Бугунги кунда Ватанимиз тарихи ҳамда аждодларимиз меросини ўрганиш, ҳар томонлама илмий тадқиқ этиш, буюк алломаларимиз ҳаёти ҳамда ижодини ёш авлодга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу рағбат ўзбек халқи давлатчилигида муҳим ўрин тутган тарихий шахслар ва улар меросини чуқур ўрганишга кенг шароит яратмоқда. Президент Ш.М. Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган” [13: 1]. Бугунги глобаллашув даврида уларнинг илмий ва ижодий фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб этишга эҳтиёж ортиб бормоқда.
Асрлар давомида Мовароуннаҳр диёридан кўплаб тариқат пешволари, шайхлар ва Ислом дини уламолари етишиб чиқиб, улар диний билимларнинг ривожланиши ҳамда халқнинг руҳий-маънавий оламини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшдилар. Хусусан, Мовароуннаҳр ҳудудида фаолият юритган кўплаб тасаввуф шайхлари мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам муҳим ўринга эга бўлиб, улар тўғрисида кўплаб тарихий асарлар ва манбаларда ёзиб қолдирилган.
Марказий Осиёда тасаввуфнинг яссавия тариқати кенг тарқалиб, ўзининг юқори даражасига эришган XV-XVIII асрларда бир қанча кўзга кўринган шайхлари фаолият юритган. Ана шундай шахсларидан Шайх Худойдод номли етук вакилларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Шу ўринда “Шайх” атамаси хусусида маълумот берувчи асарлар таҳлили шуни кўрсатадики, тасаввуфга оид китобларда “Шайх” сўзи кекса ота, истилоҳда камолот даражасини эгаллаган киши маъноларида келади. Шайхлик шартлари эса қуйидаги шартлардан иборат бўлган: яъни пок эътиқодли, илмли, ўз аҳдида устувор, сахий, шижоатли, олийҳиммат, меҳрибон, ҳалим, кечиримли, латифхулқ, қўли очиқ, ҳимматли, мураббий, ҳирси йўқ, осойишта, салобатли, одобли киши бўлиши лозим. Демак, Шайх энг улуғ инсон ва намуна учун яратилган мўътабар зот ҳисобланган. Унинг илм ва маърифатда бўлган камолоти барча муридларга намуна ва ҳақдан сўзлагувчи муҳтарам шахс. Шайхнинг тарбиясини олган шогирд сўзсиз мансабларга эришади, камолот топади. Зеро, шайхнинг эътиқоди пок, илми тенгсиз, ҳиммати олий, хулқи намунавий, тарбияси ўткир. Шайх зоҳирда оддий кўринади, аммо ботинда ҳайбатли киши; ҳайбати эса унинг каромати ҳисобланган [1: 28].
Айрим ўлкашуносларимиз томонидан чоп этилган баъзи рисола ва мақолаларда Шайх Худойдодлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ айрим чалкашликлар ҳам кўзга ташланади. Аслида ўрта асрлар Мовароуннаҳр диёрида Шайх Худойдод номи билан танилган бир неча шахс турли даврларда яшаб ўтган. Булардан бири XIV-XV асрларда Амир Темур замонида яшаб ўтган ва қабри бугунги кунда Самарқанд вилояти Нуробод туманида жойлашган Шайх Худойқули (Худойдод) бўлиб, у ҳам яссавия тариқати вакили ҳисобланган. Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” асарида ушбу Шайх Худойдод билан боғлиқ айрим воқеалар тўғрисида кенгроқ маълумот бериб ўтилади [8: 94].
Иккинчиси, карманалик Шайх Худойдод Валий (1461-1532) ҳаёти, фаолияти ва яссавия тариқатидаги хизматлари замондошлари ва ундан кейинги тадқиқотчилар асарларида маълум даражада ўз аксини топган. Кармана атрофларига келиб жойлашган Ортиқ Шайх хонадонида 1461 йилда Шайх Худойдод (Худойберди) Валий дунёга келади. Унинг дунёга келишида ҳам Валийлик сир-асрори воқиф бўлиб, туғилган кунидан бошлаб қирқ кеча-кундуз вилоят осмони ёруғ бўлиб турганлиги тўғрисидаги ривоятлар тарихий манбаларда қайд этилган [7: 85].
Шайх Худойдод Валий илк сабоқни Карманада олади. Дастлаб Самарқанд шаҳрида жойлашган Жавзония ва Улуғбек мадрасаларида (1477-1482), сўнгра Ғиждувон ҳамда Бухородаги Мулло Муҳаммад мадрасаларида яшаб, таълим олишни давом эттиради [5: 7]. Шайх Худойдод Валийнинг болалик ва ўсмирлик йиллари Кармана атрофларида ўтади. Кейинчалик Карманадан ҳам кўчиб кетишига унинг ботиний истаклари билан бирга айрим сиёсий воқеалар ҳамда маҳаллий беклар билан муносабати ёмонлашганлиги ҳам сабаб бўлган. Ушбу воқеалар бирор-бир тарихий асарларда учрамасада, лекин у кишининг “Маноқиб”ларида қуйидагича келтирилади: “Кармана вилояти ҳукмдорлари менга нисбатан эътироз этдилар. Мен фитна бўлмасин деб Самарқанд вилоятига келдим”[10: 116]. Кўплаб мадрасаларда таълим олган Шайх Худойдод Валий диний ва дунёвий билимларни мустаҳкамлаб, 1484 йилда Яссавия тариқатининг кўзга кўринган вакилларидан бири Шайх Жамолиддин Азизонга (XV аср) шогирд тушади. У Бухоронинг Қалити (Қалтий) мавзесида истиқомат қиларди. Қалити мавзеи Бухоро атрофларида жойлашган бўлиб, шаҳардан икки фарсах узоқликда бўлган” [11: 50].
Шайх Худойдод Валий 1484-1488 йиллар оралиғида Карманага қайтиб, тариқат соҳасидаги фаолиятини давом эттиради. 1488-1492 йилларда Қарнобда, 1492-1496 йилларда эса Самарқанд шаҳрининг Абу Лайс маҳалласида жойлашган хонақоҳ мадрасаларида тасаввуф илмидан дарс беради. Бу даврларда Шайх Худойдод Валий тариқатни ривожлантириш, ўз билимларини ошириш, шогирдлар тайёрлаш борасида самарали фаолият кўрсатди. У устози Шайх Жамолиддин Хуросонга сургун қилинганидан кейин Шайх Худойдод Валий Мовароуннаҳрда пирининг издошлари билан 1484 йилдан бошлаб тариқатга ярим аср давомида раҳбарлик қилиб, элликдан ортиқ шогирдлар тайёрлади. Абдурауф Фитрат ўз тадқиқотларида ёзишича, бу давр Яссавия тариқатининг ўзига хос даражада ривожланган даври ҳисобланган [12: 52]. Чунки темурийлар даврида тасаввуф жамиятида нақшбандийлик асосий ўрин эгаллаган бўлса, Мовароуннаҳрга XVI асрда Шайбонийлар кириб келганларидан сўнг улар яссавийлик тариқати ва унинг вакилларига алоҳида эътибор қаратган. Бу ҳолатлар албатта, кўчманчи туркий қабилаларнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий дунёқараши билан узвий боғлиқ эди.
Шайх Худойдод Вали Самарқандда яссавия тариқатининг пири комили даражасига етишиб, ҳижрий 939, милодий 1532 йили 71 ёшида вафот этади. Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” асарида бу ҳақида шундай дейилади; “Азизон Шайх Худойдоднинг ўлими 939 (1532) дадир. “Бир афт Қутби олам” (“Оламдаги буюк бир инсон кетди” деган маънода, абжад ҳисобида қўшиб ўқилса ҳижрий 939 келиб чиқади) вафотининг тарихидир” [2: 171].
Учинчиси, XVIII асрда яшаган Шайх Худойдод номли яна бир тасаввуф вакили бўлиб, унинг ҳам асли келиб чиқиши хоразмлик, у ҳам Яссавия тариқатининг пешволаридан ҳисобланган. Лекин тарихий манбалар унинг Бухорода туғилганлиги ва шу ерда вафот этганлиги кўрсатилади. Шу боис тадқиқотда бухоролик Шайх Худойдод (ваф. 1800 й.) ҳақида ҳам қисқа маълумот бериб кетиш лозим. Асл исми Шайх Худойдод ибн Мулло Тошмуҳаммад Азизон Бухорий бўлиб, Халифа Худойдод деб ҳам аталади. “Туҳфат уз-зоирин”да ёзилишича, Халифа Худойдод Хоразмдан Бухорога келиб, Мир Араб мадрасасида таҳсил олади. Зоҳирий илмларни ўрганганидан сўнг Лутфуллоҳ Шайхга мурид бўлиб, ундан тариқат одоби ҳамда тасаввуф сабоғини ўрганади. Халифа Худойдод XVIII асрнинг сўнгги чорагида, манғитлардан амир Шоҳмурод (1785-1800) ҳукмронлиги йилларида Бухоро шаҳрига келади. У бу ердан ўн икки таноб ер сотиб олиб, тошдан хонақоҳ, унинг ёнида қирқ ҳужрали мадраса, сардоба ва таҳоратхона қурдиради [9: 27]. Бу ёдгорликларнинг бир қисми ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Манбаларда келтирилишича, Халифа Худойдод манғит амирлари орасида юқори мавқеига эга бўлган. Чунки бу даврда ҳам мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тасаввуф вакилларининг нуфузи юқори бўлганлигини ҳукмдорлардан Муҳаммад Раҳимхон, Дониёлбий оталиқ ва Амир Шоҳмуродларнинг нақшбандия тариқати шайхларига мурид бўлиши ҳам тасдиқлайди [3: 11]. Бу даврга келиб яссавия тариқати фаолияти XVI асрдагига нисбатан бирмунча сусайган бўлсада, Халифа Худойдод каби вакиллари ўз қарашлари, ғоялари ва илмий асарлари билан уни ривожлантириб давом эттирган.
Халифа Худойдод Шохмурод вафотидан олти ой ўтганидан сўнг (яъни 1800 йил 30 ноябрда) вафот этади. Унинг дафн маросимида амир Ҳайдар (1800-1825) ҳам иштирок этади. Халифа Худойдоднинг қабри ўзи қурдирган мадрасага яқин жойда бўлиб, у Эшони Имло (Эшони Имло – манбаларда “авлиёйи охир замон” деб ҳисобланган 1760-1812 йилларда Бухорода яшаган тарихий шахс. “Туҳфат аз-зоирин” асарида уни тасаввуф тариқатларидан тўртта силсила пири даражасига етган деб айтилади) қабри билан ёнма-ён жойлашган. Бу қабристонга манғит амирлари ва уларнинг айрим оила аъзолари ҳам дафн этилган. Шу боис амирлик даврида бу ер махсус сарбоз қаровуллари томонидан қўриқлаб турилган [4: 112].
Шунингдек, Халифа Худойдод қабри яқинида ўз даврининг кўзга кўринган уламоларидан Сўфи Хожа, Домло Омонулло, Хожа Охундлар қабрлари ҳам жойлашган.
Халифа Худойдод шахси тўғрисида илмий доирада кўплаб мунозарали фикрлар мавжуд. Хусусан, О. Сухарева маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалган айрим ривоятларга таяниб, Халифа Худойдодни “Лутфи Бузург” қўлёзмасида келтирилган Шайх Худойдоднинг ўзи деган хулосага келади. Олима икки шайхнинг ҳаёти ва фаолияти бир-бирига ўхшайди ва уларнинг исмлари ҳам (тожик тилидаги Худойдод, ўзбек тилидаги “Худойберди”) бир хил маънони билдиради деб таъкидлаб ўтади [4: 111].
Халифа Худойдод ҳаёти ва фаолияти ҳақида манбаларда жуда кам маълумотлар сақланиб қолган. У Яссавия ва Нақшбандия шайхларидан иршод олади ҳамда тасаввуф тариқатлари, фиқҳ каби соҳаларга оид кўплаб асарлар ёзади. Унинг “Баҳр ал-улум”, “Бўстон ал-муҳиббин”, “Фирдавс ал-уламо”, “Писанди зикри жаҳр” каби асарлари бизнинг давримизгача етиб келган. Шайх Худойдод томонидан ёзилган асарлар ўзининг илмийлиги, мўътабар манбаларга асосланганлиги билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Халифа Худойдод ҳаёти ва фолияти билан боғлиқ манбалардан аниқ бўлишича, бу даврда Бухоро ва унинг атрофларида асосан Нақшбандия тариқати вакиллари фаолият юритган ва давлат ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта нуфузга эга бўлиб, бу Яссавия тариқати вакилларининг фаолиятига жиддий таъсир ўтказган ва тариқатлар ўртасида айрим ихтилофларни келтириб чиқарган. М. Исмоиловнинг тадқиқотларида айтилишича, Халифа Худойдоднинг “Баҳр ал-улум” асари шу сабабли юзага келган ва унда Яссавия тариқатининг афзалликлари баён этилган [3: 19].
Бугунги кунда ҳам Карманага яқин айрим ҳудудларда Шайх Худойдод Валий номи билан боғлиқ манзиллар ва халқ орасида сақланиб қолган айрим ривоятлар мавжуд. Улар Шайхнинг шу манзилларда яшаганлигидан гувоҳлик беради. Шунингдек, Шайх Худойдод номи билан боғлиқ манзилларни Бухоро атрофларида ҳам учратиш мумкин. Хусусан, Р. Г. Мукминова тадқиқотларида Бухоронинг Чорсу мавзесида Бобо Худойдод номли маҳалла ва масжид борлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд [6: 317]. Лекин бугунги таҳлиллар натижасида бу маҳалла ва масжидга XVIII асрда яшаган Шайх Худойдод номи берилган деган хулосага келинди.
Юқорида айтиб ўтилган маълумотлардан хулоса қилинганда, Мовароуннаҳр диёрида Шайх Худойдод номи билан боғлиқ ҳамда бир-бирига ҳаёти ва фаолияти жиҳатидан ҳам яқин бўлган уч нафар тарихий шахс яшаб, фаолият юритганлиги ойдинлашади.
-
Абдуллаев А. Тасаввуф ва унинг намояндалари. – Термиз, 2007.
-
Абу Тоҳирхожа. Самария (Самарқанд мозорлари зикри) / Форсчадан Абдулмўмин Сатторий таржимаси. – Т., 2009.
-
Исмоилов М. Шайх Худойдоднинг “Баҳр ал-улум” асари Марказий Осиёда тасаввуф тарихига оид муҳим манба (XVIII асрнинг иккинчи ярми). Тарих фан.ном.дисс…автореф. – Т., 2006.
-
Йўлдошев Н. Бухоро авлиёлари тарихи. – БухДУ. 1988.
-
Каттаев К. Шайх Худойдоди Вали тарихи. – Самарқанд, 1995.
-
Мукминова Р. Г. К истории аграрных отношений в Узбекистане XVI в. По материалом “Вакф-наме”. – Т.: Наука, 1966.
-
Муҳаммад Олим ас-Содиқ ал-Алавий-Олим Шайх. Ламаҳот мин нафаҳот ул-қудс. Форсчадан К.Каттаев ва А.Нарзуллаевлар таржимаси. – Самарқанд: 2007.
-
Салоҳиддин Тошкандий. Темурнома. – Т.: Чўлпон, 1991.
-
Тухфат аз-заирин. Муҳаммад Насриддин ал-Ханафи ал-Ҳасани ал-Бухари. Перевод- Х. Тураев. – Т.: 2003.
-
Улуғ авлиё Шайх Худойдод Вали (Маноқиб) / Форс тилидан Сайфуддин Сайфуллоҳ таржимаси. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
-
Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт / Таржимон Худойберган ибн Бекмуҳаммад. – Т.: Абу Али Ибн Сино, 2004.
-
Фитрат. Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текшурушлар / Танланган асарлар. II-жилд. Илмий асарлар. – Т.: Маънавият, 2000.
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори // Халқ сўзи, 2017 йил 24 июнь.