Маълумки, динга оид илмлар ичида энг шарафлиси Қуръони каримга тегишли илмлар бўлса, ундан кейинги даражада ҳадис ва унга тааллуқли илмлар туради. Суннат Қуръони каримнинг муфассири ҳамда унинг мақсадларини шарҳловчи бўлганлиги боис Ислом уламолари ҳадиси шарифларни катта аҳамият билан ўрганганлар.
Ҳар бир илмнинг ўз истилоҳлари бўлгани каби, ҳадис илмининг ҳам истилоҳлари бор. Санад ва матнни қабул қилиш ва рад қилиш жиҳатидан ҳолатларини билишнинг асослари ва қоидаларини ўрганувчи фандир. Шунингдек, истилоҳ илми ҳадисларнинг маъно ва моҳиятини тушунтирадиган муҳим фан ҳисобланади.
Расулуллоҳнинг суннатларини нақл қилиб келган уламолар суннатни нақл қилиш, ривоят қилиш, соғлом сақлаш борасида турли қоида ва қонунларни аниқлик билан ишлаб чиқиб, ҳадис истилоҳлари ҳақида кўплаб китоблар ёзишган.
Ҳадис истилоҳлари ҳақида ёзилган асарлар мавзу-моҳият манбаларига йўналтирадиган ёруғликка ўхшайди. Асарлар ҳадис борасидаги илмий истилоҳлар кенг ёритилиб, бу илмни ўрганувчи учун енгиллаштирилган.
Ҳадис истилоҳи илми таърифи ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак, ҳадис истилоҳи илми таърифида нутқ икки кўринишда, яъни ўзига маъно бериш ва изофа (нисбат бериш)га кўра бўлади. Ўзига маъно бериш нутқининг биринчиси “илм”дир. Яъни бир нарсани воқеликда қандай бўлса шундай идрок қилиш. Илмни маърифат деб айтганлар бор. Баъзилар илм ва маърифатнинг ўртасида фарқ бор, илмнинг ҳар бир нарсаларни далил билан идрок этишлигини, маърифатнинг эса, жузъий нарсаларни идрок этишлигини, шунингдек унинг ҳар бири истилоҳ бўлиб, унда ҳеч қандай шубҳа йўқлигини айтишган.
Иккинчиси “мусталаҳ” – луғатнинг аслида ишлатиладиган маънодан бошқа муайян бир лафзни ишлатишга олимларнинг келишуви. Бу “вожиб” лафзи кабидир. Унинг луғатдаги маъноси “собит ва лозим”дир. Фақиҳлар истилоҳда уни қилганига яраша савоб олишга ва тарк этганига жазо олишга ишлатади.
Агар лафз истилоҳчилар қўйган маънода ишлатилса, ҳақиқий жиҳатдан уларга нисбат бўлади ва мажозий жиҳатдан улардан бошқага нисбат бўлади.
Дарҳақиқат, тадқиқотчи олимлар бирор бир фан борасида гапирмоқчи бўлган кишига керак бўлган омилларни айтиб ўтишган. Шунга кўра, таниқли лафзларни маълум бўлган маъноларда ишлатилади. Унга хилоф бўлиш эса, жоҳиллик, ноаниқлик ёки хатони мақсад қилишдир. Масалан, заиф ҳадис ҳақида гапирувчининг “у ҳасан ҳадисдир” дейишидир. Агар унга эътироз билдирилса, “бу ҳадис тўлиқ ҳикматни ўз ичига олгани учун, луғавий маъно эътибори билан уни ҳасан деб васф қилдим” дейди.
Учинчиси “ҳадис”: аслида нарсаларнинг янгиси (янгилик, янги ҳодиса)га ишлатилади. Шунингдек хабарга ҳам ишлатилади. Унга Аллоҳ таолонинг сўзи мисол бўлади: “وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللَّهِ حَدِيثًا” (“Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!”) (Нисо сураси, 87-оят), “فَجَعَلْنَاهُمْ أَحَادِيثَ” (“Бас, Биз уларни ҳикояларга айлантирдик”) (Сабаъ сураси, 19-оят).
Истилоҳда: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, қилган ишлари, тақрирлари (кўриб тасдиқлаганлари) ёки у кишига берилган сифатларни ўзида мужассам қилган хабар ва ривоятлардир.
Айтган сўзлари: Набавий (пайғамбарга оид) сўзлар. Масалан, Муъовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳадиси: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим” (Бухорий ривояти).
Қилган ишлари: Набийга хос амалий тасарруфотлар. Масалан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳақидаги ҳадис: “У таҳорат олди, юзини ювди. Сўнг бир ҳовуч сув олиб оғиз ва бурнини чайди. Кейин бир ҳовуч сув олиб бундай қилдилар – қўлини бошқа қўлига қўшиб, бирлаштириб, юзини ювди. Сўнгра бир ҳовуч сув олиб ўнг қўлини ювди. Кейин бир ҳовуч сув олиб чап қўлини ювди. Сўнг бошига масҳ тортди. Кейин бир ҳовуч сув олиб ўнг оёғига сепиб ювди. Сўнг бошқа бир ҳовуч сув олиб чап оёғини ювди. Кейин: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай таҳорат олаётганларини кўрганман”, деди” (Бухорий ривояти).
Тақрирлари (кўриб тасдиқлаганлари): Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа одамдан содир бўлган ишдан хабардор бўлиб ёки билиб туриб уни инкор этмаган бўлсалар. Масалан Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳужрам эшиги олдида турганларини ва ҳабашлар масжидда (найзалари билан) уйин (машқ) қилётганларини кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени, уларнинг ўйинига қараётганимда ридолари билан тўсар эдилар” (Бухорий ривояти).
Сифатлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг касби ва амалига мурожаат қилинмайдиган одамийлик хусусиятлари. Масалан, Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг юзи чиройлиси ва энг хулқи гўзали эдилар. Кўзга ташланадиган даражада узун ҳам, калта бўйли ҳам эмасдилар” (Бухорий ривояти).
Бу тафсирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъл ва ҳолатлардан иборат бўлган яхши кўришлари ва ёмон кўришлари сифат тарзида кирмайди. Бу феъл-атвор яхши кўриши ёки ёмон кўришига қараб содир бўлиш эътибори билан феъл остидаги ҳодисаларга тегишлидир. Масалан, Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни иложи борича ўнг томондан бошлашни яхши кўрар эдилар: таҳоратни ҳам, соч тарашни ҳам, оёқ кийим кийишни ҳам” (Бухорий ривояти).
Нисбат бериш жиҳатидан (Ҳадис истилоҳлари илмининг) таърифи ҳақида айтадиган бўлсак, юқорида таъкидланганига биноан, ҳадис фани уламолари истилоҳ (тузатиш) олиб борган “Ҳадис истилоҳлари илми”, қоида ва маълумотларни билиш демакдир, деб айтиш мумкин.
Бошқача қилиб айтганда, ҳадис илми истлоҳлари қоидалар бўлиб, шунингдек ривоят қабул қилингунга ёки рад этилгунга қадар иснод ва матн ёки ровий (ҳадис ривоят қилувчи) ва ривоят қилинган (ҳадис)га тегишли ҳадис тадқиқотларидир. Бу илмга ҳижрий биринчи асрда асос солинган бўлиб, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини фитна, ёлғон, хато ва ўзгаришдан сақлаш учун ҳижрий тўққизинчи аср охириларигача такомиллашиб, ривожланиб келди. Ҳадис истилоҳлари илми ҳадиснинг санад ва матни ҳақида, ровий ва ривоят қилинган ҳадис, ҳадиснинг қабул қилингани ва рад этилгани, саҳиҳ ва заифлиги, носих ва мансухлиги ҳақида маълумот беради. Шунингдек, кўплаб ҳадис фанларидан ажралиб (келиб) чиққан ҳар бир нарса ҳақида хабар беради. Буларнинг барчаси “ҳадис истилоҳлари илми” ёки “ҳадис асослари илми” ёхуд “истилоҳ илми” деб номланади.
Ҳадис илми икки мавзуни ўз ичига олади. Улар: ривоят жиҳатидан ҳадис илми ва дироят жиҳатидан ҳадис илми. Ривоят жиҳатидан ҳадис илми – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган “қавл” (“сўз”) ёки “феъл” (“қилган ишлар”) ёйинки “тақрир” (“иқрор бўлиш, кўриб тасдиқлаш”) ёхуд “хилқат ёки хулқий сифат” (“тана тузулиши ёки хулқдаги сифат”), шунингдек бу нақл қилинганларни ривоят жиҳатидан, уни аниқлаш, лафзларни тузишда саҳобаю тобиъийнларга нисбат берилган сўзлари ва феълларидан иборат омилларни нақл қиладиган илмдир. Дироят жиҳатидан ҳадис илми – Санад ва матннинг аҳволи қонунлар орқали билинадиган илмдир. Ушбу қонунлар ҳадиснинг қабул қилингани ва рад этилганини билишга, ҳамда ҳадислардан мақсадни тушуниб етишга боғлиқ бўлади.
Салафи солиҳ уламолар мана шундай қонун-қоидаларни ишлатиб, аҳли ботилларнинг бузғунчилигидан суннатни сақлаб қолганлар. Кейинги уламолар суннатга риоя қилиш, уни эслаб қолиш борасида жорий этилган қоидаларни аввал ўтган уламолардан яхшилаб қабул қилиб бизгача етказиб келишди. Бу илмни қадрига етиб, камчиликларни тўғрилаш биз учун ниҳоятда зарур.