Фан жамиятнинг ижтимоий инфраструктурасини ташкил қилади. Бундай структуранинг асосий функцияси илмий ва технологик қадриятлар яратишдир. Назария, таълимот, ғоя кўринишига эга бўлган илмий қадриятларни яратадиган субъект-тадқиқотчи ва илмий жамоадир. Тадқиқотчилар жамоаси фаолиятини йўналтирадиган, олдин ишлаб чиқилган ва кейинги изланиш натижаларини солиштириш имкониятини берадиган тузилма тадқиқот парадигмаси ёки илмий тадқиқот дастуридир. Ҳар иккала тузилма илмий изланишни амалга оширишда асос ҳисобланиб, моҳиятан, фан ва илмий изланиш бирлигини ташкил қилади. Илмий тадқиқот дастури фан парадигмаси асосида ҳосил бўлади. Демак, маълум даражада, шаклланган илмий йўналиш муаммолари белгиланган вақтда ишлаб чиқилади.
Фан парадигмасининг вужудга келиши ва шаклланишида вазият бошқача бўлиб, бирор-бир соҳада илмий тадқиқот дастури шаклланмаса ҳам, эмпирик тадқиқот ёки назарий таҳлил фаолияти амалга оширилади, тушунтирилмаган фактлар, илмий муаммолар пайдо бўлиб туради, гипотезалар олға сурилади. Мазкур эпистемологик вазиятни олдпарадигмал ҳолат деб белгилаш мумкин. Виртуаллик феноменини ўрганиш мана шу ҳолатдан бошланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”даги Фармони (07.02.2017) 2.2 бандининг “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштиришга оид [12], давлат сиёсати ҳам бевосита виртуалистикани кенгроқ тадқиқ қилишга қаратилган. Инсоният азал-азалдан виртуал ҳодисаларга дуч келган, улар билиш ва амалий фаолиятда у ёки бу даражада англанган. Аммо фақат ХХ асрнинг 2-ярмида виртуаллик моҳияти, унга оид хоссалар, қонуниятлар илмий-амалий ва технологик тадқиқотлар предметига айланди. Шу давргача фалсафа ва фанда виртуаллик феноменини ўрганишда борлиқни билиш муаммоси билан эпистемологик нисбатда бўлган, виртуаллик тушунчаси билан турдош бўлган имконият тушунчаси хусусида мулоҳазалар юритилган.
Борлиқ ва билишда виртуаллик намоён бўлишининг бир кўриниши имкониятдир. “Имконият ва виртуаллик тушунчалари, – деб ёзади тадқиқотчи Ҳ. Муҳаммадиев, – маъно ва мазмунан бир-бирига яқин тушунчалар ҳисобланади ҳамда бир-бири билан ўзаро муносабатда бўлади. Бу икки тушунча ўртасидаги муносабат, аввало, қисман мослик муносабатида эканлигини таъкидлаб ўтмоқ лозим. Улар ўртасидаги қисман мослик муносабати қуйидагиларда кўринади: биринчидан, виртуаллик маълум бир маънода имкониятдаги воқелик ҳисобланади, чунки виртуал реаллик ҳали тўла вужудга келмаган воқеа, тўла яратилмаган борлиқдир; иккинчидан, бу икки тушунча ўз моҳиятини воқелик категорияси орқали намоён этади. Шу билан бирга, имконият ҳам виртуаллик сингари потенциал ҳолатда мавжуд бўлади” [8: 88-89].
“Имконият” категорияси, унинг мазмунида акс этган хислат, белги ва томонлар классик фалсафанинг тадқиқот предмети доирасига кирган. Эпистемологик тадқиқотларда эса виртуаллик (имконият) оламини билиш учун зарур бўлган концептуал ва категориал жиҳатлар ишлаб чиқилган. Демак, виртуаллик муаммоси рефлексиясини амалга ошириш, айни пайтда, муаммо эпистемологиясига доир қарашлар ва ёндашувларнинг шаклланиши параллел (ёнма-ён) жараён бўлиши билан бирга, улар ўртасида коэволюцион мутаносиблик ҳам мавжуд бўлган. Бошқача қилиб айтганда, борлиқ ва тафаккурнинг атрибути бўлган виртуаллик феноменини тадқиқ қилиш эмпирик ва назарий билиш шакллари ва воситаларининг вужудга келишига, уларни эпистемологик, мантиқ ва методологик жиҳатдан такомиллаштириб боришга боғлиқлигини таъкидлаш лозим.
Борлиқ ва билиш, хусусан, уларнинг намоён бўлиш шакллари, томонлари ва турлари ҳақидаги дастлабки ғоялар Қадимги Юнонистон фалсафасига хосдир. Виртуаллик муаммосини ечиш учун назарий замин бўлган диалектик тафаккур тарзи Гераклит номи билан боғлиқдир. Диалектик тафаккур доирасидагина воқелик тадрижий ривожланади, туғилади, бир сифатдан иккинчи сифатга ўтади, унинг шароитлари ва имкониятлари ҳақидаги тасаввурларни ишлаб чиқиш мумкин. Бу ўринда Гераклитнинг тилга олинганлиги сабаби шундаки, мазкур мутафаккир виртуаллик феномени маъносига турдош мазмунни сақлайдиган, бўлажак воқелик куртагини ўзида мужассамлантирган “уруғ” тушунчасини фалсафий рефлексия доирасига киритди. Гераклитнинг фикрича, умумий моҳият бўлган, борлиқнинг яратувчи кучини (негизини) ташкил қилган оловдан сув (денгиз) пайдо бўлиб, у “оламни ҳосил қиладиган уруғ”га айланади. Бу уруғдан ер ва осмон ҳамда уларнинг оралиғидаги маконда турли хил нарсалар вужудга келади [11: 134]. Шундай қилиб, фалсафий тафаккур доирасига маълум маънода потенциал ҳолатни ифодалайдиган ва ўзида виртуал хислатни сақлайдиган “оламий уруғ” тушунчаси киритилди. Бу ерда умумий моҳиятдан якка, алоҳида воқеликка диалектик тарзда ўтиш ҳақидаги тасаввурлар тизимида “уруғ” тушунчаси эпистемологик боғловчи бўғин ролини ўйнайди.
Гераклит таълимотида виртуаллик ғояси бевосита ифодаланмаган бўлсада, аммо унинг эпистемологиясида умумийлик ва яккалик тушунчалари ўртасида диалектик алоқадорлик борлигини англаш мазкур ғояни имплицит (билвосита) равишда келтириб чиқариш имкониятини беради.
Аристотель (Арасту)нинг фалсафасида виртуаллик борлиғига оид фундаментал ғоялар янада ривожлантирилди. Мутафаккирнинг ижодида фалсафий изланиш предмети ва муаммолар доираси кенгайди, “биринчи фалсафа” ва “махсус (жузъий нарса ва хоссаларни тадқиқ қиладиган, фалсафага бўйсинадиган бошқа) фанлар” тушунчалари ишлаб чиқилди, “имконият” тушунчаси, унинг онтологияси ва эпистемологиясида марказий тушунчалар қаторидан ўрин олди.
Аристотель фалсафасига кўра, борлиқ ва тафаккур (оламни билиш) бир хил қонуниятга бўйсунади: нимаки бўлмасин, унга нисбатан ҳам мавжуд бўлиш, ҳам мавжуд бўлмаслик мумкин эмас. Қонуният амал қилиши негизида 4 та асос ётади: моҳият, шакл, материя, сабабий мақсад. Бу асосларни ҳаракатга келтирадиган хислат сабабий мақсад бўлса, ўз навбатида, сабабий мақсадни юзага чиқарадиган омил имкониятнинг воқеликка айланишидир. Шундай қилиб, мутафаккирнинг таълимотида имконият борлиқнинг рукнларидан бирини ифодалайдиган категорияга айланди.
Борлиқда содир бўладиган барча ўзгаришларнинг манбаи материядир. Материя борлиқ ва йўқлик чегарасида мавжуд экан, у ўзида имкониятни, потенцияни сақлайди. Материянинг потенциаллиги нимада намоён бўлади? Аристотел (Арасту)нинг онтологик ғоясига кўра материя табиатан фаол эмас, ўз-ўзича бирорта нарсани яратмайди, лекин усиз ҳам борлиқда ҳеч нарса вужудга келмайди. Демак, борлиқда мавжуд бўлган чексиз хислатлардан бири бўлган потенциаллик, хусусан, виртуаллик материяда мужассамланган. Аристотел (Арасту)нинг ғоясини виртуалистика фани тили билан айтадиган бўлсак, материя борлиқдаги нарсаларнинг виртуал асосидир.
Материя ҳаракатидан келиб чиққан таъсирни қабул қилиш қобилияти, яъни виртуал хислат шаклнинг фаоллиги боис воқеликка айланади. Ҳаракат нима? Ҳаракат, мутафаккирнинг фикрича, имкониятнинг воқеликка айланишини амалга оширишдир [2: 289]. Аристотель амалга оширилишни “энтелехия” атамаси билан ифодалайди. Энтелехия мақсадга йўналтирилган жараёндир. Айнан шакл жараённинг йўналишини белгилайди.
Аристотел (Арасту)нинг билиш ҳақидаги таълимотида виртуал (имконият) муаммоси ақл ва унинг турлари масалалари доирасида кўриб чиқилади. Мутафаккир ақлнинг икки турини фарқлайди. Биринчиси, фаол, яратувчи ақл, унда шаклларнинг шакли мужассамланган. Иккинчиси эса, фаол бўлмаган таъсирларни қабул қиладиган инсон ақлидир. Аристотелнинг эпистемологик ғоясига кўра, инсонниг ақлида умумийликни билиш имконияти қобилият сифатида мавжуддир. Ташқи таъсирлар, ҳиссий билиш ва тасаввурлар руҳиятдаги виртуал ҳолатда бўлган шаклларни фаоллаштиради, потенциал ҳолатда бўлган билиш қобилияти фаол ҳосил бўлган билим ҳолатига ўтади, онгда нарсалар, уларнинг моҳияти тўғрисида тушунчалар вужудга келади. Инсон руҳиятида мавжуд бўлган идеал шакллар орқали нарсалардаги материя ва шакл бирлигини мушоҳада қилади, уларнинг моҳиятини ўрганади, ақлнинг асослаш ва исботлаш қобилиятини Виртуаллик” атамаси эпистемологик келиб чиқиши жиҳатидан лотинча “virtus” cўзига бориб тақалади. Қадимги римликлар тили ва маънавияти жабҳасида бу сўз кўп маъно ва мазмунда ишлатилган. Тадқиқотчилар “virtus” атамасининг қуйидаги маъноларини қайд қиладилар: ахлоқий қадрият, яхшилик, эзгулик, хаёлий, жасорат, потенциаллик, нореаллик ва бошқалар. Мутафаккирлар Цицерон ва Сенека бу атамани “эзгулик” маъносида ишлатишган [9: 81].
Лотин тилига асосланган Ғарб ўрта аср ва Ренессанс маънавиятида “virtus” атамаси олдин мавжуд бўлган маъноларни сақлаган ҳолда [6: 48], фалсафа ва фан намояндалари (Августин, Ф. Аквинский, Н. Кузанский, Н. Орем ва бошқалар) томонидан “қобилият”, “ички куч”, “потенция”, “қудрат” каби маъноларда ҳам фойдаланилган. Шу даврдан бошлаб ҳозиргача “виртуаллик” тушунчаси потенция, куртак, имконият, нореал олам, оралиқ ҳолат, қобилият ва шунга ўхшаш синоним маъноларда қўлланилмоқда [7: 64-65].
Қадимги Юнонистонда назарий тафаккур даражасига кўтарилган ва “имконият” категорияси билан ифодаланган дастлабки виртуалистик ғоялар мусулмон Шарқида ҳам назардан четда қолган эмас. Буюк алломалар Киндий, Форобий, Ибн Синолар сабаб ва оқибатнинг олдинги ҳолати маъносини билдирган имконият ва потенциаллик тушунчаларидан онтологик ва эпистемологик масалаларни ҳал қилишда кенг фойдаланиб, ўз даврлари илми ва амалиёти нуқтаи назаридан бу тушунчаларнинг янги маъно-мазмунини очиб берганлар.
Абу Наср Форобий “имконият” категориясидан борлиқ ва билишнинг туб моҳиятини талқин қилишда кенг фойдаланди. Мутафаккир “имкониятдаги ақл”, “имкониятдаги руҳият”, “актуал ва потенциал муносабатдошлар” тушунчаларини изоҳлаб берди. Унинг фикрича, имкониятдаги ақл, фаол ақлдан таъсирланиб, борлиқдаги нарсаларнинг моҳиятини англайди. Бу потенциал ақл мушоҳада қилиш кучи орқали предметлардаги моҳият ва шаклларни фикрда ажратиб олади. Шу жараёндан кейин потенциал ақл воқеий (актуал) ақлга айланади [1: 24].
Форобий фалсафасига кўра, материя шакл орқали чексиз кўриниш ва турларда намоён бўлади. Шакл туфайли потенциал материя актуал нарса ёки предметга айланади. Шакл ва материя ўртасидаги чексиз ўзгаришларни билиш жараёнида инсон руҳиятида потенциал ақлдан бошқа ақлга – “эгаллаб олган” (“тасаввур ва тушунчаларни орттирган”) ақлга ўтиш содир бўлади. Унинг эпистемологиясида билиш ва англанилаётган предмет “актуал’ ва “потенциал” атамалари билан ифодаланади. Билиш керак бўлган предмет актуал мавжуддир. Предметни мушоҳада қилиш қобилияти потенциал ҳолатни билдириб, билиш жараёнида бу потециаллик воқеликка айланади [10: 191]. Шундай қилиб, Форобий фалсафасида имконият тушунчаси потенциал (виртуал) ҳолат мазмунини билдириш маъносида борлиқ ва билишнинг моҳиятли хислати сифатида талқин қилинади.
Буюк аллома Ибн Сино “имконият” тушунчасининг эпистемологик талқинини “белгиланиш” ва “ҳолат” тушунчалари ёрдамида амалга ошириб, муҳим фалсафий ғояни олға суради. Файласуфнинг фикрича, барча мавжуд нарсалар субстанция ёки акциденция сифатида намоён бўлади. Субстанциянинг мавжуд бўлиши моҳият билан белгиланади. Лекин имкониятнинг бор бўлиши субстанциянинг моҳияти билан эмас, балки нарсанинг у ёки бу тарзда мавжуд бўлиши билан белгиланади. Демак, аён бўладики, имконият махсус субстанция эмас, балки субстанциянинг ҳолатидир. Нарса ва материя имконият ҳолатида мавжуд бўлиши мумкин. Материя ҳар доим имкониятдаги нарса ёки предметдир, шу боис у олдин мавжуд бўлади [3: 132-133]. Ибн Сино фалсафасида виртуалликнинг материя акциденцияси сифатида талқин қилиниши натижасида имконият тушунчаси онтологик категория маъносига эга бўлади.
Н. Кузанский борлиқ ва билишнинг виртуаллик хислатини таҳлил қилар экан, Гераклит ишлатган “уруғ” тушунчасига эътиборини қаратиб, онтологик мазмунга эга бўлган қуйидаги фикрларни айтади: “… мен олдимда турган катта ва баланд ёнғоқ дарахтига қараяпман, унинг ибтидосини кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилаяпман. Мен кўзим билан унинг улкан ва ҳар томонга ёйилганини, шох, барг ва ёнғоқлар билан оғирлашиб қолганини кўраяпман. Ке-йин ақл бошқараётган кўзларим билан назар ташлаб билаяпманки, дарахт уруғ бўлганида ҳозирги кўринишда эмас, балки вир ҳолатда бўлган; мен уруғнинг хайратомуз кучига эътибор қаратаяпман… Кейин мен турли дарахтларда бўлган уруғларни кузатаман ва бу уруғларда барча тасаввур қилиш мумкин бўлган дарахтларнинг виртуал мавжуд бўлишини кўриб турибман… бу кучнинг ибтидоси сенсан (Яъни Худо). Дарахт, мен кўриб турибман, уруғ кучининг ёйилишидир, уруғ эса бир қудратли кучнинг ёйилишидир” [4: 46-47]. Демак, олам яратувчида ўралган моҳиятнинг ёйилишидир. Бундай ёйилиш жараёнида виртуал ҳолатда мавжуд бўлган кўпхиллик нарсаларнинг индивидуал хилма-хиллиги кўринишида воқеликка, реалликка айланади, деган хулосага келади Н. Кузанский.
Мутафаккир виртуаллик хусусида мулоҳаза юритар экан, бу тушунчани 2 хил мазмун билан бойитади: 1) вужудга келиш имконияти; 2) яратиш имконияти. Вақт жиҳатидан вужудга келиш имконияти олдинроқ мавжуд бўлган виртуалликдир. “Яратиш, – дейди Н. Кузанский, – олдин имкониятнинг вужудга келишига боғлиқдир, яъни яратиш имконияти имкониятнинг пайдо бўлишидан келиб чиқади” [5: 427]. Шундай қилиб, Н. Кузанский фалсафасида виртуаллик тушунчаси бир қатор янги эпистемологик маъноларга эга бўлади. Буни ўша давр фалсафа фанидаги катта ижодий ютуқ деб баҳолаш мумкин.
Шундай қилиб, билдирилган фикрлар асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
- Виртуал реаллик тушунчасига берилган асосий талқинлар, виртуаллик моҳиятини очишга қаратилган концепциялар ва ёндашувлар баён қилинди. Таҳлил шуни кўрсатадики, виртуалистиканинг бош категорияси ҳисобланган виртуал реаллик тушунчасининг умум қабул қилинган таърифи ёки тушунтириш модели ҳозирча йўқ. Бу соҳада изланишлар давом этмоқда.
- Ҳозирги пайтда виртуалистика парадигмаси асосида виртуалликни ўрганиш эмпирик, экспериментал ва назарий даражаларда олиб борилмоқда. Олинаётган натижаларнинг фалсафий рефлексияси ҳамда онтологик ва эпистемологик таҳлили долзарб муаммо бўлиб турибди.
- Амалга оширилаётган тадқиқотларнинг аҳамияти шундаки, тадқиқот объекти ҳақида аниқроқ тасаввур ҳосил қилиш, олдин ўрганилмаган объектга хос фактларни аниқлаш мумкин. Бу эса виртуал реаллик тушунчаси мазмунини янгилашга олиб келади, виртуалистик тадқиқот эпистемологиясида объект-субъект муаммоси рефлексиясини амалга оширишни фаоллаштиради.
- Янги илмий йўналишларнинг вужудга келиши, улардаги концептуал элементларнинг шаклланиши учун маълум олдпарадигмал ва парадигмал муҳит бўлиши керак. Виртуалистиканинг вужудга келиши учун зарур парадигмал муҳит ХХ асрнинг иккинчи чорагида пайдо бўлди.
- ХХ асрнинг иккинчи ярмида шаклланган постноклассик эпистемология таркибида виртуалликка доир ғояларни ривожлантиришга имконият берадиган ёндашувлар вужудга келди.
- Виртуалистиканинг гносеологик асоси бўлган виртуаллик эпистемологиясида янги йўналишнинг объекти, предмети ва методологик ёндашувлари хусусида фикрлар билдирилмоқда, бир-бирига муқобил бўлган концептуал ғоялар ишлаб чиқилмоқда.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Аль-Фараби. Рассуждения о значениях (слова) разум. Аль-Фараби. Философские трактаты. – Алмата, 1970.
- Аристотель. Метафизика Кн.11, гл.9, 30 // Аристотель. Соч. в 4-х томах. Т.1. – М., 1976.
- Ибн Сина. Книга знания. Ибн Сина. Избранные приозведения. – М.: Наука, 1980.
- Кузанский Н. О видении бога // Николай Кузанский. Соч. в 2-х томах. Т. 2. – М.: Мысль, 1980.
- Кузанский Н. Простец об уме // Николай Кузанский. Соч. в 2-х томах. Т.1. – М.: Мысл, 1980.
- Монтен. Опыты. Избранные главы. – М., 1991.
- Муҳаммадиев Ҳ.Ҳ. “Виртуаллик” тушунчасининг фалсафий-тарихий таҳлили. Илм-фан ва таълим-истиқлол пойдевори. Республика илмий-назарий семинар материаллари. – Самарқанд – Тошкент, 2013.
- Муҳаммадиев Ҳ.Ҳ. Виртуалистикада постноклассик ғоялар // Постноклассик фалсафа ва фанлар методологияси муаммолари. – Самарқанд: СамДУ нашри, 2011.
- Носов Н. А. Фома Аквинский и категория виртуальности // Виртуальная реальность.Философские и психологические проблемы. – М., 1997.
- Фараби. Комментарии к “Категориям” Аристотеля. Избранные произведения мыслителей стран Ближнего и Среднего Востока. – М., 1961.
- Чанышев А.Н. Курс лекций по древней философии. – М., 1981.
- Ўзбекистон Республикасининг Фармони. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида // расмий нашр // Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. – Т.: Адолат, 2017.