Home / АЛЛОМАЛАР / ТУРКИСТОН МИЛЛИЙ МАТБУОТИДА АБДУРАҲМОН МУҲАММАД СОДИҚ ЎҒЛИ ТОШКАНДИЙНИНГ ЎРНИ ВА “МЕЪЁРУ-Л-АХЛОҚ” АСАРИ ХУСУСИДА

ТУРКИСТОН МИЛЛИЙ МАТБУОТИДА АБДУРАҲМОН МУҲАММАД СОДИҚ ЎҒЛИ ТОШКАНДИЙНИНГ ЎРНИ ВА “МЕЪЁРУ-Л-АХЛОҚ” АСАРИ ХУСУСИДА

XX aср Россия империяси ҳудудида истиқомат қиладиган халқлар учун бир қадар муваффақиятли бошланди. Россия Япония билан бўлган урушда мағлубиятга учрагач, ички ва ташқи кучларнинг босимига бардош бера олмай қолди. Империя ичкарисида сиёсий курашлар авж ола бошлади ва император 1905-йил охирига келиб барча сиёсий куч ва гуруҳларга эркинлик берувчи Манифест эълон қилишга мажбур бўлди. Манифестнинг асосий нуқталаридан бири сўз эркинлигини таъмин этди. Бу имкониятдан фойдаланган турли халқлар ва сиёсий қатламлар ўз матбуотларига асос солдилар. Хусусан, Туркистон миллий матбуотининг юзага келишида ҳам юқоридаги Манифест асосий туртки бўлди. XX аср бошигача Туркистонда ташкил этилган барча босмахоналар руслар қўлида эди. Айнан ана шу босмахоналар рус тилидаги китоблар билан бир қаторда маҳаллий тилдаги адабий китобларни чоп қилди. Матбаа халқ онгини ўзгартиришга ва янги дунёқарашга эга бўлган қатламнинг ажралиб чиқишига хизмат қилди. Бу жараённи амалга оширган шахслардан бири Абдураҳмон Муҳаммад Содиқ ўғли Тошкандий бўлиб, у XX аср бошлари матбуотида “Сайёҳ” тахаллуси билан танилган маърифатпарвар зиёлилардан бири бўлиб, у XIX аср охири XX аср бошларида ноширлик қилиш билан бирга одоб ахлоқ, диний ва маърифий соҳаларга оид қатор китоблар ёзган. Жумладан, биргина “Меъёру-л-ахлоқ” асарининг охирги қисмида Абдураҳмон Сайёҳнинг муаллифлигида нашрга тайёрланган “Маккаи мукаррама тарихи”, “Байту-л-муқаддас тарихи”, “Арабнинг қадимий тарихи”, “Бани Исроил тарихи” каби ўнга яқин асарлар номлари келтирилган. Бундан ташқари у сиёсат, ислом, тарих, маънавият соҳаларида чоп этилган кўплаб китобларга ноширлик қилган. Шунингдек, унинг ўзи ҳам неча китоблар ёзгани маълум [2: 339].

Абдураҳмон Сайёҳнинг ўлка аҳолиси китоб саводхонлигини ошириш, маҳаллий ва дунёвий янгиликлардан, ижтимоий-сиёсий ўзгаришлардан хабардор қилишга қаратилган фаолияти унинг бош муҳаррирлигида 1915-1917 йилларда Тошкентда нашр қилинган “ал-Ислоҳ” журнали фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Мазкур журнал нафақат Туркистон ўлкасида балки, қўшни мусулмон мамлакатларида ҳам машҳур бўлган. Журналда ислом, шариат ва фиқҳий масалалар, одоб-ахлоқ муаммолари, машҳур диний асарлардан таржималар, ўлка ҳаётига оид баҳс-мунозаралар бериб борилган [3: 261].

Абдураҳмон Сайёҳ қаламига мансуб асарлардан иккитаси “Меъёру-л-ахлоқ” ҳамда “Танвиру-л-аҳдоқ фи-т макориму-л-ахлоқ” асарлари ўрта асрларда яшаб ўтган ислом оламининг йирик алломалари илгари сурган ғоялар асосида ёзилган бўлиб, одоб-ахлоққа оиддир. Мазкур асарларда муаллиф ахлоқнинг моҳияти хусусида фикр юритар экан аввало Қуръони карим, ҳадиси шариф ҳамда Имом Ғаззолий, Фаҳриддин Розий каби алломалар асарларига ишора қилади. Асарда муаллиф томонидан анъанавий мусулмон одоб-ахлоқ масалаларига янгича ёндашувларнинг билдирилиши алоҳида аҳамиятга эга.

“Меъёру-л-ахлоқ” асари 1912 йилда Тошкентда Ғулом Ҳасан Орифжонов матбаасида тошбосма услубида чоп этилган [1:]. Китоб икки қисм (ҳисса)дан иборат бўлиб, ҳар икки қисми еттитадан бобни ўз ичига олган. Китобнинг биринчи қисми асосан ахлоқнинг назарий масалаларига бағишланган. Китобнинг иккинчи қисми эса, ахлоқнинг амалий масалаларига бағишланган бўлиб, унда инсон ахлоқи ва ахлоқнинг ижобий ҳамда салбий категорияларига мисоллар асосида тавсифлар берилган. Китоб сўнгида инсон ахлоқи ва руҳияти учун хос бўлган ўттиз иккита хислат тавсифланган. Унда исломий анъаналардан келиб чиққан ҳолда ибодат, тақво, шукр, дуо, сабр каби тушунчаларга изоҳ бериш билан бирга, инсон ахлоқининг муҳим сифатлари бўлган адаб, афв, шафқат, саҳоват ва эҳсон, тавозеъ ва эҳтиром, шижоат, диёнат, вафо, содиқлик каби категорияларни таҳлил қилади [1: 146]. Китоб сўнгида берилган маълумотга қараганда, Абдураҳмон Сайёҳ “Меъёру-л-ахлоқ” асарининг учинчи ва тўртинчи қисмларини ҳам нашрга тайёрлаган [1: 166].

Абдураҳмон Сайёҳ ахлоқ мавзусига ўзи яшаган даврдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардан келиб чиққан ҳолда фикр билдирган. Одоб-ахлоқ масаласини Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний каби ўша даврнинг бошқа маърифатпарварлари сингари Туркистон жамиятини ҳалокатдан, қолоқликдан илм-фан тараққиётига олиб чиқувчи омил сифатида қарайди. Илгари сурган фикр-мулоҳазаларида “чиройли одоб-ахлоққа эришишнинг йўли бу ҳукамолар, яъни замон олимлари таълимини, билимини олишдир” деган хулосага келади.

“Меъёру-л-ахлоқ”да қуйидаги фикрлар баён этилган: Ахлоқ илми ҳақида. Имом Ғаззолий ахлоқ илмини тиб илмига қиёс қилиб шундай деганлар: “Бадан сиҳат-саломатлиги муҳофазаси учун тиб қоидаларига риоят қилиш ва касаллик юз берганда табибларга мурожаат қилиш лозим. Шунингдек, маънавий ҳаётийлик муҳофазаси учун ҳам ахлоқ илми таълими мутахассисига мурожаат қилмоқлик лозим ва вожибдир. Бадандаги жисмоний касаллик шубҳасиз унинг ҳалокатига олиб келади. Ва маънавий касаллик – ахлоқсизлик ҳам маънавий ҳаётнинг ҳалокатига сабаб бўлади”.

Жисмоний касаллик инсон ҳаётини ниҳоясига етказар экан, кишилар эътиборли бўладилар ва табибларга бориб муолажа оладилар. Шундай экан, маънавий касаллик ҳам маънавий ҳаётни йўқликка олиб келишини англаган ҳолда ахлоқ илмига эътибор қаратишлари лозим [1: 65].

Ахлоқнинг фазилатлари. Инсон икки нарсанинг мажмуидан иборатдир. Уларнинг биринчиси жисм бўлса, иккинчиси рух, уни нафс ҳам дейдилар. Жисмни кўз билан кўрса, қўл билан ушласа бўлади. Руҳни эса зоҳиран хис этиб бўлмайди. Балки, ақл билан унинг сийратига қараб топиш мумкин. Шу сабаб кўз ва кўриш каби зоҳирий сифатлар инсон жисмига тааллуқлидир. Аммо, феъл-атвор, амаллар ва одатлар рухга хос хислатлардирки, улар инсоннинг ботиний сурати ойнасидир. Токи, инсоннинг барча аъзолари мутаносиб ва баробар бўлмас экан зоҳирий ҳусн мукаммал бўлмайди. Шундан қиёс қилиб айтиш мумкинки, инсоннинг феъл-атвор ва хатти-ҳаракатлари меъёрида бўлмаса унинг ботиний ҳусни мукаммал бўлмайди. Ёки айтиш мумкинки, у инсоннинг ахлоқи етук бўлмайди.

“Халқ” ва “хулқ”. Зоҳирий сувратни “халқ” (“фатҳа” билан) ва ботиний сувратни “хулқ” (“замма” билан) дейилади. Одатда фалон шахс хушхалқ ва хушхулқдир деб – айтадилар. Бу гапни айтишдан мақсад у кишининг ҳам зоҳирий ва ҳам ботиний ҳусни орасталиги, бекаму кўстлигидир.

“Ахлоқ” хулқнинг кўплигидир. Форсий тилида “хулқ” сўзи ўрнида унинг кўплиги “ахлоқ” лафзини қўллайдилар.

“Хулқ” таърифида. Хулқ инсон нафсини аниқроғи унинг ички дунёсини даволовчи сифатлардан биридир. Ундан инсонда тааммул, яъни фикрлаш, мулоҳаза қилиш ҳолати содир бўлади. Агар кишида шундай ҳолат бўлса, у ақлли ва мақтовга лойиқдир. Бас бу сифатни чиройли хулқ ёки хушхулқ дейилади. Агар хатти-ҳаракатда салбий ҳолат юз берса уни бадхулқ дейилади [1: 81].

Инсоннинг турли кишилар билан бўладиган муносабатлардаги сийратлари ҳақида. Уларнинг аввали тўрт қисмдир. Булар ота ва она, муаллимлар, улуғлар ва подшоҳлар.

Ота ва она. Ота ва она билан муносабатда хузуъ ва хушуъда, яъни, доимо ҳурмату эҳтиромда бўлмоқлик лозим. Инсон уларни ранжитмаслиги, гарчи ҳато сўзласалар ҳам суҳбатда сўзини бўлмаслиги лозим. Инсон ҳеч қачон улардан яратганга шикоят қилмаслиги керак. Ота-она тик турган ерда харгиз ўтирилмайди, доимо уларнинг хизматида қойим мақом бўладилар.

Муаллимлар. Англаш лозимки, ота-она инсоннинг жисмонан туғилишига сабабчи бўлсалар муаллимлар уларнинг руҳиятига сабабчидирлар. Муаллимлар инсонга ота-она мартабасидадир, эҳтимол зиёд ҳамдир. Муаллимга исён бу неъматга куфр келтиришдекдир.

Улуғлар. Агар инсон улуғлар билан бўлса, аввало, уларга мулозаматни жойига қўймоғи даркор. Бир ишда улуғларга ишонилган бўлса, уларнинг қўл остида саъй-ҳаракатда бўлади. Тилида ва дилида валинеъматига шукроналикни адо қилиб, уларнинг фикрларини маъқуллаб, сир-асрорларини бегоналардан пинҳон тутадилар. Улуғлардан бирор иш ишонилиб топширилса саъй қилиб, уни маромига етказадилар. Агар валинеъматдан бир ҳафагарчилик содир этилса, инсон уни ўзига душман мақомида тутмаслиги керак.

Подшоҳлар. Агар инсон подшоҳнинг яқинларидан бири бўлишга мушарраф бўлса, аввало унга дуогўйликда қойим бўлгусидир. Мулоқотда хузуъ ва хушуъда бўлади. Биринчи бўлиб сўзламайди ва бирор нарса ҳақида сўрмайди. Сўзлаганда ҳам баланд овозда гапирмасдан, қўли ва бошқа аъзоларини тартибга келтирган ҳолда секин, мулойимлик билан сўзлаши лозим [1: 134].

Умуман олганда, “Меъёру-л-ахлоқ” асари нашрида Туркистон ўлкасидаги таълим муассасаларида мусулмон болалар таълим-тарбиясида одоб-ахлоқ мавзусини содда ва тушунарли қилиб ёритиш мақсад қилиб олинганлигини кўриш мумкин. Зеро, ўша давр нуқтаи назаридан маҳаллий ҳамда кенг йўл очилган рус-тузем мактабларида ўрта асрларда яратилган одоб-ахлоқ ҳақидаги анъанавий китоблар ўқув дастурларидан четга чиқарилган бир пайтда, уларда илгари сурилган ғоялар ҳамда исломий анъаналар доирасида, маҳаллий маърифатпарварлар томонидан давр талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта ишланган одоб-ахлоқ дарсликларига эҳтиёж катта эди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абдураҳмон Муҳаммад Содиқ ўғли Тошкандий. Меъёру-л-ахлоқ. – Т.: Ғулом Ҳасан Орифжонов матбааси, 1912.
  2. Маънавият юдузлари. – Т.: “Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси” нашриёти, 2001.
  3. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Ж. I. Туркистон Чор Россияси мустамлакачилиги даврида. – Т.: Шарқ, 2000.
А. АСАТУЛЛОЕВ,
ТДШИ 1-курс магистранти

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …