Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа кўплаб алломаларимиз тарғиб этган исломий қадриятлар маънавий ҳаётимиз ва дин-диёнатимиз кўзгуси ҳисобланади. Диёримизда яшаб, фаолият кўрсатган аждодларимиз Исломни юксак маданият ва цивилизация даражасига кўтаришганини бутун мусулмон олами эътироф этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида таъкидлаганидек: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.
Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик” [8: 2].
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаб ўтганларидек: “Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари “Амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади”, – деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор” [10]. Бугунги кунда ёшларимизга буюк ҳадисшунос Имом Бухорий ҳазратларининг ҳадисларидан ўрнак олиб, фаолият олиб бориш энг долзарб муаммолардан биридир.
Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат эҳтиром билан тилга оламиз. “Бу мўътабар зот меросининг гултожи бўлмиш унинг ишончли ҳадислар тўплами “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” китоби ислом динида Қуръони каримдан кейин иккинчи муқаддас манба бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини иймон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда” [4: 38]. Шу нуқтаи назардан, Имом Бухорийнинг диний, ахлоқий ва ҳуқуқий таълимотига янгича назар билан қараш ҳозирги кунда ғоят долзарб бўлиб, маълум маънода амалий аҳамиятга ҳам эга.
Имом Бухорий ҳадислари меҳр-оқибат, сахийлик, ота-она ва катталарга омад, етим-есирларга мурувват, Ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, турли халқларнинг ўзаро дўст, тинч-тотув яшашлари каби инсоний фазилатларни баркамол авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ўгитлар ўз ифодасини топган. Бобомиз Имом Бухорий тўплаган беназир мерос – Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳиҳ (ишончли) ҳадислари бутун инсониятни ҳидоят йўлига бошлаб келмоқда. Буюк алломанинг ҳаётий ва илмий фаолияти азалдан жумлаи жаҳонда муттасил равишда ўрганилиб, у зот ҳақида Ғарбу Шарқда кўплаб илмий-оммабоп асарлар яратилган. Улардан бири суриялик олим Шайх Муҳаммад Жамолуддин Қосимий Дамашқийнинг “Ҳаётул Бухорий” (“Бухорийнинг ҳаёти”) номли асари бўлиб, унда алломанинг ибратли ҳаёти ва юксак илмий салоҳияти ҳақида кўп қимматли маълумотлар келтирилади.
Илм-фанда ҳадис илмининг амири деб тан олинган Имом Исмоил ал-Бухорий ҳадислари кўп ақл дурдоналарини ёшлар томонидан янада кўпроқ ўзлаштирилиши Республикамиз эҳтиёжларига мос келиб ахлоқий фазилатларни ўрганиш ёшларда ажойиб ички кечинмалар, ҳис-туйғулар уйғотади. Имом Бухорий ҳадислари ўз Ватанини севувчи унинг равнақи ва истиқболи учун фидоий ёшларимиз, баркамол авлод учун албатта даструламал бўлиб қолиши шубҳасиздир [6: 123].
“Ал-Адаб ал-Муфрад” асарида бошқа муаллифларнинг асарларида учрамайдиган бир қанча ҳадис ва хабарлар бор. Танқидчи муҳаддислардан баъзиларининг сўзига қараганда “Ал-Адаб ал-Муфрад” асаридаги ҳадисларнинг иснодлари эътимод жиҳатидан муаллифнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ларидаги ҳадисларнинг иснодига яқинроқ бўлиб, “Олти китоб”даги ҳадислар иснодидан юқори ҳисобланади [3: 86].
Имом Бухорий ҳадисларидан намуналар келтирамиз: Оталик туйғуси – инсон қалбидаги иймонлиликнинг намоён бўлишидир. Фарзанд кўриш осон, лекин унга ҳақиқий ота, маънавий раҳнамо бўлиш ҳамманинг қўлидан келавермайди.
Фарзандни дунёга келтириш оталик, эркаклик бурчининг фақат бир томонидир. Унинг энг асосий вазифаси эса фарзандини яхши тарбиялаб, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашини таъминлашдир.
Фарзандларга отанинг панд-насиҳатлари эмас, балки қилган ишлари, юриш – туришлари ҳам ибратлидир…
Отанинг яна бир муҳим бурчи – фарзандларини меҳр-муҳаббат билан тарбиялашидир. Ҳаётда қиз отанинг, ота қизнинг таянчидир.
Ҳадисда “кимки учта қиз фарзандни ўстириб тарбиялаб, вояга етказиб, муносиб жойга узатса, унинг мукофоти жаннатдир”. Отанинг уз умр йўлдошига бўлган адолати, муносабати, меҳр-муҳаббати, раҳм-шафқати ҳам фарзандларига тарбияси учун катта аҳамиятга эга. Фарзандлар адолат нималигини отанинг онага нисбатан муносабатидан биладилар.
Эркак кўп ишларда ўз аёлига кўмаклашиши, оила учун бўлган харажатларда қўли очиқ, сахий бўлиши ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. Оила бошлиғи бўлган эркак оила эҳтиёжларини, ғам-ташвишларини ўйлаши, ўз умр йўлдошига нисбатан бўлган ишончи, ҳурмати фарзандлари маънавиятида чуқур из қолдиради. Бундан болалар отани кўпроқ ҳурмат қилишга уринадилар.
Оиланинг асоси ота-онадир. Ота-она ўртасидаги ўзаро муҳаббат, ишонч, ҳамкорлик ва ҳамфикрлик, иззат-икром, муносабатлар самимийлиги – оила мустаҳкамлигини таъминлаш учун заминдир – фарзанд учун намуна мактабидир.
ХХ аср Туркистон жадидчилигининг улкан намояндаси Абдурауф Фитрат айтганларидек: “Эр-хотин мушкулотдан иборат бўлган ҳаёт сафарида бирга бўлиб, жисмоний ва руҳий осойишталикка шерик, инсоний вазифаларни бажаришда дастёр, қайғу ва умидсизлик дамларида ғамхўр, саодат ва бахтиёрлик чоғида бир-бирларига ҳамдам бўлишлари лозим. Шундай экан, улар албатта, энг аввало, бир-бирларини камоли диққат ва тажриба юзасидан имтиҳон қилишлари зарур” [7: 23].
Ота-онанинг тинч-тотувлиги ва ўзаро меҳр-муҳаббати уларнинг дунёқараши, маънавий савияси, қизиқиши, эътиқоди, моддий тенглиги, жамиятдаги мавқеи, ҳусн-латофати, қалбларининг мойиллигига боғлиқдир. Ушбу хусусиятлари бир-бирларига монанд эр-хотин тарбиялаган фарзандлар гўзалликка иштиёқманд, руҳий тетик, бағри бутун, ҳаётга қизиқувчан, тинч-тотув оилавий ҳаёт кечиришга тайёр бўлиб ўсадилар. Акс ҳолда ота-она ва фарзандлар ўртасида меҳр-оқибатсизлик, ўз ҳаётидан, жамиятдан норозилик, оилада нотинчлик, ҳеч нарсага қизиқмаслик, бепарволик, лоқайдлик, жиззакилик ҳолатлари ҳукм суради. Бу эса оиланинг инқирози учун замин ҳисобланади. Бундай носоғлом муҳитда дунёга келиб, тарбияланган болаларда хиёнатга, турли ноахлоқий хатти-ҳаракатларга (ичиш, чекиш, ўғирлик қилиш, жиноятчилик, гиёҳвандлик ва бошқалар) руҳий танглик ҳолатларига мойиллик кучли бўлади. Шунинг учун эр ва хотиннинг бир-бирига мослиги оила барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади [6:123].
Буюк мутафаккир Алишер Навоий айтганидек: “Эр билан хотин бир-бирига мос тушса, ўртада бойлик ва саранжомлик бўлур. Уй безаги ундан ва уйланганнинг тинчлиги ундан. Ҳусни бўлса, кўнгилга ёқимли бўлур, яхшилиги бўлса жон озиғидир. Ақлли бўлса, турмуш интизомли ва рўзғор керак-яроғи тартибли ва саранжомли бўлади. … Носоз жуфт уй учун ҳам аччиқ ва яширин қўрқинчли касалликдир. Уятсиз бўлса, кўнгил ундан озорланади, ярамас бўлса, руҳ ундан азоб тортади. Тили ёмон бўлса, куёвнинг кўнгли яраланади. Ёмон ишлик бўлса, эрга юз қоралик келади. Майхўр бўлса, уй ободлиги йўқолади ва бузуқи бўлса, уй ичи расвогарликка айланади” [2: 201].
Мусулмончиликда эркак киши зиммасига оилани бошқариш учун катта масъулиятлар юклатилган ва шунинг учун эрга тегишли ваколатлар берилган.
Ҳақиқий мусулмон киши ислом дини қадриятларига амал қилмаслиги мумкин эмас. Ҳатто, уйга кирар экан, у биринчи бўлиб хотини ва болаларига салом бериши ва уларга яхшилик тилаши керак. “…Қачон уйларга кирсангизлар бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни “Ассалому алайкум”, денглар”) (Нур сураси 24: 61).
Оила – муқаддас. Оила қуриш – ўта масъулиятли ишдир. Ёш авлодни ҳаётга йўллантириш, булар учун муайян бошланғич нуқта – старт позицияси яратиб бериш турли миллатларда турличадир. Айрим халқлар менталитетида фарзандлар вояга етгач, оиласи, ота-онасини ташлаб, фақат ўз кучи билан мустақил оёққа туриш учун уйини тарк этади. Ўзи ҳам оила қуриб, фарзанд кўриб, уни катта қилганда – у ҳам авлодлар ворислигига чек қўйиб, оиласини тарк этади [10: 23].
Ҳар қандай жамиятда ҳам буюк давлатнинг барпо этилиши ёшлар қандай бўлишларига, уларнинг қандай тарбия олишларига боғлиқ. Таниқли педагог Абдулла Авлоний “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажод – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, – деб ёзган эди [12: 14].
Хулоса сифатида айтиш жоизки, оилада ёш авлодни ота-она намунаси, оила анъаналари, шажараси, касб кори, ахлоқий-маънавий қадриятлари асосида тарбиялаш, улар онгида оилага садоқат, ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат ҳиссини шакллантириш воситасида уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш кутилган натижа беради. Бунинг учун ота-оналарни тарбия жараёнига тайёрлаш мақсадида ота-оналар университетлари ишини тиклаш ва такомиллаштириш, умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим мазмунига “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш” курсини киритиш мақсадга мувофиқдир. Ота-оналар ва оила тарбиясида методик ёрдам берувчи оила кутубхонаси сериясидаги китобчалар ва махсус “Оила” журнали орқали, барча йўналишлардаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига “Оила психологияси ва педагогикаси” курсини жорий этиш оилани намунали тарбия масканига айлантириш воситасидир. Шунингдек, ахборот ва мураббийлик соатларида Имом Бухорийнинг олтин фонддан жой олган ҳадисларидан талабаларга тушунтириш муҳим аҳамият касб этади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абдулла Авлоний. Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ. – Т.: Ўқитувчи, 1992.
- Алишер Навоий. 13-том. – Т., 1966.
- Имом ал-Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. Таржимонлар: Ш. Бобохонов, Н. Абдумажид. – Т., Мовароуннаҳр, 2006.
- Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008.
- Мусурмонова О. Оила маънавияти – миллий ғурур. – Т.: Ўқитувчи, 2000.
- Уватов У. Мовароуннаҳр ва Хуросон олимларининг ҳадим илми ривожида тутган ўрни. – Т., 2004.
- Фитрат А. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. – Т.: Маънавият, 1998.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи // “Халқ сўзи”, 2017 йил 20 сентябрь.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегияси тўғрисида”ги 07.02.2017 йил. ПФ-4947-сонли Фармони. “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2017 йил 13 февраль, 6-сон, 70-модда.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 2018 йил, 28 декабрь // www.uza.uz.
- Эшонжонов Б. IX аср Мовароуннаҳр маданий ҳаётида Имом ал-Бухорийнинг мавқеи ва унинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асаридаги фиқҳий масалалар. – Т., 2001.