Home / МАҚОЛАЛАР / МОТУРИДИЯ КАЛОМ МАКТАБИГА ОИД ЯНГИ МАНБАЛАР ТАҲЛИЛИ

МОТУРИДИЯ КАЛОМ МАКТАБИГА ОИД ЯНГИ МАНБАЛАР ТАҲЛИЛИ

Мовароуннаҳр калом илми ривожида, шубҳасиз буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридийнинг (ваф. 333/944 й.) ўрни ниҳоятда катта бўлган. У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) ислом динида пайдо бўла бошлаган турли гуруҳ ва фирқаларнинг сони кўпайиб кетган эди. Бу ҳол имон-эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофларни келтириб чиқарди. Шундай гуруҳлардан бири му‘тазилийлар бўлиб, улар ақидавий масалаларни шарҳлашда нақлий далиллардан (Қур’он ва ҳадис) ақлий далилларни устун қўяр эдилар. Натижада салаф ҳамда аҳли ҳадис уламолари орасида калом илмига нисбатан танқидий фикрлар пайдо бўла бошлади. Мана шундай мураккаб шароитда улуғ мутакаллим Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва вужудга келган муаммоли вазиятни илмий асосда бартараф этишда ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Шу тариқа Мотуридий ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699-767 й.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. Лекин Мотуридий вафотидан кейин Мовароуннаҳрда мазкур мактабнинг мавқеи маълум даражада сусая бошлади. Шунинг учун Мотуридийдан кейин Мовароуннаҳрда унинг таълимотини тўғри талқин қилиб кенг тарғиб қиладиган ҳамда асоссиз фикр ва танқидлардан уни ҳимоя қила оладиган бир гуруҳ олимлар зарурати сезила бошлаган эди.

Гап шундаки, исломга янги ўтган минтақаларда, яъни, Мовароуннаҳрда турли илоҳиёт борасида масалалар вужудга келдики, бу жуда кескин тус олди. Чунки мазкур ҳудуддаги турк ёки суғд учун ислом аҳкомлари ва талабларига жавоб беришга тайёр эмас эди. Бу эса охир оқибатда бир қатор исёнларга ҳам олиб келди. Буларнинг барчаси Мовароуннаҳрда келгусида мустақил илоҳиёт анъаналари вужудга келиши учун етарли замин тайёрладики, натижада нисбатан кўп сонли диний муҳит юзага келди.

Мана шундай шароитда унинг таълимоти билан батафсил танишиб, бу таълимотнинг мазмун-моҳиятини теран англаган издошлари, насафийлар сулоласидан ва бошқа сулолалардан етишиб чиққан йирик мутакаллим Абу-л-Йуср Паздавий (ваф. 1099 й.), Абу-л-Му’ин Насафий (ваф. 1114 й.), Саффор Бухорий (ваф. 1134 й.), Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 1142 й.), Алоуддин Усмандий (ваф. 1157 й.), Али ибн ‘Усмон Ўший (ваф. 1173 й.), Собуний Бухорий (ваф. 1184 й.), Умар Ҳанафий (ваф. 1200 й.)лар Имом Мотуридий таълимотини давом эттириб, уни янада ривожлантиришди.

Мовароуннаҳр калом мактабининг шаклланишида ва тараққий эттиришда Самарқанд илмий муҳитининг ҳам алоҳида ўрни бордир. Ушбу калом мактабининг тараққиётини уч даврга бўлиб ўрганиш мумкин:

1) Мотуридийгача бўлган даври (IX).

2) Мотуридий  ва унинг сафдошлари даври (X).

3) Қайта тикланиш даври (XI-XII).

Биринчи даврда юксак мартабали ва нуфузли ҳанафийа олимларининг хизматлари катта бўлди. Дастлабкиларидан, ҳанафийлар орасида машҳур бўлган “Китоб ал-‘алим ва-л-мута‘аллим” (“Устоз ва шогирд китоби”) асари муаллифи Абу Муқотил Самарқандий (ваф. 823 й.) номи тилга олинади. Унинг асари ҳанафийа анъанаси йўлидаги калом илмининг энг дастлабки қадамларини кузатиш имконини беради. Чунки у устоз қарашларини аниқ етказиш ва тушунтириб беришга интилган. Ушбу асар ўқувчи (муаллифнинг ўзи) ва устоз (Абу Ҳанифа) ўртасидаги савол-жавоб тариқасида тузилган.

Мовароуннаҳр калом мактабига замин тайёрлашда Абу Бакр Муҳаммад ибн Йамон Самарқандийнинг (ваф. 881-82 й.) ҳам алоҳида ўрни бор. Унинг ҳаёти Самарқанд шаҳрида кечган. Мовароуннаҳрлик мутакаллимлардан олимнинг ҳаёти тафсилотларига нисбатан асарлари бизгача етиб келганлиги билан фарқланиб туради. Абу Бакр қаламига мансуб “Китоб ал-анвор” (“Зиё китоби”), “Китоб ал-и‘тисом” (“Ўзаро боғланиш китоби”), “Китоб ма‘олим ад-дин” (“Динни билдирувчи асар”) каби асарларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Олимнинг яна бир асари “Китоб ар-радд ‘ала-л-карромийа” (“Карромийларга раддия китоби”) деб аталган бўлиб, бу асар ҳам илоҳиёт масалаларига оиддир. Бу асарни Муҳаммад Самарқандий яшаган даврда шаҳарда маълум мавқега эга бўлган карромийлар таълимотига қарши ёзилган раддия асарлари қаторига киритса бўлади.

Ушбу мактаб ривожи учун ўз ҳиссасини қўшган яна бир сермаҳсул олим Абу Мути‘ Макҳул ибн Фазл Насафий (ваф. 930 й.)дир. Ўқимишли оила вакили бўлган олим заковатли олимлар сулоласи асосчиси эди. Мазкур сулоланинг уч авлод вакиллари мотуридийа ривожига катта ҳисса қўшдилар. Улардан Абу-л-Му‘ин Насафийнинг ўзини эслаб ўтиш кифоядир. Макҳул Насафий ўз даври илоҳиётида асосий ўринлардан бирини эгаллаган бўлса-да, лекин манбаларда унинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар деярли учрамайди. У “Китоб аш-шу‘о‘” (“Нур китоби”), “Китоб ал-лу’лу’иёт” (“Дурдоналар ҳақидаги китоб”), “Ар-радд ‘ало аҳл ал-бид‘а” (“Бидат аҳлига радия”) номли асарларнинг муаллифидир. Унинг учинчи асари – “Ар-радд ‘ало аҳл ал-бид‘а” (“Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби”) бевосита илоҳиёт соҳасига алоқадор бўлиб, муаллиф замондошлари орасида кенг тарқалган [6]. Ундаги маълумотлар мазмундорлиги ва ниҳоятда аниқлиги билан ушбу фан соҳасидаги биринчи даражали манба сифатида диққатимизни ўзига жалб қилади.

Иккинчи давр вакили Ҳаким Самарқандий (ваф. 953 й.) Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожида муҳим ўрин тутади [8: 606]. У калом билан бир қаторда бошқа диний илмлар билимдони сифатида эътироф этилганлиги унинг мамлакат қозиси лавозимини эгаллаганлигидан кўринади. У Имом Мотуридий билан биргаликда Самарқандда Абу Наср ‘Иёдийдан таълим олган. Унинг ҳанафийлар орасида машҳур “Китоб ас-савод ал-а‘зам” (“Китоб аксарият халқ”) асари Мовароуннаҳр илоҳиёт тарихида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Асар 902 йил амир Исмо‘ил ибн Аҳмад Сомоний (892-907) буйруғига мувофиқ ёзиб тугатилган. Ушбу асар Нуҳ ибн Мансур (976-997) даврига келиб форс тилига ҳам таржима қилинган.

Мовароуннаҳр калом мактаби фаолияти борасида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш учун бевосита Мотуридий ва унинг шогирдлари ва уларнинг илоҳиёт борасидаги ютуқларига ҳам мурожаат этиш лозим.

Манбаларга таяниб иш кўрилса, Мотуридийнинг шогирдлари ҳақида маълумотлар талайгина. Лекин уларнинг барчасига ҳам тўғридан-тўғри ишониш қийин. Чунки бу маълумотларнинг муаллифлари яшаган даврда Мотуридий шуҳрат поғонасига кўтарилиб бўлган эди, шу боис нафақат ҳақиқий, балки сохта шогирдлар ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Бу эса ўз навбатида шогирдлар доирасининг кенгайишига олиб келади.

Мазкур тадқиқот доирасида илк бор самарқандлик 5 мутакаллим олимнинг асари таҳлил этилди.

Уларнинг биринчиси Мотуридийнинг бевосита шогирди Абу-л-Ҳасан ‘Али ибн Са‘ид Рустуфағний (ваф. тахм. 961 й.)га тегишлидир. Унинг “Ал-фаво‘ид” (“Фойдали нарсалар”) номли асари Кашшийнинг “Мажму‘ ал-ҳаводис ва-н-навозил” (“Янги ва эски фатволар мажмуаси”) асари ичида сақланиб, бизгача етиб келган [3: 285б-317а]. Шу вақтгача тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келган бу асар 70 варақ ҳажмни эгаллайди.

Иккинчи нодир манба Мотуридий замондоши Абу Бакр ‘Иёдий (X аср) қаламига мансуб. “‘Ашр ал-масо’ил ал-‘Иёдийа мин асл ад-дин” (“‘Иёдийлар дин асослари хусусида ўнта масала”) деб номланувчи бу асар Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш Хасирийнинг (ваф. 1107 й.) “Ал-хови фи-л-фатово” (“Энг мақбул фатволар”) асари ичида сақланган [7: 1б-264а].

Учинчиси – “Байан асл мазҳаб аҳл ас-сунна ва-л-жамо‘а” (“Аҳл ас-сунна ва-л-жамо‘а мазҳаби асиллари баёни”). Унинг муаллифи номаълум (аноним) бўлиб қолмоқда. Бу кичик ҳажмли асар Мотуридий замонида калом илмининг ривожи йўналишларини тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Тўртинчи манба сифатида Ибн Яҳё (X аср)нинг “Шарҳ жумал усул ад-дин” (“Усул илмининг йиғиндиси шарҳи”) асарининг ягона қўлёзма нусхаси Истанбулда сақланади [4: 18б-168а]. Бу асар Абу Салама Самарқандийнинг “Жумал усул ад-дин” (“Усул илмининг йиғиндиси”) китобига шарҳ тарзида ёзилган [2: 1б-18а]. Ибн Яҳё Самарқандда калом масалалари ривожланиши билан бир қаторда, ушбу шаҳарлик мутакаллимлар ҳаёти тафсилотлари, ижтимоий ҳаётда тутган мавқелари ҳақида аниқ маълумотлар беради. Айниқса, унинг Мотуридий ҳаёти даврида Самарқандда икки каломий мактаб – Жузжонийа ва ‘Иёдийа мавжудлиги ҳақидаги хабари тадқиқотимиз учун ғоят муҳим маълумотдир.

Бешинчи манба: илмий изланишлар натижасида Косонийнинг кам маълум бўлган бир асари “Ал-‘итиқод ал-Косоний” الإعتقاد للكاسانى  (“ал-Косоний эътиқодига оид рисола”) ёки яна бир номи “Ал-му‘тамад фи-л-му‘тақод” топишга муяссар бўлдик[1]. Ушбу асар Париж миллий кутубхонасида № 825/3 инвентар рақами остида сақланади. Умумий ҳажми 4 варақдан иборат (322а-325б). Асар ҳажм жиҳатидан кичик бўлсада, Мотуридий калом мактаби борасида қимматли маълумот беради [10: 322а-325б]. Муаллиф асарда асосан калом масалаларига тўхталиб, уни ўз изоҳлари билан бойитади. Косоний ҳар бир калом масаласига Мотуридий қандай ёндашганлигини кўрсатиб, сўнгра эса ўз изоҳини келтиради. Лекин ушбу асар муаллиф кўчиб ўтган Сурияда кенг тарқалди. Алоуддин Косоний қолдирган илмий меросини тадқиқ қилиш аллома яшаган даврдаги Мовароуннаҳр калом тарихи, ҳанафий мазҳабининг мавқеи ва илмий муҳити ҳақида янада чуқурроқ маълумот олиш имконини беради [5: 192-194].

Учинчи давр Самарқанд калом мактаби тарихи бўйича қўшимча манба сифатида яқин йилларда кашф этилиб, нашр қилинган Абу Ҳафс Насафийнинг “Китоб ал-қанд фи зикри ‘уламо’ Самарқанд” (“Самарқанд уламолари ҳақида қанд китоби”) асарини эслатиш мумкин. Унда калом илми соҳасида ўз қарашларига эга бўлган бир неча гуруҳ, жумладан, муҳаддислар фикрлари келтирилади. Бу манбанинг маълумотлари шу давргача Самарқанд илоҳиёти тарихини ўрганишда инобатга олинмай келганлигини таъкидлаш жоиз.

Юқорида зикр этилган асарлардаги маълумотларнинг таҳлили муржи’ий илоҳиёти унсурлари таъсири остида бўлган ҳанафийлар бир неча муддат аҳл-ал ҳадис[2] томонидан танқид остига олина бошлади. Бу танқидларга жавобан ҳанафийлар қарашларини тасдиқловчи ҳадислар пайдо бўла бошлайди. Муҳаддислар хуружи, ўз навбатида, IX аср охирига келиб мусулмон оламининг бошқа минтақалари каби Мовароуннаҳрда ҳам рационалистик калом ривожида турғунликка сабаб бўлди.

Турғунлик даври ниҳоясида IX аср иккинчи ярмида Самарқанд калом мактаби тарихида янги бир тенденция пайдо бўлади. У Абу Сулаймон Жузжоний шогирди Абу Бакр Жузжоний ва унинг ҳанафий ўқувчилари номи билан боғлиқдир. Уларнинг калом соҳасидаги асарлари бизгача етиб келмаганлиги боис, уларнинг мазкур фан ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида бирор фикр билдириш қийин. Лекин мазкур мактаб вакиллари – Абу Мансур Мотуридий ва Ҳаким Самарқандий ижодлари билвосита устозларнинг билим доиралари анча кенг ва салмоқли бўлганлигидан дарак беради.

Шарқ биограф олимлари биринчи навбатда X-XI асрларда Самарқандда яшаб ўтган барча ула-моларга ўз назарларини қаратганлар. Ким бўлишидан қатъи назар ўша даврда мазкур шаҳарда яшаган бўлса, (албатта алломалардан) илоҳиёт мавзусига озми-кўпми қизиқиш кўрсатган бўлса ва у Мотуридийнинг шогирдлари қаторидан жой олган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Кўп ҳолларда машҳур алломаларни Мотуридий билан боғлаш ҳам учрайди, лекин изчил ўрганилганда бунга ҳеч қандай тарихий асос йўқлигини кўриш мумкин. Мисол тариқасида “Китоб ас-савод ал-а‘зам” асарининг муаллифи Ҳаким Самарқандийнинг бир мунча кейин ёзилган манбаларда уни Мотуридийнинг шогирди қаторига қўядилар. Аммо илк давр манбаларида Ҳаким Самарқандий Мотуридийнинг шогирдлиги тасдиқланмайди. Худди шундай ҳолатни машҳур аллома Абу-л-Лайс Самарқандийда ҳам кузатиш мумкин. Ҳаким Самарқандийнинг фиқҳ ва калом илмларига бағишланган тўпламлари X асрда Самарқандда ёзилган асарларнинг аксариятини ташкил этар эди. Шу боис ҳам уни илк мотуридийлар қаторига киритилган деб хулоса чиқариш мумкин. Бироқ манбаларда Ҳаким Самарқандий ўша даврда Самарқанднинг бош қозиси лавозимини эгаллаб турган вақтида Мотуридий қабри устига тош қўйдиришни буюртирганлиги ҳақида маълумотлар бор [1: 220a]. Унда шундай сўзлар битилган: “Бу (қабр) ўз ақл-заковати ва тафаккури билан кўплаб илмларнинг юксак чўққисини забт этган, у (илм)ларнинг дунё бўйлаб тарқалишида бутун куч-қуввати ва салоҳиятини аямай сарфлаган, дину диёнат соҳасидаги асарлари унга мислсиз шону-шавкат келтирган, умри бўйи инсонларга илмнинг лаззатли мевасини улашган алломанинг қабридир”.

Дарҳақиқат, Имом Мотуридий вафотидан сўнг Самарқандда жойлашган машҳур Чокардиза қабристонига дафн этилади. Ўша даврдаги таомулга кўра бу қабристонга шаҳар аҳли орасида эътиборга молик таниқли олимлар, уламолар дафн этиларди. Мотуридийнинг кўплаб сафдошлари ва шогирдлари ҳам шу жойга дафн этилганлар. 2000 йил Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Абу Мансур Мотуридий таваллудига бағишлаб ўтказилган тантаналар арафасида Самарқандда Чокардиза қабристони ўрнида 3,5 гектарлик мажмуа барпо этилди. Мажмуа марказида Абу Мансур Мотуридий мақбараси бунёд этилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, дастлаб бу жараён Ҳанафия мазҳабини шу ҳудуддаги урф-одатлар билан ҳисоблашганлигида намоён бўлди. Кейинчалик эса Мовароуннаҳрда исломгача бўлган ўзга динлардаги илоҳиёт масалалари Мотуридия калом таълимотларида ҳам инобатга олинганини кўриш мумкин.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абу Муин Насафий. Табсират. Қўлёзма № 5857.
  2. Абу Салама ас-Самарқандий. Жумал усул ад-дин. Сулаймонийа кутубхонаси. «Sehid Ali» фонди. Қўлёзма № 1648/I.
  3. Аҳмад б. Мусо ибн ‘Исо ибн Ма’мун ал-Кашши. Маджму’ ал-хаводис ва-н-навозил. Сулаймонийа кутубхонаси. «Yeni Cami» фонди. Қўлёзма № 547.
  4. Ибн Яҳё. Шарҳ жумал усул ад-дин. Сулаймонийа кутубхонаси. «Sehid Ali» фонди. Қўлёзма № 1648/II.
  5. Комилов М. Фақиҳ Алоуд-дин Абу Бакр ал-Косоний // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – 2000. – №3-4.
  6. Макҳул Насафий. “Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби” асарининг таржимаси // таржима ва изоҳлар муллифи Муҳиддинов Ҳ.Ф. Имом Бухорий халқаро маркази. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2013.
  7. Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш ал-Хасирий ал-Бухорий. Ал-хови фи-л-фатово. Берлин шаҳар кутубхонаси. Ms.or.Qu. Қўлёзма № 1661. 1б-264а.
  8. Sezgin F. Geschichte des arabischen Schrifttums. Band I. Leiden, 1967.
  9. Уватов У. Имом ал-Мотуридий ва унинг таълимоти. Фан, 2000.
  10. Vajda, Georges. Index Général des Manuscripts Arabes Musulmans de la Bibliothèque Nationale de Paris. Paris, Bibliothèque Nationale. Tome II. 1978. No. 825.

[1] Ушбу асар Франциянинг “CNRS” илмий тадқиқотлар институтининг “Monde Iranien” бўлимининг “Марказий Осиё-да қўлёзмалар мероси” дастурига мувофиқ Парижга уюштирилган бир ойлик илмий сафарим чоғида топилди.

[2] Бирон бир диний масалани ечишда асосан ҳадисга суянувчилар.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …