Ўзбекистон илмий-тадқиқот марказлари вакиллари ҳамда Буюк Британиядаги Ибн Сино ва Мотуридий номидаги коллежлар директори ва асосчиси шайх Отабек Шукуров иштирокида онлайн веб-семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
2017 йилда Манчестер шаҳрида ташкил этилган Ибн Сино ва Мотуридий номидаги коллежлар ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги ва анъанавий тиббиёт соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган нотижорат ташкилотлардир. Шунингдек, коллеж мутахассислари дин тарихи, қадимги қўлёзмаларни ўрганиш, муқаддас ёзувларни таҳлил қилиш, фиқҳ ва ислом молияси йўналишларида тадқиқотлар олиб боради. Ибн Сино номидаги коллежда Абу Райҳон Беруний номидаги лаборатория ҳам фаолият юритади. Унда мутахассислар Ибн Сино илмий мероси асосида янги дори-дармонлар яратиш устида иш олиб боради.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, таниқли экспертлар ва диншунос олимлар иштирок этди.
Томонлар Ўзбекистон илмий-тадқиқот марказлари ва институтлари ҳамда Ибн Сино ва Мотуридий номидаги коллежлар ўртасида ислом дини ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий, шунингдек, Маворауннаҳрда яшаб ўтган бошқа буюк алломаларнинг илмий, диний ва маънавий меросини ўрганиш бўйича қўшма илмий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистонлик мутахассислар мамлакатимизда Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш, шунингдек, унинг эътиқодни мустаҳкамлаш, миллий ва диний қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга қўшган беқиёс ҳиссасини кенг тарғиб қилиш ва шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, йигит-қизларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Ўз навбатида, Ибн Сино ва Мотуридий номидаги коллежларнинг директори ва асосчиси ўзи раҳбарлик қилаётган таълим муассасалари фаолияти, шунингдек, улар негизида Буюк Британияда буюк ўзбек олими ва астрономи Мирзо Улуғбек номидаги янги университет ташкил қилишни режалаштираётгани ҳақида сўзлаб берди.
Янги университет таркибида Марказий Осиёда ўрта асрларда яшаб ва фаолият юритган Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Мотуридий, Муҳаммад Хоразмий, Мирзо Улуғбек, бошқа таниқли олимлар ва мутафаккирларининг илмий, диний ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда халқаро кўламда тарғиб қилишга ихтисослашган факультетлар ҳамда коллежларни очиш назарда тутилган.
Отабек Шукуров бўлажак университет илоҳиёт ва анъанавий тиббиёт бўйича бакалавр даражасини олиш учун грант ва шартнома асосида чет элдан талабаларни қабул қилишини таъкидлади. Ўзбекистоннинг ихтисослашган олий таълим муассасалари талабалари ҳам ушбу ўқув дастурларида қатнашиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, ушбу университетда инглиз тилида сўзлашадиган ўзбекистонлик диншунос олимлар ҳам дарс бериши мумкин. Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада, Туркия ва Марокконинг етакчи олий ўқув юртларида лекциялар ўқийдиган олим Ўзбекистоннинг диний таълим муассасаларининг талабалари ва ўқитувчилари ҳузурида ҳам илмий чиқишлар қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Веб-семинар доирасида ўзаро илмий алоқаларни ривожлантириш, хусусан, Имом Мотуридий асарларининг инсонпарварлик моҳияти ва маънавий-маърифий аҳамиятини ўрганиш мақсадида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг мазмун-моҳиятини оддий ва таъсирчан воситаларда кенг жамоатчилик эътиборига етказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Марказий Осиё буюк мутафаккирларининг Ўзбекистон ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондлари ҳамда шахсий коллекцияларда сақланаётган қўлёзмаларини излаб топиш, тўплаш ва ўрганиш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.