Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (1322 – 1390 йй.) ўз даврининг энг машҳур алломаларидан бири, Самарқандда илмий фаолият олиб борган улуғ олим ҳисобланади. Тафтазоний тахаллуси билан машҳур бўлган улкан аллома наҳв, сарф, мантиқ, риторика, калом, фиқҳ, тафсир ва бошқа илм соҳалари бўйича ўз замонасининг пешқадами эди. Юқорида қайд қилинган фан соҳаларига тааллуқли бўлган асарлари жамоатчилик томонидан кенг қабул қилинди. Бу асарлар узоқ вақт давомида диний ўқув юртларида асосий қўлланма бўлиб хизмат қилган. Аллома Тафтазоний мусулмон уламолари орасида шу қадар кенг шуҳрат қозондики, унгача яшаб ўтган олимлар “мутақаддимин”, ундан кейингилари эса “мутааххирин” деб атала бошланди. Бу ҳол Аллома Тафтазонийнинг мусулмон оламида тутган мавқеъи нақадар юксак эканини тасдиқлайди.
Саъдуддин Тафтазоний илк асарларини 15-16 олти ёшларида ёза бошлаган. Унинг китоблари маъҳад ва илм даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган. У кишининг ёзган асарлари дунёга тарқалиб машҳур бўлган. Ҳозирги маълумотларга қараганда, унинг илмий-маънавий меросига мансуб асарларнинг сони ўттизтага етади.
“Шарҳу тасрифи-з-Зинжоний” асари, унинг яна бир номи “ас-Саъдия”дир. Бу асар Азий номи билан машҳур бўлган Азуддин Иброҳим ибн Абдулваҳҳоб ибн Имодуддин ибн Иброҳим Зинжоний (ваф. ҳижрий 655 й.)нинг “ат-Тасриф” асари матнига шарҳдир. Саъдуддин Тафтазоний бу асарни 738/1338 йил ўн олти ёшида шаъбон ойида ёзиб тугатган. Бу асар унинг биринчи китобидир.
“Иршоду-л-ҳодий” асари наҳв фанига тегишли бўлиб, Ибн Ҳожибнинг “Кофия”сига мухтасар матндир.
“Мутаввал” (Муфассал) номи билан танилган “Шарҳу-л-мутаввал ала талхиси-л-мифтоҳ” асари, Жалолиддин Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Умар Қазвийний (ваф. ҳижрий 739 й.)нинг “Талхису-л-мифтоҳ” китобига ёзган шарҳидир. Бу асар Сирожиддин Юсуф Саккокий (ваф. ҳижрий 626 й.)нинг “Мифтоҳу-л-улум” китобидан учинчи қисмига хулосадир. “Шарҳу-л-мутаввал ала талхиси-л-мифтоҳ” асари маъно ва баён илмларига тааллуқли асар бўлган. Асарни қисқартма қилгандан кейин “Ал-мухтасар” деб ҳам номлаган. Аллома Тафтазоний бу шарҳни ёзишга 742/1342 йил рамазон ойининг иккинчиси, душанба куни Хоразмда киришган. Ўша пайтда Аллома Тафтазоний йигирма ёшларда эди. Мазкур асарни 748/1347 йил сафар ойининг ўн биринчиси, пайшанба куни Ҳиротда тугатган. Султон Амир Темур ўша китобни Ҳирот қалъаси эшигига илиб қўйган, дейилади.
“Шарҳу-л-мухтасар ала талхиси-л-мифтоҳ” асари “Мухтасару-л-маоний” номи билан танилган. У юқорида зикр этилган “Мутаввал” асарининг қисқартмасидир. Асарни 756/1355 йилда ёзиб тугатган. “Мухтасару-л-маоний” асосан дарслик сифатида ал-Азҳар ва бошқа илм даргоҳларида ўргатилган. Унга жуда кўп ҳошияларнинг ёзилганлиги ҳам, асарнинг қандай аҳамиятга эга эканлигига далолат қилади.
“Ат-Талвиҳ ала кашфи ҳақоиқи-т-танқиҳ” асари “Ат-тавзиҳ шарҳу матну-т-танқиҳ” китобига хошиядир. Асарни ҳижрий 758 йил Зул-қаъда ойи, душанба куни, Кулистон шаҳрида ёзиб тугатган. Ўша пайтда у киши 36 ёшда бўлган. Уламолар бу китобни муносиб баҳолашган, ўқув даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган, асарга ҳошия ва изоҳлар битилган.
Имом Жамолиддин Абу Амр Усмон ибн Ҳожиб (ваф. ҳижрий 646 й.)нинг “Мухтасару-л-мунтаҳий” асарига Азудиддин Ийжий томонидан ёзилган “Шарҳу Азудиддин Ийжий” китобига ёзган “Ҳошия”си. У асарни 770/1369 йил Хоразмда ёзиб тугатган.
“Мифтоҳ” асари шофиъийларга тегишли, у “Мифтоҳу-л-фиқҳ” деб ҳам номланган. Асарни ёзишга 782/1380 йил Сарахсда киришган, аммо тугатолмасидан олдин вафот этган. Асарни набираси Яҳё ибн Муҳаммад ибн Саъд тугатган. Китоб ҳозиргача нашр этилмаган.
“Мухтасару шарҳи талхиси-л-жомиъи-л-кабир” асари. “Ал-Жомиъу-л-кабир” асари Муҳаммад ибн Ҳасан (ваф. ҳижрий 187 й.) қаламига мансуб бўлиб, у асарни бир нечта уламолар шарҳлаган. Улардан бири Имом Масъуд Ғиждувонийнинг шарҳидир. Аллома Тафтазоний мана шу шарҳга суяниб, уни мухтасар қилишга 786/1384 йил Сарахсда киришган, лекин ёзиб тугатолмасидан олдин вафот этган. Бу китоб ҳам ҳозиргача чоп этилмаган.
“Ҳошия ала-л-кашшоф” асари Имом Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” асарига ёзган хошиясидир. Мазкур асар ҳам вафоти сабабли охиригача тугатилмаган. Уни 789/1387 йил робиъу-л-охир ойи Самарқандда ёзган. Бу хошияни Ҳожи Халифа жуда мақтаган ва унинг тенги йўқ деб айтиб ўтган. Уламолар асарни диққат билан ўрганган, дарс ва изоҳ билан унга безак берганлар, шунингдек, ҳошиялар битишган. Китоб ҳанузгача нашр этилмаган.
“Шарҳу-р-рисолати-ш-шамсия” ёки “Шарҳу мухтасари-ш-шамсия фи-л-мантиқ” асари ҳижрий 750 йил жумадул охир ойи Мазоржомда таълиф қилинган. Бу асар Нажмуддин Али ибн Умар Котибий Қазвийний (ваф. ҳижрий 675 й.) таълиф қилган “Рисолату-л-мухтасар фи-л-мантиқ” китобига ёзган шарҳидир. Қазвийний мазкур асарини Хўжа Шамсуддин Жуйинийга атаб ёзгани учун “Шамсия” деб номлаган.
“Ғояту таҳзиби-л-калом фи таҳрири-л-мантиқ ва-л-калом” ёки “Таҳзибу-л-мантиқ ва-л-калом” ёки “Шарҳу таҳзиб” асари икки қисмга ажралган: биринчиси мантиқ илми, иккинчиси калом илми тўғрисидадир. Китобни 789/1387 йил ражаб ойи Самарқандда ёзишга киришган. Уламолар мантиқ илмига тегишли қисмига кўпроқ ёндашишган, натижада, у қисм оммага тарқалиб, машҳур бўлган, узоқ вақт илм даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган ва унга шарҳлар тасниф қилинган. Мазкур асарнинг калом қисмига эътибор камроқ қаратилгани боис, унчалик машҳур бўлмаган.
“Ал-мақосид” ва унинг шарҳи. Асар калом илми ҳақидаги мухтасар матн бўлиб, уни шарҳлаб ҳам ёзган. Асарларни 784/1382 йил Самарқандда тасниф қилган.
“Шарҳу-л-мақосид” китоби юқорида айтилган матнга шарҳдир. Аллома Тафтазоний матнни тугатиб бўлгандан кейин, 784/1382 йил Самарқандда унга шарҳ ёзган. Асар калом илми китобларининг буюкларидан бири бўлган. Фақатгина унинг услуби қийинроқ бўлган. Уламолар асарни муҳим санаб, унга ҳошиялар битишган.
“Ан-наиму-с-савобиғ фи шарҳи-л-калими-н-навобиғ” асари фиқҳий луғатлар ҳақидаги китоб бўлиб, унда Имом Замахшарийнинг “Навобиғу-л-калим” асарини шарҳлаган.
Найсабурийнинг “Арифметика ҳақида қуёший рисола” асарига иккита шарҳ ёзган: биринчиси, “Қуёш рисола” (1389 й.), иккинчиси, “Учбурчак бурчаклари ҳақида рисола” бўлиб, биринчисининг геометрик қисмини шарҳлайди. Шунингдек, “Шарҳу ҳикмати-л-ишроф”, “Шарҳу ҳикмату-л-ишроқ”, “Ал-арбаин”, “Шарҳу абёти-л-мисбоҳ”, “Иршоду-л-осий”, “Ал-мутаввал фи-л-балоға” ва бошқа асарларини кўрсатиш мумкин.
Аллома Саъдуддин Тафтазонийнинг бизгача етиб келган ва ҳозиргача кўпчилик томонидан катта эътибор билан ўрганиб келинаётган китобларидан бири “Шарҳу ақоид ан-Насафий” номли асаридир. Бу китоб Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” матнига ёзилган шарҳдир. “Ақоид ан-Насафий” матнига ёзилган шарҳларнинг энг машҳури Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид ан-Насафий” асаридир. “Ақоид ан-Насафий” асарига кўп уламолар томонидан шарҳлар ёзилган, лекин Аллома Тафтазонийнинг шарҳи улар ичидаги шуҳратлиси ва уламолар томонидан қабул қилиниш, муҳимлик, кераклиги жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган. Асар бир қанча шаръий илм даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган. Аллома Тафтазоний китобни 768/1367 йилнинг шаъбон ойи Хоразмда ёзиб тугатган.
Аллома Тафтазонийнинг бу китоби ўз давридаги ақида илмига оид илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Ақоидга оид китобларда ҳар бир китобнинг ёзилаётган давридаги ҳукм сураётган эътиқодий масалалар ва тортишувлар акс этиши одат тусига кирган нарса. Аллома Тафтазоний ўз китобининг аввалида ақида илми тарихи ва унга одамларнинг ҳожати тушганлиги ҳақида қисқача тушунтириш беради. Аллома Тафтазоний ўз шарҳининг бошида, Мотуридий ақидавий мазҳабидаги бошқа олимлар каби, маърифат ҳосил қилиш воситаларини баён қилиш жараёнида ақлнинг тутган ўрни ва аҳамиятини тушунтиради. “Шарҳу ақоид ан-Насафий” китобининг дастлабки мавзулари жуда ҳам қийин тил ва услубда келган. Бу ҳам ўша замон илмий муҳитининг таъсиридир. Муаллиф мазкур вақтнинг услуби ва тили ҳамда истилоҳларини ишлатишга мажбур бўлган. Айниқса, Аллоҳ таолонинг борлиги ва зоту сифатини, оламнинг қадим эмаслигини баён қилиш жараёнида кўпроқ файласуфларнинг иборалари ва услуби ила бўлган. Бу бобларда оят ва ҳадислар деярли келтирилмаган. Аммо кейинчалик услуб ҳам, гап-сўзлари ҳам осонлашиб боради. Оят ва ҳадислардан ҳужжат-далиллар келтириш ҳам кўпайиб борган. Аллома Тафтазоний аввал фақат ақлий далиллар келтирган бўлса ҳам, кейинроқ оят ва ҳадисдан келтирган далилларини қувватлаш учунгина ақлий далиллар келтирган. Аллома Тафтазоний файласуфлар, мўътазилийлар, жабарийлар ва қадарийлар каби турли фирқа ва гуруҳларнинг фикрларини келтириб, уларга Аҳли сунна вал жамоанинг раддияларини бериб борган.
Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид ан-Насафий” асарига уламолар катта қизиқиш билан қарашган ва унга ҳошиялар битишган. Ушбу асар ўз давридаги ақида илми борасидаги илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Аллома Тафтазоний ушбу асарга шундай баҳо беради: “Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари калом илмини ўрганишда энг фойдали ва қулай манбадир”. Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ Имом Мотуридий ақидасига эргашган ва унинг таълимотини кенг ёйишга хизмат қилган. Аллома мотуридия ва ашъариялар ўртасидаги хилофли масалаларда Мотуридий уламолар томонида турар эди.
Асарни ёзишда Аллома Тафтазоний матн ибораси билан шарҳ иборасини узиб қўймасдан бир-бирига мос тарзда аралаштириб ёзган. Гоҳида матндан олдин мим ҳарфини, шарҳдан олдин шин ҳарфини, ёки матн устига чизиқ қўйган. Бу аксар шарҳ ёзувчиларнинг услубий йўлидир. Аллома Тафтазоний ҳам бу шарҳида ўша услубни қўллаган. Қўлёзма асари боб ва фаслларга ажратилмаган дейилади. Шунинг учун муҳаққиқлар фаслларга тақсимлашга эътибор беришган.
“Ақоид ан-Насафий” асари мотуридий мазҳабига мағиз бўлиб намоён бўлди ва Аллома Тафтазонийнинг қўлида мазҳабнинг муфассал қилувчи ва қолипи бўлиб номаён бўлган. Ақоид шарҳи ҳошиялар билан нашр қилинган.
Ҳозирга келиб, ушбу асар ва унга ёзилган ҳошиялар нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам тадқиқ қилинмоқда. Ушбу асарнинг нуфузи шундаки, унда Мотуридия таълимоти қисқа сатрлар ва шарҳлар орқали баён қилиб берилган. Бу ўқувчига қулайлик туғдириши билан бир қаторда, Мотуридия таълимотини изчил равишда ўрганишга имконият яратади.
Аллома Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид ан-Насафий” китоби Мотуридий ақидавий мазҳабида ёзилган китоблар ичида энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Уни кўпгина юртларда дарслик қилиб олинган. Бизга етиб келган асарлар ичида кўп учрайдигани ҳам айни шу китобдир.
Аллома Тафтазоний қолдирган илмий мерослари диний ва дунёвий фанларга катта ҳисса қўшган. Алломанинг бундай асарларини ўрганиш, таълим-тарбия, инсонийлик ва меҳр оқибат тушунчаларини ифода этишда катта рол ўйнайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Аллома Тафтазоний каби алломаларнинг илму ирфонларини кенг ўрганиб, уни оммага, ёшларга етказиш муҳим аҳамиятга эга.