Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан хабардор этиш ҳамда аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида жойларда имом-хатиблар учун ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилган ана шундай тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси имом-хатиблари қатнашди.
Дастлаб, меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Сўнгра Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.
Марказ директори Ш.Зиёдов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу муассасанинг мақсад ва вазифалари, айни пайтда бу ерда заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар маънавий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик ҳақида сўзлаб берди.
Марказ музей фондидан ўрин олган экспонатлар, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРCИCА) томонидан марказга ҳадя этилган хаттотлик намуналари кўргазмаси, шунингдек, янги нашр этилган китоб ва рисолалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ўқув-семинарда юртимизда диний-маърифий йўналишда бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб, буюк аждодларимиз илмий-маънавий мероси чуқур тадқиқ этилаётгани, бунда айниқса, халқаро илмий марказлар муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.
Марказ илмий ходимлари томонидан Абу Мансур Мотуридий илмий мероси ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти, мовароуннаҳрлик алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси, Имом Бухорийнинг ҳадис илмида тутган ўрни ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти мавзуларида маърузалар ўқилди.
– Ушбу ўқув-семинарлар бизни фақатгина диний илм билан чекланиб қолмасдан, юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг амалий натижасини кўришга кенг имконият яратди, – дейди Нукус тумани имом хатиби Олимжон Салимов. – Сафаримиз давомида аввал Тошкентдаги Ислом свилизацияси маркази, сўнгра Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишишга муяссар бўлдик.
Ҳар икки муассасада ҳам динимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган муҳаддислар, улуғ алломалар меросини ўрганиш борасида ёш тадқиқотчилар томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишиб, хурсанд бўлдик. Бу маънавий меросдан халқимизни, айниқса, ёшларни қанча кўп баҳраманд этсак, бу барчамиз учун фойдали бўлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати