон, 1/43.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …