Кўп асрлик ислом дини мафкура бўлиб келган Марказий Осиё ҳудудида ақидавий тизим мотуридия таълимотига асосланган бўлиб, бу ҳудуддаги мазкур таълимот тарихини ўрганишнинг аҳамияти жуда катта. Ана шу долзарбликдан келиб чиқиб, 1999 йилдаёқ мотуридия таълимотининг асосчиси Абу Мансур ал-Мотуридийнинг 1130 йиллигига бағишланган ҳукумат даражасидаги тантанали маросим ва халқаро илмий анжуманлар ўтказилган эди. Шу вақтдан бери мотуридия таълимоти ва унинг тарихига бағишланган бир қанча муҳим тадқиқотлар ва илмий мақолалар ўзбек тилида ҳам нашр қилинди [2]. Айниқса, мотуридия таълимоти ва ақидасига бағишланган манбалар нашри амалга оширилди [4]. У. Рудольфнинг мавзуга оид махсус тадқиқоти ўзбек тилига махсус таржима қилинди [9].
Абу Мансур Мотуридий ва мотуридийлик тўғрисида бир қанча муҳим аҳамиятга эга тадқиқот ва манбалар нашр қилинган ҳамда диссертациялар ёқланаётган бўлса-да, бироқ, ҳалигача алломанинг бирорта асари, шу жумладан, унинг шоҳ асари “Китоб ат-Тавҳид” тўла равишда ўзбек тилида нашр қилинмади.
Шу маънода С. Оқиловнинг “Абу Мансур ал-Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти” номли тадқиқоти ўрта асрлардаги Марказий Осиё мотуридия тарихини ўрганишда муҳим ҳисобланади [6]. Шуни таъкидлаш лозимки, С. Оқилов узоқ йиллардан бери мазкур мавзу билан ишлаб келаётгани боис ушбу монографиясини илмий жиҳатдан пухта тайёрлаган [7] ва бу тадқиқот юқоридаги санаб ўтилган бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижоди, мотуридия калом мактабининг барча жиҳатлари, шу мактаб вакилларининг ҳаёти ва ижодларини таҳлил ва тадқиқ этиш нуқтаи назаридан С. Оқилов монографиясининг аҳамияти ошади.
Тадқиқот роппа-роса беш боб, хулоса ва фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхатидан иборат.
Биринчи боб Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (699-769) ҳаёти, илмий фаолияти ва унинг муассислигида ташкил топган ҳанафия мазҳабининг Хуросон ва Мовароуннаҳрга тарқалишига бағишланган. Тадқиқотнинг ушбу мавзудан бошланиши табиий бўлиб, мазкур минтақада ислом ёйилишидан бошлаб ҳанафия таълимоти етакчилик қилиб келган, дейиш мумкин. Балки, ҳанафия мазҳабига тараққиёт бағишлаганлар ва уни ривожлантирганлар мазкур минтақадан чиққан десак ҳам муболаға бўлмайди. Тадқиқотда масаланинг мана шу жиҳатига катта эътибор қаратилган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ўзидан бевосита таълим олиб, бу ерда илмий фаолият олиб борган, шунингдек, Самарқандда қозилик қилган илк ҳанафий олимлар тўғрисида ушбу бобда маълумот топиш мумкин.
Иккинчи боб Абу Мансур Мотуридий яшаган давр ҳақида, бу даврда мавжуд бўлган ақидавий мактаблар тўғрисида сўз юритилади. Аниқроғи, бу бобда алломани етиштириб берган муҳит, илмий ақидавий мактаблар ҳақида гап боради. Бундай мактаблар сони иккита бўлиб, “Жузжония мактаби” (“Дор ал-жузжония”), “Иёдия мактаби” (“Дор ал-иёдия”) ҳисобланади. Аслида, Марказий Осиёда илмий мактаблар сони ўндан ортиқ бўлиб, улар ҳақида С. Муҳаммадаминов, А. Жуманазаров кабилар исботли маълумотлар беришган [5]. Бу ерда эса айнан Абу Мансур Мотуридийдек олимни етиштириб берган мактаблар тўғрисида маълумот берилган.
Мазкур бобнинг яна бир аҳамиятли жиҳати сўз юритилган иккита илмий мактабдан Абу Мансур Мотуридийдан бошқа ҳам етишиб чиққан олимлар тўғрисида тўхтаб ўтилганидир.
Тадқиқотчи Абу Мансур Мотуридий яшаган давр ҳанафийлари тўғрисида тўхталар экан, улар икки гуруҳга бўлинганини тўғри таъкидлаган. Бу икки гуруҳ ҳанафий мўътазилийлар ҳамда уларнинг фикрлари рад қилинган ҳанафий мотуридийлар ҳисобланади (29-бет). Бу маълумотнинг аҳамияти шундаки, бугунги кунда айрим салафий тоифасига мансуб бемазҳабларнинг Абу Мансур Мотуридийни ҳанафий эмас, у Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг изидан эргашмасдан, бошқа бир йўлдан кетган, деган иддиоларига яхши раддия бўла олади. Салафийларнинг ушбу иддиоларини биз мазкур тадқиқотнинг учинчи бобидаги “Мотуридийнинг устоз ва шогирдлари” фасли билан ҳам рад қила оладиган бўлдик. Чунки, бу фаслда Абу Мансур Мотуридийнинг айнан Имоми Аъзам Абу Ҳанифага боғлиқлик жиҳати бешта силсила билан кўрсатиб берилган.
Учинчи боб Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ҳаёти, илмий мероси ва мотуридия уламолари тўғрисидадир. Мазкур бобнинг биринчи фасли мотуридия таълимотига оид Мовароуннаҳрда ёзилган дастлабки асарлар ҳақида маълумотлар берилган. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг илмий фаолияти бўйича бир қатор тадқиқотлар муаллифи Ш. Зиёдов ҳам бу мавзу бўйича яқинда бир илмий мақола эълон қилган эди [3: 2-4]. Шунингдек, турк тадқиқотчиси Ahmet Ak ўзининг Абу Мансур ал-Мотуридий ва мотуридийликка бағишланган моногорафиясида атрофлича тўхталиб ўтган [1].
Мазкур бобнинг яна бир қўшимча янгиликларга бой фасли “Тарихий манбаларда Мотуридий сиймосининг ёритилиши” деган сарлавҳа остидаги маълумотлар ҳисобланади. “Мотуридия таълимотининг таниқли вакиллари” фалсида эса 15 нафардан ортиқ мотуридий олимлари тўғрисида маълумотлар келтирилган. Мазкур маълумотлардан тўғри фойдаланган ёш тадқиқотчилар ўзларининг илмий йўналишлари ва диссертацияларини шакллантиришлари мумкин, албатта.
Тўртинчи боб Мотуридия ва ашъария таълимотлари ўртасидаги фарқларга бағишланган. Ашъария таълимоти Ироқда Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий (873-936) томонидан шакллантирилган бўлиб, аҳли суннат ва жамоатнинг иккинчи бир йирик қаноти ҳисобланади. Ушбу таълимотга кўпроқ шофиъий, моликий мазҳаби вакиллари эргашганлар. Биз таҳлил қилаётган мазкур тадқиқотда ушбу таълимот билан мотуридия орасидаги фарқлар кўрсатиб берилган. Албатта, Мовароуннаҳр минтақасида ҳам Ҳазрати Имом Қаффол Шоший (904-976) сингари шофеъий мазҳабли олимлар яшаганини ҳисобга олсак, мотуридийлик билан ашъарийликни қиёсий ўрганиш зарурати туғилади. Мазкур тадқиқотда Имом ал-Ашъарийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ўқувчига қисқача таништирилгандан кейин минтақадаги мотуридия ва ашъария олимлар ўртасидаги муносабатлар ёритиб ўтилгани мақсадга мувофиқ бўлган. Бу бобда мотуридийлик ва ашъарийлик ўртасидаги умумий ихтилофлар ёритиб берилган. Бу икки таълимот орасидаги асосий фарқ ва ихтилоф имон масаласига оид бўлгани учун тадқиқотчи ҳақли равишда уни батафсил ёритиш мақсадида алоҳида фасл ажратган.
Абу Мансур ал-Мотуридий яратиб кетган мотуридийлик таълимотининг энг ёрқин намояндаси, шак-шубҳасиз, Абулмуин ан-Насафий (1027-1115) ҳисобланади. Ушбу зотнинг илмий фаолиятини ўрганиш зарурияти ва аҳамиятини яхши ҳис қилган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати алоҳида қарор чиқарганини эслатиш жоиз[1]. Абулмуин ан-Насафий ўзининг “Табси-рат ал-адилла”, “Баҳр ал-калом” ва “ат-Тамҳид” каби ўнлаб асарлари билан мотуридийлик ривожланишига беқиёс ҳисса қўшган. Биз таҳлил қилаётган тадқиқот-нинг бешинчи боби айнан ушбу мутакаллим олимнинг илмий мероси, айниқса, унинг шоҳ асари “Табсират ал-адилла”га бағишланган. Мазкур боб тадқиқотнинг ҳажман энг йириги бўлиб, унда 6 та фаслда мавзу батафсил ёритиб берилган. Бу тадқиқотчининг ўз вақтида диссертацион изланишлар олиб боргани билан боғлиқ [8].
Тадқиқотчи ўз монографияси хулосасида тўғри таъкидлаганидек замонамизнинг айрим одамлари ҳар хил бўлмағур ҳиссиётларга берилиб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳамда Абу Мансур Мотуридий илмий меросларини асоссиз равишда танқид остига олаётгани, ҳанафия ва мотуридия эътиқодига нисбатан танқидий муносабатда бўлаётгани кузатилиб турибди. Тадқиқотчи олимимиз эса асрлар давомида эътироф қилиб келинаётган ҳанафия фиқҳи ва мотуридия эътиқодининг аҳамиятини кўрсатган ҳолда ушбу тадқиқотида уни ўзига хос ҳимоя қила олган, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Тадқиқотда фойдаланилган 170 дан ортиқ манба ва адабиётлар рўйхатидан кўриниб турибдики, тадқиқотчи ўз илмий изланишларини пухта ва изчиллик билан амалга оширган ҳамда тугал бир фундаментал монографияни юзага келтирган. Албатта, бундай катта илмий ишда айрим техник ва жузъий камчиликлар бўлиши, табиий.
Масалан, шундай эътиборсизлик натижасида ўтиб кетган хатолардан бирига кўзим тушиб қолди. Муаллиф XV асрнинг энг таниқли ҳанафий олимларидан бири Камолиддин ибн ал-Ҳумом (1386-1456) ҳақида ёзар экан, уни Маржоний ва Ҳусайн Халхолий даврида вафот этган деб кетган (218-бет). Аслида, “Шарҳ ал-Ақоид ал-Азудия”га шарҳ битган Ҳусайн ал-Халхолий (ваф. 1605) XVII аср олими, “ал-Ақоид ан-насафия”га шарҳ битган Шаҳобиддин Маржоний (1818-1889) эса XIX аср олимидир. Ҳолбуки, муаллифнинг ўзи бир варақ олдин Халхолийнинг вафот санасини келтириб ўтган.
Шунингдек, муаллиф Абу Мансур Мотуридийни сўфий авлиё деб таърифланишига қўшилмаган ҳолда, “уни авлиё деб аташимиз нотўғридир… Мотуридий зоҳид бўлган”, деган фикрга келган (144-бет). Аслида, муаллиф эътироф қилган зоҳидликнинг ўзи сўфийлик ва авлиёликдир. Шунингдек, уламолар Аллоҳнинг авлиё бандалари ҳисобланади. Зотан, “Агар фақиҳлар Аллоҳнинг валийлари бўлмаса, унда Аллоҳнинг валийси йўқ экан!”, деган асрий ҳикмат мавжуд. Бу ерда муаллиф Абу Мансур Мотуридийни тасаввуфий асарлар ёзмаган, деб келтирганида тўғрироқ бўлган бўларди.
Умуман олганда, муҳтарам олимимиз Саидмухтор Оқиловнинг “Абу Мансур ал-Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти” номли монографияси Марказий Осиёда калом илми тарихини ўрганиш, тадқиқ этишнинг янги қирраларини очиб бергани билан аҳамиятлидир. Ушбу монографияда жуда кўп илмий маълумотлар келтириб ўтилган. Ушбу китобга ёш изланувчилар, тадқиқотчилар, шунингдек, мутахассислар ҳали такрор-такрор мурожаат қилиб қоладилар.
- Ahmet Ak. Büyük Türk Âlimi Mâturîdî ve Mâturîdîlik. – Istanbul: Ensar, 2017. – 240 s.
- Ал-Мотуридий таълимоти ва унинг X-XII асрларда Мовароуннаҳр маданиятида тутган ўрни. Маърузалар тўплами. – – Т.: 1999. – 106 б.; Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Сунний ақидалар. – Т.: Мовароуннаҳр, 2005. – 579 б.; Зиёдов Ш. ал-Мотуридий ҳаёти ва мероси. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2000. –28 б.; Зиёдов Ш. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Китоб ат-таъвилот” асари. – Т.: Фан, 2009. – 140 б.; Зиёдов Ш. Абу Мансур Мотуридий. – Т.: O’zbekiston, 2011. – 40 б.; Уватов У. Имом ал-Мотуридий ва унинг таълимоти. – Т.: Фан, 2000. – 48 б.; Алимов У. IX-XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши. – Т.: O’zbekiston milliy ensiklopediyasi, Movarounnahr, 2008. – 192 б. ва бошқалар.
- Зиёдов Ш. Мотуридия калом мактабига оид янги манбалар таҳлили // Имом Бухорий сабоқлари. № 3. – Имом Бухорий халқаро маркази, 2017.
- Имом Таҳовий. Ақоид. Саудиялик Ибн Боз изоҳи ила / Абдулазиз Мансур таржимаси. – Т.: Мерос, 1992. – 56 б.; Имом Аъзам. Асарлар / Таржимон ва нашрга тайёрловчи: А. Баҳромов. – Т.: Мовароуннаҳр, 2003. – 132 б.; Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий. Соғлом исломий ақида. Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди. Биринчи китоб. 3-нашр / Таржимон ва иловалар муаллифи: Мирзо Кенжабек. – Т.: Адолат, 2004. – 136 б.; Мансуров А. Ақоид матнлари. – Т.: ТИУ, 2006. – 56 б.; Абу Шукур Солимий. ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид / Таржимон, нашрга тайёрловчи: С.Примов. – Т.: Мовароуннаҳр, 2014. – 628 б.; Шайх Назруллоҳхон эшон (Ғарибий). “Қасидаи Амолий” шарҳи ва тавҳид манзумаси / Нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи: Сайфиддин Сайфуллоҳ. – Т.: ТИУ, 2008. – 80 б. ва бошқалар.
- Муҳаммадаминов С.А. Абу Ҳафс ан-Насафийнинг “Матла’ ан-нужум ва мажма’ ад-’улум” асари ва унинг Марказий Осиё ислом илмлари ривожида тутган ўрни (XI аср охири – XII аср ўрталари): Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация. – Т.: ЎзР ФА Шарқшунослик институти, 2012. – 164 б.; Муҳаммадаминов С. Абу Ҳафс ан-Насафий ва Самарқанддаги Табғочхон мадрасасининг таълим дастури // Шарқшунослик. № 1-2. – Т., 2015. – Б. 72-76.; Абдусаттор Жуманазар. Бухоро таълим тизими тарихи. – Т.: Akademnashr, 2017. – 592 б.
- Оқилов С. Абу Мансур ал-Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти. – Т.: Hilol-nashr, 2017. – 240 б.
- Оқилов С. Абул Муин ан-Насафий илмий мероси ва мотуридия таълимоти. – Т.: Нур полиграф, 2008. – 190 б.; Оқилов С. Мовароуннаҳрда мотуридия таълимотининг шаклланиш тарихи. – Т.: Мовароуннаҳр, 2012. – 185 б.; Оқилов С. Мотуридия ва ашъария таълимотлари тарихи. – Т.: Мовароуннаҳр, 2015. – 128 б.; Оқилов С. Калом илми. Ўқув қўлланма. – Т.: ТИУ, 2011. – 160 б. ва бошқалар.
- Оқилов С. Абу-л-Муъин ан-Насафий ва унинг мотуридийа таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси (“Табсирату-л-адилла” асари асосида): Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. – Т.: ТИУ, 2005. –179 б.
- Рудольф У. Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси, 2001. – 398 б.; Рудольф У. ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти (қисқартирилган нашр). – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси, 2002. – 204 б.