Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги ҳамда 21 октябрь – ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов, филология фанлари доктори, профессор Усмон Қобилов сўнгги йилларда юртимизда давлат тилини ривожлантириш ва унинг мавқеини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада қабул қилинаётган қарор ва фармонлар мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Юртимизда ҳар йили 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланиши жуда муҳим қарор бўлди. Бу давлат тилини янада ривожлантиришга, уни бутун дунёга танитишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Марказ жамоаси ва илмий изланувчилар иш юритишда ва олиб борилаётган илмий ишларда ўзбек тили қоидаларига қаътий риоя қилиши, бунинг учун аввало, ҳар бир ходим ўз устида мунтазам ишлаши, илмини бойитиб бориши лозимлигини таъкидланди.
Бугунги кунда жаҳонда 50 миллионга яқин инсонлар ўзбек тилида сўзлашади. Бу эса, она тилимизнинг мавқеини янада оширишга, уни умрбоқий бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Аммо, бу билан ғурурланиб қолишимиз керак эмас, Давлат тилини ривожлантириш борасида олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар жараёнида илмий жамоатчиликнинг ҳам хизматлари катта бўлади. Бу жараёнда улар фаол иштирок этиши керак, -деди профессор ўз маърузасида.
Дарҳақиқат, тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси экан. Унга эътибор бу бир кунлик масала эмас, аксинча доимий устувор вазифа бўлиб қолиши керак. Ҳар бир инсон тилни асраб-авайлашни, уни янада бойитишни ўзининг бурчи ва вазифаси деб билиши керак. Шунда бу борада ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта етамиз.