Home / АЛЛОМАЛАР / “Ақоид ан-Насафий” асарининг калом илмида тутган ўрни

“Ақоид ан-Насафий” асарининг калом илмида тутган ўрни

Тарихга назар ташлар эканмиз, диёримизда етишиб чиққан олимлар ўзларининг қимматбаҳо асарлари ва тенги йўқ китоблари билан илмнинг деярли ҳар бир соҳаси ривожига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшганлар десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, тафсир, ҳадис, ақоид, усулул фиқҳ ва фиқҳ соҳалари ривожиланишида хизмат қилган етук ислом алломаларининг бой илмий-маънавий мероси бугун ҳам ўз қийматини йўқотмаган. Бундай уламолар нафақaт ўз диёримизда, балки бутун дунёда шуҳрат қозондилар ва ўзларининг бебаҳо мерослари билан тарихда ўчмас из қолдирдилар. Шундай экан, бугунги кунда ана шундай уламоларнинг ҳаёти, фаолияти, асарларини тадқиқ қилиш ва уларнинг моҳиятини очиб бериш муҳим ишлардандир. Ана шундай олимлардан бири Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий (461/1068-537/1142)дир. Абу Ҳафс Умар Насафий Абул Муин Насафийдан ва яна бошқа кўплаб улуғ устозлардан дарс олиб Мотуридий мактабининг кўзга кўринган намояндаларидан бирига айланган. У тасниф қилган асарлар сони юзта бўлгани учун “Юз китоб соҳиби” деб ҳам лақабланади. Тасниф қилган асарларининг ичида “Ақоид ан-Насафий” мотуридия ақидасининг жавҳари саналади. Мотуридий таълимотини тутган барча диёрларда “Ақоид ан-Насафий” китоби бирдек қабул қилинган, ўқиб-ўрганилган ва юздан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар битилган. Шунинг учун бу асар асрлар бўйи мадрасаларда давомий дарслик бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

“Ақоид ан-Насафий” асари моҳиятан Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобига мухтасар шарҳдир. Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз зунун” китобида “Табсиратул адилла” асарини танитиш ниҳоясида: “Ким “Табсиратул адилла”га назарса солса, Умар Насафийний “Ақоид ан-Насафий” асари “Табсиратул адилла” нинг фиҳристи эканини билади”[1], дейди.

Ушбу асар ихчам бўлишига қарамай нуфузи “Табсиратул адилла” дан кам бўлмаган. Имом Насафий ўзининг “Ақоид ан-Насафий” рисоласида Мотуридийнинг “Китобут тавҳид” ва Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” асарларида кўтарилган калом илмининг янги босқичини муайян шаклга солиб, ихчам шаклда берганлиги кўзатилади.

Асар Шарқда кенг тарқалган, мадрасаларда ўқув қўлланма сифатида ўқитилган. Ҳар бир талаба ушбу рисоланинг матни билан ёддан таниш бўлишган. Чунки у қадар катта ҳажмда бўлмаган, хат тури ва китоб ҳажмига кўра уч, беш, етти варақлар атрофида бўлган. Шунинг учун бўлса керак ЎзР ФА ШИ фондида юздан ортиқ нусхалари мавжуддир.

“Ақоид ан-Насафий” – Ушбу асар мотуридий таълимоти асосида ёзилган ихчам, тезис шаклидаги рисола бўлиб, унга кўплаб олимлар қизиқиш билан қарашиб шарҳ ва ҳошиялар битишган. Насафийнинг ушбу асари бошқа асарларидан тубдан фарқ қилади. У жуда ихчам ҳамда равон шаклда бўлиб, ҳар бир ўқувчи бир ўқишдаёқ уни матнларини эсда сақлаб олади. Улардан энг машҳури Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асаридир. Манбаларда ушбу икки китобнинг номлари “ал-Ақоид ан-Насафия” (العقائد النسفية), “Ақоид ан-Насафий” (عقائد النسفي) ва “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия (شرح العقائد النسفية), “Шарҳ ақоид ан-Насафий” (شرح عقائد النسفي) тарзида учрайди.

Умар Насафийнинг худди шу асарига параллел равишда ашъария калом мактаби таълимотига суяниб, кечроқ қози Аздуддин Абдураҳмон (ваф. 1355 й.) ҳам ўзининг “Ақоид ал-Аздия” номли асарини яратади. Бу асар ҳам калом илмига бағишланган бўлиб, матнни “Ақоид ан-Насафий”га таққослайдиган бўлсак тахминан бир ҳажмдадир. Хатто ўзбек тилига таржимаси ҳам мавжуддир[2]. Ушбу асар айни “Ақоид ан-Насафий” олимлар орасида қўлма-қўл бўлиб, машҳур бўлган вақтда ёзилди. Имом Насафийнинг асари шу даражада машҳур бўлиб кетдики, ашъария таълимоти вакиллари ҳам Имом Насафий асари каби китоб ёзиш устида бош қотирдилар. Натижада, Аздуддин Абдураҳмон ибн Аҳмад ал-Ийжий (ваф. 1355 й. )нинг машҳур “Ақоид ал-Аздия” рисоласи яратилди. Китоб ашъария таълимоти вакиллари орасида қўлма-қўл бўлган асар ҳисобланади. “Ақоид ан-Насафий” каби бу асарга ҳам кўплаб олимлар шарҳ ва ҳошиялар ёзганлар.

Умар Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари А. Мансуров томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, 2007 йили нашр қилинди. Ушбу асарни ўрганиш соф ислом таълимотини шакллантиришга ва шундайлигича халқимизга етказиш имкон беради.

Машҳур “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафий” асарининг муаллифи Саъдуддин Тафтазоний “Ақоид ан-Насафий” асари ҳақида: “Умар Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари калом илмидаги фойдаларнинг яхшиси ва дуру-гавҳарларини ўраб олади”, деб таърифлаган эди. Демак, бу асар калом илмининг барча мавзуларини қамраб олади. “Ақоид ан-Насафий” асари ҳозирги кунда ҳам калом илмининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам ушбу асарни ўрганиш соф ислом таълимотини шакллантиришга хизмат қилади. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказий
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
Шоназаров Абдувоси

[1] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. – Байрут: Иҳёъут туросил арабий. – Б. 338, 570.

[2] Таржимон Муҳаммад Карим ибн Муҳаммад Ҳаким ал-Бухорий. Таржима “Ақоид ал-Аздия”. – ЎзР ФА ШИ. – Қўлёзмалар асосий фонди. – Қўлёзма № 3975/II. – В. 20 (9б-28б).

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …