Home / МАҚОЛАЛАР / Мусо алайҳиссалом қиссаси

Мусо алайҳиссалом қиссаси

Ривоятларда келишича, Фиръавн атрофидаги сеҳргар-фолбинлар подшоҳга, сенинг мулкингнинг заволи Бани Исроилдан келажакда туғиладиган бир ўғил боладир, деган хабарни етказишди. Келажакда Бани Исроилдан туғиладиган ҳар бир ўғил бола Фиръавн мулкининг заволи бўлиши мумкин. Шу боис, улар дарҳол ўлдирилсин, деган фармон чиқарди.

Мусо алайҳиссалом ниҳоятда хатарли бир вақтда дунёга келганидан оналари нима қиларини билмай қолди. Фиръавннинг айғоқчилари янги туғилган гўдак ўғиллигини сезиб қолишса, уни онасидан тортиб олиб ўлдиришлари мумкин. Шунда Аллоҳ таоло: «Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла»»(Қосос сураси 7-оят) деб билдирди. Мусо алайҳиссаломнинг оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар. «Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар». ( Қосос сураси 8 оят).

Фиръавн душман ва ғам-ғуссадан қутулишнинг барча чорасини кўрса-да, Аллоҳ Ўз иродаси ила душман ва ғам-ғуссани уларнинг ичларига солиб қўйди. Улар ҳузурларига дарёда оқиб келган ўғил болани дарҳол ўлдиришлари турган гап эди. Шундай қилмоқчи бўлдилар ҳам. Аммо: «Фиръавннинг хотини: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар».( Қосос сураси 9 оят). Аллоҳ Фиръавн хотинининг қалбига гўдакнинг муҳаббатини жойлади. У: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир», деди. Фиръавн хотинининг гапи билан гўдак Мусони ўлдирмай, боқиб олишга қарор қилдилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли тадбири ила Мусо алайҳиссаломни оналарига қайтариб берди. «Бас, Биз уни онасига кўзи қувончга тўлиши, хафа бўлмаслиги ва, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун қайтардик. Лекин кўплари буни билмаслар». (Қосос сураси 13 оят). Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом оилаларидан айрилмаган ҳолда Фиръавннинг қасрида тарбия топа бошладилар. «Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида, унга ҳикмат ва илмни бердик. Биз яхши амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз». (Қосос сураси 14 оят).

Кунлардан бир куни сафардан қайтган Мусо алайҳиссалом бири ўз қавми–Бани Исроилдан, иккинчиси душман–Фиръавн қавмидан бўлган икки кишининг уришаётганини кўрдилар. Бани исроиллик киши Мусо алайҳиссаломдан қибтийга қарши ёрдам сўради. Мусо алайҳиссалом рози бўлдилар. Қибтийга яқин бордилар ва уни бир мушт уриб ўлдириб қўйдилар. У одамни умуман ўлдирмоқчи эмас эдилар. Унинг ўлиб қолганини кўриб қаттиқ афсусландилар. «У (Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди».». (Қосос сураси 15 оят). Мусо алайҳиссалом бу кўнгилсиз ишни шайтонга нисбат бердилар ва шайтон инсон учун очиқ-ойдин душман ҳамда йўлдан оздирувчи эканини таъкидладилар. Айни чоқда: «У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил», деди. Шунда У зот уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи, меҳрибондир». (Қосос сураси 16 оят).

Шу воқеа сабабли Мусо алайҳиссалом золим қавмларнинг зулмидан қочиб, туғилган ерлари, ота-она, қариндош-уруғлари–ҳамма-ҳаммасини ташлаб, ёлғиз бошларини олиб кетишга мажбур бўлдилар.

Мусо алайҳиссалом узоқ йўл юриб, Мадян деган жойга етиб бордилар. У киши Мадян қудуғидан бир тўп одамлар ҳайвонларини суғораётганларини, бир четда икки аёлнинг сувга интилаётган ҳайвонларини қайтариб турганини ҳам кўрдилар. Эркаклар талашиб-тортишиб ҳайвонларини суғормоқдалар, нозик, кучсиз аёллар тортиниб, сувга ўзини ураётган ҳайвонларини қайтариб ҳалак бўлмоқдалар. Мусо алайҳиссалом ҳалиги икки аёлнинг ҳайвонларини суғориб бердилар. Аёллар уйларига қайтганларида бўлган воқеани оталарига айтиб бердилар ва оталарига Мусони чўпонликка ёллашни таклиф қилишди. «У: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди». (Қосос сураси 27 оят). Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом чўпонга айландилар.

Мусо алайҳиссалом қайинотаси билан келишган муддатни ўтаб, аҳли аёлларини олиб Мисрга қайтдилар. Қайтишларида Туво водийсига етганларида Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ билан гаплашиш, пайғамбарлик шарафига нойил бўлдилар. «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо. Албатта, Мен Ўзим, сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан». ( Тоҳа сураси 11-12 оятлар) «Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос». ( Тоҳа сураси 13 оят).

Шундан сўнг Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га Фиръавннинг олдига бориб, уни туғёнидан қайтишга чақиришни, Бани Исроилни Фиръавннинг зулмидан қутқариб, тавҳид эътиқодига чақиришни буюрди. «Фиръавнга боринглар! Чунки, у туғёнга кетди. Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса» ( Тоҳа сураси 43, 44-оятлар). Кўриниб турибдики, Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар зиммасидаги асосий вазифа–Бани Исроилни Фиръавн зулмидан қутқариб олиш ва уни тавҳид ақидаси асосида қайта тарбиялаш бўлган. Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг буйруғини бажардилар. Фиръавннинг олдига бориб, лозим гапларни айтдилар. Лекин Фиръавн унинг гапларига қулоқ солмади. Туғёнида давом этди. Аксинча, Мусо ва унинг қавмига душманлигини янада кучайтирди. Турли йўллар билан Мусо (алайҳиссалом)ни енгишга уринди. Аввал у билан Раббиси тўғрисида тортишди. Бу фойда бермагач, уни сеҳргарликда айблаб, юртидаги сеҳргарларни тўплаб уларни Мусо (алайҳиссалом)га қарши қўйди. Сеҳргарлар Мусо (алайҳиссалом) мўъжизаларини кўриб, иймон келтиргач, энди Мусо (алайҳиссалом)ни ўлдириш пайига тушди.

Шунда Аллоҳ таолонинг ўзи Мусо алайҳиссаломга йўл кўрсатди: «Ва Мусога: «Бандаларим билан кечаси йўлга чиқ. Албатта, таъқиб этилурсиз», деб ваҳий юбордик». (Шуъаро сураси 52 оят). Мусо (алайҳиссалом) ва қавми Мисрдан чиқиб, Шом тарафга қочиб кетаётганини эшитган Фиръавн уларнинг изидан тушди: «Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганича-ўради (яъни ғарқ бўлдилар)» ( Тоҳа, 78). Мусо (алайҳиссалом) асоларини денгизга уруши билан ундан йўл очилади. Қавм ўтиб олгач, Фиръавн лашкари билан улар ортидан юради. Сувнинг ўртасига боришганда йўл ёпилиб, Фиръавн ва лашкари сувга ғарқ бўлади. Мусо (алайҳиссалом) ўз қавмлари билан Аллоҳ буюрган Муқаддас ерга бориш учун йўлга тушдилар. У ерни Амолиқа қавмидан тортиб олиш мақсадида Мусо (алайҳиссалом) қавмларини душманга қарши урушга чақирдилар: «Эй, қавмим! Аллоҳ сизлар учун битиб (ёзиб) қўйган муқаддас ер (Байтул Мақдис)га кирингиз ва ортингизга қайтиб кетмангизки, зиён кўрувчиларга айланиб қолурсиз»(Моида сураси 21 оят) Улар: «Эй, Мусо! У ерда баҳайбат (золим) қавм бор. Улар у ердан чиқмагунларича, биз у ерга сира кирмаймиз. Агар у ердан чиқсаларгина, биз кирувчилардирмиз»(Моида сураси 22 оят) дейишди. Мусо (алайҳиссалом) лашкари ёки қавми Аллоҳ буюрган муқаддас ерга киришдан бош тортдилар. Агар кирганларида у ердаги душман устидан ғалаба қилишларида Аллоҳ нусрат ваъда қилган эди. Мусо дедилар: «Эй, Раббим! Мен фақат ўзим ва биродарим (Ҳорун)га эгалик қилурман. Бас, бизни у фосиқлар қавмидан (Ўзинг) ажрим қилгин!» (Аллоҳ) деди: «Албатта, у (Байтул Мақдис) энди улар учун қирқ йилга (кириши) тақиқлангандир. Ер (юзи) бўйлаб сарсонликда юрадилар. Сен (бу каби) фосиқлар қавми учун қайғурма!» (Моида, 25–26). Аллоҳ таоло уларга жазо сифатида қирқ йилгача мазкур муқаддас ерга кира олмай, турли томонларда саргардонликда юришларини ирода этди. Мусо (алайҳиссалом) ўз қавмини Фиръавндан халос этдилар ва буйруқ, тақиқларни билиб олишлари учун Бани Исроилга Аллоҳ ҳузуридан Тавротни келтирдилар: «Эй, Мусо! Мен сени одамлар узра рисолаларим (Таврот битиклари) ва гаплашганим билан мумтоз (имтиёзли) этдим. Бас, сенга берганимни (қабул этиб) ол ва шукр қилувчилардан бўлгин!» – деди (Аллоҳ). Унинг учун лавҳларда (Таврот саҳифаларида) насиҳат ва барча нарсанинг тафсилоти сифатида ҳар соҳадан битиб қўйдик. Бас, (Эй, Мусо!) Уларни қувват (жиддийлик) билан олгин ва қавмингга уларнинг яхши (битилган аҳком)ларини тутиш (татбиқ этиш)ларига буюргин! Сизларга фосиқлар диёри (қандай ҳалокатга юз тутгани)ни кўрсатажакман» (Аъроф, 144–145).

Ҳ.Расулов
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …