Тарихдан маълумки Мовароуннаҳр ҳудуди ислом цивилизацияси кириб келгунга қадар ва ундан кейин ҳам, илму маърифат ривожланиши давом этиб келган.
XVI-XVII асрларда Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган сулолалар фаолиятида ҳам бироз ўзаро зиддиятли вазиятлар содир бўлган бўлсада, аммо ҳудудда истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли, доимо илми шижоати билан барча тушкунлик ҳолатларини енгиб ўта олган.
Айниқса бу даврда фаолият олиб борган давлат арбоблари ўта зийраклик билан олиб борган ва оқилона адолатли бошқарув сабаб бўлган бўлса керак, мазкур ҳудудда кўплаб янгидан янги иншоотлар, таълим масканлари, йўл, кўприк каби меъморий ёдгорликлар бунёд этилганлигини кўришимиз мумкин.
Бу даврда яшаб, турли соҳаларда ижод қилган илму маърифат вакиллари ҳам ўзларининг сермаҳсул ижодлари устида кўплаб ютуқларга эришганликлари тарихий манбалардан маълум.
Биз мазкур тадқиқотимизда XVI-XVII аср бошларида яшаб ижод қилган шоир, давлат арбоби, тарихнавис олим қози (араб – ижро этувчи, ҳукм чиқарувчи) мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланиб, шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси. Қаранг, 3: – Б. 41] Поянда Зоминий ва унинг сермаҳсул фаолияти тўғрисида сўз юритамиз.
Тарихий манбаларда XVI аср бошларида Мовароуннаҳрда асосий ҳукмронлик тепасида турган шайбонийлар сулоласи даврида ҳудуд бир мунча ривожланиб, бу даврда кўплаб бунёдкорлик ишлар олиб борилганлиги билан бир қаторда, бу даврда кўплаб зиёли, маърифатпарвар кишилар ижод қилишган.
Мана шундай табаррук аждодларимиздан бири Қози Поянда Зоминий бўлиб, манбаларда “Рукн аш-шария ва ад-дин” [2: – Б. 267б в], яъни “дин ва шариатнинг устуни” номи билан эътироф этиб ўтилган.
Бундан кўриниб турибдики алломага “қози” ва “Рукн аш-шария ва ад-дин”, “шариат ва диннинг устуни” деб эътироф этилиши, унинг ислом қонуншунослигида етук салоҳият эгаси эканлигини кўрсатади.
Қози Поянда Зоминий ҳақида тарихчи Саид Аълам Шарофиддин Роқимий ўзининг “Тарихи томм” асарида берган маълумотларга кўра, у Самарқанд вилоятига қарашли Зомин ҳудудида таваллуд топганлиги таъкидлаб ўтилган [3: – Б. 267б в].
Қози Поянда Зоминий узоқ муддат бир ҳудудда муқим яшамаганлиги сабабидан бўлса керак, унинг ҳаёти ва фаолиятига доир бу даврга оид манбаларда учрамайди.
“Абдулланома” ёки “Шарафномайи шоҳий” асарининг муаллифи ХVI асрда ўтган бухоролик шоир ва йирик тарихчи олим Ҳофиз Таниш Бухорийдир. Ҳофиз Таниш Бухорий ўз даврининг чуқур ва кенг маълумотли кишиларидан бўлиб, 1584 йили Абдуллахон II нинг (1583-1598 йй.) яқин одами Қулбобо кўкалтошнинг тавсияси билан, Абдуллахоннинг хизматига қабул қилинган ва унинг шахсий воқеанависи, тарихчиси вазифасига тайинланган. Ҳофиз Таниш Бухорий умрининг охиригача шу лавозимда ишлаган. Ҳофиз Таниш ўзининг “Абдулланома” ёки “Шарафномайи шоҳий” асари билан ном чиқарган. Китобда Ўзбекистон, Қозоғистон, шунингдек, қисман Афғонистон ва Эроннинг ХVI асрдаги ижтимоий-сиёсий тарихи баён қилинади. Ундан ташқари, асарда Бухлол хонлиги билан Эрон, Ҳиндистон, Кошғар ва Россия ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳам қимматли маълумотлар бор. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг замондоши шоир ва адабиётшунос олим Мутрибийнинг гувоҳлик беришига қараганда, асарнинг охирги қисмини, хоннинг топшириғи билан қози Поянда Зоминий ёзган [3: – Б. 380].
Аммо буни бизга маълум қилган Мутрибий берган маълумотни тасдиқловчи бошқа манбалар, ҳанузгача йўқлиги сабаб, “Абдулланома” асарини Қози Поянда Зоминий тугатмаган, деган қарашлар ҳам мавжуд.
Тарихчи Саид Аълам Шарофиддин Роқимийнинг “Тарихи томм” [4: – Б. 276] асарининг биз кўрган нусхасида [Саид Аълам Шарофиддин Роқимийнинг “Тарихи томм” асарининг биз кўрган нусхаси тойлоқлик Амонов М. хонадонида сақланади. Қўлёзма асар 13 қатор; мистара; пойгир; сиёҳи қора; боб, фасллари қизил сиёҳда; шарқ қоғози; курроса 8; матн ўлчами: 19´8 mm; 310б-а варақдан иборат бўлиб, форс тилида баён этилган], қози Поянда Зоминий ҳақида берган маълумотларга кўра, у Бухоро ҳукмдорлари Абдуллахон II ва унинг зурриёди Абдумуминхонлар билан жуда яқин алоқада бўлганлиги, ўз навбатида хонликда “Қози”лик лавозимида фаолият кўрсатганлиги, шунингдек, диний соҳада етук уламолардан бўлганлиги, айниқса, сарой аъйёнлари орасида катта мартабада бўлганлиги, унинг Мутрибий берган маълумотларни инкор этмаганлигини кўришимиз мумкин. Бунга кўра “Абдулланома” асарини Ҳофиз Таниш Бухорий бошлаб берган бўлса, уни ниҳоясига етказган олим айнан Қози Поянда Зоминий, деб айтишимиз мумкин.
Ҳозирги кунда “Абдулланома” асарининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида (инв. №2207, 3787) рақамлар остида сақланади. Бундан ташқари Санк-Петербургда ҳам мазкур асарнинг учта нусхаси мавжуд.
“Абдулланома” асари шарқшунос олим Содиқ Мирзаев томонидан ўзбек тилига тўлиқ таржима қилинган.
Албатта Қози Поянда Зоминий фаолиятининг кейинги тақдири ёзишмаларда унинг кейинги фаолияти мавҳумлигича қолган.
Бу маълумотни бизга юқоридаги манбада келтирилган маълумотлар билан уни тўлдириб ўтиш зарур. Яъни Қози Поянда Зоминий Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II (1598 йилда) вафот этгач, оз муддат бўлса-да, унинг фарзанди Абдулмуминхон саройида истиқомат қилган. Ва у ҳам вафот этгач, мамлакатни тарк этиб, Балх томонга кетади.
Аммо Қози Поянда Зоминий “Мадинат ар-рижол” [XIV асрнинг биринчи ярмидан бошлаб тарихий битиклар ва Термизда зарб қилинган тангаларда шаҳар номига унинг сифат-фазилатларини тасвирлаш мақсадида “Мадинат ар-рижол” (“Мардлар шаҳри”) сифатида қўшиб ишлатила бошлаган. Батафсил қаранг, 1: – Б. 5] (Мардлар шаҳри)га етгач, ўша ерда, яъни ҳозирги Сурхандарё вилояти Термиз шаҳрида 1008/1599 йилда вафот этади [2: – Б. 268а в].
Абдуллахон II нинг яқин одами Амир Қулбобо кўкалтош Қози Поянда Зоминий вафотига бағишлаб қасида ёзган [2: – Б. 268а в].
Тадқиқот давомида Қози Поянда Зоминий Зоминда туғилиб, Самарқанд, Бухоро мадрасаларида таҳсил олиб вояга етганлиги, Бухорода хон саройида фаолият олиб борган ва хоннинг ҳурматига сазовар бўлиб, умрининг охирги йилларида Термизда вафот этганлиги маълум бўлди. Албатта, келгуси изланишларда Қози Поянда Зоминий Термизий ҳаёти ва фаолиятига доир янгидан янги манбалар тадқиқ этилса, тарихимиздаги баъзи бўшлиқлар муносиб тўлдирилган ва шу асосида аждодларимиз ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишимиз мумкин.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар: –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, Давлат илмий нашриёти, 2017. –528 б.
- Саид Аълам Шарофиддин Роқимий. “Тарихи томм”. Қўлёзма, настаълиқ, форс тилида. Тойлоқлик Амонов М. шахсий кутубхонасида.
- Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 11-жилд. Қизилқум-Ҳурмуз. Таҳрир ҳайъати: А.Азизхўжаев, Б.Алимов, М.Аминов ва б. –Т.; “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2005. –605 б.
- Ҳамиджон Ҳомидий. Кўҳна шарқ дарғалари: –Т.: “Шарқ”, 2004.