Ўз даврининг етук олими, фақиҳи, мутакаллими, муҳаддиси, тарихчиси, тадқиқотчи-танқидчиси сифатида танилган Абдулҳай Лакнавий (1264-1304/1847-1886) – Муҳаммад ибн Абдулҳай ибн Муҳаммад ибн Абдулҳалим Лакнавий Абу ал-Ҳасанот. Манбаларда келтирилишича, Абдулҳай Лакнавийнинг келиб чиқиши Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг таниқли ансорларидан бўлган Абу Аййуб ал-Ансорийга бориб тақалади[1].
Абдулҳай фиқҳ соҳасида ҳанафийлик мазҳабига мансуб бўлган уламоларнинг фикр-мулоҳазаларини тўплагани, Мовароуннаҳр фиқҳ илми ва ҳанафийлик мазҳабининг ривожига муҳим ҳисса қўшганлиги сабабли “ал-фақиҳ” мақомига сазовор бўлган. У амал-мансабдан йироқ бўлиб, ҳаётини асосан илму маърифатга бағишлаган [2: 120].
Абдулҳай Лакнавий 1264 ҳижрий йили йигирма олтинчи зул-ҳижжа/1847 йил 5 ноябрь сешанба куни Ҳиндистоннинг Бонда деган шаҳарчасида таваллуд топган. У ёшлигидан ўткир зеҳни ва эслаб қолиш қобилияти билан тенгдошларидан ажралиб турган. Бу хусусда Абдулҳай Лакнавийнинг ўзи: “Аллоҳ ёшлигимданоқ қувваи ҳофизамни кучайтириб, менга ёдлаш қобилиятини ато этди. Мен барча ўқиган ва эшитганларимни гўёки “Фотиҳа” сурасини ёддан ўқигандек, ёдлаб олгандим”, – деб ёзган [1: 9]. Абдулҳай Лакнавий беш ёшлигида Қуръони каримни ёдлашни бошлаб, ўн ёшга етганида уни тўлиқ хатм қилган. Абдулҳай Лакнавий ўспиринлик чоғидан турли илмларга оид китобларни кўп мутолаа қилиш ва мукаммал билим олишга интилган. Ўқиш-ёзишни ўргангач, турли-туман мавзудаги китобларни ўқиб, улардан маънавий озуқа олади. Шу тариқа у фиқҳ ва ҳадис каби илмларни мустақил равишда тўлиқ эгаллайди. Абдулҳай Лакнавий ўн етти ёшга етганда тиббиёт, мантиқ, калом ва тафсир илмларидан сабоқ ола бошлайди. У Жунфур шаҳарчасидаги мактабда мударрислик қилади.
Ўн икки ёшида Қуръони каримни ёд олиб, ўша давр одатларига биноан таровиҳ намозида имомликка ўтади. “Жунфур” шаҳарчасидаги мактабда мударрислик қилади. У ўн бир ёшида “Жунфур”да отасидан фиқҳ, наҳв, ҳадис илмларидан таҳсил олган.
Дастлабки устози отаси Имом Муҳаммад Абдулҳалим Лакнавий бўлиб, унинг (1239-1285/1824-1868) тўлиқ исми – Муҳаммад Абдулҳалим ибн Муҳаммад Аминулла Лакнавий Ансорийдир. Имом Муҳаммад Абдулҳалим Лакнавий фозил олим бўлиб, ҳикмат ва қадимги тиббиётдан хабардор бўлган. Абдулҳай Лакнавий отасидан, асосан, иншо, хат ва форс тилидаги китобларни ўқиб ўрганган, сўнг фиқҳ, наҳв, сарф, илм ал-маъоний, баён, мантиқ, ҳикмат, тибб, усул, калом, ҳадис, тафсир ва бошқа кўпгина илмларидан сабоқ олган. Даставвал, Қуръони каримни Қосим Али Лакнавий ёрдамида ёд олган. Отаси вафотидан сўнг Лакнавий тоғаси шайх Устоз Муҳаммад Неъматуллоҳга шогирд тушиб, ундан риёзиёт илмидан таҳсил олишга мушарраф бўлган.
Ўз даврининг етук олими бўлган Абдулҳай Лакнавийнинг илмий-маънавий мероси, баъзи манбаларда келтирилишича, 120 дан зиёд асарлардан (шундан саксон олтитаси арабча, қолганлари эса ҳиндча) [6] таркиб топган. Мазкур асарлар бугун ҳам долзарб ва катта илмий аҳамиятга молик манбалар ҳисобланади.
Юқорида таъкидланганидек, “ал-Фавоид ал-баҳийя” асарида юртимиздан етишиб чиққан фақиҳларнинг ҳаёти, фаолияти ва меросига оид кўпгина маълумотлар берилган. Шу боис, қуйида ана шундай маълумотлардан айримларини келтириш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлардан бири Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Абу Муҳаммад Носиҳий (ваф. 447/1055 й.). Бу киши таниқли имом бўлиб, илмий мажлисларида кўпроқ фатво хусусида баҳс-мунозаралар олиб борган. Бухоро шаҳрида “қозиул қузот” деган мартабага эга бўлди, у вақтда Амир Султон Маҳмуд ибн Сабуктагин эди. Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн Абу Муҳаммад Носиҳий қози Ўтбата ибн Ҳайсамдан, у эса қози Ҳарамайндан фиқҳ илмини ўрганди. Ундан ўғли Муҳаммад Носиҳий фиқҳ илмини ўзлаштирди. “Таҳзиб адаб ал-қазо” деган таснифот китоби бор. “Тож ат-тарожим”да айтилишича, Носиҳий Хуросонда қозилик қилиб, кейин Бағдодга кўчиб ўтади. У фиқҳга оид китобини қисқартириб ”Китоб ал-хусаф” деб ном берди. К. Брокельманнинг “Geschichte der arabishen Litteratur” китобида келтирилишича, Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг (998-1030) Бухородаги қозиси ан-Носиҳий 447/1055-6 йили вафот этди. Имло ва мунозара мажлисларини ўтказиб турарди.
Бухоролик яна бир олим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис Устоз Субазмуний (258/872 рабиъ ал-охир (февраль – март ойида) – 340/952 шаввол ойининг (4 март ойи). Самъонийнинг айтишича, у кўп ҳадисни билиб, “устоз” номи билан танилган [1: 5]. Фақиҳ ҳақида кўплаб китобларда маълумот учрайди, унинг исми-шарифи борасида ихтилоф йўқ. Субазмуний нисбаси алломанинг туғилган жойига нисбатан ишлатилган. Субазмун номи манбаларда турлича учрайди. Ёқут Ҳамавийнинг ”Муъжам ал-булдон” ва Ибн Қутлубғонинг “Тож ат-тарожим” асарларида Субазйун, Зириклий “ал-Аълом” асарида Сабазмун деб берган. Абдулкарим Самъонийнинг “ал-Ансоб” асарида Субазмун дейилган. Абдуллоҳ Субазмунийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар жуда оз. Унинг туғилган ва вафот этган йилларида ихтилофлар йўқ. “Субазмун” Бухоро қишлоқларидан бири бўлиб, у Бухородан ярим фарсах (1,5 км.) узоқликда жойлашган.
Али ибн Мавдуд ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Кушоний (480/1087–557/1162). У аҳли фозил, фақиҳ уламолардан бўлиб, амакиси Маҳмуд ибн Ҳусайнийдан Бухорода фиқҳдан дарс олди. Амакиси Абдуазиз ибн Мозадан фиқҳ илмини ўрганди. Ўз навбатида у Марв шаҳрида Муҳаммад ибн Ҳусайний Арсабандийдан, у қозий Марвазийдан, у эса Дабусийдан, у Абу Ҳафс ас-сағирдан, у эса отаси ва Муҳаммаддан фиқҳ илмини ўрганди [2: 1016; 3: 347; 5: 1579]. Бундан ташқари, у воиз бўлиб, халққа фойдали ваъз-насиҳат қилур эди. Унинг “Кушоний” деган тахаллуси шаҳарнинг номига нисбатан олинган. Бу шаҳар Самарқанд атрофида жойлашган, Суғд шаҳарларидан биридир. Самъоний сўзига кўра, кейинги ва охирги уламолардан ҳисобланган Абу ал-Маъоли Масъуд ибн Ҳасаний ибн Ҳусайний Кушоний аҳли фозил уламолардан бўлиб, яхши хулқ ва сийрат эгаси эди. У Самарқанд шаҳрида кўп йиллар хатиблик вазифасини бажарди ва китоб ёзиб, дарс берди. Самъоний билдиришича, у Али ибн Мавдуд ибн Ҳусайний Абулқосим ибн Хотибдан, Муҳаммад ибн Ҳусайний Боҳилий ал-Кушонийлардан ривоят қилар эди. У 504/1111 йили вафот этди, Самарқандда қабрини топиб зиёрат қилдим. АбулФатҳ Маҳмуд ибн Кушоний Бухорода қози бўлсада, лекин сийратлари ҳеч кимга ёқмади ва мақталмади. У отаси Исмоил Калабозий ва бошқа уламолардан илм олди, 552/1128 йили рамазон ойининг тўртинчи кунида таровиҳ намозини ўқиб бўлганидан кейин тўсатдан вафот этди. Абул-Ҳасан Али ибн Мавдуд ибн Ҳасан Кушоний фозил имом бўлиб, ҳақ сўзни айтадиган олим киши эди. У ўзининг амакиси Масъуддан ва Абдуллоҳ Сарахсийдан илм ўрганди. У бир қанча йиллар Марв шаҳрида, кейин Бухоро ва Самарқандда дарс берди. Самъоний дедики, мен у киши ҳақида таассуротларимни ёзган эдим. Чунки иккимиз ўзаро дўстона муносабатда бўлганмиз.
Убайдулла Садр аш-Шариъа ал-асғар (ваф. 747/1346 й.). У ибн Масъуд ибн Тож аш-Шариъа Маҳмуд ибн Садр аш-Шариъа Аҳмад ибн Жамолиддин Убайдуллоҳ Маҳбубий “Шарҳ ал-Виқоя”нинг муаллифи бўлиб, Садр аш-Шариъа лақаби билан танилган. Шариат аҳкомларини муҳофаза қилувчи улуғ олим ва имомдир. Ақлий ва нақлий усул ва фаръий илмлари шайхи, жадал, хилоф, ҳадис, тафсир, наҳв, луғат, адаб, назария, калом, мантиқ илмлари билимдони ва буюк мартабага эга шайх сифатида танишади. Убайдулла илмни бобоси Тож аш-Шариъа Маҳмуд ибн Садр аш-Шариъадан, у Садр аш-Шариъанинг отасидан, у эса Жамолиддин Маҳбубийдан, у Имом Муфти Зодадан, у эса Имодаддиндан, у отаси Заранжарийдан, у эса Сарахсийдан, у Ҳалвонийдан, у эса Абу Али Насафийдан, у Субазмунийдан, у эса Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирдан, у отаси Муҳаммаддан илм ўрганади. Убайдулла бобосининг таснифотларидан “Шарҳи Виқоя” шарҳини ихчамлаштириб, унга “ан-Ниҳоя” деб номлади. Шундан сўнг унга шарҳ ёзиб, унга “ат-Тавдиҳ” деб номлади. Ота-бобоси ва уларнинг авлодлари қўйилган қабристон Шаръий – Обод Бухорода жойлашган. Аммо Тож аш-Шариъанинг отасининг отаси, бобоси, онасиниг отаси Бурҳониддин Кармонда вафот қилиб, ўша жойга дафн қилинган. Абдуалбоқи Ҳотиб Мадинаи мунавварада кишиларнинг насабини Қодихонга етказади. Али Қорий Убайдулланинг вафотини 680/1281 йили ярмида деб тахмин қилади. Қайд этувчидан хато ўтган бўлиши мумкин, бошқа бир нусхага мурожаат қилинсин. “Кашф аз-зунун”нинг соҳиби унинг вафотини 747/1346 йили ёки 745/1344 йили бўлди, деган. Убайдулла ибн Масъуднинг насабини саҳоба Убода ибн Сомитга етказган эканлар. Убода ибн Сомит озод қилинган қуллардан бўлиб, Мавло Абд ал-Мавло Дамятий озод қилган хожаси бўлган, Дамятий Аҳмад Таҳтовийнинг шогирдидир. Таҳтовий “Таълиқ ал-анвор ад-дурр ал-мухтор”нинг ҳошиясида, Саййид Муртазо Ҳусайнийнинг шажарасида Садр аш-Шариъанинг насабини зикр қилган эканлар. Садр аш-Шариъа деганимиз Убайдулла ибн Масъуднинг Тож аш-Шариъа Маҳмуд ибн Садр аш-Шариъа ал-Акбар Аҳмад ибн Жамолиддин Абул Макорим Убайдулла ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Амсар Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Халаф ибн Ҳорун ибн Муҳаммад ибн Маҳбуб ибн Волид ибн Убода ибн Сомит ал-Ансорий Маҳбубийдир. Бизнинг шайхимиз дедилар: унинг насабини Бухоронинг тарихида кўрганман, Тож аш-Шариъа Садр аш-Шарианинг ота томондан бобосидир. Садр аш-Шариъа “Шарҳ ал-Виқоя”нинг муаллифидир.
Тож аш-Шариъанинг исми Маҳмуддир. Садр аш-Шариъа ал-Акбар Тож аш-Шариъанинг отаси-нинг лақаби бўлиб, у Аҳмад ибн Убайдуллоҳдир. Жамол ад-дин Убайдуллоҳ Тож аш-Шариъанинг бобосидир. Садр аш-Шариъа ал-Акбарнинг бобоси Жамолиддиннинг отаси бўлиб, унинг исми Иброҳимдир. Унинг қимматли асарларидан бири “Мажмаъ ал-Мақсуд”дир.
Абдулҳай Лакнавийнинг таржимаи ҳоли ва ижодий мероси билан яқиндан танишиб чиқиб, шундай хулосага келиш мумкинки, у ҳанафийлик фиқҳини тўлиқ эгаллаган олим сифатида мазкур мазҳабни кенг ёйиш ва минтақадаги бошқа мазҳаб тарафдорлари ўз мазҳабларини ҳимоя қилганлари каби ҳанафийлик мазҳабини бидъат амаллар ва тўқима ҳадисларга асосланган сохта таълимотлардан асраш учун тинмай курашиб, жиддий изланишлар олиб борди.
Айтиш жоизки, Абдулҳай Лакнавий ўзининг асарларини таълиф этишда мовароуннаҳрлик олимларнинг асарларидан унумли фойдаланган. Бу, ўз навбатида, “ал-Фавоид ал-баҳийя”нинг илмий қиймати ва салоҳиятини ошириб, унинг мовароунннарлик олимлар томонидан битилган асарлар сингари мумтоз манбалар сирасига киришига сабаб бўлган.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абдулҳай Лакнавий. ал-Фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафийя / Аҳмад аз-Заъбий таҳрири остида. 1-нашри. – Байрут – Ливан: Дор ал-арқом ибн аби ал-арқом, 1998.
- Ал-Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Аби ал-Вафо Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мисрий. Ал-Жавоҳир ал-мудийя фи табақот ал-ҳанафийя. VI жилдли. – Муассасат ар-рисола, 1988. Ж. II.
- Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавий. Катоиб аълом ал-ахйор (Абу Ҳанифа ибн Собит ал-Нуъмоннинг танланган мазҳабидаги фақиҳлар ҳақидаги ёзма ҳужжатлар), ЎзР ФАШИ. Қўлёзма. Инв. № 2929.
- Муратов Д.М. Абдуллоҳ ас-Субазмунийнинг “Кашф ал-осор” асари ҳадис илмига оид манба”. Тарих фан. номз.… дис. автореф. – Т.: ТИУ, 2008.
- Тақиюддин ибн Абдулқодир ат-Тамимий ад-Дарий ал-Ғаззий ал-Мисрий. Ат-Табақот ас-санийя фи тарожим ал-ҳанафийя. Жузъ 1-4.
- http://www. as-saqofa. com
[1] Шайх Абул Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай ибн Абдулҳалим ибн Аминуллоҳ ибн Муҳаммад Акбар ибн Абур Раҳм ибн Муҳаммад ибн Ёқуб ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн аш-шайх аш-шаҳид Қутбиддин Ансорий Саҳолувий Лакнавий Ҳиндий.