Тафсир, ҳадис, калом ва фиқҳ сингари исломий илмлар қаторида тажвид илми ҳам муҳим ўрин тутади. У Қуръонни тўғри ўқиш қонун-қоидаларига бағишланган бўлиб, исломнинг илк давридан бошлаб шаклланиб келган. Барча исломий ва дунёвий илмлар каби бу соҳада ҳам бизнинг ота-боболаримиз баракали ижод қилишган, дунё халқларига устоз бўлиб келишган. Шу хилдаги Марказий Осиёдан етишиб чиққан қироат ва тажвид олимлари, моҳир қори ва етук ҳофизлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш ҳам мазкур минтақа илм-фани ва маданий-маърифий тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондининг бир қисмини тажвидга оид манбалар ташкил қилади. Тажвид илмига бағишланган асарларнинг аксарияти Мирзо Зоҳид номи билан танилган муаллифга тегишли “Назм ал-қавоид” асари қўлёзмаси нусхалари ҳисобланади. Бироқ, мазкур манба билан яқиндан танишиладиган бўлса, унинг атрофида бир қанча илмий муаммоларни ҳал қилиш зарурати мавжудлиги маълум бўлади.
Қўлёзмалар картотекаларига қараганда, Асосий фонд таркибида мазкур асарнинг роппа-роса 63 та нусхаси мавжуд. Уларнинг аксарияти XIX асрда кўчирилган. Шунингдек, Дублет фондида ҳам асарнинг камида 60 та нусхаси сақланади. Ҳамид Сулаймон фондида ҳам асарнинг 10 дан ортиқ нусхаларини учратиш мумкин. Асар муаллифи эса қўлёзмалар картотекаларида Мирзо Зоҳиддан ташқари Зоҳид, Зоҳидий, Мулла Зоҳид, Мавлоно Зоҳид ҳам дейилган.
Мирзо Зоҳид тўғрисида адабиётларда маълумотлар йўқ ҳисоби. Дублет фонди қўлёзмаларининг қисқача илмий тавсифини тайёрлаган мутахассислар “Назм ал-қавоид”нинг муаллифини Мирзо Зоҳид Ҳиравийга нисбат қилганлар ва уни 1101/1690 йили вафот этган, деб кўрсатганлар [15: 1][1]. Бу зот Муҳаммад Зоҳид ибн Муҳаммад Аслам Ҳаравий бўлиб, ўз даврининг таниқли мутакаллимларидан бири ҳисобланади. У Қобулда муҳтасиблик лавозимида фаолият юритгани учун Мир ва Мирзо деб мурожаат қилинган. У ўзининг “аш-Шамсия”, “ал-Мавоқиф” ва “Таҳзиб ал-мантиқ” каби калом илмига оид машҳур асарларга битган шарҳлари билан танилган. Улар бир неча марта тошбосмаларда ҳам чоп қилинган [2: 11084]. Унинг “Рисола тасдиқ ат-тасаввур ва-т-тасдиқ” номли асари ҳам мавжуд [10: – В. 147а-154б]. Ҳақиқатдан ҳам асар ҳиротлик ушбу мутакаллимга тегишлими? Ундай бўлса, нимага асар Хуросонда эмас, балки Мовароуннаҳрда кўпроқ шуҳрат қозонди?
Асар Зоҳид тахаллусли “Туҳфат ал-ахёр” муаллифи Муҳаммад Амин Зоҳидга тегишли бўлиши мумкин эмас, чунки, мазкур асарнинг бир қўлёзма нусхаси “Назм ал-қавоид”дан 100 йил аввал кўчирилган [9].
“Луғати Қуръон” ва “Таржимаи луғати Каломуллоҳ” деб аталган асар муаллифи Мулла Зоҳид деган шахсга тегишли бўлиб, унинг бир нусхаси 1249/1834 йили 35 варақ қилиб кўчирилган. Асар нусхасининг 1а варағида “Мусанниф Мулла Зоҳид” деган қайд учрайди [8: В. 1а]. Мазкур Мулла Зоҳид биз тадқиқ қилаётган “Назм ал-қавоид” асарининг маллифими?
“Назм ал-қавоид” XIX асрда Марказий Осиё мадрасаларида жуда машҳур бўлган. Муаллиф ўтмишдошларига ўхшаб ўз асарини назмда битган бўлиб, “Назм ал-қавоид”, “Қавоид ал-қурро”, “Қавоид ал-Қуръон”, “Махорижи ёрон” ва “Махорижи ҳуруф”, “Баёни махориж” каби номлар билан аталган. Унинг энг қадимги қўлёзма нусхасининг аввалида: “Шуд ба “Назм ал-қавоид” ин мавсум” деган мисра мавжуд [7: B 916].
“Назм ал-қавоид”нинг аксар қўлёзма ва тошбосма нашрларида унинг икки қисмдан иборат экани маълум бўлади. Биринчи қисми араб ҳарфларининг махражлари, яъни ҳарфларни оғизнинг чиқарадиган ўринларига бағишланган. Бу қисм 40 байтдан иборат. Иккинчи қисми эса 57 байтдан иборат. Бироқ, “Назм ал-қавоид”нинг энг қадимий нусхаларидан бири 6395/I рақами билан сақланади. Қўлёзма муқоваси қизил рангли теридан ишланган. Китобат санаси қайд қилинмаган бўлса-да, қоғозининг Самарқанд қоғозига ўхшаши ва ёзув услуби унинг камида XVIII аср бошларига тегишли эканини кўрсатади. Асар эса 1а-5а варақларда жойлашган. Асар охирига Қуръон оятлари вақфларига бағишланган 13 байтли асар қўшилган. Бу ҳам Мирзо Зоҳидга тегишли бўлиши мумкин. “Назм ал-қавоид”нинг 10755-инвентарь рақамли нусхасида эса аввалги икки қисм кўчирилганидан кейин تمت الرسالة المسمات بنظم القواعد بعون الله – “Назм ал-қавоид” деб номланган рисола Аллоҳнинг ёрдами ила тамом бўлди”, деган ёзув қайд этилган, кейин юқоридаги манзуманинг 11 байти келтирилган [16: В. 28а]. Картотекаларда эса асар номи “Қавоиди вақф” деб кўрсатилган. Демак, биз ўрганаётган асарнинг асли неча қисмдан иборат бўлган?
“Назм ал-қавоид” Абдуррауф деган шахсга бағишланган. Асарда “Баҳри Абдуррауф кардам назм, Ба иноёти ҳазрати Мавло!” (Ҳазрати Мавло, яъни Аллоҳнинг ёрдами билан Абдуррауф учун назм қилдим) деган байт мавжуд [6: 43]. “Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР” каталогида мазкур Абдуррауфни мадрасанинг талабаси бўлса керак, дейилади [12: 270]. Бизнингча, у муаллифнинг ўғилларидан бири бўлиши керак. Одатда бу хилдаги асарлар фарзандлар учун атаб ёзилади. Шунингдек, айрим картотекаларда асар муаллифини Абдуррауф деб кўрсатилгани хато эканини айтиб ўтиш ўринли. Чунки, биз келтирган байт асар муаллифи Абдуррауф эканлигига асло имкон бермайди.
“Назм ал-қавоид”нинг қачон ёзилгани тўғрисидаги маълумотлар ҳам турлича. Асарнинг биринчи қисми охирида: “Ин чихил байтро шуда таърих, Дар баёни “махорижи ёрон” (Ушбу қирқ байтга “махорижи ёрон” баёнида сўзи таърих бўлган) деган байт мавжуд. Бу ерда “махорижи ёрон” сўзи таърих моддаси бўлса, у абжад ҳисобида 1106 ни англатади [4: В. 28а]. Демак, асар ушбу санада битилган. У эса милодий 1694-1695 йилларга тўғри келади. “Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР” каталогида ҳам ушбу сана кўрсатилган. Мазкур каталогда 1112/1700 ва 1117/1705 саналар ҳам қўлёзмаларда борлиги қайд этилган.
Агар унга биз “баён” сўзини ҳам қўшиб ҳисобласак, у ҳолда 1169 санаси ҳосил бўлади ва у 1755 йилга тўғри келади. “Назм ал-қавоид”нинг энг қадимий нусхаси ЎзР ФА Шарқшунослик институти Асосий фондида 5693/XII тартиб рақами билан сақланади [13: В. 91б-95а.]. Асар Самарқанд қоғозига йирик настаълиқ хатида 1169/1755 йили китобат қилинган. Асарнинг биринчи қисмида хаттот айрим сўзларга изоҳлар бериб кетган. Асарнинг ёзилган йилини 1755 деб белгилай олмаймиз, чунки, ундан олдин кўчирилган қўлёзма нусхалари ҳам бор.
Айрим нусхаларда “махорижи ёрон” ибораси орасига “эй” сўзи қўйилган. Агар шундай бўладиган бўлса, у ҳолда 1111/1699 сана келиб чиқади[2]. Асарнинг иккита қўлёзма нусхасида эса 1101/1690 кўрсатилган ва уларнинг ҳар иккаласида “Лафзи “ёрон” муфиди салб даҳ аст”, деган қайд мавжуд [17]. Демак, аслида асар қачон ёзилган, деган ҳақли савол туғилади. Бу ерда “ёрон” сўзига хитоб қилинаётган деб оладиган бўлсак, фаразан “эй”ни қўшамиз ва уни олиб ташласак, ҳақиқатдан ҳам 1101 келиб чиқади. Бу Муҳаммад Зоҳид ибн Муҳаммад Аслам Ҳаравийнинг вафот қилган йилига тўғри келади. Демак, мазкур муаллиф уни умрининг охирида битган бўлиб чиқади.
“Назм ал-қавоид”га ёзилган шарҳни Дублет фонд картотекасида Ҳофиз Дўст қори ибн Ёдгорга тегишли дейилган [14]. Бу хато бўлиб, мазкур асарнинг бирор жойида унинг номи учрамайди. Шу билан бирга, шарҳда Ҳофиз Дўст қори ибн Ёдгорга тегишли бўлган “Мажмаъ ал-қавоид” ҳамда “Мажмаъ ал-ажойиб” асарларидан фойдаланилгани қайд қилинган [3: B 67a]. Аслида, мазкур шарҳ “Мажмаъ ал-қавоид” билан бирга кўчирилгани учун мутахассисларни янглиштирган. Ҳофиз Дўст қори ибн Ёдгор ҳам бухоролик етук қорилардан бўлиб, айнан тажвид илмига оид бир қанча асарлари бўлган[3].
“Назм ал-қавоид”га битилган шарҳнинг муаллифи кўрсатилмаган, у ўзини “Аҳқари нодон” деб атайди. Хўш, мазкур “Назм ал-қавоид”га ёзилган шарҳни ким битган? Мазкур янги топилган манбанинг муаллифи ва шарҳ номи ҳеч бир илмий адабиётда кўрсатилмаган. Шориҳ ўз шарҳининг номини “Қонун ал-қурро” деб атаган: ناميدم اين رساله را قانون القراء و مشتمل به هشت باب آمد – “Бу рисолани “Қонун ал-қурро” деб номладим ва у саккиз бобни қамраб олди” [3: B 72a].
Шориҳ ўзини “Аҳқари нодон” деганига қараганда, ХХ аср бошларида яшаган, ўзининг олимлиги билан танилган Аҳқар тахаллусига эга икки нафар адиб фаолият юритган. Биринчиси, Исо хўжа Бухорий бўлиб, 1318/1900 йили вафот қилган [5: 16б]. “Қонун ал-қурро”да Бухородаги 1340/1921 йилги илмий баҳс тўғрисида сўз юритилганидан муаллиф Мулла Аҳмад мударрис Каттақўрғоний бўлиши керак. У ҳақида ХХ аср бошларида ёзилган тазкираларда маълумотлар учрайди. Жумладан, Абдуллоҳхўжа Абдий қаламига мансуб “Тазкират аш-шуаро”да, Пўлотжон домулла Қайюмовнинг “Тазкираи Қайюмий” асарларида унинг Бухорода таҳсил олгани, Каттақўрғондаги мадрасалардан бирида мударрис ва зуллисонайн шоир экани қайд қилинган ва шеърларидан намуналар келтириб ўтилган [1: 50-51; 11: 450-452]. “Тазкираи Қайюмий”да 1915 йилда нашр қилинган “Баёзи маҳаллий” номли баёзда унинг ашъорлари келтирилгани ҳамда унинг Мадҳий махдум деган фарзанди бўлгани ҳам зикр қилинган [11: 450].
Шарҳда айтилишича, Бухорода 1340/1921 йили тажвид илмидаги вақф аломати бўлмиш: صل ҳамда صلى белгиларининг фарқи бўйича қорилар ўртасида катта мунозара юз берган. Кейин олимлар бу вақтда мўътабар бўлган китобларни бирма-бир кўришга киришганлар. Ана шундай манбалар қаторида “Далоил ас-сил”, “Жомеъ ал-вуқуф”, “Хулосат ал-вуқуф”, “Кифоят ал-мубтадий”, “Мажмаъ ал-қавоид”, “Ажойиб ал-ғароиб”[4] каби манбалар санаб ўтилган. Муаллиф бу баҳс-мунозараларда фаол иштирок қилгани, фикрини билиш учун унга мурожаат қилингани унинг ўз даврида таниқли ва етук малакали олим бўлганлигини кўрсатади. Мунозараларни Бухорода юз берган, деб берилишининг ўзи ҳам шориҳ Бухородан чеккароқда истиқомат қилаётганига ишора бўлиши мумкин. Бу маълумотлар эса бизни Мулла Аҳмад мударрис Каттақўрғоний шахсига йўналтиради ва “Қонун ал-қурро” асарининг муаллифи у эканини тасдиқлайди.
Мирзо Зоҳид 1101/1690 йили вафот этган Муҳаммад Зоҳид ибн Муҳаммад Аслам Ҳаравий бўлиб, унинг бир неча асарлари Мовароуннаҳр мадрасаларида асосий ва қўшимча дарслик сифатида фойдаланиб келинган. Шундай асарларидан бири тажвид илмига оид “Назм ал-қавоид” номли рисоласи ҳисобланади. Муаллиф гарчи мантиқ олими ва мутакаллим бўлишига қарамасдан ўз фарзанди Абдуррауф учун манзума шаклида тажвид илмини ўргатган. Унга Мулла Аҳмад мударрис Каттақўрғоний томонидан “Қонун ал-қурро” деган шарҳ ёзилгани изланишлар натижасида аниқланди. Мазкур рисолалар ХХ асар бошларида яратилган ўнлаб асарларга манба вазифасини ўтаган. Уларни ўрганиш, илмий тадқиқ этиш Ўрта Осиёда яшаб ижод қилган адибларнинг янгидан-янги асарларини топиш, шундай олимларнинг янги номларини аниқлаш имконини беради.
- Абдуллоҳ хўжа Абдий. Тазкират аш-ушаро. – Душанба: Дониш, 1983. – Б. 50-51.
- Али Акбар Деҳхудо. Луғатнома. 8-жилд. – Теҳрон: Муассасаи инташорот ва чопи Донишгоҳи Теҳрон, 1993. – Б. 11084.
- Аҳқар Каттақўрғоний. “Қонун ал-қурро”, ЎзР ФА ШИ, № Д 1154/3. – В. 67а.
- Зоҳидий. Рисола махориж ва қавоид. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 5892/I. – В. 2а.
- Мир Афзал Пирмастий. Афзал ут-тизкор, ЎзР ФА ШИ, № 63. – В. 16б.
- Мирзо Зоҳид. Қавоиди қурро. – Тошкент: Брейденбах, 1896. – Б. 43.
- Мирзо Зоҳид. Назм ал-қавоид. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 5693/XVII. – В. 91б.
- Мулла Зоҳид. Луғати Қуръон. ЎзР ФА ШИ, № 1497/I. – В. 1а.
- Муҳаммад Амин Зоҳид. Туҳфат ал-ахёр. ЎзР ФА ШИ, № 7359/VI. Ушбу нусха 1001 ҳижрий кўчирилган.
- Муҳаммад Зоҳид ал-Ҳаравий. Рисола тасдиқ ат-тасаввур ва-т-тасдиқ. ЎзР ФА ШИ, № 5330/VII. – В. 147а-154б.
- Пўлотжон Домулла Қайюмов. Тазкираи Қайюмий. 2-жилд. – Тошкент, 1998. – Б. 450.
- Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР. Том XI, № 7379. – Ташкент: Фан, 1987. – С. 270.
- ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 5693/XVII-XVIII. – В. 91б-95а. Асар нусхаси мажмуа таркибида бўлиб, унга рақам белгилашда турли рақамлар қўйилганини эслатиб ўтиш жоиз.
- ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № Д 1154/V.
- ЎзР ФА ШИ, № Д 2578/II.
- ЎзР ФА ШИ, № 10755. – В. 28а.
- ЎзР ФА ШИ, № 7808. – В. 142а; ЎзР ФА ШИ, № 8687. – В. 30б.