Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИСЛАР ИНСОННИ КАМОЛОТГА ЕТКАЗАДИ

ҲАДИСЛАР ИНСОННИ КАМОЛОТГА ЕТКАЗАДИ

Дунё тан олган 6 муҳаддис олим бўлиб, муҳаддис олимларнинг иккиси аждодларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизийлардир.

Ҳадисларда (Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбаримизнинг айтган сўзлари ва бажарган амалларининг тўплами) инсоннинг маънавий камолот мезони, унинг тафаккур доираси, дунёқарашининг кенглиги, билимларнинг қай даражада эгалланганлиги кўрсатилган. Жамиятга ва ўзига фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишда муҳим омил – билим эгаллаш деб қайд қилинган. “Илм талаб қилиш фарздир. Толиби илмга ҳар бир нарса истиғфор айтади, ҳатто, денгиздаги балиқлар ҳам. Билимсизлик кишиларни нодонликка олиб келади. Билимсиз жамиятда жаҳолат, разолат ҳукмронлик қилади”, – дейилган ҳадиси шарифда [3]. Яна бир ҳадисда “Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай деганлар: – Бошлиқ бўлмасингиздан аввал илмни чуқур ўрганинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ёшлари улғайганда ҳам илм ўрганганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Икки нарсадан ўзгасига ҳасад қилмоқ жоиз эрмас, бири кишига Оллоҳ таоло ҳалол мол-дунё берса-ю, уни Ҳақ йўлида сарфлаётган бўлса, иккинчиси – кишига Оллоҳ таоло илму ҳикмат ато этса-ю, у шу туфайли олий мақомга эришиб, ҳукм сураётган, одамларга билганини ўргатаётган бўлса” – деганлар [1].

Манбаларда билимни узлуксиз такрорлаб бориш, билимни фақат уни олишга иштиёқманд кишиларгагина бериш жоизлиги қайд қилинган. Шунингдек, ҳадисларда билим кишининг фаҳм-фаросатини ўткир, зеҳнини зукко, хотирасини кучли қилиши таъкидланади.

Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат эҳтиром билан тилга оламиз. Ўн икки асрдирки Имом Бухорий маънавий мероси миллионлаб инсонлар қалбини иймон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда [4].

2017 йил 19 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев БМТ Бош Ассамблиясининг 72-Саммитида нутқ сўзлаб, «Имом ал-Бухорий бобомиз ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган, бутун дунё тан олган “Саҳиҳи Бухорийнинг” муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган» [5] – деб таъкидлади.

Ушбу Саммитда давлатимиз раҳбари Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Имом Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этган, онаси тарбиясида ўсган. Ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанлар, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллаган. Манбаларда кўрсатилишича, ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ровийлардан эшитган ҳадисларни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вакий ибн Жарроҳ каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб ёдлаган, устози Шайх Дохилий билан ҳадис ровийлари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган.

Имом Бухорийга ўн ёшидан бошлаб ҳадисларни ёд олиш илҳоми насиб этиб, ёши улғайган сари бу рағбати тобора кучайиб, зиёда бўлиб борган, нафақат ҳадисларни шунчаки ёд олиш, балки ёшлигидан бошлаб ҳадисларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайрисаҳиҳ (хато, нотўғри)ларга ажратиш ва чуқур таҳқиқ этиш, уларни жамлаш ва Қуръони карим оятлари билан узвий боғлиқликда ўрганиш каби масалаларга қизиққан.

Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани ҳақида манбаларда кўрсатилган.

Имом Бухорийга таълим берган дастлабки устозлари ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда, ўша даврда Бухорода кўзга кўринган муҳаддислардан Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий, Иброҳим ибн Ашъас, Абдулҳамид Кеший ва бошқаларни кўрсатиш мумкин [6: 78].

825 йили ҳаж ибодатини адо этиб Маккада қолади. 827 йили Мадинага боради. Машҳур уламолар Иброҳим ибн Мунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Хамзалар билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадислар бўйича сабоқ олади. Имом Бухорий ҳадис илмини ўрганиш учун Ҳижоз, Макка, Мадина, Тоиф, Жидда, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларга сафар қилади

Илм хазинамизда ул зотнинг 20 дан ортиқ катта ва кичик дурдона китоблари мавжуд. Булар орасида “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”алоҳида ўринда туради. Бу шоҳ асарда ахлоқ ва одобга оид ҳадислар махсус бир бобда мужассамланган ва аҳамияти жиҳатидан Қуръони каримдан кейинги иккинчи диний манба деб эълон этилган. “ал-Адаб ал-муфрад” (“Адаб дурдоналари”) китобида ҳам ахлоқий қадриятлар ўз ифодасини топган.

Имом ал-Бухорийнинг ҳаёт йўли ҳам ибратли мактабдир. У киши ҳадисларни тўплаш жараёнида ҳадис илмидан хабари бор саҳобалар, тобеинлардан ҳадис сўраш жараёнида авваламбор, бу инсонларни 3-4 кун кузатган эканлар. Кузатиш жараёнида бу инсонлар ерга тупурганини кўрсалар ҳам улар айтаётган ҳадисларни саҳиҳ ҳадислар қаторига қўшмаган эканлар [7: 8].

Имом Бухорийнинг ҳадис китобларида ахлоқ-одоб ҳақида фикр юритилар эканлар, одамларни ота-она ҳурматини жойига қўйиш, уларни эъзозлаб, дилларига ҳеч бир озор бермаслик, фарзандлар ўз ота-она олдидаги бурчларини мукаммал адо этишлари зарурлиги каби масалаларга алоҳида эътибор берганлар.

Имом Бухорий жамлаган ҳадисларда жаҳолат кишига ўлим келтирувчи фожиа сифатида қораланади. Одамлар тўғри сўзли бўлишга, ваъдага вафо қилишга даъват этиб, мунофиқ кишининг қуйидаги учта белгиси бўлишлигини кўрсатиб, улар: ёлғон гапириш, ваъдага вафо қилмаслик ва омонатга хиёнат қилишдан иборатдир. Ҳадисларда таъкидланишича, одамларни, айниқса мўмин-мусулмон кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан уришиш кофирликдир. Инсоннинг куч-қудрати жисмонан паҳлавонликда эмас, балки жаҳл чиққанда ўзини тия олишдадир. Баланд товуш билан ўринсиз кулиш бошқалар дилига озор берувчи хислатдир. Халққа ёқимли ва эҳтиромли бўлиб, унинг муҳаббатига сазовор бўлиш гўзал ахлоқ белгисидир [3: 41-44].

Улуғ мутафаккир оилавий муҳитни барқарор, тинч, оила аъзоларининг соғ-саломат, тўқ ва фаровон турмуш кечиришини истайди. У ўз асарларида кичикларга шафқатли, катталарга ҳурматда бўлиш зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Умуман, улуғ юртдошимиз Имом ал-Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад” асарини умуминсоний ахлоқий кадриятлар дурдонаси десак муболаға бўлмайди [3].

Ушбу китоб 645-боб бўлиб, ота-онага эътибор, тарбия, меҳр-муҳаббат, оқибат ҳамда жамиятдаги барча муносабатлар ҳақидаги ҳадислар жамланмасдир.

Ҳадислар ҳаёт ҳодисалари ҳақидаги ўгитномалардир. Аслида диннинг ўзида ҳам бу хислат мавжуд. “Дин – насиҳатдир” деган ҳадис бежиз эмас. Умуман кишиларни аҳиллик, ҳамжиҳатлик, иттифоқ билан яшашга ундаш, бунинг оқибати хайрли ва баракали натижалар билан якунланишини кўрсатиш, акс ҳолда эса парокандалик, файзсизлик содир бўлиши бу ўгитномаларда кўриниб туради.

Ҳадислар инсонни самимиятга, покдомонликка, мустаҳкам иймон ва собит эътиқод эгаси бўлишга ундайди: “савобли иш қилганингизда хурсанд бўлсангиз, гуноҳ иш қилганингизда эса хафа бўлсангиз, демак, сиз ҳақиқий мўминдирсиз”.

Муҳаддис олимлардан яна бири Имом Термизийдир. Имом Термизийнинг “Сунан” китобида келтирилган ҳадисларда инсоннинг ижобий сифатларига оид фикрлар кўп учрайди. Чунончи: “Хайрли ва яхши ишлар қилишга даъват этишинг ва зулмдан қайтаришинг – сенинг садақанг”, “Адашган кишиларга тўғри йўл кўрсатиш ҳам – садақа”, “Ҳатто камбағалларга хушмуомалада бўлишинг ҳам сенинг садақанг”, “Йўлда халақит бериб ётган бирор тош, тиканак ёки суякни бир чеккага олиб қўйишинг – садақа”, “Ўз челагингдан бошқаларнинг идишига сув солиб беришинг ҳам садақанг ҳисобланади” – дейилган [3].

“Соғлом танда соғ фикр бўлади”, дейди халқимиз. Чунончи, ҳадиси шарифда соғлиқни сақлашга, вақтни бекор ўтказмасликка даъват этилади: “Икки нарса борким, кўпчилик уларнинг қадрига етмайди: бири соғлиқ, иккинчиси бўш вақт”.

Имом Термизий тўплаган ҳадислар орасиди инсон камолотига бағишланган ҳадислар етакчи ўрин тутади: “Чинакам сабр-тоқатли деб мусулмон кишининг мусибат юз берганда чидамлилигига айтилади”, “Марҳумларнинг фақат яхши сифат ва қилмишларини сўзланглар. Ўлган киши ҳақида ёмон сўзлар айтилмасин”, “Ҳақиқий мўмин деб хушхулқ, аёлига нисбатан хушмуомала кишига айтилади”.

Имом Термизий тўплаган ҳадисларнинг ичида одамларнинг аҳил бўлишига, жамоага фойда келтиришга, дўстлик ва биродарликка даъват этувчи ҳадислар кўплаб учрайди. “Барча мусулмонлар ўзаро биродардурлар. Улар ҳеч қачон бир-бирларига ёмонликни раво кўрмасликлари керак. Кимда-ким ўзининг мусулмон биродарига ёрдам қилса, охиратда Оллоҳ унга ёрдам қилади. Кимда-ким ўз биродари ҳожатини енгиллатса, Оллоҳ ҳам унинг охиратини енгил қилади”, деган эканлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Имом Термизий доимо илм-фанни тарғиб қилар ва айни вақтда мулойимлик ва ҳалимликни ҳаммага раво кўрар эди [3].

Ҳадисларнинг мавзу қамрови ниҳоятда кенг. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳадислар талқини, ўзаро инсоний муносабатлар, дўстлик, аҳиллик, саховат, ота-оналарга ва қариндош-уруғларга муносабат, ҳалоллик, поклик, адолат, инсоф, диёнат, ҳасад, хиёнат, ростгўйлик, ёлғончилик, фитна-фасод ва бошқа инсоний фазилатлар ва нуқсонлар устида баҳс юритади. Муҳими, уларда юксак инсоний фазилатлар улуғланади, кишиларда шундай хислатларнинг бўлиши маъқулланади ва тарғиб қилинади, аксинча, ёмон феъл-атвор ва хусусиятларнинг кишилик жамияти учун кулфат ва азоблар келтириши қайта-қайта таъкидланади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Имом Исмоил ал-Бухорий. ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. 1-жилд. Илм китоби. 1991.
  2. Бердибеков П., Аҳмеджонов Н., Юлдошев Ж. Бола тарбиясида ҳамида сифатлар. (Метод. тавсия) 2015.
  3. Зиёмуҳаммедов Б., Исмоилов Ф. Баркамол авлодни вояга етказиш сирлари. – Т.: Сано-стандарт, 2011.
  4. Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008.
  5. Мирзиёев Ш.М. 2017 йил 19 сентябрдаги БМТ Бош Ассамблиясининг 72-сессиясидаги нутқи.
  6. Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2016.
Норпўлат АҲМЕДЖОНОВ,
ЖДПИҲХТХҚТМОМ катта ўқитувчиcи

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …