Марказий Осиё тарихида сиёсий ақл-идрок билан маънавий жасоратни, диний дунёқараш билан қомусий билимдонликни ўзида мужассам этган буюк арбоблар кўп бўлган. Уларнинг номлари, жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк ҳиссалари ҳозирги кунда бутун дунёга маълум, илмий намояндаларнинг асарлари орқали миллат тарихини тиклаш ва яратишда уларнинг асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шулардан бири Зарафшон воҳасида тарихий ёзма манбалар орасида Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарининг аҳамияти алоҳида қийматга эгадир.
Унда қадимги даврлардаги қабилалар ва уларнинг уруғлари тарқалиш ўрни, ўзига хос тили кабилар ҳақида муҳим маълумотлар берилган.
Қомусий олим ўз асарида ўша даврлардаги қабилалар бирлашмалари, иттифоқлари, уруғларининг ўзаро муомаласида ўз шевалари, тилларидан ташқари яна умумтил ёки адабий тил ҳам мавжуд эканлигини аниқ далиллар орқали талқин этган. Худди шу адабий тилга асос бўлган қабила ва уруғларни номма-ном санаб, улар ҳақида аниқ маълумотлар берган. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари Румдан Мочингача шунчалик кенг ва катта ҳудудларда яшовчи туркий қабила ва уруғлар номи ҳақида маълумот бериши билан биргаликда, шунингдек, қадимги Зарафшон воҳаси аҳолисининг таркибини аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Олим берган маълумотлардан бу умумтилнинг шаклланишида уч гуруҳ қабила ва уруғлар асос бўлганлигини англаш мумкин:
I-гуруҳ қабилаларга суғдак, канжак, арғу, тубут, тангут, хутан, уйғур кабилар киритилган. Улар фақат шаҳарларда яшашган…. Уларнинг ўз тиллари (шевалари), ёзувлари ҳам бўлган. Масалан, уйғурларнинг тили туркча бўлса-да, ўзаро сўзлашувда шеваси (ўз тили)ни ҳам қўллаганлар. Бу қайд этилган гуруҳдаги барча қабилалар шаҳар типли шевалар сифатида қаралиб, туркий тилда сўзлашувда қисман ўз тиллари (шевалари)нинг таъсири ҳам сезилиб турган.
II-гуруҳдаги қабилаларга жумул, қай, йабақу, тотор, басмил кабилар киритилган. Бу қабилалар асосан даштларда яшаганлар. Уларнинг ҳам шевалари (тиллари) бор ҳам бўлиб, лекин умумтуркча-адабий тилда яхши сўзлашганлар.
III-гуруҳдаги қабилаларга қирғиз, қипчоқ, ўғуз, тухси, яғмо, чигил, иғроқ, йаруқ, қарлуқ, қангли кабилар киритилган. Улар фақат туркчада сўзлашганлар, йамак ва бошғиртлар ҳам буларга яқиндир. Шу каби Румгача чўзилган булғар, сувар, бажанаклар тили туркча бўлиб, уларда айрим сўзлар охири қисқартириб қўлланилган. Учинчи гуруҳдаги қабилалар ҳам саҳро(дашт)ларда, шунингдек, шаҳарларда истиқомат қилганлар.
Девонда бу уч гуруҳ қабилалар ва уларнинг ўзига хос тил (диалект ва шева) хусусиятлари мисоллар билан таҳлил қилинган [4: 64-66]. Аслида, Маҳмуд Кошғарий томонидан фикр юритилган умумтуркий тил ўша даврлардаёқ шаклланган эски ўзбек адабий тилининг илк кўринишидир. Чунки олим санаб ўтган қабилалар ва уларнинг лаҳжалари ўзбек халқининг диалект ва шеваларига деярли мос келади.
Ҳар ҳолда, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида аждодларимизнинг шажараси ҳақида муҳим маълумот мавжуд. Унда 70 дан зиёд қабила ва уруғ номлари қайд этилган. Хусусан, бу шажара ўзига хос тартибда берилган: аввал туркларининг 20 та катта қабилалари, ҳамда 22 та ўғуз-турклари (ўғуз-туркман) шажаралари ва йўл-йўлакай яна 30 дан ортиқ қабилалар тармоқ-уруғлари ва қавмлар номлари изоҳланган. Булар баянак (бажанак), қифчақ, ўғуз, ямак, бошғирт, басмил, қай, йабақу, татар, қирқиз, чигил, тухси, йағмо, иғрақ, йаруқ (жаруқ), жумул, уйғур, тангут, хитой (чин), тавғаж (мочин)” каби катта қабилалар саналади. Ҳар бир қабиланинг аллақанча уруғлари бўлган” [4: 64]. Маҳмуд Кошғарий томонидан қабила, қавм, уруғ сифатида юқорида қайд этилган маълумот билан бирликда, яна бир қанча этник номларни девонни йўл-йўлакай варақлаганимизда кўпгина саҳифаларида учратдик. Булар қуйидагича: чигил, ўғуз, турк, яғмо, тухси, суғдак (суғд), арғу, хўтан, тубут, тангут, булғор, сувар, тажик, араб, хитой (чин, мосин), қиниқ, қайиғ, байундур, ифа (ива, йива), эзгиш (экзиш) оч/ўч/уч салғур (солғур), афшар, бегтили, букдуз (буктуз), байат (боёт), ёзғир, аймур (эймур), арамут, қорабулуқ, олқуабулуқ, игдар, урагир (уракир-йурагир), ямак, тутирқа (тўтирқа), улайндлуғ (улаюндлуғ), туғар (тўгар), элка, жувалдор, жапни, жарлуқлуғ (жарлуғлуқ), жаруқлуғ (жаруғлуқ), қирқиз, қарлуқ, чик, булақ, кучат, кужо, халач, тот(тат), тавғач, уйғур, туркман, тотор, булақ, чаруқ, од (ўз), тарбин, тот, уғроқ, суғдак, банак, байанак (бажанак, бажанг), ябақу, уғроқ, қой, жумул, басмил, ўзуз, ямоқ қанжак кабилар шулар жумласидандир. Умуман, жуда кўп этник номлар девоннинг ҳар ерида йўл-йўлакай тилга олиниб, улар ҳақида қисқача изоҳлар ҳам берилган, баъзилари эса сўзларнинг лисоний таҳлили жараёнида қайта-қайта тилга олинган. (1, 2, 3-томида). Ҳатто, девонда ўша даврда мавжуд бўлган қабилаларнинг яшаш ва тарқалиш ерлари белгиланиб, уларнинг географик харитаси ҳам тавсия этилган. “Бу доира шаклдаги харита аслида девоннинг биринчи томидаги “Турк қабилалари ва уларнинг баёни” номли сарлавҳада айтилган фикрлардан кейин берилиши лозим бўлган. Бу фикрни арабча нусханинг биринчи том 32-саҳифасидаги маълумот ҳам қувватлайди. Лекин бу харита профессор С. Мутталлибов қўлидаги нусхада иккинчи томнинг 28-29-бетлар орасида ёпиштирилган экан.
Бу географик харита ҳам “Девону луғотит турк” асарининг ёзилиш жараёнида Маҳмуд Кошғарий томонидан тузилиб, девоннинг алоҳида саҳифасида берилган. Ушбу фикрни муаллифнинг ўзи ёзган маълумоти ҳам тасдиқлайди: “Бу қабилаларнинг турар жойларини доира ичида кўрсатдим [4: 64]. Олим девонда махсус таҳлил этилган уруғларни “она уруғлар”, деб атаган ва уларни ўзи тузган географик харитасида ҳам кўрсатган. У девондаги “Турк қабилалари ва қабилаларнинг баёни ҳақида” ҳамда “Турк тилининг хусусиятлари ҳақида”, “Тилда ва лаҳжаларда бўлган фарқлар ҳақида” сарлавҳали саҳифаларида ўша даврларда катта ва нуфузли бўлган уруғ-қабилалар, қавм-элатларни бирма-бир тилга олиб, уларнинг яшаш ҳудудлари ва тиллари, улардаги лаҳжавий фарқларгача, ҳатто, этник-этнографик жиҳатлари бўйича ҳам муҳим маълумотларни берган.
Чунончи, “Мен булардан асосини, она уруғларини ёздим, шахобчаларини ташладим. Фақат ўғуз туркманларининг майда уруғларини ҳам, уларнинг молларига қўйиладиган белгиларини ҳам ёздим, чунки одамларда буларни билишга эҳтиёж бор эди. Шарқдан бошлаб ҳар бир қабиланинг турар жойларини бирин-кетин тартиб билан кўрсатдим. Румдан кун чиқаргача бўлган мусулмон ва бошқаларни зикр қилдим [4: 64].
Бизнингча, туркий халқларнинг ўғуз номли йирик қабиласининг шажараси махсус қайд этилганининг боиси шундаки, Турк ҳоқонлиги давридагидек, Кошғарий яшаган даврларда ҳам ўғузларнинг мавқеи туркий қабилалар орасида анча юқори бўлган, шу каби Қорахонийлар давлати муҳитида қарлуқлар қаторида ўзига хос эътиборга эга бўлган. Девондаги изоҳлар қисмида қарлуқларни ўғузларга яқин авлодлардан деб қаралади [4: 499]. Бу шажарада 22 ўғуз-туркманларининг уруғлари ва уларнинг тамғалари (тамғали-муҳрли демакдир (Т.1. 479) бирма-бир ёзиб кўрсатилишининг боиси шунда. Шу каби қипчоқ ва уйғур, чигил, яғмо каби қабилаларнинг мавқеи ҳам катта бўлган. Шунинг учун улар ҳақида ҳам девоннинг қўпгина саҳифаларида махсус фикрлар, изоҳлар берилган.
Хуллас, девондаги изоҳларидан маълум бўлишича, Маҳмуд Кошғарий қабилаларнинг тилларини, улар орасидаги яқинлик ва ўхшашликларга мувофиқ икки гуруҳга ажратади. Уларнинг бирини ўғуз, иккинчисини чигил ёки турк гуруҳига хос деб атайди. Икки тилнинг бирига хос деганда ана шу икки гуруҳнинг бирини, яъни ўғуз ёки туркни кўзда тутган.
Умуман олганда, ўзбек уруғларининг тарихи ва бўлинишларини ўрганиш тарихчи этнограф ва тилчи-диалектологиямизнинг муҳим вазифаларидандир. Чунки ўзбек уруғларини ўрганиш халқимиз тарихини ва унинг тили тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Аристов. Н.А. Заметки об этническом составе, СПб., 1897.
- Дониёров Х. Ўзбек халқининг шажара ва шевалари. – Т.: Фан, 1968.
- Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. – Т.: Ўзбекистон, 1997.
- Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк. Ж. 1. – Т.: Фан, 1960.
- Санакулов У. Ўзбек халқи ва тилининг илдизлари ҳақида тарихий манбалар таснифи. – T.: Наврўз.