Мовароуннаҳр тарихи, маданияти ва маънавиятини юксак даражага кўтаришда самарқандлик алломаларнинг ҳам ўрни беқиёс бўлган. Бу соҳада нафақат Самарқанд шаҳри балки, унга қарашли бир қанча қишлоқларидан етишиб чиққан муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим ва дунё илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган алломаларни ҳам тилга олиб ўтишимиз мумкин.
Шундай алломалардан бири, ўз даврининг машҳур фақиҳ ва мутакаллим олими, мутафаккир – Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандийдир. Аллома ўзидан сўнг ҳозирги кунгача ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган улкан илмий мерос қолдирди. Хусусан, унинг қаламига мансуб “Лубобул калом”, “Тариқатул хилоф байнал аслоф”, “Базлун назари фил усул” ва “Мийзонул усул” асарлари алоҳида аҳамиятга эга.
Алломанинг “Лубобул калом” (“Калом илмининг жавҳари”) асари Истанбулдаги ислом тадқиқотлар маркази доктори Муҳаммад Саид Узерварли томонидан илмий асосда чуқур таҳқиқ қилиниб, 2005 йилда “Исам яйинлари” нашриёти томонидан чоп этилган. Узерварли Туркия кутубхоналаридаги фиҳристлардан калом илмига оид қўлёзма асарларни қидириш асносида “Лубобул калом”нинг икки нусхасини топишга муяссар бўлган. Шунингдек, у ўзи таҳқиқ қилган “Лубобул калом”да мазкур асарнинг иккита мажмуа таркибида келганлигини ёзади [8: 21] .
Шулардан бири Сулаймония кутубхонасининг Қора Чалабийзода қисмида 348-ашёвий рақам билан қайд этилган мажмуа бўлиб, бу нусха жуда эскириб, кўпчилик ҳарфлари фарқлаб бўлмайдиган даражага келган. Асар 1303 йил хаттот Али ибн Нажмуддин томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. Мазкур асарнинг Усмандийга тегишли эканлигини тасдиқловчи маълумот матннинг ибтидосидаги ҳамд ва салавотдан кейин зикр этилган.
Асарнинг иккинчи нусхаси Сулаймония кутубхонасининг Шаҳид Али Пошо қисмида 1704-ашёвий рақам билан қайд этилган мажмуа таркибида келган бўлиб, у хаттот Юсуф ибн Байрамбек ибн Исмоил ибн Исо томонидан 1314 йилда кўчирилган. Биринчи нусханинг кириш қисмидаги алоҳида бир вараққа (92а) битта сатрга йирик ҳарфлар билан “Лубобул калом” деб ёзилган . Асарга бу номни муаллифнинг ўзи берганми ёки унинг вафотидан кейин бошқалар асарни шундай атаганлар-ми, буниси бизга маълум эмас. Чунки Усмандийнинг ҳаёти ва унинг асарлари ҳақидаги маълумотлар келтирилган табақот асарларининг кўпчилигида алломанинг каломга оид асари бўлгани зикр этилса-да, лекин унинг исми аниқ кўрсатилмайди. Шу жиҳатдан, баъзи ёзма манбаларда алломага нисбат берилаётган “Китобу-л-ҳидоя фи усули-л-эътиқод” ёки “Ал-ҳидоя фи-л-калом” мазкур тадқиқот объекти ҳисобланган “Лубобул калом” асарининг айнан ўзи эканлиги ҳақиқатга яқинроқ. Зотан, муаллифнинг ўзи ҳам асарни “ҳидоятан ли-л-мубтади фи тасҳиҳи-л-эътиқод” (“эътиқодни соғломлаштириш, тузатиш йўлида дастлабки қадам ташлайдиганларни ҳидоят йўлига бошлаш”) мақсадида ёзганини алоҳида таъкидлаган. Бу эса, ўз навбатида, юқорида баён этган фикримизнинг тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Асарнинг иккинчи нусхасидаги “Китобу тасҳиҳи-л-эътиқод” номи асарнинг бошида келтирилган “Лийакуна ҳидоятан ли-л-мубтади фи тасҳиҳи-л-эътиқод” иборасидан олинган бўлиши ҳам мумкин.
Бизнингча, асарнинг ҳақиқий ва тўғри номи биринчи нусханинг бошида келтирилган “Лубобул калом”дир.
Аллома ушбу асарни ёзишда ҳанафий мазҳаби олимлари ва айниқса, мотуридий мутакаллимлари йўлидан бориб, шу эътиқодга қатъий амал қилган. Асар муқаддимасида усули-д-дин ва унга тааллуқли бўлган илм ва назар, бандаларнинг феъллари, имон, исмлар ва ҳукмлар ва ниҳоят охират ва имоматга тегишли калом илмига оид муҳим масалалар бўйича ўз қарашларини баён этган.
Қазо ва қадар ҳақидаги бўлимда эса, қазога таъриф бериб, шундай деган:
“Билгилки, қазо бир нечта маъноларда ишлатилади. Шулардан бири амр қилмоқдир. Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди” [1], деган. Яна бир маъноси хабар бермоқдир. Аллоҳ таоло: “Биз у китобда Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик” [1], деган. яъни, хабарини бердик, билдирдик. Яна бир маъноси амални пухта ва мустаҳкам қилмоқдир. Шоирлардан бири Абу Зуайб:
و عليهما مسرودتان قضاهما داود أو صنع السوابغ تبع
(Яъни, икки қаҳрамоннинг устида мустаҳкамликда гўёки Довуд алайҳиссалом ёки кенг қилиб тайёрланадиган совутлар устаси Ҳимяр шоҳларидан бири Туббаъ пишиқ қилиб ясаган совут бордир), деган.
Қадар эса икки хил маънода ишлатилади. Биринчиси нарсаларни улар қандай бўлса шундай қилиб белгилашдир. Яъни, қандай бўлиши афзал бўлса, шундай қилиб белгилаш. Масалан, иймонни гўзал амал ва савоб учун сабаб қилиб, куфрни эса қабиҳ амал ва жазо учун сабаб қилиб белгилаш.
Иккинчиси нарсани ўз зотига, у мавжуд бўладиган макон ва замонга белгилашдир. Мана шу икки маъно билан мавжудотларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тақдири биландир. Чунки уларни Аллоҳ таоло яратгани учун ҳам улар махлуқдирлар. Амалларнинг махлуқлиги ҳақидаги бўлимда айтиб ўтилганидек, улардаги ҳолатлар, сифатлар ва ўз вақтларида белгиланганлари Аллоҳ таолонинг яратиши ва пайдо қилиши биландир. Хабарда шундай келган. Ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган: “Қадар – унинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ азза ва жалладандир”, деган ҳадисдир [2]. Бу – мутавотирлик даражасига етишига оз қолган машҳур бир ҳадисдир.
Мўътазилийлар бу борада бизга хилоф қилдилар ва нақл ва ақлнинг далолатини ушлаб олдилар. Нақлга келсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтган ушбу ҳадисларидир: “Ким Менинг қазоимга рози бўлмаса, мусибатимга сабр қилмаса, Мендан бошқа Робб изласин” [4]. Аллоҳ таоло нинг қазосига рози бўлишни вожиб қилди. Агар куфр ҳам Аллоҳнинг қазоси билан бўладиган бўлса, унга рози бўлиш вожиб бўлар эди ва бу иш куфрдир.
Аммо ақлга келсак, Аллоҳ таолонинг қазоси ҳақ ва тўғри бўлиши вожиб. Куфр эса хато ва ботилдир. Бинобарин, у Аллоҳ таолонинг қазосидан бўлмайди. Чунки куфр агар Аллоҳнинг қазоси билан бўладиган бўлса, ундан ташқарига чиқиш учун бандада имкон бўлмасди. Чунки Аллоҳ таолонинг қазосидан қочиш имконсиздир. Демак, у ўз куфрида мажбур ва узрли бўлиб чиқади. Бу эса ботилдир.
Жавоб: Ҳадис устида тўхталадиган бўлсак, ундан мурод касалликлар, оғриқлар, бандаларнинг бошига тушадиган мусибатлардир. Аллоҳ таолонинг “мусибатимга сабр қилмаса”, деган сўзи шунга далолат қилади. Ҳар ҳолда биз Аллоҳ таолонинг қазосига рози бўлиш вожибдир, деймиз. Қазо бошқа, қазо қилинган иш бошқа нарсадир. Зеро, Аллоҳ таолонинг қазоси Унинг зотида мавжуд бўлган сифатидир. Куфр эса Унинг қазоси ила қазо қилинган, Унинг ҳукми ила ҳукм қилинган, Унинг қудрати ила вужудга келган бир ишдир. Бу, мухолиф тарафнинг “Аллоҳ таолонинг қазоси фақат ҳақ ва тўғри бўлади” деган сўзига жавобдир. Чунки биз иш сизлар айтган кабидир. Куфр ва маъсиятлар Аллоҳ таолонинг қазоси ила қазо қилинган ишдир. шундай экан, қазо қилинган ишда хато ва тафовутнинг жорий бўлиши жоиздир.
Мухолиф тарафнинг “Агар куфр Аллоҳ таолонинг қазоси билан бўладиган бўлса, ҳаргиз банданинг ихтиёрига тааллуқли бўлмас эди”, деган гапига биз шундай деймиз:
Аллоҳ таоло ундан куфрнинг вужудга келишини мажбурлик юзасидан қазо қилган эмас. Аксинча, унинг ўз ихтиёри билан вужудга келишини қазо қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам банда куфрда узрли бўлмайди. Қолаверса, бу гап, ирода сифати ҳақидаги бўлимда айтиб ўтилганидек, ботилдир. Тавфиқ Аллоҳдандир”.
Иймоннинг моҳияти ва у билан боғлиқ масалалар ҳақида
Одамлар иймоннинг ҳақиқати хусусида кўп ихтилофга борганлар. Биз улардан айримларини зикр қилиб ўтишимиз лозим бўлгани учун шундай деймиз:
Хаворижлар[1]нинг мазҳаби бўйича, ҳар қандай тоат иймон ва ҳар қандай маъсият куфрир. Куфр иймондан кўра кучлироқдир. Бинобарин, мукаллаф бандадан тоат ва маъсият содир бўлса, қилган маъсияти сабаб кофир бўлди, деб сифатланади ва қилган тоати сабаб мўмин бўлди, деб сифатланмайди.
Мўътазилийларнинг кўпчилиги: “Иймон нафл бўлсин ёки фарз, тоатлар мажмуасининг исмидир. Сўзлар қабилидан бўладими ё амаллар ёхуд эътиқодлар қабилидан бўладими, фарқи йўқ”, дедилар. Уларнинг айримлари эса: “Иймон – бу, фарз амалларнинг исмидир, нафл амалларнинг эмас”, деган.
Нажжорийлар[2]: “Иймон – бу, қалб билан таниш ва тил билан иқрор бўлишдир”, деганлар.
Карромийлар[3]: “Албатта, иймон бу, (тил билан) иқрор бўлишнинг ўзгинасидир”, дедилар ва Аллоҳ таолонинг таниган шахс иқрор бўлишдан олдин вафот этадиган бўлса, жаннат аҳлидан бўлса-да, мўмин эмасдир, мунофиқ мўминдир ва у дўзахда абадий қолади, дея даъво қилдилар.
Тўғри мазҳаб ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ танлаган ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган йўлдир. У Ашъарийнинг ҳам мазҳабидир: “Иймон – бу, аслида қалб билан тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш эса дунёда унга нисбатан мўминларга тегишли ҳукмлар жорий қилиниши учун бизларга ўша(тасдиқ)ни намоён қилишдир” [5: 441-445]. Абул Ҳасан Рустуфғаний[4] [6: 358] раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Аъзолар саломат бўлган вақтда тил билан иқрор бўлиш иймоннинг шартидандир”, деган. Бинобарин, у (тил билан иқрор бўлиш) топилмаган вақтда иймон йўқ деб ҳукм қилинади. Чунки, қалбдаги тасдиғи ва иймони тўғри бўлган кишининг уни тил билан иқрор қилишга сабри етмайди. Борди-ю, сабр қиладиган бўлса, унинг қалби иймондан холи экани маълум бўлади. Бу, биз юқорида тил билан иқрор бўлиш тасдиқни одамларга намойиш қилгувчи эканлиги ҳақида зикр қилиб ўтган гапга бориб тақалади.
Юқоридаги гаплар шуни кўрсатадики, иймон биз зикр қилиб ўтган нарсадир. Юқорида ўтган гап-сўзларнинг барчаси уни хослайдиган далолат туфайли йўққа чиқади.
Биринчи гапга келсак, иймон агар “бо” ҳарфи ёрдамида ўтимли феълга айлантирилса, луғатда ундан тасдиқ ирода қилинади. Зеро, бирор айтгувчи шахс «فلان مؤمن بالبعث و فلان غير مؤمن به«(Фалончи қайта тирилишга иймон келтиргувчидир ва фалончи унга иймон келтиргувчи эмасдир), дейдиган бўлса, у қайта тирилишни тасдиқлагувчи ёки ёлғонга чиқаргувчидир, деган маънода бўлади. Бу гапдан мана шу маънодан бошқаси тушунилмайди. Ўз ўрнида маълум бўлган қоидаларга мувофиқ бирон бир монелик мавжуд бўлмайдиган бўлса, Китоб ва Суннатда келган ҳар қандай лафзни луғат тақозо қилган маънога буриш вожиб бўлади. Бинобарин, луғатда бир нарсага иймон келтириш луғатда уни тасдиқлаш, уни тўғри деб эътиқод қилиш бўлса, шариатда ҳам худди шундай бўлади. Демак, Аллоҳ таолога, Унинг расуллари ва китобларига иймон келтириш ўша нарсаларни қалб билан тасдиқлашдир.
Агар: “Иймон бу, омонликка киришдир. Агар киши омонликда бўлса, “аамана”, дейилади. Шунга асосан, Аллоҳга иймон келтириш Унинг тоатларини адо этиш, маъсиятлардан тийилиш билан нафсни Аллоҳ таолонинг азобидан омонликка дохил қилишдир”, дейиладиган бўлса, биз шундай деймиз:
Иймон баъзида мутлақ тарзда зикр қилинади ва ундан мурод сизлар зикр қилган нарса бўлади. Аммо “бо” ҳарфи билан ўтимлига айланган иймон эса бу маъно учун зикр қилинмайди. «آمن بالله أو آمن بالبعث» – ўзини омонликка дохил қилди, деганидир”, дейилмайди. Аксинча, ундан мурод биз юқорида зикр қилган гапдир. Гап Аллоҳ таолога иймон келтириш ҳақида бўлаяпти, мутлақ иймон ҳақида эмас.
Аммо бизга мухолиф бўлганларнинг сўзлари ботиллигига келсак, биринчи сўз ҳақида шундай деймиз: Биз Мўътазилийларнинг “Амаллар иймондан эмасдир”, деган сўзларининг ботиллигига далил келтирадиган бўлсак, уларнинг сўзлари ўз-ўзидан ботил бўлади. Ҳар ҳолда биз “агар ҳар қандай тоат иймон ва ҳар қандай маъсият куфр бўладиган бўлса, у ҳолда бир вақтнинг ўзида ҳам тоатни адо этган, ҳам маъсиятга қўл урган киши битта вазиятда ҳам кофир, ҳам мўмин бўлиши керак бўлади. Ҳеч ким бу гапни айтган эмас.
Уларнинг “Куфр иймондан кўра кучлироқдир”, деган сўзлари оддий бир ибора, холос. Чунки, чинакам иймон бўлгани ҳолда тоат вужудга келадиган бўлса, шахснинг мўмин бўлган, деб сифатланиши керак бўлади. Шунингдек, чинакам куфр бўлгани ҳолда маъсият ҳам вужудга келадиган бўлса, шахснинг кофир бўлган, деб сифатланиши керак бўлади. Ана шунда биз юқорида айтиб ўтган ҳолатга олиб боради.
Аммо иккинчи сўзга келадиган бўлсак, унинг ботиллигига далил биз айтиб ўтганимиздек, иймон бу, тасдиқ эканлигидир. Уларнинг айтган сўзлари эса луғатнинг тақозосидан ташқарига чиқишдир. Бунга далил иймоннинг куфрнинг зидди эканидир. Аллоҳ таоло ҳам Ўзининг: “Бас, кимки тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирадиган бўлса” [1], деган сўзи билан иймонни куфр билан қарама-қарши қўйган. Куфр – рад этиш, инкор қилиш ва ёлғонга чиқаришдир, амаллар эмас. Шунингдек, иймон ҳам иқрор ва тасдиқ бўлади, аммо амаллар бобидан бўлмайди. Бунинг далили шуки, Аллоҳ таоло “Шубҳасиз, Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳамда намозни қоим қилган кишиларгина обод қилурлар” [1], бир қанча ўринларда: “Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилар” [1], деган сўзи билан тоатларни иймонга атф қилди, иймон билан тоатларнинг ўртасини ажратди. Шунингдек, бир қатор ишларга буюриб, сўнгра: “агар мўмин бўлсангиз”, деган. Жумладан, “Агар мўмин бўлсангиз, ўз орангизни ислоҳ қилингиз” [1], яна: “Агар мўмин бўлсангиз, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг” [1], сингари бир қатор оятлар борки, улар иймонни тоатлардан бошқа нарса эканини, тоатлар мақбул бўлиши учун иймон шарт эканлигини ифодалайди.
Мухолиф томон Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ иймонингизни зое қилмайди” [1], яъни, Байтул-мақдисга қараб ўқиган намозингизни, деган сўзини, яна Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Иймон етмиш нечта бобдир” [7: 414], деб, зоҳирий амалларни ҳам ўшалар қаторида санаб ўтганларини ушлаб олганлар.
Жавоб: Аммо оятга келсак, улар учун оятда ҳеч бир ҳужжат йўқдир. Чунки, унда зикр қилинган иймондан мурод Байтул-мақдисга қараб намоз ўқишнинг жоизлигини тасдиқлашлари бўлиши эҳтимоли ҳам бордир. Ана шунда у ҳақиқат бўлади. Ундан мурод мажозий маънода намознинг ўзи бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Чунки иймон унинг шартидандир ёки намоз иймон ва тасдиққа далолатдир.
Аммо ҳадисга келсак, у битта ҳадисдир ва уни эътиқод бобида ҳужжат қилиб ушлаш тўғри эмас. Бундан ташқари, улар “лаа илааҳа иллаллоҳу” деб шоҳидлик бериш иймоннинг бир шуъбаси эканлигини тақозо қилади, дея ҳадиснинг зоҳирига амал қилишни тарк қилдилар. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг энг юқориси “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деб шоҳидлик бериш ва энг қуйиси йўлдан озор берадиган нарсаларни олиб ташлашдир”, дедилар.
Аммо учинчи сўзга келадиган бўлсак унинг ботил эканига далил зикр қилиб ўтганимиздек, иймон бу, тасдиқ эканлигидир. Маърифат эса тасдиқ дейилмайди. Бунга далил шуки, бу Аллоҳ таолони қалби билан таниган, аммо тили билан инкор қилган ва Унга эътиқод қилмаган киши ҳам чинакам мўмин бўлишини тақозо қилишидир. Бу бил ижмоъ ботилдир.
Тўртинчи сўзга тўхталадиган бўлсак унинг ботил эканига далил шуки, мунофиқ ҳам чинакам мўмин бўлишини тақозо қилади. Бу ботилдир. Бунга Аллоҳ таолонинг “Оғизлари ила, иймон келтирдик, деб қалблари иймон келтирмаганлар” [1], деган сўзи далолат қилади. Агар иймон тил билан бўлса ва унинг қалбга алоқаси бўлмаса бу гап ҳам, Аллоҳ таолонинг “Аъробийлар, иймон келтирдик, дедилар. Сен: “Иймон келтирганингиз йўқ”, дегин” [1], деган сўзи ҳам асло тўғри бўлмасди. Бунга Аллоҳ таолонинг “ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ” [1], “Аллоҳ ундоқ кишиларнинг қалбларида иймонни собит қилган” [1], деган сўзи ва иймоннинг қалбга хослигини шарт қилгувчи бошқа оятлар далолат қилади. Бунга Аллоҳ таолонинг “қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно” [1], деган сўзи далолат қилади. Агар иймон тилга хос бўлганида юқоридаги оят худди “қалби иймон ила ором топа туриб кофир бўлганлар бундан мустасно”, дегандек бўлиб қолар эди. Бу эса ботилдир.
Мана шу кишиларда биргина шубҳа бор. У ҳам бўлса, улар иймонга тегишли ҳукмларни тили билан иқрор қилган кишиларга нисбатан жорий қилинишини, аммо тили билан иқрор бўлмаган кишиларга нисбатан жорий қилинмаслигини кўрганликларидир. Бу – юқорида айтиб ўтганимиздек, тил билан иқрор бўлиш иймонга далил эканинидир. Аллоҳ таоло “уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонини билгувчидир” [1], деганидек, ҳукмлар далилга асосланади. Демак, иймон – бу, қалб билан тасдиқ қилиш экани ўз тасдиғини топди. Тавфиқ Аллоҳдандир”.
Бу қарашлар юртимизда асрлар давомида амал қилиб келинаётган аҳлу-с-сунна ва-л-жамоа эътиқодига ҳамоҳанг бўлиб, ўз ўрнида Мўътазилийя, жабарийя ва уларнинг фикрларини қабул қилган айрим адашган тоифаларга ўринли раддия ҳам ҳисобланади.
Бундан ташқари, асарда имон, охират, қабр азоби, Мункар ва Накир, мийзон, сирот кўприги, шафоат, имомат каби калом илмининг муҳим масалаларига ҳам алоҳида ўрин берилган.
Усмандий ўзининг “Лубобу-л-калом” асарида калом илмига оид муҳим масалаларнинг таҳлилида, кўриниб турганидек, мотуридия ақидавий мазҳаби амал қилган тамойилларга таянган. Бу эса, ҳозирги ғоялар кураши авж олган бир даврда аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос халқимиз, хусусан, ёшларимизга муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, айниқса, ақидавий масалалар ҳақида баҳс юритувчи калом илмининг мотуридийя йўналиши қарашларини баён қилиш, ботил даъволарни илгари сураётган айрим оқим ва фирқаларга ғоявий зарба беришда дастуруламал сифатида муҳим омиллардан ҳисобланади.
- Қуръони карим. Таржимон ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2006.
- Саҳиҳи Муслим, “Ал-иймон”, б.1, Сунани Абу Довуд, “Ас-сунна”, б.16, Сунани Термизий, “Ал-қадар”, б.10.
- Бу ҳадис Али Қорийнинг “Ал-аҳодисул-қудсийя”си (б.6, да 11 рақам) қуйидаги лафз билан келган: “Ким Аллоҳнинг қазосига рози бўлмаса, Аллоҳнинг қадарига иймон келтирмаса, Аллоҳдан бошқа илоҳ изласин”.
- Абу Мансур Мотуридий. Ат-Тавҳид.
- Насафий. Табсиратул-адилла. Лакнавий. Ал-фавоидул-баҳийя.
- Сунани Абу Довуд, Сунна, б.414; Сунани Насоий, иймон ва унинг аҳкомлари, б.16; ибн Можанинг Сунани, муқаддима, б.4 да “Иймон етмиш нечта шуъбадир” лафзи билан келган.
- Усмандий Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид Самарқандий. Лубобу-л-калом. Муҳаммад Саид Узерварли таҳқиқи. – Истанбул: ISAM yayinlari, 2005.