Home / МАҚОЛАЛАР / ХОЖАГОН-НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИ НАМОЯНДАЛАРИНИНГ ИЖТИМОИЙ-АХЛОҚИЙ ҒОЯЛАРИ

ХОЖАГОН-НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИ НАМОЯНДАЛАРИНИНГ ИЖТИМОИЙ-АХЛОҚИЙ ҒОЯЛАРИ

Қадим замонларданоқ халқимиз ўзининг қўҳна тарихи, бой мероси, ранг-баранг ва юксак маданияти, урф-одатлари ва анъаналари билан ажралиб турган. Халқимизнинг буюк сиймолари миллий ва жаҳон илм-фани, маданиятининг барча соҳалари ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келганлар. Истиқлолнинг бизга берган энг буюк неъматларидан бири шу бўлдики, элимизнинг бой тарихи, миллий ва маънавий қадриятлари, етук мутафаккир аллома ва донишмандлар, диний қадриятлар ҳақидаги ҳақиқат тикланди. Буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, ундан кўп миллатли ҳамда турли эътиқоддаги фуқароларимизни баҳраманд қилиш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар халқимиз онгида миллий тотувлик ва ижтимоий ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Биринчи Президентимиз И.А. Каримов таъкидлаганларидек, “Бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз бундай улуғ зотларнинг ҳаёт йўли ва қолдирган меросини тўлиқ тасвирлаш эмас, балки уларнинг энг буюк намояндалари тимсолида маърифат, илму фан, маданият, дин каби соҳаларнинг барчасини ўзида уйғунлаштирган халқимизнинг маънавий олами нақадар бой ва ранг-баранг эканлигини исботлаб беришдан иборатдир. Бундай ноёб ва бебаҳо бойликларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг маъно-мазмунини фарзандларимизга етказиш масаласи барчамиз, биринчи галда, зиёлиларимиз, бутун жамоатчилигимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши шарт” [3: 44].

Хусусан, сўнгги йилларда аниқроғи 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2855-сонли Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифлари доирасида билдирган фикрлари ва топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонда Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3080-сонли Қарори ва 2017 йил 11 июлдаги “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-4988-сонли Фармойиши, 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 572-сонли Қарорлари юртимизда ислом маданияти ва тасаввуф таълимоти намояндаларининг таълимотларини чуқурроқ ўрганиш ва тадқиқ этишда янги имкониятлар ва ўзига хос вазифаларни белгилаб берди.

Ҳозирги пайтда ёшларни миллий руҳда юксак ахлоқий фазилат соҳиблари қилиб тарбиялаш масаласига эътибор кўчайди, чунки маънавий камол топган инсонларгина демократик жамият ва фуқаровий давлатни қуришлари мумкин.

Президентимиз Ш.М. Мирзиёев томонидан чиқарилган қарор ва фармойишларда, маънавий-маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг асоси эканлиги, бу устувор йўналиш эканлиги таъкидланмоқда. Миллий қадриятларни, урф-одатларни тарихий маданий-маърифий меросни тиклаш, улуғ мутафаккирларимизнинг таълимотларини ўрганиш, илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилиш шу асосда туғилган фикр ва мулоҳазаларни ёшлар онгига сингдириш, Ўзбекистонда тарбия ишларини тўғри йўлга қўйиш учун дунёвий таълим ютуқларини жорий этиш билан бирга, маънавият оламининг муқаддас китоби ва рисолалари, тасаввуф илмининг намояндалари асарларидан илмий равишда кенг фойдаланиш лозимлигини тақозо этмоқда. XII-XV аср Марказий Осиё тарихий, ижтимоий, фалсафий жараёнларини тушунишда салмоқли ҳисса қўшган, хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик намояндалари қарашларини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.

Жуда улкан тарбиявий-маърифий, инсонпарварлик моҳиятига эга бўлган улуғ авлиёлар ва пирларнинг таълимотини ўрганиш, ўз миллий маънавиятини тиклаётган мустақил Ўзбекистонимиз халқи олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда тасаввуфий ирфоний таълимотнинг буюк асосчиларидан бири сифатида Хожаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотини чуқур ва пухта ўрганиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Юсуф Ҳамадонийнинг шогирдларидан бири – Абдухолиқ Ғиждувоний Абу Бакр асос солган “зикри хуфия”ни ҳар томонлама ривожлантирган. Шунингдек, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Рашаҳот айн ал-ҳаёт” асарида ёзилишича, у тасаввуф фалсафасининг йирик оқимларидан ҳисобланган хожагон тариқатига асос солган. Шунинг учун ҳам жаҳон хожаларининг сарвари даражасига кўтарилган ва Шарқ тасаввуфий-фалсафий тафаккури тарихида муносиб ўрин эгаллаган. Унинг таълимоти тасаввуф фалсафасининг энг муҳим оқимларидан бири ҳожагон тариқати доирасида шаклланган ва ривожланган. Абдухолиқ Ғиждувоний ўз таълимотида баркамол инсон учун зарур бўлган одоб-ахлоқ нормаларини ишлаб чиққан. Унинг фикрига кўра, инсонни улуғлайдиган энг муҳим фазилат билимли, илмли бўлишдир. Инсон ҳар қандай вазиятда ҳам илм ва тақво билан бирга бўлмоғи, айниқса, фиқҳни (ҳуқуқни) чуқур ўрганмоғи даркор. Чунки инсон фаолияти асосан икки буюк қудрат: ҳуқуқ ва ахлоқ ёрдамида бошқарилади. Абдухолиқ Ғиждувоний инсон ахлоқий қиёфасини улуғловчи аломатлар ҳақида гапириб, оз сўзла, оз еб-ич, оз ухла, аҳли аёлдан эҳтиёт бўл, бузуқлар, кибрли бойлар ва жоҳиллар билан суҳбат қурма, хотин-халажга аралашишдан сақлан, бидъатдан узоқ тур, кўп кулма, айниқса, қаҳ-қаҳ уриб кулишдан қоч, кўп кулишдан юрак қораяди. Бошқа одамга шафқат кўзи билан боқ ва ҳеч бир кишини хор тутма, деб васият қилади.

Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний таълимоти бўлажак авлодни ҳар томонлама етук, комил инсон қилиб тарбиялашда бебаҳо хазинадир. Биз истиқлол туфайли барча фанлар бўйича бобокалонларимиз яратган меросни ўзлаштириш, тадқиқ, тарғиб қилиш, ўз севган соҳасида илмий фаолият билан шуғулланиш имкониятига эга бўлган эканмиз, Хожаи Жаҳондек улуғ пир таълимотини ўрганиш бугунги маънавият соҳасида олиб борилаётган ишларнинг таянчларидан бири бўлмоғи даркор. Бу ҳолатни муҳтарам Президентимиз 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига, айниқса, Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳига уюштирган ташрифлари чоғида алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Хожагон таълимоти бошқа тариқатлардан ўзининг бунёдкор таълимот эканлиги билан фарқ қилади. Хожагонликда “жамият ҳаётига фаол иштирок этиш”, “мен тариқат аҳлиданмен” деб “холи, кимсасиз жойда халқдан қочиш эмас”, “ундан оғирликни олиш”, “бу иш қўлдан келмаса, жамиятга зарар ҳам келтирмаслик” кабилар етакчи ғоялар ҳисобланади. Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотича, бу фоний, ўтар дунёда одамларнинг ҳаётида фаол иштирок этиш, уларни ҳимоя этиш (тоат-ибодат билан бирга) – Аллоҳ кўрсатган йўлдан бориш ва унга яқин бўлишнинг асосий йўлларидан биридир. Мўътабар инсоншунос Ғиждувоний халқ манфаатлари йўлида хизмат этишга, унинг ҳаётини енгиллаштириш, унга иложи борича ҳар томонлама кўмаклашиш, ёрдамлашишга чақиради. Агар одам бу ишга қодир бўлмаса, ўз юкини халқ устига ташламай, бирор касбни эгаллаб, ҳалол меҳнат билан яшаши керак. “Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний … айтибдурларки, “халқдин оғирликни кўтармак керак ва бу муяссар бўлмас магар ҳалол касб била. “Даст ба кору, дил ба ёр” деган сўз хожагон … тариқатларида амри муқаррар (яъни бажарилиши шарт иш) турур”. “Васиятнома”да шунингдек, халққа нисбатан мужодала ҳолатида бўлмаслик, иложи борича кишидан ҳеч нарса талаб этмаслик, ўзга кишига хизмат буюрмаслик, ҳамма фақиру бечораларга меҳр-шафқат кўзи билан қараш ва ҳар бир одам, айрим кишиларни паст ҳисобламаслик ва бошқа инсонпарварлик, инсондўстлик ғоя-фикрлар ўз аксини топгандир. Улуғ пир “Мақсад ас-соликин” номли асарларида ёшларга мурожаат этиб, “ёшлик чоғида ғурур, кибр, нафс васвасаси ғолиб келиши мумкин, бундан эҳтиёт бўлиш, йўлни тўғри танлаш керак”лигини айтдилар. Доимо ақлга мувофиқ, нафсга хилоф бўлишни таъкидлайдилар. Шуларга риоя қилгандагина инсон комил бўлади. Хожагонликда ҳам бошқа тариқатлар қатори асосий мақсад комиллик даражасига етиш. Албатта, тасаввуфдаги комил инсон билан ҳозирги давр комил инсони ўртасида фарқ бор. Лекин иккаласидаги ҳам асосий умумийлик ҳақиқий инсон бўлиш. Бу ғоя нафақат алоҳида шахсларни, балки бутун халқларни юксак тараққиёт сари етаклаган. Ахлоқий поклик руҳий камолот асоси. Шунинг учун Абдухолиқ Ғиждувоний бу масалага махсус эътибор берган. Бундай инсонлар поклик тахтида ўтирган комил инсон эканлигидан дарак беради. Демак, комил инсон энг олий хусусиятларини ўзида пайдо қилиб, ҳаётини фақат яхши ишларни амалга ошириш билан ўтказиши лозим. Яхшиларга нисбатан дўст бўлишга кўпчилик тиришади, бироқ ёмонларга нисбатан ҳам яхшилик қилишни ҳар ким ҳам уддасидан чиқмайди, бундай ҳаракат инсоннинг ҳақиқий поклигидан дарак беради. Яхшилик қилиш, хайрли бўлиш йўли билан ҳаётни юксалтириш, ҳақиқий инсоний ҳаёт даражасига етиш мумкиндир. Хожагон-Нақшбандия таълимоти, кубравия ва яссавиядан, энг аввало, таркидунёчиликдан воз кечиб, одамларни ҳалол меҳнатга чорлагани билан тубдан фарқ қилади. Бошқача айтганимизда, Нақшбандия бировлар ҳисобига яшашни рад этади. Фақат ўзининг пешона тери билан қилинган меҳнат ёрдамида топилган неъматларни ҳалол деб ҳисоблайди. Баҳоуддин Нақшбанднинг фикрига кўра, “инсон файзининг ибтидоси – ҳалол луқмада”, яъни инсон маънавий қиёфасидаги ҳалоллик инсоний фазилатларнинг асосини ташкил этади. Шунинг учун инсон маънавий етук бўлмоғи учун ҳалол меҳнат қилмоғи лозим. Ҳалол меҳнат маънавий-ахлоқий етукликнинг таянч нуқтаси ҳисобланади. Турли машаққатлар эвазига яратилган ҳалол бойлик (луқма) ҳар қандай тубанликдан (худбинлик, хасислик, ғаразгўйлик, такаббурлик, макр, риё, димоғдорлик) озод қилади. Меҳнатсиз орттирилган бойлик инсон қалбини шубҳа ва таҳликага тўлдиради. Шунингдек, бировнинг соясида, бошқаларнинг обрў-эътибори ҳисобига яшашни қаттиқ қоралайди. Нақшбандия таълимотида олға сурилаётган ғоялардан яна бири, ўз хоҳиши билан камбағал ҳаёт кечириш, мол-мулк тўплашдан, дабдабали ҳаётдан воз кечиш ғояси эди. Ушбу ғояга амал қилган Нақшбанд турмуши учун зарур бўлган бир парча нонни ҳалол меҳнати билан ишлаб топди. Ҳар йили арпа, мош экиб, деҳқончилик қилди. Олинган ҳосилдан турли таомлар тайёрлаб, эски бўйра устида тановул қилди, мўндида сув ичиб, кун ўтказди. Сўфийларнинг хизматкор-чўри ёллашини маъқулламаган. Нақшбандийликда фақирликни ўз ихтиёри билан қабул қилиш энг муҳим ғоялардан биридир. Фақирлик ҳақида фикр юритганда, одамларни қашшоқликка даъват этиш тушунилмайди, балки инсон маънавий қиёфасидаги муҳим аломат назарда тутилади. Бошқача айтганимизда, “фақир” инсон маънавий қиёфасидаги камтарлик, соддалик аломатидир. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг тушунтиришича, фақирликнинг шартларидан бири – қаноатдир. Қаноат – ҳалол меҳнат қилиш малакасига эга бўлган, меҳнат қилиш кундалик табиий эҳтиёжига, ҳаётий кўникмасига айланган кишида ҳосил бўлади. Қаноат инсонни маънавий юксакликка кўтаради, қадр-қимматини оширади. Ўзлигини ва ўз қадрини англаб олишга йўл очиб беради. Кўнглидан турли нохушликларни ҳайдаб чиқаради. Тама, хасислик, тиламчилик каби иллатларни бартараф этади. Қаноатли кишининг кўзи тўқ бўлади. Бундай киши ҳеч кимнинг мақтовига, дастурхонига, базмига, ҳурмат-эҳтиромига муҳтож бўлмайди. 

Нақшбандиянинг тариқат амалиёти тизимига кирган жиҳат, элементларга қуйидагилар киради:

  1. Баҳоуддиннинг ўзидан бошлаб риоя қиладиган бош ва асосий талаб, ҳалол меҳнат билан бирон касб-ҳунарни эгаллаб, ўшанинг ҳисобига кун кечириш, дарвишликни тирикчилик манбаи қилиб олмаслик.
  2. Ўн бир рашҳа шундай хусусиятга эгаки, уларни сўфий, солик ҳам, исталган мусулмон, ҳатто тасаввуфга алоқаси бўлмаган одам ҳам билиши, риоя қилиши кўзда тутилган холда ишлаб чиқилган.
  3. Айниқса, умуминсоний қадриятларга риоя қилиш (ота-онани ҳурмат, кичикларга иззат; ожиз, қашшоқларга меҳр-шафқат ва ҳ.к.) нақшбандия тариқати амалиёти талабларининг янада универсал ва инсонпарварлик йўналиш-мазмунга эга бўлганлигини кўрсатади.
  4. Нақшбандия тариқати амалиётининг баъзи махсус: намоз тиловати, луқмада ҳалолликка ҳушёр бўлиш, худбинликни инкор этиш, кибрдан қочиш, зарури пул, ҳадя, эҳсон қилиш каби умуминсоний талаблар чегарасидан четга чиқмаган.
  5. Нақшбандия тариқати амалиётининг яна бир махсус талаби тариқатни ислом билан уйғунлаштириш, шариат қонунлари, талаб-қоида ва меъёрларига қатъий, изчил ва онгли тарзда риоя қилиш, улар доирасидан чиқмасликдан иборат.
  6. Нақшбандия тариқати амалиётининг яна бир ўзига хос, бошқа тариқатлардан яққол ажратиб турадиган хусусияти инсон кўрсатадиган меҳр-шафқатнинг фақат инсонларгагина эмас, балки космологик, глобал аҳамиятга эга эканлиги ва бошқалар.

Нақшбандийликда ислом, шариат ва тасаввуфни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор берилиб, улар ўзаро узвий диалектик боғлиқликда ўрганилган. Нақшбанд тариқат ҳақида: “Бизнинг тариқамиз урвату-л-вусқо (кучли тутқич)нинг нодир кўринишларидандир, яъни панжани Муҳаммад Мустафо…, суннатининг тобелик этагига уришдир ҳамда улуғ саҳобалар…, изларидан юришдир. … Бу тариқатда, … суннатга риоя қилиш улуғ ишдир” [1: 78] деб ёзган. Баҳоуддин тасаввуф, тариқат ва ислом, шариатнинг ўзаро алоқаси ва муносабатини қуйидагича изоҳлаб, берган: “Мағиз пўстнинг ҳимоятида бўлади. Агар пўстга нуқсон етса, мағизга ҳам таъсир қилади. Агар шариатда нуқсон бўлса, тариқатга нуқсон юзланади” [1: 197]. Баҳоуддин Нақшбанд ислом, шариатни келтириш, уйғун қилиш борасида ўзидан олдин ўтган салафлари Ғаззолий, Арабий, Аҳмад Яссавий, Али Ромитаний, Амир Кулоллар бошлаб берган ҳаракатни маълум маънода мантиқий ниҳоясига етказган. Нақшбандия тариқати ислом, шариат билан уйғунлашув йўлидан бориб, уни янги давр, шарт-шароитлар учун ҳозиржавоб қиладиган йўл-йўриқларнинг бутун бир муқобил тизимини яратган. Нақшбандия тариқати ўтмишдошлари каби ўз фаолиятини ислом, шариат, Қуръони карим ва ҳадислар асосига қурди. Улуғ инсонлар томонидан айтилган фикр-мулоҳазалар, ҳикматларни – рашҳалар деймиз [4: 34]. Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд сўфийлар амал қилиши зарур бўлган хулқ-одоб қоидаларини ишлаб чиққанлар ва улар “рашҳа” деб аталган [5: 44]. Хожагон-Нақшбандия тариқати етук намояндаларидан бири Ҳожа Аҳрор Валийдир. Хожа Аҳрор Валий ҳам ўз даврида ўзининг илғор ахлоқий қарашларига эга бўлган мутасаввифдир. Хожа Аҳрор Валий рашҳаларидаги ахлоқий қарашларининг моҳияти марказида инсон руҳий камолоти, хулқ одоби туришини таҳлил этган. Хожа Аҳрор Валий рашҳаларидаги бева-бечора ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, хайр-эҳсон қилиш, барчага, ҳатто, ёмонлик қилган одамга ҳам яхшилик қилиш, ахлоқий пок одамни тарбиялаш, сабр-қаноатли бўлиш, нафсини тийиш, худбинлик ва тубан иллатлардан қутулиш, молу дунёга ҳирс қўймаслик, ҳалол меҳнат билан шуғулланиш, покланиш йўли билан руҳий юксакликка кўтарилиши ҳақидаги фикрлари ёритиб берилган.

Хожа Аҳрор Валий рашҳаларида кўрсатилишича, “Даст ба кор” ва “Дил ба Ёр”лик ҳолати инсонни меъёрда сақлайди. Инсондаги тана ва руҳ уйғун камол топади, моддийлик ва маънавийлик унга парвоз учун “икки қанот” [3: 65-70] бўлади. “Даст ба кор”ликка меъёридан ортиқ боғланиш дунёпарастлик, молпарастлик, моддийликка берилишга олиб келиши ва инсон бир томонлама, бир ёқлама, чекланган ҳолда “бир қанотли қуш” каби бўлиб қолиши мумкин. “Дил ба Ёр”ликнинг фақат ўзигина бўлса инсонни охиратпарастлик, руҳиятпарастликка олиб келиб, ундай одам жамият ҳаётидан узилиб, бир ёқлама бўлади. Инсонда моддий ва маънавий томонлар уйғун бўлса, тўлақонли ҳаёт кечириб, оиласи, жамият учун керакли ва фойдали одам бўлади. Шунинг учун ҳам Хожа Аҳрор Валий Хожаи Жаҳон айтган “Даст ба кору, дил ба Ёр”лик ғоясини махсус рашҳа сифатида толиби илмларга таъкидлаган. Бу рашҳа инсонда динийлик ва дунёвийликнинг уйғун бўлишига ва икки томонга ҳам меъёрда муносабатда бўлишга олиб келади.

Б. ДЕҲҚОНОВ,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Мақомати Ҳожа Баҳоуддин Нақшбанд. – Т.: Ёзувчи, 1993.
  2. Каримов И.А. Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда. Президент И. Каримовнинг “Туркистон пресс” ахборот агентлиги мухбирининг саволларига жавоблари // Халқ сўзи, 1999 й. 16 март.
  3. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008.
  4. Ориф Усмон. Хожа Али Ромитаний. Мулоқот, № 6.
  5. Сафарова Н. Хожагон тариқати. – Т., 2003.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …