Ўзбекистон Республикаси мустақил бўлгач, дунё давлатлари, хусусан, бир қатор араб давлатлари билан турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатди. Мазкур ҳамкорлик алоқаларининг ривожлана бориши натижасида таржимашуносликнинг амалий аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Хорижий мамлакатларда бўлаётган воқеалар акс этган оммавий ахборот воситалари хабарларини ўзбек тилига, шунингдек, юртимизда бўлаётган муҳим ўзгаришларни акс эттирувчи хабарларни чет тилларига тўғри таржима қилишда араб матбуот тилининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Тилдаги барча сўзлар луғат таркибини ташкил этиб, ушбу сўзлар матбуот тили лексикаси орқали халққа етиб боради.
Ижтимоий тафаккурнинг илм-фан, ҳуқуқ, сиёсат, санъат каби соҳаларига мувофиқ стилистикада, анъанага кўра, бешта асосий функционал услубни ажратишади булар: илмий, расмий, публицистик, бадиий ва оғзаки [4: 157].
Аксарият тилшунослар публицистик услубни тил тизимида мустақил функционал услуб сифатида ажратишади. Бу услубда – илмий, расмий, оғзаки ва бадиий услубларнинг ўзига хос хусусиятлари мунозара келиб чиқишига асос бўлади. Публицистик услубнинг бир турига мансуб бўлган матбуот тили ахборот бериш (информативлик), таъсир кўрсатиш (тарғибот-ташвиқотчилик), оммавийлик, тарбиявийлик, таҳлил қилиш (аналитик), ташкилий, кўнгил очар каби хусусиятларга эга.
Матбуот тили нутқий тизимлийликка эга бўлиб, тил воситаларининг махсус танлаб олинишида ва уларнинг фаоллигида намоён бўлади. Матбуот (газета-публицистик) услубнинг тизимли яхлитлиги ҳар хил даражадаги тил воситалари – лексик, морфологик ва синтактик, шунингдек, комбинатор – конструктив воситаларнинг мажмуаси орқали шаклланади.
Маълумки, араб тили ўқитиладиган олий ўқув юртларининг юқори курсларида талабалар оммавий ахборот воситалари тили билан танишишлари учун одатда газета ва журналлардаги ижтимоий-сиёсий мазмундаги мақолалар таржима қилинади. Албатта, табиийки бу жараён дастлаб сарлавҳа таржима қилинишдан бошланади. Ҳар қандай асарни номлаш муҳим бўлгани каби, мақола учун сарлавҳа танлаш ҳам муҳим ишдир. Асар номи сингари мақола сарлавҳасини мақсадли ва ўринли таржима қилиш кишидан муайян билим ва малака талаб қилади. Гап шундаки, араб тилига таржима қилмоқчи бўлган ўзбек тилидаги расмий газеталардаги мақолаларнинг сарлавҳалари кўпинча “Оқ саройда қабул”, “Ҳамкорликнинг янги босқичи”, “Долзарб фронт” каби сўз бирикмаси ёки “Фуқаролар манфаати муҳофазада” каби исмий гап шаклида бўлади ва мақола мазмунини очмайди. Мақола нима ҳақида эканини билиш учун уни ўқиб чиқиш зарур бўлади. Демак, ўзбек матбуотидаги бу сингари сарлавҳалар ўқувчиларни мақолани ўқишга ундайди, нари борса ўқиб чиқилгандан кейин қилинадиган хулосани англатиши мумкин [3: 65].
Юқорида айтилганидек, бу ўзбек оммавий ахборот воситалари ҳолати эди. Энди бевосита араб газеталарига келадиган бўлсак, унда аксарият сарлавҳалар “معهد الدراسات الشرقية يبدأ العمل” “Шарқшунослик институти иш бошлади” ёки “صباح الأحمد و رئيس أوزبكستان بحثا إقامة أرضية صلبة للعلاقات” “Сабоҳ ал-Аҳмад ва Ўзбекистон Президенти алоқаларининг мустаҳкам пойдеворини ўрнатишни муҳокама қилишди” шаклида тугал мазмунли гап шаклида бўлади ва мақола мазмунини очади. Агар сарлавҳада феъл иштирок этса у эгадан кейин بحثا тарзида ўтган ёки يبدأ тарзида ҳозирги-келаси замон шаклида келади. Демак, бу ердаги ўзига хослик биринчидан феълий гап феъл кесим билан эмас, эга билан бошланиб, инверсия ҳодисаси рўй бериши бўлса, иккинчидан ўтган замонда содир бўлган воқеа-ҳодиса кўпинча феълнинг ҳозирги-келаси замон шакли орқали يبدأ тарзида берилишидир. Инверсия ҳодисаси кўпинча давлат раҳбарлари, мансабдор шахслар ёки расмий делегацияларнинг келиши, қабул қилиниши бирор тадбирда иштирок этиши ёки музокара олиб бориши, қайтиб кетиши билан боғлиқ хабарларнинг сарлавҳаларида кўпроқ учрайди. Гап бошида эга вазифасида келаётган мансабдор шахсларнинг исми шарифлари, уларнинг лавозим ва юртларини ифодалашда ҳам муайян ўзига хосликни кўрсатиб ўтиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон Президенти сўз бирикмаси араб тилида “رئيس أوزبكستان” билан бир қаторда “الرئيس الأوزبكي” ва “الرئيس الأوزبكستاني” каби мослашган аниқловчи шаклида, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири “وزيرخارجية أوزبكستان” билан бирга “وزير الخارجية الأوزبكي” шаклида, мамлакат номи нисбий сифат орқали берилиши мумкин [3: 66]. Шунингдек, баъзи араб газеталарида “صاحب السمو الشيخ زايد بن سلطان آل نهيان رئيس الدولة” жумласидаги каби “صاحب السمو” жаноби олийлари, “آل” оила, сулола, “رئيس الدولة” – Давлат бошлиғи тарзидаги сўз бирикмалари учрайди. Уларни таржима қилишда уни қайси юртдан эканлигига эътибор қилиш даркор.
Араб тилидаги атамаларнинг ҳосил бўлишида турли хил усул ва моделларни қўллаш натижасида синономия ва полисемия ҳодисалари юзага келади. Атамалар шаклланишида ҳар хил манбалар бўлиши сабабли синономия ҳодисаси пайдо бўлади [2: 73]. Маъноси яқин бўлиб, битта тушунчани ифодалаётган, лекин ҳар хил талаффуз қилинаётган лексик бирликларга синонимлар тушунилинади [1: 112].
Баъзи ўзбек тилидаги атамалар араб тилида қуйидаги синонимлар орқали ифодаланади:
“вазият, ҳолат” – موقف، موقع، وضع، موضع، حالة
“шартнома, битим” – إتّفاق، عقد، معاهدة، صفقة
“музокара” – محادثة، مباحثة، مفاوضة
“муаммо, масала” – قضية، مسألة، مشكلة
“соҳа, тармоқ” – دائرة، ميدان، مجال، حقل، صعيد
Битта сўз тилдаги кўп маъноларга эга бўлганда, полисемия ҳодисаси пайдо бўлади. Араб тилида сиёсий атамаларда синономия ва полисемия ҳодисалари кўпинча феъллардан ясалган отларда учрайди [1: 116].
Полисемия ҳодисасига мисол келтириб ўтсак: دار феълидан ясалган, 1-бобнинг масдари “دائرة”: сўзи луғатда саккиз хил маънони ифодалайди. Масалан; 1) доира, айлана 2) округ 3) доира, бўлим, соҳа 4) атроф-муҳит 5) сессия 6) ташкилот, бошқарма, муассаса 7) ер-мулк 8) кулфат [5: 274]. Бу сўз сиёсий-ижтимоий мавзулардаги матнларда қуйидаги атамаларни ташкил этади:
сайлов округи – “دائرة الانتخاب”
расмий доиралар – “الدوائر الرسمية”
хабардор доиралар – “الدوائر المطلعة”
Ислом қомуси – “دائروة المعارف الإسلامية”
давлат хавфсизлиги бошқармасининг сессияси (мажлиси) – “الدائرة لمحكمة أمن الدولة”
полиция бошқармаси – “دائرة البوليس”
ҳукумат ташкилоти – “دائرة الحكومة”
Замонавий араб матбуот тилида давлатлар, давлат раҳбарлари, муассаса ва ташкилот раҳбарлари ўртасидаги ўзаро сўзлашув, мулоқот, кенгаш ва музокаралар олиб бориш маъноларида турли сўзлар қўлланилади. Бу сўзлар маъно жиҳатидан бир-бирига яқин кўринса-да, қўлланиш ўринларида фарқлар мавжуд:
“مفاوضة” сўзи икки ёки ундан ортиқ шахслар ёки давлатлар ўртасидаги музокараларни англатиш учун ишлатилади. Бунда кўриладиган жиддий мунозарали бирор муаммо ёки масала ўртага ташланади ва муҳокама қилинади.
“مباحثة” сўзи “مفاوضة” сўзи билан маънодош сўз бўлиб, “музокара” маъносида ишлатилади. Бу сўз ҳам сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги масалалар ёки илм-фан борасидаги музокара, мунозараларга нисбатан ишлатилади.
“مناقشة” сўзи “مفاوضة” ва “مباحثة” сўзлари билан айни маънода, лекин улардан кенгроқ фойдаланилади. Иқтисодий, сиёсий, масалаларни муҳокама қилиш ёки муаммоларни ҳал қилиш учун кенгашиш, ўзаро фикр алмашиш, музокаралар олиб бориш, баҳслашиш маъноларида қўлланилади.
“محادثة” сўзи умумий олганда ўзаро суҳбат, мулоқот, диалог, фикр алмашув маъноларида, сиёсий хабарларда эса кўпроқ юқори давлат идораларида ишловчилар ўртасидаги суҳбат ва музокараларга нисбатан ҳамда телефонда мулоқот қилиш “محادثة تليفونية” га нисбатан ҳам ишлатилади.
“محاورة” сўзининг маъноси ўзаро гаплашиш, суҳбат, диалоглар. Матн ва хабарларда ўзаро мунозара, музокара, кенгашиш маъноларида ҳам ишлатилади.
Демак, “музокара”, “мунозара” маъносидаги бу сўзларни матндаги таржимасида алоҳида эътибор ва кўникма ҳосил қилиш талаб этилади. Акс ҳолда таржима қилиш жараёнида ғализлик ва ноаниқлик юзага келиши мумкин.
Семантик ўзгаришлар усули ёрдамида ҳосил қилинган сиёсий атамаларнинг ҳосил бўлишида кўп қўлланилувчи ҳолат ҳисобланади. Иккиламчи номланиш йўли билан ясалган сиёсий атамалар араб тили софлигини сақлаш мақсадида чет тилидан кириб келган ўзлашмаларнинг кўпайиб кетишидан асрайди. Синонимия ва полисемия ҳодисалари атамаларнинг ўзаро таъсиридан далолат беради.
Умуман, ўзбек тилидан араб тилига ўгирилаётган мақола араб ўқувчиси ўқиши учун мўлжаллангани сабабли, унинг сарлавҳаси ҳам араб матбуоти талабларига мос равишда таржима қилиниши керак. Бунда сўзма-сўз таржима ўқувчига тушунарсиз бўлиши мумкинлигига эътибор қаратиш лозим. Бунда мақола мазмуни билан тўла танишиб чиқиб, сўнг сарлавҳа танлаш керак.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Белкин В.М. Арабская лексикология. – М., 1975.
- Даниленко В.П. Русская терминология. Опыт лингвистического описания. – М.: Наука. 1977.
- Ибрагимов Б. Араб тилига таржима қилишдаги баъзи ўзига хосликлар // Шарқ тилларини ўқитишнинг долзарб масалалари. Илмий мақолалар тўплами. – Т.: ТошДШИ, 2014.
- Кожина М.Н. Стилистика русского языка. 1977.
- Носиров О. ва бошқалар. Ан-Наийм. – Т.: “Абдулла Қодирий” номидаги халқ мероси нашриёти, 2003.