Home / МАҚОЛАЛАР / АББОСИЙ ХАЛИФАЛАРНИНГ ҚОҲИРАДАГИ ФАОЛИЯТИ БОРАСИДА

АББОСИЙ ХАЛИФАЛАРНИНГ ҚОҲИРАДАГИ ФАОЛИЯТИ БОРАСИДА

Тарихдан маълумки, 1258 йилда Аббосийлар ҳукмронлиги қулаб, мўғуллар Бағдодни қўлга киритди ва охирги халифа Мустаъсим, унинг ўғли ва кўпгина аббосийлар ўлдирилди. 1260 йил 3 сентябрда султон Қутуз бошлиқ мамлук қўшинлари мўғул аскарлари устидан Айн-Жаллутда эришган ғалаба мўғулларни Кичик Осиёдаги бошқа давлатларга ўз юришларини тўхтатишига мажбур қилган [3: 582].

Биронта мусулмон давлати бошлиғи қозона олмаган бу улкан ғалаба сабабли, Миср султонларининг обрўси ошиб кетди. Улар 1517 йилга қадар давлат бошлиқлари сифатида, ҳатто, Макка ва Мадина томонидан ҳам тан олинган [13: 364].

Чингизхоннинг невараси Хулогухоннинг Бағдодни олиши билан Ироқда Аббосийлар халифалиги тугатилди. Мўғуллар Бағдодга кирганида Аббосий хонадонидан Аҳмад ибн Зоҳир қамоқхонада эди. Шу сабаб шаҳарда ўтказилган умумий қатлдан қутулиб қолди. У охирги ўттиз еттинчи Ироқ Аббосий халифаси Мустаъсим биллоҳнинг амакиси эди. У Бағдоддан қочиб, Ироқнинг ғарбига яширинган.

Икки қочоқ Аббосий Абу Аббос Аҳмад ва Абу Қасим Аҳмад ибн Зоҳирни султон Байбарс Қоҳирага чақирганида, Абу Қосим олдинроқ келади, Абу Аббос эса Шомга кетишни ихтиёр қилади. Байбарс ўз давлатининг эътиборли кишиларини йиғиб, уларга Абу Қасим Аҳмад Аббосий халифа Зоҳирнинг (1225) ўғли, охирги халифа Мустаъсимнинг амакиси эканлигини айтади ва ушбу шаҳодат туфайли бош қозилар бу хабарни қабул қиладилар [10: 177-179]. Шундай қилиб, Зоҳир Байбарс Бағдодда якун топган халифаликни 1261 йилда Мисрга кўчиради ва гўёки, уни тиклайди. Қоҳирадаги Аббосий халифага “Ал-мустансир биллоҳ” лақабини бердилар [5: 244]. Аббосий халифалар одатига кўра, Миср султонига безакли кийим кийдириб халифа сифатида унинг ҳукмдорлигини тасдиқ этиш маросими бўлган. Шу ўринда баъзи мулоҳазалар бор. Аббосийлар халифалигини Мисрга кўчириш ҳақидаги фикр биринчи бўлиб султон Байбарсдан чиққан дейиш хато бўлади. Аслида, бу лойиҳани аввал Аҳмад ибн Тўлун, ундан сўнг эса Муҳаммад ибн Тағж Ихшид рўёбга чиқаришга уриниб кўрган, лекин бу режа амалга ошмай қолган эди [3: 179-198]. Бағдод халифалиги давридан “Халифа” номи сақланиб келаётган бўлса-да, аввалги ҳақиқий “Халифа Расулиллоҳ”, Яъни “Аллоҳ пайғамбарининг ўринбосари”дан мамлуклар давридаги халифа буткул фарқ қиларди. Қоҳирадаги Аббосий халифалар асосан султоннинг амрига бўйсунган. Ўрта аср тарихчиси Суютий “Тарих ал-хулафо” китобида Қоҳира халифасини мисли султоннинг аъёни, яъни оддий зодагон сифатида тасвирлайди [9: 164]. Улар ҳеч қандай ҳукмдорликка эга бўлмаган. 1291 ва 1292 йилда халифа тўрт марта имом бўлиб, масжидда жума хутбасини ўқиган. 940 йилдан буён Халифа Радий ўлимидан сўнг бағдодлик халифалар хутбага чиқмагандилар. 1298 йилда халифа Ҳаким Маккага Ҳаж зиёратини амалга оширгани ҳақида манбаларда ёзма маълумот қолдирилган. Бу вақтда Мисрда тангаларга халифанинг исмини ёзиш ман этилган. Макка ва Мадина хутбасида халифанинг номи зикр этилмай, фақат султоннинг исми айтиб ўтилган [6: 39-40]. Бошқача қилиб айтганда, султонларга дин ҳомийси бўлиш учунгина халифанинг ёрдами керак эди” [2: 266-273].

Халифанинг фақатгина диний обрў-эътиборигина уни мартабали қилиб кўрсатарди. Миср султонлари билан ҳокимиятни бўлиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас эди. Лекин шунга қарамай, Али Иброҳим Ҳасаннинг “Тарих ал-мамолик ал-баҳрийа” китобида ёзишича, “Хутбада халифанинг номи айтилган ва тангаларда исмлари акс эттирилган” [2: 266-273]. Мисрдаги халифаларни ҳиндистонликлар тан олган ва уларнинг номлари билан тангаларни зарб эттирилган. Халифа Мустакфий ўлимидан (1340) сўнг ҳаттоки, Ҳиндистонда 1343 йилга қадар унинг номи хутбада ўқилган, тангаларда ёзилган [16: 104].

Ўрта аср тарихчиси Зоҳирий (ваф. 1468) ёзишича: “… кимки ўзи қилич ёрдамида халифа номидан қасам ичмасдан султон бўлса, у қўзғолончи, унга кимнидир қози вазифасига тайинлашга рухсат берилмайди, агар у шунга ўхшаш нимадир қилса, унинг қарори ҳақиқий эмас (яъни бошқарувчи шахс), ҳаттоки, унинг никоҳ ҳақидаги битими ҳам…” [6: 40-41]. Бундай ҳолатларда халифадан мубояъа (гувоҳнома, қасамёд) олинган. Агар Султон иккинчи марта тахтга ўтирган бўлса, маросим қайтадан ўтказилган. Баъзи халифалар бир неча султонлардан қасамёд қабул қилишган. Халифа Абу Аббос Аҳмад ибн Мустакфий (1340-1351) саккизта, Халифа ал-Муътадид Биллоҳ (1414-1441) олтита султондан қасамёд қабул қилганлар [12: 67].

Назарий жиҳатдан олганда халифа тўрт мазҳабнинг бош қозилари билан биргаликда султонлик мансабидан олиб ташлашга ҳаққи бор эди. Амалда эса, у катта ҳарбий лашкарбошилар томонидан султоннинг ағдарилган­лигига расмий тус берарди, холос.

1453 йилда ажабтовур ҳодиса бўлиб ўтганди, унда халифа ал-Қоим (1451-1455) ўз ҳуқуқини талаб қилган. Шу йил Султон Инол халифани ўзига қарши ҳаракатда айблади. Ўзининг танг аҳволидан қутулиш учун халифа султонга шундай мурожаат қилади: “Мен ўзимдан халифалик ҳуқуқини олиб ташлаб, сизнинг султонлигингизни ҳам алмаштираман”. Бундай ғалати ҳолатни юзага келганини кўрган бош қози Алам ад-дин ал-Булқоний бу қалтис вазиятдан чиқиш мақсадида “Халифа ўзидан-ўзи халифалик ҳуқуқини олиб ташлади, энди у халифа эмас ва бинобарин, султонни лавозимидан олиб ташлай олмайди” – дейди [14: 16].

Қоҳира халифалари ҳеч қачон аниқ ташкилотни, умуман ҳеч қандай диний ишларни бошқармаган. Улар мусулмон дунёси бошқарувчиси сифатида (кўринишигина) эди. Улар маросимларда қатнашардилар, шайхулисломлар билан бирга ҳар ойда султонни мақтардилар ва янги султонлардан қасамёд қабул қилардилар. Шу билан Аббосийлар ислом оламидаги бошқарувчиларни сайқаллаштириб, Мисрни “халифалик ери” каби улуғлаб, мамлукларга безак бериб туришган. Миср султонларини бошқа халифалар борлиги шу қаторда қўшни мусулмон давлат ҳукмдорлари томонидан қурайш қабиласидан халифа титулини қабул қилгани хавотирга солмасди. Мадина масжидида бутун дунё зиёратчилари кўз олдида усмоний султон Боязид II (1481-1512) шарафига “мавлоно амир ал-муъминийн ас-султон ал-малик ал-музаффар” номи билан шарафлаб ёзув ёзиб қўйилганди [18: 146]. (бизнинг олампаноҳимиз, султон-музаффар подшоҳ, мўминларнинг амири, яъни халифаси). Бунга қарши мамлуклар ўзларининг “ислом султони” ва “ходим ал-ҳарамайн” титулларини асрар эди. Бу масалада мамлуклар ҳаттоки, қуролли низолар чиқаришдан ҳам тойилмасдилар. Кўпгина мусулмон ҳукмдорлар XIV-XV асрларда мамлукларнинг раҳбарлик ва муқаддас шаҳар ҳомийси эканликларига қарши чиқишган. Шу сабаб боис Маккага Каъбапўшни юбориш билан боғлиқ қатор келишмовчиликлар юзага келдики, бунинг асосида мусулмон дунёсидаги бошлиқликка бўлган кураш ётарди. Амир Темур, Шохруҳ ва қатор туркман сулоласидан Оқ қуюнли ва Қора қуюнли Мисрнинг диний бошчилигини тан олишмаган [11: 13].

XV аср охири XVI аср бошида вазият ўзгариб, мамлуклар Ғарбий Европага қаршилик кўрсатишга ожиз эканлиги ойдин бўлди.

Халифалар мамлук султонлари томонидан ажратилади­ган нафақа ҳисобидан яшарди. Унинг миқдори султонлар билан халифалар ўртасидаги мавжуд муносабатдан келиб чиқиб ажратилар, уларнинг аниқ бир кўрсаткичи йўқ эди [4: 243]. Маълумки, ҳокимият тепасига буржий (черкес) мамлуклари келгунга қадар, яъни баҳрий мамлук султонлари ҳукмдорлиги даврида нафақа миқдори жуда кам бўлиб, халифанинг харажатларини қоплашгагина етган. Халифанинг моддий эҳтиёжининг яхшиланишига Нафиса мақбараси [14: 367]дан келадиган тушум унинг тасарруфига ўтганидан сўнггина эришилди. Барқуқ (1382-1399) ҳокимият тепасига келгач, халифаларга иқтоъ, шунингдек ойига 500 динор миқдоридаги маош ва озиқ-овқат ажратила бошланди. Халифа ал-Қоимга ўзининг иқтоъсидан ташқари 1453 йилда 1000 динор миқдоридаги пуллик мукофот ва янги иқтоъ ҳам берилганди. Халифа ал-Мустанжид (1455-1479) иқтоъсига Даманхур ва Гиза муҳофазаси, шунингдек, Имбаба қишлоғини ҳам қўшганди. Охирги пайтларда, халифанинг харажатларига Султон ғазнасидан 5 минг динордан оширмай ажратиш урфга айланди. Черкес мамлуклари даврида баъзи халифалар ўзларининг бадавлатликлари билан машҳур бўлган.

Нафақат моддий таъминот, балки халифалик лавозимига тўлов (рутба) ҳам султоннинг хоҳишига қараб белгиланарди. Халифа мансабга ўтиришдан олдин, тўртта мазҳаб қозиси олдида Султонга содиқлиги ҳақида қасам ичарди. Аслини олганда, халифалик Аббосийлар томонидан мерос қолган бўлиб, отадан болага ўтиши керак эди. Султон халифа номзоди кимга тегишли эканлиги ҳақидаги тортишувларга аралашар ва у халифанинг ўғли ўрнига олдинги халифанинг укасини ёки хоҳлаган Аббосийлар сулоласи аъзосини қўйиши мумкин бўлган. Ҳатто, истаса, султон тўрт мазҳаб қозисига буюриб, халифани мансабидан олиб ташлаши ҳам мумкин эди. Мумкин қадар, бу ишни амалга оширишда катта амирлар билан маслаҳатлашилган. Бундай ҳолатларда султон халифани қамоққа олган ёки юқори Мисрга сургун қилган. Шунга қарамай, яна бир эътиборли томони шундаки, мамлук султонлари халифалар билан яхши муносабатда бўлган, бувайҳий ёки салжуқий султонлар эса халифаларни кўзини ўйиб олишган ва ҳаттоки, уларни ўлдиришган [14: 17].

К. Босворт “Қоҳирадаги халифалик Мисрни мамлуклар томонидан бошқарилишига қонуний тус берган ва мўғуллар, салбчиларга қарши маънавий озуқа бўлиб хизмат қилган”, – деб ёзади [7: 36].

Ўрта аср тарихчиси Суютийнинг фикрича, мўғуллар томонидан тугатилган Аббосий халифалик Мисрда ўз фаолиятини амалга оширган, ҳукмдорлар ҳокимиятига безак беришдан иборат эмас эди. Бағдоддан сўнг дунё фақатгина уч ярим йилгина халифасиз яшади, қолган вақт “халифанинг қароргоҳи” вазифасини Бағдод ўрнига Қоҳира эгаллади. У ерда ислом қоидалари юксалмоқда, сунна юқори чўққида, бидъат йўқ қилинган ва шу билан бирга олим ва фузалолар яшамоқда. Пайғамбардан сўнгги халифат қаерда бўлса, у ерда Қуръони каримга ишонч ва амал бўлади. Замондоши бўлмиш халифа Мутаваккил II ҳақида гапириб “уни халқ севишда давом этаяпти” – дейди [8: 72-73].

Лекин ҳамма мусулмон олимлари ҳам Миср халифалиги ҳақида бундай фикрда эмасдилар. Ас-Суютийнинг фикрига Усмонийлар даврида яшаган Қутб ад-дин қарши бўлиб, қуйидагича ёзади: “1258 йилдан сўнг мусулмонлар халифасиз қолди. Миср халифаларини Аббосий халифалар билан тенглаштириб бўлмайди; агар Бағдодда (бувайҳий ва салжуқийлар даврида) халифалар ҳукмдорлиги чекланган бўлса, буларнинг эса, маъносиз исмигина бор эди”. Қутб ад-дин қуйидаги ҳикояни келтиради 979-80 йилларда Бағдоддаги аббосий халифа Миср элчисини қабул қилади; халифа пайғамбарнинг бурдасини елкасига ташлаб ўтирар, унинг белида пайғамбар қиличи бор эди. Бундай шижоатни кўрган элчи “Бу Аллоҳнинг ўзи эмасми?” – деган, саволига бу ҳукмдор “Бу – Аллоҳнинг ердаги ўринбосари” деб жавоб берган. Бунга нисбатан олганда мисрлик аббосийларнинг на ҳокимияти, на ташқи ҳолати, фақатгина исми бор эди” [6: 42].

Усмоний Султон Салим 1517 йилда мамлук қўшинларини тор-мор этди ва бир неча йиллардан бери баҳрий ва черкес мамлуклари томонидан бошқарилган Миср султонлигига барҳам берди. Салим I Маржидабик жангидан кейин Ҳалабга кирди. Илк жума намозида хатиб подшоҳ номига хутба ўқиркан, (Макка ва Мадинани назарда тутиб): “Соҳиб ал-ҳарамайн аш-шарифайн” (Икки муқаддас ҳарам эгаси) – деди. Бундан Султон Салим жуда севиниб кетди ва қимматли кафтан*ини дарҳол эгнидан ечиб, хатибга совға қилди. Фақат: “Мен Ҳарами аш-шарифайннинг соҳиби эмас, ходимиман”, – дея хутбадаги бу жумланинг “Ходим ал-ҳарамайн аш-шарифайн” шаклда ўзгартирилишини буюрди. Салим I Мисрдалигида Макка шарифи Муҳаммад Абу Баракат ўғли орқали Каъбанинг калитларини ва “Омонати муборака” ни Султон Салимга юборди.

Миср Аббосийларининг сўнгги ўн еттинчи халифаси Мутаваккил Учинчи Алаллоҳ Миср фотиҳи Султон Салим билан бирга Истанбулга кетди. “Аё Софиё” жомиъида мажлис ўтказилиб, унда турк ва араб уламолари қатнашди. Мутаваккил жомиъда минбарга чиқиб, бир хутба ўқиди ҳамда Султон Салимнинг салоҳиятини тушунтириб, уни халифаликка лойиқ эканлигини айтди. Халифа Мутаваккил устидаги кийимини (расмий хирқани) Салим I га кийдириб, халифаликни ўз хоҳиши билан тарк этганлигини очиқ-ойдин маълум қилди. Йиғилишдаги дин пешволари ва уламолар Султон Салимни халифа этиб сайлаб, шаҳомат қиличини унга топширди. Ушбу давргача халифалар Араб сулоласидан тайинланарди. Энди Араб халифалиги тугаб, 1517 йилдан Турк халифалиги бошланди. Усмонли султонлар Туркия ичида Усмонлиларнинг подшоҳи, аммо Туркия ичида ҳам, ташқарисида ҳам бутун мусулмонларнинг халифаси бўлди.

Демак, Қоҳирадаги Аббосий халифалар асосан сул­тоннинг амрига бўйсунган. Халифанинг фақатгина диний обрў-эътиборигина уни мартабали қилиб кўр­сатган. Назарий жиҳатдан халифа тўрт мазҳабнинг бош қозилари билан биргаликда султонлик мансабидан олиб ташлашга ҳаққи бўлган, лекин амалда у катта ҳарбий лашкарбошилар томонидан султоннинг ағдарилганига расмий тус берган. Мамлуклар ҳокимияти ниҳоясигача халифалар араб сулоласидан тайинланган бўлса, 1517 йилдан халифалик бошқаруви туркларга ўтган.

Зуҳра АРИПОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, т.ф.н.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдурроҳман ар-Рофиъий. Миср фил асри ал-вуста. – Қоҳира: Дорун наҳса, 1992.
  2. Али Иброҳим Ҳасан. Тарих ал-мамолийк ал-баҳрийя. – Қоҳира: Мактаба ан-наҳза ал-мисрийя, 1967.
  3. Ал-Ибодий Аҳмад Мухтор. Қиём давла ал-мамолийк ал-ула фи Миср ваш-Шам. – Искандарийя: Муассасатуш шабаб, 1992.
  4. Ал-Мақризий Тақий ад-дин. Китоб ал-Маво‘из ва-л и‘тибор би зикр ал- хутат ва-л-осор. Ж.2 –Булоқ: Кастон виит, 1906-1908.
  5. Аҳмад Шалабий. Ат-Тарих ал-ислами. – Қоҳира: Мактаба ан-наҳза ал-мисрийя, 1990.
  6. Бартольд В.В. Халиф и султан. // – Сочинения. Т. VI. – М., 1966.
  7. Босворт К.Э. Мусульманские династии. – М., 1971.
  8. Жалолиддин Суютий. Китаб ҳусн ал-муҳозора фи ахбар Миср вал-Қоҳира. – Қоҳира: 1909.
  9. Жалолиддин Суютий. Тарих ал-хулафа умаро ал-муъминийн. – Қоҳира.
  10. Жамолиддин аш-Шаййол. Тарих Миср ал-исламийя. – Қоҳира: Дорул Маъориф, 2000.
  11. Иванов Н.А. Османское завоевание арабских стран (1516-1517). – М.: Наука, 1984.
  12. Тархон Али Иброҳим. Миср фи асри давла ал-мамолийк ал-жарокиса. – Қоҳира: Мактаба ан-наҳза ал-мисрийя, 1960.
  13. Ҳасанов А.А. Система управления и суда в мамлюкском Египте конца XIV начала XVI в. // История и экономика стран Арабского востока и Северной Африки. – М.: Наука, 1975.
  14. Ҳасанов А.А. Социально-политический строй мамлюкского Египта, при черкесских султанах (1382-1517). Автореферат дисс. на соиск. канд. ист. наук. – М., 1975.
  15. Ҳасан Иброҳим Ҳасан, Ҳасан Али Иброҳим. Ан-Назм ал-исламийя. – Қоҳира: Мактаба ан-наҳза ал-мисрийя, 1994.
  16. Arnold. The catliphate.
  17. Lane-Poole Madiaeval India under Muhammadan Pule.
  18. Gibb Hamilton A.R. Studies on the civilisation of Islam. – Boston, 1962.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …