Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистонга тегишли тарихий кошинлар мамлакатимизга қайтарилади

Ўзбекистонга тегишли тарихий кошинлар мамлакатимизга қайтарилади

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида Британия музейи билан ҳамкорликда ноқонуний олиб ўтилган экспонатларни аниқлаш ва уларни қайтариш бўйича иш олиб бормоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Британия музейи директори доктор Хартвиг Фишернинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил давомида Британия музейи Ироқ, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга 2 минг 500 дан ортиқ буюмни қайтаришга ёрдам берган. Масалан, 2017 йил Британия музейи Бухородаги Чашмаи-Аюб мақбарасидан ўғирланган кошинларни аниқлаш ва муваффақиятли қайтаришда ёрдам берган. Ўзбекистон тергов органлари томонидан текширув ўтказилганидан сўнг ушбу ўғирликда иштирок этган шахслар жазога тортилган. Ҳозирда ушбу кошин Тошкентдаги Давлат санъат музейида сақланмоқда.

Афсуски, жорий йил январь ойида Лондондаги Хитроу аэропортида эпиграфик сирланган кошинлар партияси қўлга олингани ҳақида яна бир ҳолат қайд этилди. Қўшимча ҳужжатларда улар Шаржада 315 дирҳамга сотиб олингани ва сотиш учун мўлжаллангани билдирилган. Кошинлар Буюк Британия чегара хизмати вакиллари томонидан мусодара қилиниб, уларнинг ҳақиқий ёши, келиб чиққан мамлакатига аниқлик киритиш мақсадида Британия музейига мурожаат қилинган.

CОVID-19 карантин ҳолатига қарамай, Британия музейида дунёнинг етти мамлакати олимлари билан маслаҳатлашув кенгаши ташкил қилинди. Ўзаро кенгашдан сўнг кошинлар ХIII аср охири – ХIV аср ўрталарига оидлиги ҳамда Самарқанддаги Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасига тегишли бўлиши мумкинлиги аниқланди.

Тегишли илмий далиллар келтирилгач, кошинларни Буюк Британияга импорт қилувчилар эгалик ҳуқуқидан воз кечди. Тарихий асори-атиқалар Ўзбекистонга репатриация қилиш учун Британия музейига топширилди.

Мамлакатимиз маданият вазирлиги расмий мурожаат олгандан сўнг, олимлар ва мутахассислар билан биргаликда ушбу кошинларнинг келиб чиқишини ўрганишни бошлади, шу мақсадда ишчи гуруҳ ташкил этилди. Тадқиқотлар давомида кошинлар Самарқанд шаҳридаги Хўжа Аҳмад мақбараси (XIV асрнинг иккинчи ярми) ва номаълум мақбара (1360/61 йиллар) меъморий безакларига услубий яқинлиги аниқланди. Бироқ меъморий ёдгорликлардан безак парчаларининг кошинлар билан тўлиқ мос келиши ҳозирча ўрнатилмаган. Айни пайтда кошинларнинг қайси меъморий ёдгорликка тегишли эканини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Британия музейи раҳбарияти ва ходимларига амалга оширилган иш учун самимий миннатдорлик билдирди. «Биз Британия музейи ва Буюк Британиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан артефакт мерос объектларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича ўзаро ҳамкорлигимизни янада кучайтирамиз», – дейилади вазирлик матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Ўзаро келишувга биноан, ушбу кошинларни жорий йил декабрь ойида Британия музейида намойиш этиш режалаштирилмоқда. Яқинда Британия музейи ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ўртасида Ўзбекистондан ўғирланган ёки ноқонуний сотилган экспонатларни аниқлаш ҳамда улар юзасидан маслаҳат бериш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …