Башариятни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга олиб чиққан зот – Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб (с.а.в.) Макка шаҳрида, Абдулмуттолиб хонадонида милодий 571 йилнинг тўртинчи ойининг душанба куни эрталаб таваллуд топдилар. Бу қувончли ҳодиса ҳижрий-қамарий ой ҳисобида Робиъу-л-аввал ойининг ўн иккинчи (баъзи манбаларда эса тўққизинчи, ўн, ўн биринчи) кунига тўғри келади, дейилган. Шунга кўра Робиъу-л-аввал ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлаш, “Мавлиду-н-набий” маросимларини ўтказиш ва у зоти шариф ҳақларига дуои саловатлар айтиш дунё мусулмонлари орасида кенг тарқалган. Мавлиду-н-набий учун ислом уламолари томонидан махсус китоблар ҳам тасниф этилган. Шундай китоблардан бири XIII асрда яшаб ўтган араб олими Имом Жаъфар Барзанжийнинг қаламига мансуб “Мавлиду-ш-шариф” китобидир. Китоб наср ва назмдан иборат бўлиб, уни уламолар ёддан билганлар ёки саводхонлар мажлисларда ўқиб берганлар.
Лекин туркий халқларнинг кўпчилигига ушбу араб тилидаги “Мавлиду-ш-шариф”ни маъноларини тушиниш бироз қийинчилик туғдирган. Шунинг учун улар аксарият ҳолларда Аҳмад Яссавийнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақидаги ҳикматларини, Пайғамбаримиз тарихи ҳақидаги ривоятларни ва Пайғамбаримизга салавотлар айтиб, туркий тилдаги назмий мавлидларни ўқишган. Туркий аҳоли ўртасида Хилватий қаламига мансуб назмий мавлид кенг тарқалган. XIX аср охири XX аср бошларида яшаб ижод қилган шайх Лангарий шогирдларидан бири Мулла Йўлдош Хилватийга туркий тилда Пайғамбаримиз таваллудлари ҳақида бир китоб ёзишни топширади. Хилватий м.1912/ҳ.1330 йилда Пайғамбаримиз таваллудлари ҳақидаги мавлид китобини ёзади. Бу китоб халқ орасида “Мавлиду-н-набий” ва “Мавлиди шариф туркий” номлари билан шуҳрат топади.
Аммо ҳозирги кунда мазкур маросимга қарши туриб, уни бидъатга чиқарадиган кишилар ҳам йўқ эмас. Мазкур ҳолатларни ҳисобга олиб, Мавлид маросимлари ва уларни ўтказиш тартиби ҳақида далилларга суянган ҳолда баҳоли қудрат ўз фикримизни эътиборингизга ҳавола қилсак.
Биз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабли, жаҳолатдан маърифатга, зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга мушарраф бўлдик. Ул зоти муборак сабаб иймон билан зийнатланиб инсон деган номга лойиқ бўлдик. Демак, биз мусулмонлар Расулуллоҳнинг таваллуд айёмларини бир байрам сифатида нишонлашимизни ҳамда у зоти шариф номларига ҳурмат кўрсатиб, салавоту саломлар айтмоқлигимизни шариатга ҳеч қандай хилофлик томони йўқдир. Шунингдек, фикримиз исботи ўлароқ, бу тўғрида оят ва ҳадисларга ҳам мурожаат қилсак;
Аллоҳ таоло Қуръони каримни “Аҳзоб” сурасининг 56 оятида шундай марҳамат қилган: “Албатта, Аллоҳ ҳам Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою солавот[1] айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!”.
Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан салавот ва саломга оид: “Кимки, менга бир бор саловот айтса, Аллоҳ таоло унга ўн бор салавот айтади”, “Ким менга жума куни бир бор салавот айтса, Аллоҳ таоло унга етмиш марта салавот айтади”, “Аллоҳга қасамки, мен сизларга ўзингиздан ҳам, фарзандларидан ҳам, молу давлатидан ҳам ва дунёдаги барча инсонлардан ҳам маҳбуброқ бўлмаганумча сизлар ҳақиқий мўмин бўлолмайсизлар”, “Кимки жума куни менга юз бор салавот айтса, Аллоҳ таоло уни охират ишларидан етмиштасини ва дунё ишларидан ўттизтасини равон қилади. …”, “Кимки менга жума куни салавот айтса, қиёматда у менинг шафоатимдан насибадор бўлади”, “Менинг таваллудимга алоҳида эътибор ила қараган киши учун қиёматда шафоатчи бўламан” мазмунидаги бир қанча ҳадислар ворид бўлган.
Шу боис ҳар йили Робиъу-л-аввал ойида юртимиздаги барча жоме масжидларда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари алоҳида эътибор ила кенг миқёсда нишонланиб, жойларда мавлид маросимлари ўтказилади. Мавлид маросимларида кенг жамоатчиликка, башариятга юксак намунани тақдим қилган зот, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари, хулқлари, сийратлари тўғрисидаги маълумотлар берилиб, ўтганлар ҳаққига хатми Қуръон ва у зоти бобаракотнинг ҳақларига салавоту саломлар айтилади.
Аммо, ҳар бир маросим ва ибодатда тартиб бўлганидек, мавлид маросимларининг ҳам ўзига хос мақсад, тартиб ва талаблари мавжуд. Мавлид маросимларини ўтказиш ёки унда иштирок этишдан кўзланган савобга эришмоқ учун, қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади:
- Бошқа ибодатларни бажаришда шарт қилингани каби мавлид маросимини ўтказувчи (ёки маросимга борувчи) киши ниятини холис қилмоғи даркор, яъни маросимни ўзини кўз-кўз қилиш учун ёки бошқалардан уялганидан ўтказиши ёки шундай мақсадлар билан мавлидга бориши нотўғридир. Мавлидга Аллоҳ таолодан савоб умидида, ўтганлар ҳаққига хатми Қуръон бағишлаш ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига салавоту саломлар айтиш;
- Маросимда ортиқча дабдабабозликка ва исрофга йўл қўйилмаслик;
- Мавлид маросимини ўтказишдан (боришдан) мақсад, маросимда Расулу акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан хабардор бўлиш ҳамда бошқаларга ҳам буни сўзлаб бериш ва у зотга бўлган қалбларимиздаги муҳаббатни янада зиёдалаштириш;
- Маросимда ёши улуғларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш;
- Бошқаларга халақит берадиган, чалғитадиган ишларни қилмаслик, зарурат бўлмаса сўзламасдан жим туриш;
- Маросимда Аллоҳ таоло ва Унинг Расули айтганидек у зоти бобаракот ҳақларига дуои саловотлар айтишга, кўпроқ эътибор бериш лозим.
Мана шундай далилларга ва шариат илми пешволари бўлган имом-хатибларимиз тавсияларига таяниб, бажараётган ҳар бир ибодатимиз ва маросимларимизни аҳли илмлар билан маслаҳат қилган ҳолда бажарсак, албатта амалларимиз чиройли ва мақбул бўлгай.