“Биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур. Дарҳақиқат, асрлар давомида ўз эътирофини топган ва диний-ахлоқий қадриятлар даражасига кўтарилган оилавий муносабатларда ҳалол яшаш, меҳнат қилиш, фарзанд тарбияси ижтимоий ҳаёт тарзини ривожлантириш манбаидир”, дея таъкидлайди Президентимиз Ш.М. Мирзиёев.
Инсоният тарихида Худони таниш, билиш, англаш, қабул қилиш, севиш ғоялари абадий бўлиб бу қоидалар одамзод учун олий диний қадрият ҳисобланган. “Қуръони карим” ва “ҳадиси шариф”ни ўрганиш ёшларнинг оилани мустаҳкам бўлишига қаратилган психологик, педагогик, ҳуқуқ ва диний билимларини бойитишга хизмат қилади. Айниқса, Ислом қадриятлари ёшларга оилавий ҳаётда учрайдиган муаммолар ҳақида тушунча бериш ва уларни оила учун асоратларсиз бартараф этиш йўлларини кўрсатиб беради.
Марказий Осиёда яшаб ижод этган тасаввуф намояндалари Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро, Имом Бухорий, Имом Термизий ислом тарихи, таълимоти билан шуғулланган алломалар, албатта, бу мўътабар манбаларга мурожаат қилишлари бежиз эмас.
Динимизда оиланинг аҳамияти ниҳоятда чиройли таърифлаб берилган. Инсоннинг бўйнида бир талай масъулиятлар бўлиб, омонатини адо этишда ёрдамга муҳтож бўлади. Бу мадад марказдан узоққа – оила, қўшни, миллат, уммат шаклида бўлади. Марказ, яъни оила бир вақтнинг ўзида пойдевордир. Инсон жамиятларини миллат ва уммат қилган, маънавий қадриятларнинг наслдан наслга ўтишини таъминлайдиган, бу оиладир. Унинг ўрнини боса оладиган бошқа ҳеч қандай ташкилот йўқ.
Инсон борки, келажакда ўз фарзандларининг ҳузур-ҳаловатини, бахт-саодатини ва камолотини кўришни орзу қилади, шу орзу билан яшайди. Шу йўлда курашади, меҳнат қилади, керак бўлса жонини ҳам аямайди. Зеро, болаларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, оила қуриш, уни тебратишни ўргатиш ҳар бир ота-онанинг жамият олдидаги бурчидир [4: 34]. Оила нақадар соғлом бўлса, жамият ҳам шундай бақувват бўлади. Оила бизни ҳаётнинг қийинчиликларидан, изтиробларидан тортиб чиқарадиган, ички оламимизни ойдинлатадиган, бизга ҳаёт курашида куч ва жасорат берадиган ишонч манбаидир. Динимизда оила қураётганда эътибор қилиниши лозим бўлган масалалардан бири учрашиб танишиш. Ислом динининг Ҳанафийлик мазҳаби намояндаларининг фикрича, оилавий ҳаётнинг яхши ва чиройли давом этиши учун келин билан куёв бир неча нарсаларда, яъни диёнат, иқтисод ва касб-ҳунарда ўзаро тенг бўлишлари керак [3: 53]. Оила ҳаётини пойдеворига севги ва ризолик асос бўлмоғи лозим. Никоҳ шартномаси ҳақиқий бўлиши учун икки томоннинг розилиги лозим бўлади.
Психолог олимлар қиз болалар кўнглининг ўзига хослигини ҳисобга олиб, учрашув совчи боришдан аввал бўлишини тавсия қиладилар. Акс ҳолда бу аҳвол қизнинг кўнглига оғир ботиши, ажабо уларга нимам ёқмади, деб тушкунликка тушиши мумкин. Севиш учун учрашиб ёқтириши керак. Динимиз бўлажак эр-хотинларнинг учрашишларини тавсия этади, ҳатто буюради. Улар учинчи шахс иштирокида никоҳдан аввал учрашишлари лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган Муғийрага (р.а.): – келинни аввал кўр. Чунки бу муҳаббатни зиёда қилади, дея марҳамат қилганлар. Йигит киши бўлажак келинни кўра олмаса, ўзига яқин аёллардан бирини ўртага қўйиши мустаҳабдир. Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мадиналик бир аёлга уйланмоқчи бўлган бир саҳобадан: “Келинни кўрдингми?” деб сўрабдилар. У “йўқ” дегач, шундай дебдилар: “Бор, уни кўр, зеро, Ансор аёлларнинг кўзларида бир нарсалар (кўзида нуқсони) бўлиши мумкин”. Ушбу ҳадислар турмуш қурмоқчи бўлганларнинг никоҳдан олдин учрашишлари мустаҳаб эканлигини кўрсатмоқда. Аммо бу учрашувнинг ҳам чегараси бор. Икки томон учинчи шахснинг ёнида бир-бирларининг юз, қадам ва кафтларини кўришлари мумкин. Бошқа ерларни кўриш мақбул ҳисобланмаган.
Аллоҳ таоло инсоният наслининг никоҳ йўли билан давом этишини ирода қилиб, Ўзининг сўнгги ва мукаммал динида бунга оид барча ҳукмларни баён этган. Шунинг учун динимизда ушбу муқаддас робита – никоҳ туфайли вужудга келадиган оилага катта эътибор берилади. Ислом дини никоҳни, оиланинг шаънини қанчалик ҳимоя қилишини, махлуқотнинг гултожи бўлмиш инсон наслининг давомийлигини таъминловчи илоҳий кўрсатмалар Қуръони каримда ҳам бош мавзулардан бири эканини англаш учун Нисо сурасидан икки оят ва уларнинг тафсири билан танишиш кифоядир. Бунда эркаклар оилада аёллардан устун кўрилади. Нима учун? “Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримларини (эркакларни) айримларидан (аёллардан баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкидан сарф қилиб туришларидир”. Демак, эркак киши оилага раҳбар этиб тайинланганининг иккита сабаби бор экан. Биринчиси – Аллоҳ таоло эркакни аёлдан устун, афзал қилиб яратганидир. Дарҳақиқат, эркак киши жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, иродасининг мустаҳкамлиги, руҳий-нафсоний ва бошқа жиҳатларга кўра оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган. Иккинчи сабаб оила қуриш ва бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасида эканидир. Бундай раҳбарлик улкан масъулиятдир.
Ушбу масъулият эркак кишининг зиммасига оилага, жумладан, аёлга раҳбарлик, ҳомийлик қилиш, устоз бўлиш, унинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш ва муҳофаза қилиш вазифаларини юклайди. Оятнинг мазмунидан кўриниб турибдики, эркак киши раҳбарликка сабаб бўлган шартларга жавоб бера олмаса, раҳбарлик уларнинг қўлидан кетади. Масалан, оиланинг нафақаси, таъминоти эркакнинг зиммасида эди, лекин эркак ҳеч бир сабабсиз уйда ўтириб, ўрнига аёлини ишлашга мажбур қилса, бечора хотин оиламни боқаман, деб бола-чақамни едириб-ичираман, эримга қарайман деб бозорма-бозор, юртма-юрт сарсон-саргардон кезса, табиийки, бундай оиладаги раҳбарлик ўз-ўзидан ўша аёлнинг қўлига ўтиб қолади. Чунки молиявий бошқарув кимнинг қўлида бўлса, ҳал қилувчи қарор эгаси ҳам ўша бўлади. Бундай ҳолат, аввало, эркакни оила раҳбарлигига мос қилиб яратган Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш бўлиб, жамият низомининг бузилишига ҳам олиб келади.
Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларидаги баъзи урф-одатлар оиладаги раҳбарлик ва масъулиятнинг келин қўлига ўтиб кетишига сабаб бўлмоқда. Аслида, мўмина, солиҳа аёлларнинг биринчи сифати итоаткорликдир. Бу итоаткорликлари қўрқувдан, мажбурлашдан эмас, балки ўз масъулиятларини тушунганларидан келиб чиққан, меҳр-муҳаббатга асосланган ихтиёрий муносабатдир. Мўмина, солиҳа аёлларнинг хислатларидан яна бири шундаки, улар эрлари ёнларида турган пайтдагина эмас, балки улар бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган пайтда ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Бундай муҳофаза уларнинг ўз фикрларига ёхуд эрларининг талабига биноан эмас, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига кўра бўлади.
Имом Ибн Жарир Табарий ва Ибн Абу Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Аёлларнинг яхшиси – қарасанг кўзингни қувонтирадиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва уйда бўлмасанг, ўзини иффатини ҳам, сенинг мол-мулкингни ҳам муҳофаза қиладиганидир”, деганлар. Лекин афсуски, ҳамма аёллар ҳам солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Баъзилари ўз ҳадларини унутган ҳолда, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик қиладилар. Инсонни яратган Парвардигоримиз унинг феъл-атворини, заиф жиҳатларини, оилавий турмуш ҳар доим ҳам кўнгилдагидек кечавермаслигини билгани учун юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларда нима қилишни ҳам баён қилиб қўйган: “Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса)уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг”. Бундай ҳолларда аввал уларга панд-насиҳат қилинади. Бу фойда бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Лекин ҳаракатлар самарасиз бўлса, хотиннинг итоатсизлиги давом этаверса, бошқа чоралар кўрилади. Ҳижрон, яъни тўшакда бирга ётмаслик, гаплашмаслик ана шундай чоралардандир. Ҳижрон, яъни ётоқхонанинг ўзида тўшакни бошқа қилиш ҳассос услуб бўлиб, аёл кишига ваъз-насиҳатдан ҳам кучлироқ таъсир қилади. Гаплашмаслик эса уч кундан ортиқ давом этмаслиги керак. Эрларнинг бундай эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани ҳали инсофини йўқотиб улгурмаган аёлларнинг “кўзини каттароқ очиш”га мажбур қилади. Аммо шу чоралар ҳам фойда бермаса, аёл киши ўзининг ҳурматини билмай, ҳаддидан ошса, маънавий жазолардан хулоса чиқариб оладиган даражадан ҳам паст ҳолатга тушиб қолса, жисмоний таъзир беришга мажбур бўлинади. Аммо уриш деганда, табиийки, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини майиб қилиш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Уламоларимиз ушбу оятдаги “уриш”ни “мисвок ёки бирон бармоқ ила туртиш” деб тушунтирганлар.
Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин куннинг охирида яқинлик қилгиси келиб қолиши ҳам бор”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривоят қилганлар). Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги “уриш” сўзида қаттиқ уриш назарда тутилмаганига яққол далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демаган бўлардилар. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда яна фойдаланаверилса. Хотинга қўл кўтаришдан олдин кейин уни бағрига олиб ётишни ҳам, кўзи кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим. Уламоларимиз “хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир” деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар.
Аёл киши табиатан таъсирчан, ҳиссиётга берилувчан, шошқалоқ ва тез аччиқланувчи бўлади. Сал нарсага эрига нисбатан итоатсизлик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, унга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Шунинг учун ояти каримада “Аммо сизга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг”, дейилмоқда. Бу танбеҳ оилани мустаҳкамлаш учун ниҳоятда зарурдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик келтиради. Яратганга шукрлар бўлсинки, юртимиз истиқлолга эришгач, динимизни ўрганиш ва унга амал қилиш, миллий қадриятларимизни тиклаш борасида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятимизнинг бугуни ва эртаси бўлмиш оила, эр-хотин муносабатлари, фарзанд тарбияси масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш болажон халқимизнинг асрий орзулари, минг йиллик диний ва миллий анъаналаримизга кўра энг муҳим долзарб вазифага айланди. “Одамларимиз билиши керак, оила муқаддас биз учун. Оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз” [5]. Бугунги кунда, айниқса, ёш оилаларда жуда кўп учраётган келишмовчиликлар, зиддиятларнинг бош сабаби – ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда йўл қўйилаётган хатолардир. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида ҳали камчиликларимиз анчагина экан. Бу камчиликларни бартараф этишнинг энг самарали усули юқорида айтиб ўтилган илоҳий ҳикматларни ёшлигидан қулоғига қуйиб, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини ўргатиш, уларга миллий ғурур, ҳаё, ибо, ғайрат-шижоат туйғуларини сингдиришдир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи. А. Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2007.
- Бахтиёр оила. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: Шарқ, 2011.
- Саидов Б.А. Ислом ҳуқуқи. – Т., 2017.
- Ниёзов Г., Аҳмедов Қ., Тожибоев Қ. Шарқ алломалари ва маърифатпарвар адибларнинг баркамол авлод тарбиясига оид маънавий-ахлоқий қарашларш. – Т.: Ўзбекистон, 2010.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 7 февраль куни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишдаги нутқи. – Т., 2018.