Марказий Осиё мутафаккирларининг психологияга доир фикрларини ўрганиш – уларнинг психология фани тараққиётига қўшган ҳиссаларини белгилайди, бугунги кунда долзарб бўлган психология фани муаммоларини ечишга хизмат қилади, фанда умуман ўрганилмаган баъзи жиҳатларни илмий муомала-муҳокамага киритишга имкон беради. Бугунги глобаллашиш замонида фалсафа, мантиқ, тарих, адабиётшунослик ва психология фанлари интеграциясини юзага келтиради.
Шарқ илк ўрта асрининг буюк олими, ўз даври илғор фалсафий фикрининг асосий тамойилларини ўз ижодида акс эттирган мутафаккир Абу Наср Форобийдир. Биз Форобий дунёқарашида ўз даврининг маънавий интилишлари, ижтимоий-фалсафий тараққиётининг ютуқлари ёрқин ифодаланганини кўрамиз.
Форобийнинг ҳаёт йўли ҳақида аниқ бир маълумот йўқ. Унинг ҳаёти ҳақида қадимги мусулмон муаллифлари китобларида баъзи бир маълумотларгина сақланиб қолган, холос. Бу маълумотлар ҳам қисқа бўлиб, кўп ҳолларда бир-бирига зиддир.
Бошқа тарихий шахслар каби Форобий тўғрисида ҳам турли тарихий манбаларда афсонадан иборат маълумотлар кўплаб учрайди. Шарқшунос олим Е.Э. Бертельснинг таъбирича, ана шу маълумотлар туфайли бу мутафаккирнинг ҳам «афсонавий биографияси» вужудга келган.
Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ ибн Тархон Форобий 872-873 йилларда Арис суви Сирдарёга қуйиладиган ердаги Фороб деган жойда туғилган. Форобий яшаган ва ижод этган даврда Марказий Осиё узоқ давом этган босқинчилик урушларидан кейин арабларга бўйсундирилган ва халифалик таркибига кирган эди. Араб халифалигининг йирик маданий маркази Бағдод бўлиб, бу ерда босиб олинган мамлакатлардан моддий бойликлар олиб келинар эди. Бағдод, Тигр ва Евфрат ҳавзасидаги шаҳарлар, жумладан, Басра ва Харон араб тилидаги маданиятнинг табиий-илмий тафаккур ҳамда ижтимоий-фалсафий таълимотлар ривожланишининг марказларидан бўлиб қолди. Бу ерларда халифаликнинг турли томонларидан илмга ташна кишилар келар эдилар. Форобий ҳам ўз маълумотини ошириш учун Бағдодга қараб йўл олди.
Форобийнинг фалсафа тарихига бағишланган кичик бир рисоласида Юханна ибн Хайлон (Жилон) ва Абу Матта қадимги грек фалсафасини яхши билган кишилар сифатида тилга олинади [3: 6].
Юханна ибн Хайлон Форобийга Аристотелнинг «Иккинчи аналитика» китобидан (ўша даврда фалсафанинг бунга ўхшаш масалаларини ўрганиш тақиқланган эди), Абу Башар Матта эса унга борлиқнинг шакллари ҳақидаги таълимотдан дарс берган.
Илмларни ўрганиш жараёнида Форобий грек донишмандлигига, айниқса ўтмишнинг буюк мутафаккири Арис-тотелнинг асарларига жуда қизиқиб қолади. Ўша даврда Аристотелнинг асосан сурия тилидан (унинг асарлари Сурия тилига анча илгари, VI-VII асрлардаёқ таржима қилинган эди) таржима қилинган асарлари жуда кўп эди. Ривоятларга кўра, у Аристотелнинг «Руҳ ҳақида»ги китобини юз марта, «Табиий гармония»сини икки юз марта ўқиган [3: 7].
Форобий ўз ватани Туркистонда бўлганида сомоний Мансур ибн Нуҳнинг илтимосига биноан ўзининг «Ат-таълим ас-соний» («Иккинчи таълим») китобини ёзган. Форобийнинг «муаллим ас-соний» яъни (Аристотелдан кейин) «иккинчи муаллим» лақаби ана шу воқеа билан боғлиқдир, деб айтилади. Айтилишича, «Ат-таълим ас-соний» китоби Исфахондаги «Сувон ул-ҳикма» кутубхонасида сақланган бўлиб, Ибн Сино бу китобдан фалсафа муаммоларини ўрганган.
Форобийнинг «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари» асари айниқса диққатга сазовор. Давлат тўғрисидаги антик рисолаларнинг таъсирида вужудга келган бу трактат, ниҳоятда оригиналдир ҳамда бир қатор муҳим масалаларга, давлатнинг келиб чиқиши ҳақидаги, ижтимоий тенгсизлик сабаблари ва бошқа масалаларга жавоб беришга интилади.
Форобийнинг методи Розийнинг индуктив-экспериментал натурфилософик методидан фарқ қилиб, Т. Буур уни дедуктив-рационалистик метод сифатида характерлайди, шу асосда ўрта аср Шарқи икки машҳур мутафаккири қарашларининг мазмуни, умумий йўналишидаги қарама-қарши томонларни таъкидлашга интилади [4].
Форобий Аристотелнинг деярли барча асарларига, Александр Афродизийскийнинг «Жон ҳақида» асарига шарҳлар ёзган.
Форобий шахс тараққиёти омилларидан бири сифатида тарбия ва илмни кўрсатади. Унинг фикрича, инсон яхши тарбия кўрмаган ва турмушда тажриба орттирмаган бўлса, у кўп нарсаларни назарга илмайди ва улардан жирканади. Бундай нарсалар – унга ноўрин бўлиб кўринган нарсалар, зарурий бўлиб чиқади.
Ҳар кимки, илм-ҳикматни деса, уни ёшлигидан бошласин, соғ-саломатлиги яхши бўлсин, яхши ахлоқ-одобли бўлсин, сўзининг уддасидан чиқсин, ёмон ишлардан сақланадиган бўлсин, хиёнат, макр ва хийладан узоқ бўлсин, диёнатли бўлсин, барча қонун ва қоидаларни билсин, билимдон ва нотиқ бўлсин, илмли ва доно кишиларни ҳурмат қилсин, илм ва аҳли илмдан мол-дунёсини аямасин, барча реал, моддий нарсалар тўғрисида билимга эга бўлсин.
Форобий шахс ахлоқий сифатларига қуйидагиларни киритади:
Ўзида ўн икки туғма хислатни бирлаштирган кишигина ахлоқли одам бўла олади.
Биринчидан, бундай одамнинг барча органлари шу даражада мукаммал тараққий этган бўлиши зурурки, у бу органлари билан бажармоқчи бўлган барча ишларни осонлик билан амалга ошира олсин.
Иккинчидан, барча масалани муҳокама ва мулоҳазани тез ва тўғри тушуна оладиган, сўзловчининг мақсади ва айтилган фикрининг чинлигини тезда пайқай оладиган бўлсин.
Учинчидан, хотираси жуда бақувват бўлсин, кўрган, эшитган, сезган нарсаларининг бирортасини ҳам эсидан чиқармай, ёдида сақлаб қоладиган бўлсин.
Тўртинчидан, зеҳни шу даражада тез ва ўткир бўлсинки, бирор нарсанинг аломатини сезиши билан, бу аломат нимани билдиришини тез билиб олсин.
Бешинчидан, сўзлари аниқ бўлсин, фикрини ва айтмоқчи бўлган мулоҳазаларини равон ва равшан баён эта олсин.
Олтинчидан, билиш ва ўқишга муҳаббати бўлсин, ўрганмоқчи бўлган билимини чарчашни сезмасдан осон ўзлаштира олсин.
Еттинчидан, овқатланишда, ичимлик истеъмол этишда очкўз бўлмасин, табиати қимор ўйинларини ўйнашдан узоқ бўлсин ва улар келтирадиган хурсандликдан жирканадиган бўлсин.
Саккизинчидан, ҳақиқатни ва ҳақиқат тарафдорларини севадиган бўлсин, ёлғон ва ёлғончиларга нафрат билан қарайдиган бўлсин.
Тўққизинчидан, руҳи ғурурлари ва ўз виждонини қадрлайдиган бўлсин, унинг руҳи ўз табиати билан паст ишлардан юқори ва олийжаноб ишларга ишлатиладиган бўлсин.
Ўнинчидан, дирҳам, динор ва шу каби турмуш буюмларига жирканиш билан қарасин.
Ўн биринчидан, ўз табиати билан адолатни севадиган ва адолат учун курашувчиларга, адолатсизликка, жабр-зулм ўтказувчиларга нафрат билан қарайдиган бўлсин, ўз одамлари ва бошқаларга адолатли бўлсин, гўзал ва яхши ҳисобланган нарсаларни барчага тақдим этган ҳолда, одамларни адолатга тарғиб этадиган, адолатсизлик натижаларини йўқотадиган, уларга йўл қўймайдиган бўлсин.
Ўн иккинчидан, адолатли бўлсин, аммо қайсар бўлмасин, адолат олдида қайсарлик қилиб, ўзбилармонликка берилмасин, лекин ҳар қандай адолатсизлик, пасткашлик олдида қатъий сўзли бўлсин, ўзи зарур деб билган нарсасини амалга оширишда қатъийлик кўрсатсин, қўрқмас, жасур бўлсин, қўрқиш ва ожизликни билмасин.
Ҳақиқий бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам қилувчи кишиларни бирлаштирган шаҳар – фазилатли шаҳардир, бахтга эришиш мақсадида бирлашган кишилар жамоаси – фазилатли жамоадир.
Бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган халқ – фазилатли халқдир. Шу тартибда барча халқлар бахтга эришиш учун бир-бирларига ёрдам берсалар, бутун ер юзи фазилатли бўлади.
Юқорида айтилганлардан кўриниб турибдики, Форобийнинг шахс хулқ-атворини ташкил этувчи хусусиятларга доир фикрлари замонавий психологиянинг шу мавзудаги тушунчаларига мос тушади ва улар бугунги кунда ҳам долзарбдир. Бу фикрлардан ҳозирги замон фуқаролик жамияти, бошқарув, билиш фаолиятига тегишли хулосаларни олиш мумкин.
Форобийнинг қуйидаги фикрларида эса нафақат Шарқ мутафаккирларига хос маънавий-маърифий жиҳатга юксак эътибор, балки инсоннинг билиш жараёнларига доир назарий муаммолар кўрсатилган. Афсуски, ўша давр шарт-шароити ва илмий тараққиёти даражасининг ўзига хослиги, техник тараққиёт мавжуд бўлмаганлиги туфайли бу муаммолар экспериментал эмас, фақат назарий ўрганилган.
Одамзод ибтидосидан бўлмиш қувватлар, масалан, сўзлаш қуввати, танлаб олиш, хаёл қуввати, сезиш қувватларидир. (Форобий бўйича – «қувват» тушунчаси замонавий психологияда психик жараён тушунчасига тўғри келмоқда – С.М.). Булардан сўзлаш қуввати шундай қувватки, унинг ёрдамида инсон билим ва ҳунар эгаллайди, унинг ёрдамида хулқ-атворидаги хунук ва гўзал ҳаракатларни ажрата билади ва бажарилиши зарур бўлган-бўлмаган ишларни адо этади, шу билан бирга зарарли ёки фойдали нарсани, лаззатли ва аччиқ нарсаларни фаҳмлайди.
Танлаб олиш хосиятига келсак, унинг ёрдамида инсон бирор нарсани истайди ёки ундан қочади, унга берилади ёки ундан жирканади, ундан таъсирланади ёки ундан тортинади. Бунинг натижасида нафрат ва муҳаббат, дўстлик ва душманлик, қўрқинч ва қўрқмаслик, ғазаб ва розилик, шаҳват ва миннатдорлик каби ҳис-туйғуга оид ҳолатлар пайдо бўлади.
Ҳис этиш хусусиятларининг фаолияти беш хилдир (кўриш, эшитиш, ҳид сезиш, таъм-маза билиш ва тери сезгиси. Таъм билиш сезгиси билан инсон ширин ва аччиқни бир-биридан ажратади, аммо гўзаллик билан хунукни, зарар билан фойдани ажрата олмайди.
Форобий шахснинг индивидуал-психологик хусусиятларини ҳам назардан четда қолдирмайди. «Кишилар жисмоний ва туғма қобилият, куч-қувватда бир-бирларидан ортиқ-кам бўладилар» – деб ёзади олим.
Шахсда ижодий тафаккур ривожланган бўлиши лозимлиги бугунги давр талабидир. Форобий ҳам бу масалага эътибор бериб, «… уларнинг баъзи бирларида кашф, ихтиро қуввати бўлмайди, баъзиларида эса бу қувват камроқ бўлади» – деб таъкидлайди.
Форобийнинг социал психология фани учун зарурий манба ҳисобланувчи қуйидаги асари ва фикрлари орадан кўп асрлар ўтган бўлишига қарамасдан ўз аҳамиятини йўқотмаган. 37 мустақил бобдан иборат «Китоб аро аҳл ал-мадания ал-фозила» («Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари») номли фундаментал асарда шундай фикрлар бор.
Маданий жамият ва маданий шаҳар (ёки мамлакат) шундай бўладики, шу мамлакатнинг аҳолисидан бўлган ҳар бир одам касб-ҳунарда озод, ҳамма баб-баравар бўлади, кишилар ўртасида фарқ бўлмайди, ҳар ким ўзи истаган ёки танлаган касб-ҳунар билан шуғулланади. Одамлар чин маъноси билан озод бўладилар. Бири иккинчисига хўжайин бўлмайди. Одамларнинг тинчлик ва эркинликларига халақит берувчи султон (яъни подшоҳ) бўлмайди. Улар орасида турли яхши одатлар, завқ-лаззат пайдо бўлади.
Уларнинг ўзларидан сайланган раҳбар ёки бошлиқлар, ҳокими мутлақ бўлмайди. Улар одамлар ичидан кўтарилган, синалган, энг олийжаноб, раҳбарликка лойиқ кишилар бўладилар. Шунинг учун бундай раҳбарлар ўз сайловчиларини тўла озодликка чиқарадилар, уларни ташқи душмандан мудофаа қиладилар. Бундай раҳбарлар ҳаммага баробар муносабатда бўладилар, ҳатто ҳамманинг манфаатини ўзларининг манфаатларидан ортиқ кўрадилар, умумнинг манфаати учун ўзларининг шахсий манфаатларидан кечадилар, халқ манфаати учун ўзларидаги куч-қувват ва бойликларини аямайдилар.
Форобий фикрини давом эттирар экан, ижтимоий ҳаётдаги салбий ҳолатларни таҳлил қилиб беради:
Аммо баъзи шаҳар (ёки мамлакат) лар бўладики, уларда бутун халқнинг фикри-зикри, ақл-идроки бойлик тўплаш, мол-дунё орттиришга қаратилган бўлади. Улардан чиққан раҳбарлар ҳам раҳбарликни мол-дунёни кўпайтиришда деб биладилар. Шунинг учун ҳам улар эрта-кеч мол-дунё тўплаш ҳаракатида бўладилар. Бундай раҳбарларнинг қўл остида ишлаган шаҳар халқларида турли бузуқ одатлар, шаҳвоний нафс, бир-бирини кўролмаслик, низо-жанжаллар пайдо бўлади. Ана шундай шаҳар халқларидан хислатлари, майллари турлича бўлган авлод туғилади.
Шу ерда замонавий психология фанида учрамайдиган янги фикрга дуч келамиз. Туғилажак авлод характер хусусиятларини ота-онасининг ирсий-наслий манбалари орқали ёки ўз ҳаёти давомида жамият таъсири остида орттирмайди, балки халқнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-руҳий ҳолати ҳали туғилмаган бола хусусиятларига ҳам сингади.
Шахснинг касбий хусусиятлари ҳам Форобий эътиборидан четда қолмаган. Олим бир нечта касбларга хос хулқ-атвор ва малакаларга характеристика беради. Унинг бир трактати орқали тиббиёт психологиясига доир қуйидаги профессиограмма етиб келган.
Табиблик касбининг объекти – инсон тани ва унинг аъзосидир. Унинг мақсади шу аъзолар учун керакли бўлган соғломликни ҳосил қилиш ва уларни касал бўлишдан сақлашдир.
Табиблик учун зарур бўлган асосий фаолият – киши соғ экан, унинг соғлигини давом эттириш, агар у касал бўлса, соғлигини тиклашдир. Бу – асбоб ва воситаларсиз мумкин эмас. Табиблар томонидан соғлиқ, касалликнинг турлари аниқланади ва шу касалликларнинг ҳар бири учун дори-дармон топилади.
Табиблик ҳунари етти турли билимни ўз ичига олади:
– Инсон аъзоларини айрим-айрим ўрганиш;
– Саломатлик ҳолати ва турларини, уларнинг таъсирланиши, ўзгаришини билиш;
– Турли касалликларнинг сабаблари ва улар билан боғлиқ бўлган тасодифий ҳодисаларни ўрганиш;
– Саломатлик ва касалликнинг белгилари, сабаблари, далиллари ҳам бутун баданда, айрим аъзода кўринадиган касаллик аломатларини билиш ва ўрганиш;
– Содда ва мураккаб дориларни билиш ва табиблик ҳунарида ишлатиладиган асбобларни ўрганиш ва ишлата олиш;
– Соғлом баданда саломатликни сақлаш учун зарур бўлган қонун-қоида, ҳаракатларни ўрганиш ва билиш;
– Баданда соғлик-саломатликни тиклаш учун зарур бўлган қонун-қоида ва шу ҳаракатларни билиш.
Абу Наср Форобий бизга жуда бой ва ранг-баранг илмий мерос қолдирган. У яратган асарларнинг умумий сони ва ҳажмини аниқлаш қийин. Муаллифларнинг маълумотларига қараганда, Форобий асарларининг сони жуда кўп. Бу соҳада турк олими Аҳмад Оташнинг Форобий трактатлари бўйича библиографияси диққатга сазовордир. А. Оташ Форобийнинг 160 та асари номини келтиради. Форобий рисолаларини аввало икки гуруҳга ажратиш лозим:
- Қадимги грек файласуфлари ва табиатшуносларининг илмий меросларини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган рисолалар.
- Ўрта аср фанининг турли соҳаларига, турли муаммоларига, уларни мустақил равишда ишлаб чиқишга бағишланган рисолалар.
Психология фанининг илмий муаммоларига доир маълумотлар юқорида кўрсатилган икки гуруҳга кирувчи рисолаларда ҳам бор. Уларни таҳлил қилиш давомида қуйидаги хулосалар юзага келди:
– Форобий психологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган фикрларини фалсафий рисолаларидаги баъзи бўлимларда ва алоҳида илмий асарларида ёритган.
– Форобийнинг фикрлари мавҳум тарздаги руҳ ҳақида эмас, Балки амалий ҳаёт билан боғлиқ, инсонга доир илмий хулосаларни ўзига акс эттиради.
– олим фикр юритган ижтимоий-психологик хусусиятлар борасидаги илмий муаммолар замонавий психологиянинг долзарб муаммоларига айнан ўхшашдир.
– Абу Наср Форобий яратган психологик асарлар Шарқда, хусусан, Марказий Осиёда психология фани тарихи узоқ ўтмишга ва бақувват асосга эга эканлигини исботлайди.
Абу Наср Форобийнинг психология фани тарихига қўшган ҳиссасини изчил, кенг монографик планда ўрганиш ва юзага чиқариш мақсадга мувофиқдир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абдураҳмонов Ф. Қадимги Шарқ мамлакатларида психологик фикрлар тараққиёти. – Т.: Ўқитувчи, 1995.
- Хайруллаев М.М. Ўрта Осиёда илк уйғониш даври маданияти. – Т.: Фан, 1994.
- Хайруллаев М. Форобий. – Т.: Ўзбекистон, 1991.
- Т. Буур. Исломда фалсафа тарихи (инглизча). Лондон, 1903.
- Қаюмов А. Абу Райҳон Беруний. Абу Али ибн Сино. – Т.: Ёш гвардия. 1987.
- Ғозиев Э. Тафаккур психологияси. – Т., 2001.