Эронда ҳукмронлик қилган Нодиршоҳ Афшарийнинг 1747 йилда ўлдирилиши Эрон таъсир доирасидаги чекка ҳудудлар, шу жумладан, Афғонистонда ҳам мустақил давлат тузиш учун замин яратди. Тарихчилар томонидан, хусусан, рус тарихчиси Ю.В. Ганковский томонидан Афғонистон ҳудудидаги давлатчилик тўғрисида қуйидаги фикрлар илгари сурилади. “Илк йирик феодал давлат деб эътироф этилаётган Дурронийлар сулоласи даражасида Шарқий Афғонистондаги Хаттак қабиласининг иккита – Акора ва Тери номли князликлари мавжуд бўлган бўлиб, уларнинг майдони, қудрати, аҳолиси Дурронийлар сулоласи даражасида бўлмаган. ХVII асрда унчалик катта бўлмаган ҳудудда яна бир афғон давлати ташкил топди. Пуштунларнинг Афридий уруғи асос солган бу кичик феодал давлат мустақил Афғон давлатчилиги учун асос бўла олмади. Фақатгина ХVIII аср бошларида мазкур давлат ҳудуди давлатчилиги учун муҳим роль уйнаган яна иккита князлик – Қандаҳор ва Ҳирот ташкил топди. Пуштун қабилалари аниқроқ қилиб айтганда бутун Афғонистон аҳолиси Дурронийлар (1747-1819) даврида ягона давлатга бирлаша олди” [2: 125].
Афғонистон ҳудуди ХIV аср 70 йилларидан бошлаб Темурийлар, ХVI аср бошларидан бошлаб Бобурийлар ва давлатнинг бир қисми Эрон Сафавийлари ҳукмронлиги остида бўлган. Темурийлар, айниқса, Бобурийлар даврида Афғонистон ҳудудида қурилиш ободончилик ишларига катта эътибор қаратилади. Давлатнинг Ҳиндистонга ўтиши учун транзит эканлиги ХIХ асрда Франция, Англия, Россия каби давлатларнинг манфаатлари тўқнашган нуқтага айланишига сабаб бўлади.
Дурронийлар сулоласининг асосчиси Аҳмадшоҳ Дурроний (1747-1773) Афшарийлар давлатида ҳарбий хизматда бўлиб, ҳарбий хизмат давомида Эрондаги ички аҳволни яхши ўрганиб боради. Шу сабабли ҳам Афғон давлати тузилаётганда унинг тахтга чиқишига бошқа афғон қабила хонлари қаршилик қила олмаган. Бу ҳақда Ю.В. Ганковский манбаларга таянган ҳолда қуйидаги фикрларни билдиради. “1747 йил Шир-Сурхда афғон қабилаларининг Жирғаси тўпланиб, ёш бўлишига қарамасдан Эрон аскарларининг афғонлардан тузилган отрядини бошқараётган Аҳмадшоҳ подшоҳ қилиб кўтарилди. У Абдали қабиласининг Садозай уруғидан эди” [2: 127].
Аҳмадшоҳга дастлаб Дурри-Даврон (Аср жавоҳири) унвони таклиф этилган. У бунга рози бўлмагач диний устози Собиршоҳ таклифи билан Дурри-Дуррон (Жавоҳирлар жавоҳири) унвонини қабул қилади. С. Шумов ва А. Андреев қаламига мансуб “История Афганистан” деб номланган тадқиқот ишида ҳам шу ҳақда маълумот берилади. “1738 йилда Абдали қабиласидан Аҳмадшоҳ (1721-1773) Нодиршоҳ Афшар армиясига хизматга олинади. Эрон армиясидаги 15 минг кишилик афғон отрядига раҳбар этиб тайинланади. 1747 йилда Нодиршоҳ Афшарий Муҳаммад Қулихон бошлиқ ҳарбийлар томонидан ўз чодирида ўлдирилгач Эрон сингари Афғонистон ҳудудида ҳам тартибсизликлар юзага келади. Ички аҳволдан хабардор бўлган 25 ёшли Аҳмадшоҳ 1747 йилда Жирғада – яъни олий диний кенгашда Руҳоний Собиршоҳ, Нурмуҳаммадхон, Муҳаббатхон Поползай, Мусохон Исҳоқзай, Насруллахон Нурзай ва Ҳожи Жамолхон Баракзай сингари қабила хонларининг кўмагида Дурронийлар сулоласига асос солди” [6: 42]. Худди шундай маълумотни археолог олим, Марказий Осиё халқлари археологияси бўйича мутахассис, РФА тарих институти моддий маданият бўлими бошлиғи Массон В.М. ва Афғонистон ва Ўрта Осиё тарихи ва манбашунослиги бўйича мутахассис В.А. Рамодин ҳам ўзларининг “История Афганистана” деб номланган асарида келтириб ўтади. “1747 октябрида Нодирабоддаги Шир-Сурхда 8 маротаба Жирға тўпланиб, ягона қарорга кела олмади. Абдали қабиласи ичида энг кучлиси ҳисобланган уруғ Баракзайлар бўлиб, уларнинг бошлиғи Ҳожи Жамолхон Баракзай таъсири кучли шахс эди. Лекин бошқа қабила хонлари Баракзайларнинг янада кучайиб кетишини исташмас эди. Ниҳоят 9 марта йиғилган Жирғада Абдали қабиласининг Садозай уруғидан бўлган Аҳмадхон диний маслакдоши, афғон қабилалари ичида таъсири кучли бўлган Собиршоҳ кўмагида хонлик тахтини эгаллади” [5: 89].
Ҳокимиятни эгаллаган Аҳмадшоҳ давлат бошқарув жараёнида ўзига таянч яратишга ҳаракат қилади. Хонлик насаби, шоҳ уруғи бўлмиш Садозойларни ва Абдали қабиласини давлатнинг юқори мансабларига тайинлайди. Давлат ишларини юритиш эса Ислом динига, шариатга асосланади. Абдали қабиласининг бошқа уруғларига давлат мансабларининг тақсимланганлигини Ю.В. Ганковский қуйидагича келтиради; “Вазирлик мансаби – Бамизай уруғига, эшик оғаси мансаби – Поползай уруғига, Отхона бошлиғи – Исҳакзай уруғига, Тўпчибоши – Баракзай уруғига берилади” [2: 128].
Поползай уруғига берилган эшик оғабоши унвони ҳарбий ҳолатда Ўрдабоши вазифасини ҳам ўтар эди. Бундан ташқари, давлатнинг барча мансаблари, вазирлар, вилоят ноиблари, солиқ йиғувчилар, хос навкарлар, чет эл элчиларини кутиб олиш хизмати (мехмандарбаши) каби давлатчилик институти учун зарур бўлган лавозимлар жорий этилиб, Абдали қабиласининг йирик вакиллари ва Дурронийлар қабиласига яқин бўлган уруғ ва қабила бошлиқларига тақсимлаб берилади. Аҳмадшоҳ ички ва ташқи сиёсатда мустақил эканлигини билдириш мақсадида ўз номидан танга ҳам зарб эттиради. Лекин шу ўринда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Дурронийлар давлатида ҳинд рупияларидан ҳам кенг фойдаланилган. Бунинг сабаби сифатида Аҳмадшоҳнинг Ҳиндистон ерларини забт этиши оқибатида улардан ундирилган товон пулини рупия ҳисобида ундирилгани деб кўрсатишимиз мумкин. Масалан фақатгина Кашмир ва Жаммудан йилига 2 млн. 800 минг рупий давлат хазинасига кирим бўлган [5: 100].
Давлатнинг куч қудрати асосини ташкил қилувчи омиллардан бири ҳарбий қўшин эканлигини тушуниб етган Аҳмадшоҳ ўз армиясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Бу борада унга Эрон армиясидаги ҳарбий хизмати жараёни қўл келади. Бу ҳақда Ю.В. Ганковский қуйидагича маълумот беради. “Дурронийлар сулоласининг доимий армияси отлиқ гвардиячилар корпусидан ташкил топган бўлиб, унинг асосини Нодиршоҳ ўлимидан сўнг Аҳмадшоҳ хизматига кирган Эрон аскарлари ташкил қилган. Доимий аскарлар Фавжи-Низом ёки аскари муназзам деб аталган бўлиб, уларнинг сардори Ғуломхон ёки Ғуломшоҳ деб аталган. Армияда Эрон қизилбошларидан ташқари христиан арман ва грузинлар, Эрондан кўчирилган араблар ҳам хизмат қилган. Аҳмадшоҳнинг вориси Темуршоҳ даврида қўшинга тоғлик тожиклар ва Балхдан келиб қўшилган жунғор-қалмоқлар ҳам қабул қилинади. Темуршоҳ даврида ҳаттоки, Эфиопиядан келтирилган қуллар ҳам бўлиб, уларни Темуршоҳнинг вассали Бенгалия ҳукмдори Носирхон (1750-1795) ҳадя тариқасида юборган. ХIХ аср бошида, Шужу-Мулк даврида гвардия корпусига 500 кишилик Хазар қабиласи ҳам қабул қилинган” [3: 4].
Ўз қўшинини мустаҳкамлаб олган Аҳмадшоҳ Дурроний қўшни ҳудудларни забт этишга киришади. Унга қўшни афғон қабилаларининг тарқоқлиги ҳамда чегарадош давлатларидаги сулолавий низолар, кучли қўшиннинг йўқлиги ва афғон армиясининг қўшни давлатларга нисбатан замонавий қурол-яроққа эга эканлиги қўл келади. Дарҳақиқат, бу вақтда Ҳиндистон ҳам марказий ҳокимиятга бўйсунмайдиган рожаликларнинг ўзаро урушида қолган, Ўрта Осиё хонликлари, жумладан, Бухоро амирлиги ҳам сулола алмашинуви натижасида ҳали ўзини тўлиқ тиклаб ололмаган эди. Аҳмадшоҳ ўз ҳудудида тартиб ўрнатгач, қўшни ҳудудларни забт этишга киришади. Қандаҳор, Қобул, Ғазна, Ҳиротни 1750 йилгача бўлган даврда забт этиб, шимолий-ғарбий Ҳиндистон, Эрон, жанубий Туркистон (Бухоро амирлиги ҳудудлари)га ҳарбий юришларни уюштиради. Маълумотларда келтирилишича, Аҳмадшоҳ биргина Ҳиндистон ҳудудига 18 марта юриш қилган [1: 80].
1750-1752 йилларда Балх, Маймана, Шибирғон, Қундуз, Андхуй ҳудудлари забт этилди. Ўрта Осиё хонликларидаги сиёсий жараёнлар ушбу ҳудудларни, жумладан Балхни қўлда сақлаб қолинишига имкон бермади. Қолаверса, Муҳаммад Раҳимбий бу вақтда ўзининг қарам ҳудудларини қайтадан қўлга киритиш билан банд эди. Иккинчи манғит сулоласи ҳукмдори Дониёлбий оталиқ катта ер эгалигини тугатиш ўрнига барча ҳудудларни манғит амирларига бўлиб бериши марказий ҳокимиятни янада кучсизланишига олиб келди. Натижада Амударёнинг чап соҳили Балх билан биргаликда назоратдан чиқиб кетди. Фақатгина Амир Шоҳмурод даврига келибгина Афғон амири Темуршоҳга қарши туриш учун имкон топилади. 1750-1754 йиллар давомида Аҳмадшоҳ Хуросонни забт этади. Аҳмадшоҳнинг олиб борган энг узоқ муддатли уруши Ҳиндистонга қилинган ҳарбий юришлардир. Шимолий-Ғарбий Ҳиндистондаги ҳарбий ҳаракатлар асосан Панжобга қаратилган. 1761 йилда Маратхлар билан бўлган Панипат жангидан кейин Аҳмадшоҳ Ҳиндистондан қайтади. Шундан сўнг афғонларга қаршилик кўрсатиш ҳаракатига сингхлар ҳам қўшилади. Афғон-Панжоб муносабати шу билан тугадики, 1799 йилда Замоншоҳ Дурроний Панжоб князи Ранджит Сингхга инвестетура ҳуқуқини берди [1: 82]. Аҳмадшоҳ олиб борган узлуксиз курашлар натижасида Дурронийлар давлати майдони 2 млн. кв. км майдонни қўлга киритди [2: 130].
Аҳмадшоҳ Дурроний тарихини ўрганар эканмиз уни фақат истилочи сифатида эмас балки шоир, яратувчан ҳукмдор сифатида ҳам кўрамиз. В.М. Массон ва В.А. Рамодинлар. ўзларининг “История Афганистана” асарида Аҳмадшоҳнинг Ҳиндистон юриши вақтида ёзган шеъридаги ушбу жумла – Деҳли тахтида ўтирсам ҳам сенинг тоғли ерларингни соғинаман афғоним-унинг она ватанига бўлган муҳаббатини кўрсатиб турибди. Ушбу шеърдан кўриниб турибдики, Афғон давлатчилигининг юзага келиши билан бир қаторда Афғон халқида миллий ўзликни англаш жараёни ҳам юзага келмоқда эди [5: 89].
Шу билан бирга Аҳмадшоҳ қурилиш ободончилик ишларини ҳам амалга оширди. У пойтахт сифатида Қандаҳорнинг ривожланишига катта эътибор қаратди. Биринчи бор Россия империяси билан илк бор расмий алоқалар ўрнатди. 1764 йилда Россиядан Аслан Богданов исмли элчининг ташрифи ҳақида маълумотлар мавжуд. Элчилик алоқалари шу билан тугаганки, Аҳмадшоҳ Ҳиндистонда бўлганлиги сабабли унинг Хуросондаги вассал билан алоқа ўрнатган Богданов қайтиб кетади [4: 12].
ХVIII аср 60 йилларидан бошлаб Россия империясининг Афғонистон билан алоқаларида сиёсий жараёнлар ҳам кўзга ташлана бошлаган. Шарқшунослик ассоциациаси аъзоси, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган маданият арбоби М.Р. Арунова Ю.П. Лалетин билан ҳамкорликда ёзган “Очерки средновековой и новой истории Афганистана” номли асарида қуйидаги фикрларни келтириб ўтади. “1763 йилда Россия империяси Марказий Осиёда ўз таъсирини кенгайтириш учун ҳаракат қилаётган Син императори Сян-Лунга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошламоқчи бўлаётган Афғон Амири Аҳмадшоҳ билан алоқа ўрнатиш ҳаракатига тушди. Россия империяси ташқи ишлар коллегияси 1763 йил 16 декабрда Астрахан генерал-губернатори Бекетовга Аҳмадшоҳ билан алоқа ўрнатиш учун ишончли арман миллатига мансуб ёки бошқа миллатга мансуб одам топиш ва уни Эронга юбориш масаласи бўйича топшириқ берди. Юбориладиган вакилга эса Афғонистон ва Россия ўртасида алоқа ўрнатиш, Петербургга афғон элчисини так-лиф қилиш, хитой билан бўлажак урушда Россия ёрдамини таклиф қилиш ва Россиянинг Ҳиндистон билан савдо алоқаларида Астрободнинг сув ва қуруқлик йўлларидан фойдаланишга рухсат олиш вазифалари юклатилади” [1: 85].
Ушбу миссиядан сўнг Ҳиндистонга тобора кириб бораётган Британия империяси ва Россия империяси ўртасида Афғонистон ва Ўрта Осиё масаласидаги дастлабки қарама-қаршиликлар юзага кела бошлади. 1783 йилда инглизлар Жорж Форстерни грузин савдогари қиёфасида Афғонистонга юборишади [4: 13].
ХVIII аср охири – ХIХ аср бошларида Россия империя-си томонидан яна бир қатор савдо-элчилик миссиялари Афғонистонга юборилади. Россия империяси билан кенг савдо алоқалари ХIХ аср ўрталаридан кучаяди. Улкан ҳудудларнинг қўлга киритилиши натижасида Афғонистон Ҳиндистон, Ўрта Осиё, Эрон, Хитой ва жанубий Осиё мамлакатларига ўтадиган савдо алоқаларида транзит вазифасини ўтай бошлайди.
1773 йилда Аҳмадшоҳ вафот этгач, империянинг парчаланиш жараёни бошланади. Ҳиндистонда Сикхларнинг кучайиши, Ўрта Осиёда Бухоро амирлигининг ўз мавқеини тиклаб олиши, Эроннинг Афғонистонга тобе ҳудудларидаги ажралиб чиқиш ҳаракатлари Аҳмадшоҳнинг вориси Темуршоҳдан кўплаб ҳарбий юришларни талаб этди. Бу эса ўз навбатида халқ бошига оғир солиқларнинг солинишига олиб келди. Тахт ворислари ўртасидаги аёвсиз кураш эса ҳокимиятни янада заифлаштирди. Охир оқибатда эса Дурронийлар сулоласи ўз ўрнини Баракзайлар сулоласига бўшатиб берди.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Арунова М.Р. Ю.П.Лалетин. Очерки средновековой и новой истории Афганистана. – М., 2010.
- Ганковский Ю.В. История Афганистана с древнейших времен до наших дней. – М. Мисль. 1982.
- Ганковский Ю.В. Истории воруженних сил Афганистана. М. Восточний литературе. 1965.
- Ганковский Ю.В. Империя Дуррани. – М., 1958.
- Массон В.М., Рамодин В.А. История Афганистана. – М., 1965.
- Шумов С., Андреев А. “История Афганистан” М. Крафт-традиция-евролинс. 2002.