Home / ЯНГИЛИКЛАР / “Ислом энциклопедияси” биринчи жилдининг тақдимоти бўлиб ўтди

“Ислом энциклопедияси” биринчи жилдининг тақдимоти бўлиб ўтди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ZOOM платформаси орқали онлайн тадбир ташкил этилди. Унда профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимлар, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, республикамиздаги барча таълим муассасалари вакиллари, илмий-тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талаба-ёшлар иштирок этди, дея хабар бермоқда Академия матбуот хизмати.

Онлайн анжуманда кенг қамровли ва кўп жилдли “Ислом энциклопедияси” 1 томининг яратилиш жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Қатор олимлар томонидан бу борада фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов сўз олиб, мазкур энциклопедиянинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталди.

– “Ислом энциклопедияси” режа бўйича 20 жилддан иборат бўлади, – дейди Музаффар Комилов. – Энциклопедияда 60 мингдан зийод мақолалар ўрин олиши кутилмоқда. Кенг қамровли, академик нашрда динимиз равнақига ҳисса қўшган буюк шахсларнинг илмий фаолияти, ислом дини асослари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, саҳоба ва тобеинлар, муҳаддис, фақиҳ, муфассирлар ҳақида 1000 га яқин мақола, атама ва сўз бирикмалари, безак материаллари, харита ҳамда чизмалар ўрин олган. Айрим шахслар, воқеалар, атамалар илк марта илмий муомалага киритилди. Аввал тайёрланган китоблардан фарқли равишда янги манбалар билан бойитилган. Мазкур энциклопедия илм аҳли учун ноёб туҳфа бўлди, десак адашмаган бўламиз.

Мазкур нашр Президентимизнинг 2018-йил 16-апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 22-июндаги “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тайёрланмоқда, – дейди филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов. – “Ислом энциклопедияси” илмий-академик нашр бўлиб, у республикамиз илмий жамоатчилиги, таниқли профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимлар ҳамда АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жазоир, Россия, ва Қозоғистон давлатлари машҳур олимлари ҳамкорлигида тайёрланмоқда. Шу боис ҳам мазкур нашр жаҳон илм-фани тараққиётида ўзига хос аҳамият касб этади, десак муболаға бўлмайди.

Анжуманда юртимизда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг асл моҳиятини кенг ёритиш орқали дунё цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимиз бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар онгу тафаккурини ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳаётий мисоллар асосида таҳлил этилди. Муқаддас динимизда илм-маърифат, эзгулик ва бунёдкорлик, муҳтожларга кўмак бериш каби инжа туйғулар доимо юксак қадрланиши мазкур яратилган китобда яна бир бор ўз тасдиғини топаётгани муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, энциклопедия ўзининг мазмун-моҳияти ва хусусиятларидан келиб чиқиб, илгари чоп этилган араб, турк, урду, форс, инглиз, немис, француз тилларидаги Ислом энциклопедияларидан тубдан фарқ қилади. Китобни тайёрлашда юртимиз ва минтақа мусулмонлари учун анъанавий бўлган ханафий-мотуридийлик тамойилларидан келиб чиқиб ёндашилган. Мақолалар ёзилишида илмийлик ва холислик мезонларига амал қилинган. Мақолаларнинг аксарият қисми бирламчи манбалар – Қуръон, тафсир, Ҳадис, илмий-маърифий тадқиқотларга асосланган.

– “Ислом энциклопедияси” – бугунги кунгача бутун аждодларимиз томонидан йиғилган ислом олами билан боғлиқ илмий-маърифий, маънавий мерос саналади, – дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров. – Мазкур энциклопедия “Учинчи Ренессанс” учун катта пойдевор, муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Бу китоб халқимиз ва ҳар бир ёш учун диний-маърифий билимлар бериш билан биргаликда, Имом Бухорий айтганларидек, “Нажотни илмдан излаш учун” хизмат қилади, деб ўйлайман. “Ислом энциклопедияси”ни республикамизнинг ҳар бир олий таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида тарғиб қилиш, тақдимотини ўтказиш керак. Юртимиз илм аҳли, халқимиз, қолаверса, ёшларимиз учун ҳам бу нодир китоб ноёб мана бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Нашр ишларида юртимиз ва хорижлик исломшунослар, диншунос, филолог, манбашунос ва бошқа соҳа вакилларидан иборат 200 нафардан ортиқ муаллиф, 50 нафарга яқин тақризчи ва маслаҳатчи иштирок этди. “Ислом энциклопедияси”ни 20 томда нашрдан чиқариш мўлжалланган бўлиб, унинг навбатдаги жилдлари бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан исломшунос олимлар “Ислом энциклопедияси”нинг яратилиши, тўпламдан ўрин эгаллаган маълумот ва манбалар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Якунда маърузачилар “Ислом энциклопедияси”нинг илк томини чоп этиш жараёнлари ҳамда кейинги жилдларни тайёрлаш ишларига тўхталиб ўтди. Республикамиздаги барча таълим муассасаларида, жамоат ташкилотларида “Ислом энциклопедияси”нинг тақдимоти бўйича алоҳида маърифий тадбирлар, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ва тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилиши лозимлиги таъкидланди.

Манба: Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …